Полезное для бухгалтера в декабре:
Иш берувчи ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаши керакми
“Корхонада 2 йил ишлаган ходима туғиш таътилига чиқяпти ва касаллик варақасини тақдим этди. Корхона раҳбарининг таъкидлашича, биз ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлашимиз керак эмас.
МЧЖ ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаши керакми, агар тўлаши керак бўлса, у ҳолда қандай қонун ҳужжатлари асосида”?
Cаволга молия маслаҳатчиси, аудитор Гўзал ИСЛОМОВА жавоб беради:
– Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш мулкчилик шакли ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотлар учун мажбурийдир.
Аёлга туғруққача 70 календарь кун ҳамда туғруқдан кейин 56 календарь кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда – 70 календарь кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиб, қонунчиликда белгиланган, лекин ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизидан кам бўлмаган миқдорда нафақа тўланади .
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб :
- барча юридик шахсларда (бюджет ташкилотларидан ташқари) охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга нафақа тайинланган санада белгиланган минимал истеъмол харажатлари (МИХ) миқдоридан келиб чиққан ҳолда Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади;
- юридик шахсларнинг мазкур ходималар олдидаги мажбуриятлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланган нафақа ҳажмига мутаносиб миқдорда камайтирилади.
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ва тўлаш тартиби Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисида низом билан тартибга солинади. У қуйидагиларни назарда тутади:
- ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан МИХнинг 4 баравари миқдорида тўланади. 2023 йил учун минимал истеъмол харажатларининг қиймати ойига бир кишига 568 000 сўмни ташкил этди. 4 МИХ – 2 272 000 сўм;
- нафақани тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарор автоматик равишда қуйидаги тарзда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида шакллантирилади ва қабул қилинади:
– фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб қилиб олмасдан;
– Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот тизими орқали келиб тушган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида. Варақа ходиманинг яшаш жойидаги оилавий поликлиника (қишлоқ врачлик пункти) томонидан очилади ва ахборот тизимига киритилади;
- нафақа меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари тўғрисидаги ахборот Солиқ қўмитасининг маълумотлар базасида, иш стажи тўғрисидаги маълумотлари эса – “Ягона миллий меҳнат тизими” идораларо дастурий-аппарат комплексида акс эттирилган аёлларга тайинланади;
- нафақа бевосита аёлга унинг банк ҳисобварағига (пластик картасига) ёки яшаш жойидаги Халқ банки бўлими орқали нақд шаклда тўланади;
- иш берувчи нафақа тайинланганлиги ва тўланганлиги ҳақида солиқ тўловчининг шахсий кабинети ва “Ягона миллий меҳнат тизими” ИДАК орқали хабардор қилинади.
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш учун корхона қандай ҳаракат қилиши керак
Ходимадан меҳнатга лаёқатсизлик варақасини олгач, корхона ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини ҳисоблаб чиқаради. Агар унинг суммаси:
- 4 МИХ миқдоридан кўп бўлса – корхона ходимага фарқни ўз ҳисобидан тўлайди;
- 4 МИХ миқдорига тенг ёки ундан кам бўлса – корхона нафақани тўламайди.
Ходима ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг белгиланган суммасини Жамғарма маблағлари ҳисобидан кафолатли тарзда олиши учун корхона:
- унинг меҳнат шартномаси ва ишга жойлаштирилиши тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида “Ягона миллий меҳнат тизими” ИДАКга киритиши;
- меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари тўғрисидаги ахборотни ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобида тўғри акс эттириши керак.
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаганлик учун БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача, ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган тақдирда эса – БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача жарима назарда тутилган .