Ходимга тўловлар кечиктирилганлиги учун фоизлар қандай ҳисобланади

preview

Иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ёки ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган иш берувчи уларни пулли компенсация билан бирга тўлаши шарт (МК 333-м.).

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнат стандартлари бошқармаси бош мутахассиси Отабек БОБАМУРАТОВ вазирликнинг ушбу пулли компенсацияни ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги позициясини тушунтирди:

 

Экспертларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Пулли компенсация тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг 10 фоизи миқдорида тўланади.

Ходимга тўланадиган пулли компенсациянинг миқдори жамоа шартномаси, ички ҳужжат ёки меҳнат шартномаси билан оширилиши мумкин.

Пулли компенсацияни тўлаш мажбурияти иш берувчининг ойлик иш ҳақини ёки ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа суммаларни тўлашнинг кечиктирилишида айби бор-йўқлигидан қатъи назар юзага келади.

Марказий банк қайта молиялаш ставкаси 2023 йил 17 мартдан бошлаб ҳозирги вақтга қадар 14 фоизни ташкил этади. Яъни иш ҳақи кечиктирилган кун учун пулли компенсация миқдори 1,4 фоизни ташкил этади.

 

Пулли компенсацияни ҳисоб-китоб қилишга мисол

Ходимнинг иш ҳақи, таътил тўловлари, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловлар ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларнинг умумий миқдори 5 млн сўмни ташкил этади. Иш берувчи тўлов муддатини 10 кунга кечиктирди.

5 млн сўм х 1,4 фоиз = 70 минг сўм (кечиктирилган 1 кун учун).

Иш берувчи ходимга тўловларни тўлаш муддатини 10 кунга кечиктирганлиги учун 700 минг сўм миқдорида пулли компенсация тўлаши шарт.

 

 

 

 

Ходимлар билан ҳисоблашиш Ходимлар билан ҳисоблашиш Ходимлар билан ҳисоблашиш /ru/publish/doc/text199214_hodimga_tulovlar_kechiktirildi_-_tulovlar_kechiktirilganligi_uchun_foizlar_qanday_hisoblanadi