Прочтите, если выплачиваете доходы нерезидентам, не связанные с ПУ:
Электрон визанинг муддати тугадими – кетишга шошилманг
Ўзбекистон Республикасининг электрон кириш визаси тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди (28.05.2019 йилдаги ПФ–5731-сон Фармонга қаранг).
Эслатиб ўтамиз, электрон виза e-visa.gov.uz портали орқали соддалаштирилган ва жадаллаштирилган тартибда расмийлаштирилади. Айни пайтда уни 75 та давлат фуқаролари олишлари мумкин.
Электрон визанинг умумий амал қилиш муддатига (90 кун), виза эгаси Ўзбекистонда бўлишининг чекланган муддатига (30 кунгача) ўзгартиришлар киритилмади. Бироқ илгари амал қилган қоидага кўра, чет эллик фуқаро кириб келган пайтида визанинг амал қилиш муддати тугашига 30 кундан кам қолган бўлса, унинг ана шу муддат давомида мамлакатимизда бўлишига рухсат берилар эди. Мазкур чеклов бекор қилинди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида қайд этишларича, ушбу янгилик боис туристларнинг мамлакатимизда кўпроқ муддат бўлишига имкон яратилди. Ҳақиқатан ҳам шундай. 1 июнда Ўзбекистонга келган Ҳиндистон фуқароси электрон визасининг амал қилиш муддати 20 июнда тугайди дейлик. Аввалги қоидага амал қилинса, у фақат 20 июнгача бу ерда бўлиши, сўнг республикадан чиқиб кетиши керак бўларди. Киритилган тузатиш туфайли у 30 июнгача Ўзбекистонда бамайлихотир қолиши мумкин.
Мамлакатимизда бўлиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги моддаларга (МЖТКнинг 225-моддаси, ЖКнинг 224-моддаси) тузатиш киритиш жуда муҳим. Шу жумладан белгиланган бўлиш муддати тугагач мамлакатимиздан чиқиб кетишдан бўйин товлаш ҳолларида санкциялар қўлланилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.05.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.