Полезное для бухгалтера в ноябре:
Ўзбекистонда хорижий ваколатхонани аккредитация қилишнинг янги тартиби
Вазирлар Маҳкамаси томонидан янги Ўзбекистон ҳудудида хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарини аккредитация қилиш ва уларнинг фаолият юритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (07.02.2024 й. 76-сон ВМҚ). Май ойидан бошлаб ушбу тартиб-таомилдан ЯИДХП орқали ёки давлат хизматлари марказига мурожаат қилган ҳолда ўтиш мумкин бўлади. Тафсилотларни гапириб берамиз:
Хорижий компания ваколатхонаси қандай аккредитация қилинади
Низомга асосан аккредитациядан давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ўтиш мумкин. Аккредитация якуни бўйича QR-код (матрик штрихли код) қўйилган аккредитация гувоҳномаси берилади.
Хорижий тижорат ташкилоти ўз ваколатхонасини очиш ёки аккредитация муддатини узайтириш учун қуйидагиларни тақдим этиши керак:
- ариза. Унда келиб чиқиш мамлакати, таъсисчилари тўғрисида маълумотлар, фаолияти тарихи, ходимларининг умумий сони, сўнгги молия йилида товар (иш, хизмат) айирбошлаш ҳажми, ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, Ўзбекистон корхоналари ва ташкилотлари билан амалий ва бошқа турдаги алоқалар бўйича шартномалар бўйича маълумотлар (агар мавжуд бўлса), ваколатхонани очиш муддати кўрсатилади;
- хорижий ташкилотнинг таъсис ҳужжатлари;
- ташкилот чет давлатда рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги реестрдан кўчирма, гувоҳнома ёки лицензия;
- ваколатхона бошлиғига берилган ишончнома;
- ваколатхона тўғрисидаги низом.
Аризани кўриб чиқиш учун тўлов ундирилмайди. Аккредитация қилиш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинса, ариза берувчига давлат божини тўлаш учун ҳисобрақами реквизитлари тақдим этилади – 48 БҲМ (бугунги кунда 1 БҲМ – 340 000 сўм).
Аккредитация муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза жорий гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугашидан камида бир ой олдин берилиши лозим. Аккредитацияни қайта рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи ундирилмайди.
Аризани кўриб чиқиш муддати – 5 иш куни. Аккредитация тўғрисида гувоҳнома 1 йилдан 3 йилгача муддатга берилади.
Қуйидаги сабабларга кўра аккредитация қилишни рад этишлари мумкин:
- ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганлиги ёки улар белгиланган тартибда расмийлаштирилмаганлиги;
- тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри маълумот келтирилганлиги;
- тақдим этилган ҳужжатларда ёки хорижий компания фаолиятида Ўзбекистоннинг қонунчилиги бузилганлиги аниқланганлиги.
❖
Шунингдек, хорижий ишлаб чиқарувчи қачон ваколатхона очиши кераклиги ҳақида ўқинг.
Ваколатхона бошлиғи ва ходимлари қандай аккредитация қилинади
Хорижий компания ваколатхонаси ходимлари ҳам чет эл фуқароларидан, ҳам Ўзбекистон фуқароларидан иборат бўлиши мумкин. Меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қабул қилинадиган чет эл фуқароларининг сони бўйича чеклов ўрнатилган: умумий миқдорнинг 40 фоиздан ортиқ бўлмаслиги, бироқ 5 кишидан ошиши мумкин эмас. Хорижий фуқаролар ҳам аккредитация қилиниши керак.
Хорижий компания ваколатхонаси бошлиғини аккредитация қилиш учун ариза компания томонидан, ваколатхона ходимларини аккредитация қилиш учун эса – компания ёки ишончнома асосида ваколатхона бошлиғи томонидан берилади.
Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:
- Низомга 5-иловада келтирилган намунавий шаклга мувофиқ ўзбек ва инглиз тилларида ёзилган икки нусхадаги шахсий варақа;
- паспорт ёки ID-картаси нусхаси. Бунда ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан рўйхатга олинганлик тўғрисида маълумот бўлиши шарт;
- ваколатхона бошлиғига берилган ишончнома ёки ходимни ваколатхонага ишга қабул қилиш тўғрисидаги ҳужжат нусхаси.
Ариза 5 иш куни мобайнида кўриб чиқилади. Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда хорижлик ходимга аккредитация карточкаси берилади.
Шу тариқа, аккредитация қилинган хорижлик ходимлар Ўзбекистоннинг ҳудудида – фақат аккредитация қилинган ваколатхонада – Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг тасдиқномасини олмасдан меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўладилар.
Хорижлик ходим учун аккредитация карточкаси кейинчалик узайтирилиш имконияти билан 12 ой муддатга ёки ваколатхона аккредитация қилинган муддатдан, ишончнома муддатидан кам бўлмаган муддатга берилади.
07.02.2024 йилдаги 76-сон ВМҚ амалга киритилиши билан – 2024 йил 9 майдан бошлаб – аккредитация тўғрисидаги аввалги ҳужжатлар ўз кучини йўқотади:
- Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартиби ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2000 йил 23 октябрдаги 410-сон қарори.
- Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартиби ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” 2011 йил 28 октябрдаги 290-сон қарори.
Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади