Полезное для бухгалтера в ноябре:
Йирик солиқ тўловчилар рўйхати янгиланди
Материалда:
– йирик солиқ тўловчилар рўйхатига қандай киритишади → → →
– йирик солиқ тўловчиларни ҳисобга олишда нима ўзгаради → → →
Soliq.uz сайтида янгиланган Йирик солиқ тўловчилар рўйхати эълон қилинди. 2023 йил 11 июлдаги рўйхатда 896 та корхона мавжуд.
Buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА мазкур рўйхат эълон қилиниши билан одатда профессионал ҳамжамиятда юзага келадиган қизғин саволларни тушунтирди.
Янгиланган рўйхат билан бу ерда танишиш мумкин.
Шунингдек солиқ тўловчи кабинетининг почтасини текширинг. Йирик солиқ тўловчилар рўйхатига киритилган ёки ундан чиқарилган юридик шахслар бу ҳақда ДСҚ қарори қабул қилинган кундан эътиборан 5 кун мобайнида ёзма равишда хабардор қилинади.
Рўйхатга янги киритилганлар уларни йирик солиқ тўловчилар жумласига тўғри киритишганлигига қандай ишонч ҳосил қилишлари мумкин?
– Солиқ органининг йирик солиқ тўловчилар жумласига киритиш тўғрисида қарори қанчалик қонуний эканлиги ҳақидаги саволга хабарнома олган солиқ тўловчининг ўзи жавоб бериши мумкин.
Ўз фаолиятингизнинг молиявий натижаларига қаранг. Агар 2022 йил июлдан бошлаб 2023 йил июлга қадар айланма 100,0 млрд сўмдан ошган бўлса, солиқ органларининг ҳаракатлари Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонларини белгилаш тўғрисидаги низомнинг 4-банди “д” кичик бандида белгиланган нормага мувофиқ – қонуний.
Хўжалик юритувчи субъектни йирик солиқ тўловчилар жумласига киритиш учун солиқчилар ҚҚС бўйича ҳисоботларни кўриб чиқишлари етарли бўлади.
Бундан ташқари, йирик солиқ тўловчилар тоифасига қуйидагилар киради :
- акциз солиғига тортиладиган товарларни ишлаб чиқарувчи ва акциз тўланадиган хизмат кўрсатувчи корхоналар;
- тижорат банклари, товар-хом ашё, фонд ва валюта биржалари;
- Навоий КМК, Олмалиқ КМК ҳамда уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар;
- маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда иштирок этаётган ташкилотлар;
- углеводород ҳом ашёси ва минерал ресурсларни қазиб олувчи, қайта ишловчи, етказиб берувчи ва сотувчи ҳамда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи юридик шахслар, бундан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари мустасно;
- Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғидан йўловчиларни ташиш мақсадларида фойдаланувчи, халқаро ҳаво алоқаларини амалга оширувчи ва уларнинг таркибига кирувчи юридик шахслар.
“Йирик солиқ тўловчилар” ва “йирик корхоналар” тушунчалари ўзаро боғлиқ эмас.
Йирик корхоналар жумласига киритиш “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун асосида ва Кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотлар таснифлагичидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Бу ерда асосий мезон – фаолият тури ва ходимларнинг сони.
Агар сиз илк марта йирик солиқ тўловчига айланган бўлсангиз, ҳисобда нимага эътибор қаратиш лозим?
– Йирик солиқ тўловчилар МҲХСга ўтишлари керак. Бунда ўтиш санаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда айтилмаган. Президентнинг 24.02.2020 йилдаги ПҚ-4611-сон қарорида йирик солиқ тўловчилар 2021 йил якунларидан бошлаб МҲХСга ўтади, дейилган. Аммо мазкур ҳолда шу кунларда йирик солиқ тўловчилар жумласига киритилганлиги ҳақида хабарнома олганлар 2021 йилда ҳам, 2022 йилда ҳам, 2023 йилнинг бошида ҳам йирик солиқ тўловчи мақомига мувофиқ бўлишмаган, демак, уларга нисбатан МҲХС бўйича талаб татбиқ этилмайди.
МҲХСга ўтиш – бир кунлик иш эмас: кадрлар масаласини ҳал қилиш, барча маълумотларни МҲХС нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш лозим. Буни ҳисобга олган ҳолда, эндигина йирик солиқ тўловчи деб эътироф этилганлар 1 январь ҳолатига 2023 йил учун маълумотларни халқаро стандартлар талабларини ҳисобга олган ҳолда шакллантиришга ҳаракат қилишлари лозим. 2024 йил ушбу корхоналар учун ўтиш даври бўлади, бунда барча жараёнларни МҲХСга мувофиқ қайта тузиш ва созлаш керак бўлади.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади
Бизнинг материалимизга ElectEx (@electex_group телеграм-канали) компанияси экспертлари фикр билдиришди ва тафсилотларни тушунтиришди:
“Шундай қилиб, агар сизни ... Йирик солиқ тўловчилар рўйхатига киритишса, тушунишимизча, 2024 йил учун, ПҚ-4611-сон қарорга Йўл харитасига мувофиқ 2020 йилда чиқиши керак бўлган қандайдир тушунтиришлар мавжуд эмаслиги туфайли ПҚ-4611-сон қарорнинг 1-банди мантиғига амал қиламиз:
МҲХС асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишига ўтиш санаси сизда – 2024 йил 1 январь, 2024 йил якунлари бўйича эса сиз 2023 йил учун солиштириш даври билан молиявий ҳисоботнинг тўлиқ тўпламини, худди шундай МҲХСга ўтган юридик шахсларнинг солиқларини ҳисоблаб чиқиш учун зарур бўлган кўрсаткичлар бўйича солиқ ҳисоботи шаклларини тақдим этасиз.
Шу боис 1-сон МҲХС (IFRS)га мувофиқ сизда МҲХСга ўтиш санаси – 2023 йил 1 январь. Бу 2024 йил учун МҲХС бўйича йиллик молиявий ҳисоботнинг биринчи тўпламида 2023 йил учун қиёсий ахборотни тақдим этиш учун зарур”.