Ўзбекистонда 2024 йил 1 июлдан нималар ўзгаради

preview

2024 йил 1 июлдан қонунчиликнинг янги меъёрлари кучга киради ва айрим солиқ имтиёзлари бекор қилинади. Тафсилотлар – buxgalter.uz шарҳида.

 

Муҳим тушунтиришни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Электрон ТТЮ барча учун мажбурий

1 июлдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар электрон товар-транспорт юк хатларини расмийлаштиради .

Эслатиб ўтамиз, йирик солиқ тўловчилар ЭТТЮ билан 2024 йил 1 апрелдан бошлаб мажбурий тартибда ишлашмоқда.

 

Бизнес электр энергияси ва газни 100 фоиз олдиндан тўлов шартларида олади

1 июлдан бошлаб компаниялар электр энергияси ва табиий газ учун 100 фоиз олдиндан тўловни тўлашлари керак . Эслатиб ўтамиз, бундай тартиб  2017 йил июль ойидан 2019 йил февраль ойига қадар амал қилган, бироқ кейин олдиндан тўлов миқдори 50 фоизгача пасайтирилган .

 

Жаҳон брендларини жалб қилиш учун янги чоралар

1 июлдан бошлаб  нуфузли халқаро брендлар билан ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналарга :

  • халқаро стандартларни жорий этиш ва экологик сертификатлаш харажатларини қоплаб берилади;
  • нуфузли халқаро брендлар остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун зарур бўлган барча хомашёлар маҳаллийлаштириш даражасини камида 60 фоизга етказиш шарти билан божхона божидан озод этилади;
  • нуфузли халқаро брендлардан жалб қилинган технолог, дизайнер, маркетолог каби мутахассислардан Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома берилганлиги учун тўловлар ундирилиши бекор қилинади.

 

IT соҳасида стартаплар молиявий қўллаб-қувватланади

Рақамли технологиялар соҳасида таълим хизматларини кўрсатиш ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳалари учун 1 млрд сўмгача грантлар ажратилади . Танлов Технопарк томонидан ҳар йили қуйидаги йўналишлар бўйича ўтказилади:

  • истиқболли лойиҳа;
  • маҳаллий бозорга ихтисослашган лойиҳа;
  • жаҳон бозорига ихтисослашган лойиҳа.

 

ДХМ процессуал ҳужжатларни тайёрлашда ёрдам беради

Барча ДХМда “Мадад” ННТ маслаҳат бюролари босқичма-босқич ташкил этилади. Уларнинг ходимлари  бепул маслаҳатлар беришади ва низоларни судгача ва суд орқали ҳал этишда зарур бўладиган ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашишади .

 

Барча имтиёзлар – Имтиёзлар ягона реестрида

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг сайтидаги Ягона реестр қуйидагиларни бирлаштиради :

  • маҳаллий ва хорижий инвесторларга берилган преференциялар ва имтиёзлар;
  • уларни қўллаш, муддатлари ва тартиби;
  • маъсул давлат органлари рўйхати.

 

Смета ҳужжатларини баҳолаш – Миллий классификатор асосида

Объектларнинг смета қиймати “Қурилиш ресурслари миллий классификатори” электрон платформаси маълумотлари асосида шакллантирилади. Бошқалар қатори, у қурилиш материалларининг халқаро стандартларга мувофиқлигини аниқлаштиришга кўмаклашади .

 

Барча шаҳарсозлик ҳужжатлари – битта тизимда

1 июлдан бошлаб ишлаб чиқиладиган барча аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари ва объектларнинг лойиҳа ҳужжатлари, шунингдек, уларни келишиш ва ўзгартиришлар тўғрисидаги маълумотлар Шаҳарсозлик геоахборот тизимига жойлаштирилади .

 

ДТ ва интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш – ДХМ ва ЯИДХП орқали

Яна иккита давлат хизматини онлайн тарзда олиш мумкин. Бу :

  • ЭҲМ учун дастур ва маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказиш;
  • интеллектуал мулк объектини рўйхатдан ўтказиш.

 

Тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимлари устав капиталининг энг кам миқдори оширилади

АЖ шаклида тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига устав капиталининг энг кам миқдори қисмида янги талаблар белгиланади :

  • тўлов тизими операторлари учун – 50 млрд сўм;
  • тўлов ташкилотлари учун – 10 млрд сўм.

 

5 та шаҳардаги сув таъминоти тадбиркорларга ўтказилади

Тажриба тариқасида Когон, Ширин, Янгиер, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ичимлик ва оқова сув таъминоти тизимлари ДХШ шартлари асосида хусусий секторга берилади .

 

Давлат уй-жой фонди бўйича барча хизматлар – фақат ДХМ ёки ЯИДХП орқали

Давлат уй-жой фондидан фойдаланиш ва тасарруф этиш билан боғлиқ давлат хизматлари фақат давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали кўрсатилади .

 

1 июлдан қуйидагилар бекор қилинади:

  • 5 нафар ва ундан ортиқ кишидан иборат гуруҳларда чет эллик туристларга жойлаштириш, ташиш, экскурсия бўйича хизматлар кўрсатиш бўйича пакетлар тақдим этувчи туроператорга ҚҚС нинг 20 фоизини қоплаш ;
  • республикада ишлаб чиқарилмайдиган инвентарлар, спорт кийимлари, спорт отлари, наслли маҳсулотлар (материаллар), озуқа ва озуқа қўшимчалари, витаминлар, ветеринария дори воситалари, ускуналар ва материаллар, отларни ташишга мўлжалланган махсус автотранспорт (коневоз) воситалари ва тиркамаларни божхона божидан озод этиш ;
  • иссиқхонага ихтисослашган ер майдони 25 сотихдан кўп бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган ЖШДСни тадбиркорларга қайтариб бериш тартиби (14.06.2023 й. ПҚ-192-сон);
  • паррандачилик корхоналари учун фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича 50 фоиз пасайтирилган солиқ ставкаси .

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади


Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text200967_uzbekistonda_2024_yil_1_iyuldan_nimalar_uzgaradi