Полезное для бухгалтера в декабре:
Таъсисчи фоизсиз қарз берса, бу назорат қилинадиган битим ҳисобланадими
«Ягона резидент-таъсисчи бизнесни ривожлантириш учун корхонага 5 млрд сўм миқдорида қайтариб бериш шарти билан фоизсиз пул қарзи бермоқчи. Бу ҳолда фоизсиз қарз шартномаси трансферт нархи қўлланиладиган назорат қилинадиган битим ҳисобланадими?».
Саволга «Норма» эксперти Азизахон ТОШХЎЖАЕВА жавоб берди:
Экспертнинг муҳим тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
– Ўзбекистоннинг солиқ резидентлари бўлган ўзаро боғлиқ шахслар ўртасидаги битим, агар СК 180-моддаси 2-қисмида кўрсатилган шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси бажарилса, назорат қилинадиган деб тан олинади:
1) кўрсатилган шахслар ўртасидаги битимлар бўйича даромадлар суммаси (битимлар нархлари суммаси) тегишли календарь йил учун 5 млрд сўмдан ошади;
2) битим имзоловчиларнинг ҳеч бўлмаганда бир томони махсус солиқ режимини қўллайди ёки махсус иқтисодий зона иштирокчиси ҳисобланади, бунда ушбу битимнинг бошқа томонлари орасида махсус солиқ режимларини қўлламайдиган шахс бор;
3) битимнинг ҳеч бўлмаганда бир томони фойда солиғини тўлашдан озод қилинган, пасайтирилган солиқ ставкасини ёки бошқа солиқ имтиёзларини қўллайди, бунда ушбу битимнинг бошқа томонлари орасида бундай солиқни тўлашдан озод қилинмаган ва имтиёзларни қўлламайдиган шахс бор;
4) битим предмети битим томонларидан бири қазиб олган фойдали қазилма бўлса, агар унга нисбатан ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ адвалор солиқ ставкасини назарда тутса.
СК 180-моддаси 2-қисми 1-банди қоидалари ўзаро боғлиқ шахслар - резидентлар ўртасидаги битимлар бўйича даромадлар суммаси (битимлар нархлари суммаси) тегишли календарь йил учун 5 млрд сўмдан ошганда қўлланилади. Мақсад - мустақил шахслар билан шунга ўхшаш битимларга нисбатан камроқ солиқ тушумига йўл қўймасликдир.
Сизнинг вазиятингизда 5 млрд сўм миқдоридаги фоизсиз пул қарзи битим бўйича даромад (битим нархи суммаси) ҳисобланмайди. Бу - маълум вақтга берилган ва кейин қарз берувчига қайтарилиши керак бўлган қарздир.
Томонлар ўзаро боғлиқ ёки мустақил шахслар эканлигидан қатъи назар, қарз олувчи ҳар қандай ҳолатда:
1) фоизсиз қарз бўйича даромадни қарз (қайтариб бериш шарти билан молиявий ёрдам) олинган санадаги МБнинг қайта молиялаш ставкасидан келиб чиққан ҳолда тан олади ;
2) уни фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда жами даромад таркибига киритади .
Агар фоизсиз қарз шартномаси бўйича қарз олувчи мустақил шахс бўлганида ҳам солиқ суммаси ўзгармайди.
Шунинг учун кўриб чиқилаётган ҳолатда фоизсиз қарз шартномаси трансферт нархи қўлланиладиган назорат қилинадиган битим ҳисобланмайди.
Buxgalter.uz тавсия этади: