Полезное для бухгалтера в декабре:
Давлат кўчмас мулки қандай ижарага олинади
Янги Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (14.12.2023 й. 660-сон ВМҚ). У 22 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ўрнига қабул қилинди.
Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА янгиликни батафсил шарҳлаб берди:
– Янги Низомда илгари 22 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ёритиб берилган масалалар қамраб олинган. Хусусан, унга Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги 102-сон қарори билан тасдиқланган Низом нормалари киритилган. У бугунги кунга қадар давлат мулкини ижарага бериш тартибини ташкил этиш бўйича “асосий қоидалар тўплами” бўлган.
Низом қуйидагиларни тартибга солади:
- давлат мулкини ижарага бериш қоидалари;
- ижара тўлови миқдорини белгилаш тартиби;
- ижара шартномасини тузиш ва ижара тўловлари ҳисоб-китоби тартиби;
- балансда сақловчининг ижара муносабатларидаги иштироки ҳамда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
- ижарага берилаётган давлат мулклари ҳисобини юритиш.
Низом:
- чет элдаги давлат мулкини ижарага беришга;
- ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятларини олган ҳолда моддий маданий мерос объектлари ва уларга туташ ҳудудларни ижарага беришга;
- касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг таълим жараёнидан бўш бўлган ўқув хоналари, ишлаб чиқариш устахоналари (асбоб-ускуналари билан бирга) ҳамда бошқа бино ва иншоотларини ижарага беришга;
- ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг алоҳида тартиб ўрнатилган ёпиқ ҳудудларида жойлашган бино ва иншоотларини ижарага беришга;
- театр-томоша корхоналарининг томоша кўрсатиш заллари ва майдонларини ижарага беришга;
- давлат ташкилотларининг хизмат турар жойларини ижарага беришга;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, умумий фойдаланишдаги ерлар (шаҳарлар, посёлкалар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ерлари) давлат ташкилоти, корхонаси ва муассасаси балансида бўлмаган ерлар ва захира ерларни ижарага беришга;
- ерости бойликларини ижарага беришга;
- интеллектуал мулк объектларини ижарага беришга;
- Президент имзолаган ҳужжатлар ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида ижарага беришнинг ўзгача тартиби белгиланган давлат мулкларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Давлат мулкини ижарага олиш юзасидан қандай мурожаат қилиш керак
Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази давлат мулкини ижарага бериш учун масъул ваколатли орган бўлиб қолди.
Ҳар қандай жисмоний шахс ёки юридик шахс ижара шартномаси тузиш тўғрисидаги ариза билан Марказга ёки унинг ҳудудий филиалига мурожаат қилишга ҳақли. Балансда сақловчи билан кейинги мулоқот Марказ орқали амалга оширилади. Агар сўров юқори турувчи муассаса томонидан ўрганилиши керак бўлса ёки мазкур объект давлат органи ёки аҳолининг ижтимоий эҳтиёжлари учун зарур бўлса, балансда сақловчи ижара шартномаси тузилишини рад этиши мумкин.
Ижарага беришни рад этишга асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, балансда сақловчи 3 кун ичида Марказга объект, шунингдек уни ижарага бериш мақсади ва шартлари тўғрисида ахборот кўрсатилган аризани тақдим этиши керак. Шундан сўнг 2 кун мобайнида объект онлайн-аукцион савдосига чиқарилади. Шартнома энг яхши шартларни таклиф этган тадбиркор билан тузилади.
Давлат мулки ижара шартномасининг энг кўп амал қилиш муддати 6 йилни ташкил этади. Агар объект кичик бизнес, хусусий тиббиёт ташкилоти ёки профессионал таълим ташкилотига ижарага берилса, бу муддат 10 йилни ташкил этади.
1 йилдан кам бўлмаган муддатга тузиладиган ижара шартномалари давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт. Шу билан бирга, онлайн-аукцион орқали ижарага берилган авто ва мототранспорт воситаларини нотариал тартибда тасдиқлаш талаб этилмайди.
Солиқ органларининг E-ijara кўчмас мулк ижара шартномаларини рўйхатдан ўтказиш электрон тизими online-ijara.uz ахборот тизими билан интеграция қилинади.
2024 йил 1 мартдан бошлаб давлат мулкини ижарага бериш шартномалари бўйича ижара тўловларини ундириш ва уларнинг тақсимоти E-ijara электрон тизими орқали амалга оширилади.
❖
Ижарага олувчи чет эл компанияси бўлса, кўчмас мулк ижара шартномасини қандай рўйхатдан ўтказиш ҳақида алоҳида мақолада ўқинг.
Давлат мулки ижараси учун қанча тўлашга тўғри келади
Аввалгидек, кўчмас мулк ижараси қийматини ҳисоб-китоб қилиш учун ижара тўловининг энг кам қиймати керак бўлади. Уларни илгаригидек ҳокимликлар тасдиқлайди. Бунда янги ҳужжатда у билан боғлиқ муаммо ҳал қилинмаган. Гап шундаки, амалиётда ҳокимликлар ставкаларни, моҳиятига кўра, шартномалар тузилган бўлиши керак бўлган январь-февраль ойларида тасдиқлайди. Келаси йил учун ставкалар олдинроқ, йил киргунга қадар декабрь ойида тасдиқланса, тадбиркорларга манфаатли бўларди.
Бу йил тадбиркорларга бироз осон бўлади. Сабаби Е-ijaraда шартноманинг рўйхатдан ўтказилмаганлиги энди ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини тўхтатиб туриш учун асос ҳисобланмайди. Аммо ставкаларнинг кечроқ тасдиқланиши шартнома муносабатларининг ўз вақтида расмийлаштирилишининг кечикиши сабаби бўлмаслиги керак.