Судда овоз ёзиб олиш: нималар ўзгарди?

preview

Фуқаролик процессуал кодекснинг 208-моддаси, Иқтисодий процессуал кодекснинг 165-моддаси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 143-моддасига киритилган тузатишларни кўриб чиқамиз.

Аввалига масаланинг қисқача тарихи билан таништириб ўтамиз. 2018 йил ноябрда Конституциявий суд тузатишлар лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш ҳақида қарор қабул қилган. Асосий мақсад – суд мажлисида овоз ёзиб олишни амалга ошириш ягона тартибини белгилаш ҳамда суд ишларини юритиш иштирокчиларининг овоз ёзиб олишни амалга ошириш ҳуқуқи чекланишини бартараф этиш. Қарорда тузатишлар ишлаб чиқилишига сабабчи бўлган муаммолар акс эттирилган. 

Умуман олганда, кўрсатилган учта кодексга тузатишларнинг ўзи 2019 йил 10 майдаги ЎРҚ–536-сон Қонун билан киритилиб, 11 майдан кучга кирди. Натижада вазият қандай ўзгарганини кўриб чиқамиз.

1-муаммо. Атамаларнинг турлича талқин қилиниши.

Иккита кодекс – ИПК ва МСИЮТКда тузатишлар киритилгунга қадар қуйидаги манзара кузатилган: биргина модда, биргина қисмда «аудиоёзув», бошқасида эса «овоз ёзиб олиш» атамаси келтирилган. Конституциявий суд ўз қарорида иккала ҳолда битта тушунча назарда тутилган бўлса ҳам, бу билан «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддаси бузилганлигини қайд этган. Унда тўғридан-тўғри шундай дейилган: қонун лойиҳасида фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этадиган, уларнинг қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилади.

Киритилган тузатишлар билан ушбу ҳуқуқбузарлик бартараф этилдими? Йўқ. ИПКнинг 165-моддаси учинчи қисми ва МСИЮТКнинг 143-моддаси иккинчи қисмида аввалгидек «аудиоёзув», ИПКнинг 165-моддаси бешинчи қисми ва МСИЮТКнинг 143-моддаси тўртинчи қисмида эса «овоз ёзиб олиш» атамаси қўлланилган.

2-муаммо. Суд ишларини юритиш иштирокчиларининг ҳуқуқи чекланиши.

Бунда ҳам атамалар билан боғлиқ муаммо мавжуд, бироқ бу гал маъно фарқ қилади. ФПКнинг 208-моддаси тўртинчи қисми, ИПКнинг 165-моддаси учинчи қисми ва МСИЮТКнинг 143-моддаси иккинчи қисмида суд ишларини юритиш иштирокчилари ҳақида, яна бир қисмда эса мажлис залида ҳозир бўлганлар ҳақида сўз борган.

Шу муносабат билан Конституциявий суд суд ишларини юритиш иштирокчиларининг овоз ёзиб олиш ҳуқуқи чекланади, сабаби бунинг учун улар суднинг рухсатини олишлари зарур, жараёнда ҳозир бўлган бошқа шахслар эса суднинг рухсатини олиши керак эмас деган хулосага келган. Бироқ бунга қўшилиш мушкул.

Биринчидан, суд ишларини юритиш иштирокчилари деганда қонун билан аниқ белгиланган шахслар доираси тушунилади (МСИЮТКнинг 37-моддаси; ИПКнинг 40-моддаси; ФПКнинг 6-бобига қаранг). Улар иккита катта гуруҳга бўлинади:

  • ишда иштирок этувчи шахслар: тарафлар (даъвогар (аризачи) ва жавобгар), учинчи шахслар, прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар ўз зиммаларига юклатилган ваколатларга кўра;
  • одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар: гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар.   

Бунда суд мажлислари залида бевосита ишни кўриш пайтида судья ёки судьялар ҳайъати, суд мажлисининг котиби ҳозир бўлади, шунингдек адвокат ёрдамчиси, стажёри, ОАВ вакиллари, жамоатчилик арбоблари ва ҳ.к. бўлиши мумкин. Улар суд ишларини юритиш иштирокчилари жумласига кирмайди. Яъни «суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар» ва «суд ишларини юритиш иштирокчилари» тушунчалари умумий ва бўлинма сингари нисбатга эга. Қонун ижодкори аввалбошдан хато қилмай, кенгроқ доирадаги шахсларга ёзма қайдлар қилиш, фотосуратга олиш, аудио- ва видеоёзувни ёзиб олиш ҳуқуқини атайин берган кўринади. Унга, шубҳасиз, жараён иштирокчилари ҳам киради, сабаби уларнинг суд залида ҳозир бўлишлари тахмин қилинади.  

Иккинчидан, ушбу атамалар битта модда доирасида бўлса ҳам, бироқ турли контекстда қўлланилган. Биринчи ҳолатда («суд ишларини юритиш иштирокчилари») суд жараёнининг аудиоёзувини амалга ошириш тартиби ҳақида, иккинчисида эса («суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар»), юқорида айтилганидек, уни амалга ошириш ҳуқуқи ҳақида сўз борган.

Яъни маъносини тўлдириш нуқтаи назаридан ушбу нормалар ўртасида зиддият мавжуд эмас. Улар биргаликда талқин қилинса, суд ишларини юритиш иштирокчиларининг илтимосномаси ёхуд суднинг ташаббуси – ҳатто суд залида ҳозир бўлган, суд ишларини юритиш иштирокчилари ҳисобланмаган шахслар томонидан олиб борилаётган бўлса ҳам, овоз ёзиб олишнинг мажбурий шарти эканлиги тушунилади. Мисол учун, даъвогар ишни медиа орқали ёритишлари учун мажлисга мухбирларни таклиф этади ва улар жараённинг аудиоёзувини олиб боришини сўраб илтимоснома тақдим этади; раислик қилувчи судья суд мажлиси баённомасида барча тафсилотлар тўлақонли акс эттирилишини таъминлаш учун ўз ташаббусига кўра котибга овозни ёзиб олишни топширади ва ҳ.к.   

ФПКнинг 208-моддаси тўртинчи қисми, ИПКнинг 165-моддаси учинчи қисми ва МСИЮТКнинг 143-моддаси иккинчи қисмига ўзгартиришлар киритилмаганлиги ҳам шундан далолат беради. Бинобарин, суд ишларини юритиш иштирокчилари санаб ўтилган нормаларга мувофиқ, аввалгидек, суд мажлисида аудиоёзув олиб бориш учун илтимоснома тақдим этишлари зарур. Бошқача айтганда, фараз қилинаётган муаммо мавжуд бўлмаганлиги сабабли ҳал этилмаган кўринади.

3-муаммо. Бир хил тартибнинг мавжуд эмаслиги.

Дарҳақиқат, суд жараёнида аудиоёзувни амалга ошириш бўйича тартибга ягона ёндашув мавжуд эмас. Маъмурий ва иқтисодий судда бунинг учун суд ишларини юритиш иштирокчиларининг илтимосномаси ёки суд ташаббусининг ўзи кифоя, фуқаролик судида эса тарафларнинг розилиги ва суд мажлисида раислик қилувчининг рухсатномаси бўлиши зарур. Бироқ бу жиҳатдан ҳам ҳеч нима ўзгармади – учала ҳолатда судда овоз ёзиб олиш тартиби аввалгидек қолди.  

Сўзимиз якунида шарҳ сарлавҳасидаги саволга жавоб берамиз. ФПКнинг 208-моддаси, ИПКнинг 165-моддаси ва МСИЮТКнинг 143-моддасига киритилган тузатишлар таҳлили қуйидагиларни кўрсатди:

  • фуқаролик суди ишларини юритиш доирасида – суд ишларини юритиш иштирокчиларининг ёзма қайдлар қилиш ҳуқуқи тўғридан-тўғри назарда тутилган;
  • маъмурий ва иқтисодий суд ишларини юритиш доирасида – суд ишларини юритиш иштирокчиларининг ёзма қайдлар қилиш, стенограмма олиб бориш ва овоз ёзиб олиш ҳуқуқи тўғридан-тўғри назарда тутилган.

  

Олег Заманов.


 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text150726_sudda_ovoz_ezib_olish_nimalar_uzgardi