Прочтите, если выплачиваете доходы нерезидентам, не связанные с ПУ:
Яширин иқтисодиётга қарши курашишнинг янги чоралари бизнесда қандай акс этади
Яширин иқтисодиётнинг даражасини пасайтириш, тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун тенг рақобат шароитларини яратиш мақсадида Президентнинг “Яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ни фармони лойиҳаси тайёрланди.
Батафсил – “Норма” етакчи эксперти Жорилла АБДУЛЛАЕВнинг шарҳида:
1. Юмшатиш чоралари бизнес учун солиқ тартиб-таомилларини соддалаштириш ва осонлаштириш, уларни шаффоф қилиш, солиқ юкини камайтиришга қаратилган. Хусусан, 2021 йил 1 январдан бошлаб:
а) 2022 йил 1 январгача бўлган муддатга, умумий овқатланиш соҳасидаги кичик бизнес субъектларининг банк карталари ва контактсиз тўловлардан фойдаланган ҳолда жисмоний шахслардан олинган даромадлари умумбелгиланган солиқларни тўлашга мажбурий тартибда ўтиш мақсадида жами даромадга киритилмайди;
б) жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида енгил автомобиль транспортида (ҳайдовчини ҳисобга олган ҳолда 5 кишидан кўп бўлмаган ўриндиқли) йўловчиларни ташишга рухсат берилади. Бунда ушбу шахслар томонидан мобиль иловалар орқали олинган даромадларга даромад суммаси 50%га камайтирилган ҳолда ЖШДС солинади;
в) риэлторлик фаолияти бўйича айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 25%дан 13%гача пасайтирилади;
г) қурилиш корхоналарига ишчиларни иш ҳақини унинг ҳажми МҲФнинг жами миқдорининг 10%идан ошмаган ҳолда нақд пулда тўлаш ҳуқуқи билан шартнома тузмасдан ёллашга муддатли равишда рухсат берилади.
2. Солиқ солиш базасини ошириш, айрим операциялар бўйича имтиёзларни бекор қилиш бўйича чора-тадбирлар:
а) 2021 йил 1 январдан бошлаб божхона тўловлари олинмайдиган жисмоний шахснинг манзилига келиб тушадиган товарларни олиб киришнинг энг юқори меъёрини, бир календарь чоракда биринчи қабул қилинганда, $1000 дан $200 гача туширилади ва брутто оғирлиги 10 килограммдан ошмайди;
б) бюджет ташкилотлари томонидан 2021 йил 1 февралдан бошлаб гўшт ва гўшт маҳсулотлари, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, ташкилий техника ва транспорт воситаларининг бутловчи қисмлари давлат харидлари ҚҚСни тўлаш билан амалга оширилади;
в) Молия вазирлиги ва ДСҚга ҚҚСни тўлаш билан сотиб олинадиган товарлар ва хизматлар рўйхатини кенгайтириш бўйича таклифлар киритади.
3. Электрон маъмурчиликни такомиллаштириш чора-тадбирлари
а) хўжалик юритувчи субъектлар корпоратив банк карталаридан фойдаланган ҳолда товарларни (хизматларни) шартнома тузмасдан, лекин улар учун ЭҲФни ёки онлайн-НКМнинг чекларини мажбурий равишда олиш шарти билан сотиб олишлари мумкин бўлади;
б) товарларни ташишни амалга оширувчи транспорт воситаларининг электрон ҳисобварақ-фактуралар, тўлов терминаллари квитанциялари ва улардаги онлайн-НКМнинг чекларини расмийлаштирмаган ҳолда ҳаракатланиши тақиқланади;
в) ҳисобварақ-фактураларни электрон алмашинуви билан бир қаторда товарларни (хизматларни) етказиб бериш шартномаларини ва ТМҚни олиш учун ишончномаларни мажбурий электрон рўйхатдан ўтказиш йўлга қўйилади;
г) товарлар (хизматлар) учун аҳоли томонидан тўловларни амалга оширишда контактсиз технологияларнинг кенг жорий этилиши бўйича таклифлар кўриб чиқилади.
4. Солиқ текширувлари бўйича:
а) солиқ органлари сайёр солиқ текшируви тайинланиши ҳақида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Президент ҳузуридаги Вакилга хабар берадилар, бироқ уларни ўтказишни келишмайдилар;
б) НКМ ва тўлов терминалларидан фойдаланиш бўйича сайёр текширувлар чораклик жадвал асосида - текширув натижалари ва улар бўйича солиқ низоларини кўриб чиқиш натижалари эълон қилинган ҳолда амалга оширилади. Бугунги кунда бундай жадвал тузилмайди.
5.Ташкилий чора-тадбирлар:
а) Яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича Махсус комиссия, шунингдек ҳудудий комиссиялар тузилади;
б) 2021-2025 йилларда яширин иқтисодиётни қисқартириш стратегияси ва вазирлик ва идораларнинг яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича "Йўл харитаси" ишлаб чиқилади;
в) 2020 йил 1 ноябрдан солиқ органлари ходимлари сони 10%га қисқартирилади;
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.