Иш ҳақи кечиктирилганлиги учун компенсацияга қандай ставка бўйича ЖШДС солиш керак

preview

Иш берувчилар иш ҳақини тўлаш кечиктирилган тақдирда ходимларга фоизлар (пулли компенсация) тўлаши шарт. Уларда бундай мажбурият 2023 йил 30 апрелдан кучга кирган таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 333-моддасига мувофиқ пайдо бўлди. Бухгалтерларда ушбу тўловларга қандай тўғри солиқ солиш кераклиги юзасидан қонуний савол туғилди. Бу борада профессионал ҳамжамиятда ҳозирча ягона нуқтаи назар мавжуд эмас.

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан  қонун чиқарувчи ҳокимият эътиборини талаб қиладиган жиҳатларни қайд этган ҳолда, солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди.

 

Профессионал ҳамжамиятнинг муаммолари ва уларнинг ечимларидан хабардор бўлиш учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

– Вазиятнинг мураккаблиги нафақат илгари бундай тўловлар меҳнат қонунчилигида назарда тутилмаганлигидан, балки мутахассислар орасида ушбу тўловга солиқ солиш масаласи бўйича турли фикрлар мавжудлигидан ҳам иборатдир. Биргаликда муҳокама қилишга ҳаракат қиламиз.

Иш ҳақи кечиктирилганлиги учун фоизларга (компенсацияга) ижтимоий солиқ солинмайди. Улардан фақат ЖШДСни ушлаб қолиш лозим. Бухгалтерлар қўлланилиши лозим бўлган ставка борасида баҳслашишмоқда. Бирлари 5 % ставка бўлишига қўшилади, бошқалари 12 % ушлаб қолишга рози.

 

МКнинг 333-моддаси бўйича тўловлар – бу фоизларми?

5 % ставка тарафдори бўлганларнинг позицияси ставканинг камроқ миқдори билан ўзига жалб қилади, бироқ уларнинг далиллари ва асосномалари яхшигина танқидга лойиқдир.

СКнинг 381-382-моддаларига мувофиқ фоизларга ҳақиқатан резидентлар учун 5 % ставка бўйича ва норезидентлар учун 10 % ставка бўйича солиқ солинади. Ушбу версиянинг тарафдорлари СКнинг 41-моддаси 5-қисмига ҳавола беришади, унда илгари билдирилган (белгиланган) ҳар қандай даромад, шу жумладан ҳар қандай турдаги қарз мажбуриятлари бўйича дисконт тарзида олинган даромад (уни расмийлаштириш усулидан қатъи назар), шу жумладан пул омонатлари бўйича олинган даромад фоизлар деб эътироф этилади, дейилган. Аммо улар ушбу тушунчада “илгари билдирилган (белгиланган) даромад” ибораси биз учун муҳимлигини эътибордан четда қолдиришади.

 

МКнинг 333-моддасида иш берувчи иш ҳақи тўлаш кечиктирилиши оқибатида тўлаши шарт бўлган фоизлар ҳақида гап бормоқда. Иш ҳақи тўлашнинг кечиктирилиши бу одатда воқеаларнинг бир-бирига тўғри келиб қолишидир, лекин иш берувчининг ваъдаси эмас. Меҳнатга ҳақ тўлашни бир хилда кечиктиришга ваъда берадиган иш берувчида ишлашни хоҳловчиларнинг топилиши амри маҳолдир.

Ходимларга МКнинг 333-моддасида назарда тутилган тўловлар – бу ўзига хос жарима шакли бўлиб, иш берувчиларни интизомли қилиш, ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган. У иш ҳақини тўлаш кечиктирилишининг олдини олишга қаратилган. Мазкур норманинг моҳияти шундан иборатки, иш берувчи иш ҳақи кечиктирилганлиги учун қўшимча тўлашига тўғри келишини билган ҳолда, кечиктириш содир бўлмаслиги учун барча чораларни кўради.

 

МКнинг 333-моддаси бўйича тўловлар – бу солиқ тўловчининг бошқа даромадлари

Иш ҳақи кечиктирилганлиги учун тўловларни қандай қилиб солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нуқтаи назаридан идентификация қилиш мумкин? СКнинг 371-377-моддаларига мурожаат қиламиз.

Меҳнатга ҳақ тўлаш жумласига кирадиган даромадларнинг рўйхати СКнинг 371-374-моддаларида қатъий айтилган ва улар орасида кўриб чиқилаётган тўловлар – йўқ.

СКнинг 375-моддасида мулкий даромадлар санаб ўтилган. Бошқалар қаторида фоизлар ҳам кўрсатилган – биз нима учун МКнинг 333-моддаси бўйича тўловларни СКнинг 41-моддасида гап бораётган фоизлар жумласига киритиш нотўғри эканлигини кўриб чиқдик. СКнинг 375-моддаси 12-бандига эътиборни қаратамиз. Ушбу сатрга мазкур модданинг бошқа бандларида келтириб ўтилмаган ҳар қандай бошқа мулкий даромадларни ёзиш мумкин. Лекин иш ҳақи ўз вақтида тўланмаганлиги учун компенсация тўловларини мулкий даромадлар жумласига киритиш мантиқдан йироқ.

СКнинг 376-моддасида моддий наф тарзидаги даромадлар санаб ўтилган ва ушбу рўйхатда ҳам кутилганидек, бизнинг тўловларимиз мавжуд эмас.

Иш ҳақи кечиктирилганлиги учун фоизлар (компенсация) СКнинг 377-моддаси остига тушади, унда “солиқ тўловчининг ... Кодекснинг 371-376-моддаларида кўрсатилмаган бошқа даромадлари” деган банд мавжуд. СКнинг 381-моддаси 1-қисми, СКнинг 382-моддасига мувофиқ бундай даромадларга 12 % ставка бўйича солиқ солиш лозим.

 

Хулоса қиламиз

Бугунги кунда муҳокама қилинаётган масала бўйича иккита позиция шаклланган бўлиб, улардан ҳар бирининг тарафдорлари ўзининг ҳақлигини исботлашга интилади. Қонун ҳужжатларини турлича талқин қилиш бўлмаслиги учун Солиқ кодексида МКнинг 333-моддасида назарда тутилган, иш ҳақи кечиктирилганлиги учун тўловларга солиқ солиш қоидаларини аниқ ёзишни таклиф қиламан.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади