Полезное для бухгалтера в ноябре:
Камерал текширув ортиқча ундирилган солиқларни қайтаришга қандай таъсир қилади
“Корхона солиқ органига ортиқча ундирилган солиқларни қайтариш, ҚҚС ва фойда солиғи бўйича ортиқча тўлов ҳисобидан бошқа солиқларни сўндириш, шунингдек ортиқча ундирилган жарималарни (СОРЖ ва бошқалар) қайтариш тўғрисида мурожаат қилди.
Солиқ органи бизда камерал текширув ўтказилишини важ қилиб, солиқ органининг ички ҳужжатига ҳавола берган ҳолда рад этди.
Фикримизча, бу СКнинг 12-боби ва Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга зид ҳисобланади, уларда ортиқча ундирилган солиқларни ҳисобга олишни амалга ошириш ёки қайтариш учун чекловларга ҳеч қандай кўрсатмалар йўқ.
Корхонага ортиқча ундирилган солиқларни ҳисобга олишни амалга ошириш ва қайтаришни рад этган солиқ органининг ҳаракатлари қанчалик қонуний?
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА жавоб берди:
– Солиқ тўловчилар солиқлар, пенялар ва жарималарнинг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган суммаларини ўз вақтида ҳисобга ўтказиш ёки қайтариш ҳуқуқига эга .
Ортиқча тўланган (ундирилган) солиқларни ҳисобга олиш ва қайтариш қоидалари Солиқ кодексининг 12-бобида белгиланган.
Ортиқча тўланган (ундирилган) солиқ суммаси қарз мавжуд бўлмаган тақдирда қайтарилиши ёхуд ушбу солиқ бўйича келгуси тўловлар учун ҳисобга олиниши лозим.
Корхонада солиқ қарзи мавжуд бўлган тақдирда, ортиқча тўланган (ундирилган) солиқ суммаси ушбу қарзни узиш ҳисобига қуйидаги кетма-кетликда ҳисобга олиниши лозим:
- мазкур солиқ турининг пеняси бўйича қарз ҳисобига;
- бошқа солиқлар ва уларнинг пенялари бўйича қарзни узиш ҳисобига;
- солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жарималарни тўлаш ҳисобига.
Ортиқча тўланган солиқ суммаси корхонанинг аризасига кўра унга тўлиқ ёки қисман қайтарилиши мумкин.
Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг (07.01.2021 й. 1-сон ВМҚга 2-илова) 21-бандида солиқ тўловчи томонидан олдин ҳисобланган солиқни камайтирадиган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилганда камерал солиқ текширувини тайинлаш назарда тутилган.
Шубҳасиз, бу ҳолда ҳисобга олиш ёки қайтариш учун камерал солиқ текширувининг тугашини кутиш лозим.
Агар корхонангиз солиқ органининг қароридан норози бўлса, сиз унинг устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақлисиз.
ҚҚС бўйича ортиқча тўланган суммани қайтариш ёки ҳисобга олиш ўзига хос хусусиятларга эга. Агар ортиқча тўлов ортиқча тўлаш ёки солиқ тўловчидан мазкур солиқни ортиқча ундириш натижасида юзага келган бўлса, ортиқча тўлов суммаси эса солиқ органи билан тузилган солиштириш далолатномаси билан тасдиқланса, қайтариш ва ҳисобга олиш СКнинг 12-бобида назарда тутилган умумий қоидалар бўйича амалга оширилади.
Агарда ортиқча тўлов ҳисобга олинган ҚҚС ва реализация қилишдан ҚҚС ўртасида манфий фарқ ҳосил бўлиши натижасида юзага келса, солиқни қайтариш, шу жумладан бошқа солиқлар бўйича солиқ қарзини сўндириш камерал солиқ текшируви якунлари бўйича амалга оширилади .