Полезное для бухгалтера в ноябре:
ДИЛШОД СУЛТОНОВ ЖАВОБ БЕРАДИ: доимий муассасалар учун ҳисобга туриш ва ҚҚС ҳисоб-китоби
Buxgalter.uz молия вазири ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВнинг Молия вазирлиги билан қўшма акция доирасида ўқувчиларимиз йўллаган саволларига жавобларини беришни бошлайди. Ушбу савол-жавоблар чет эл юридик шахсларининг доимий муассасаларини ҳисобга қўйиш ва ҚҚС ҳисоб-китоби тартибига бағишланган.
1. Чет эл юридик шахси Ўзбекистонда доимий муассаса (ДМ) орқали фаолият юритади. 2020 йил 1 январдан бошлаб ДМ ҚҚС тўловчиси бўлди. Улар солиқни мустақил равишда ёки солиқ агентлари орқали тўлайдиларми?
- Солиқ кодексининг 36-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида доимий муассасани ташкил этишга олиб келувчи фаолиятни амалга ошираётган чет эл юридик шахслари солиқ тўловчи сифатида солиқ органида рўйхатдан ўтиши (СТИР олиши) шарт.
Бунда ДМ ҚҚС тўловчи сифатида алоҳида ҳисобга қўйилади ва ҚҚС тўловчининг алоҳида рўйхатдан ўтиш рақамини олади.
2020 йил 1 январь ҳолатига ДМга эга бўлган чет эл юридик шахси 2020 йил 1 январдан ҚҚС тўловчи сифатида ҳисобга туриши лозим. Бунинг учун ДМ 2020 йил 1 февралга қадар жойлашган жойи бўйича солиқ органларига ҳисобга туриш тўғрисидаги аризани тақдим этиши керак.
Солиқ органларида ДМ сифатида ҳисобга турмайдиган чет эл юридик шахси томонидан реализация қилиш жойи Ўзбекистон ҳисобланган товарларни (хизматларни) реализация қилиш чоғида солиқ агентлари – ушбу товарларни (хизматларни) сотиб олувчилар ҚҚС тўлайдилар. Ўзбекистон юридик шахслари ва якка тартибдаги тадбиркорлари, шунингдек чет эл юридик шахсларининг доимий муассасалари солиқ агенти бўлиши мумкин. Солиқ агентлари чет эл юридик шахсининг солиқ мажбуриятларининг бажаришлари сабабли солиқ органларида алоҳида рўйхатдан ўтишлари талаб этилмайди.
Жисмоний шахсларга электрон шаклда хизмат кўрсатадиган юридик шахслар истисно этилади. Мазкур тоифадаги солиқ тўловчилар ҚҚС тўловчи сифатида мустақил равишда ҳисобга туришлари лозим.
2. Чет эл юридик шахси Ўзбекистонда бир нечта шартномани амалга оширади. У фаолиятни амалга ошириш жойидаги бир ДСИда бир нечта ДМни рўйхатдан ўтказган. Ҳар бир ДМни ҚҚС тўловчи сифатида алоҳида рўйхатдан ўтказиш зарурми?
- Ўзбекистонда фаолиятни ваколатхона ёки доимий муассаса орқали амалга ошираётган чет эл юридик шахслари фаолиятни амалга ошириш жойидаги солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим. Шу тариқа, ҳар бир мустақил ДМ махсус рақам олган ҳолда ҚҚС тўловчи сифатида алоҳида ҳисобга туриши лозим.
Бунда, чет эл юридик шахси битта солиқ органида рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган икки ва ундан ортиқ доимий муассаса ташкил этилишига олиб келувчи тадбиркорлик фаолиятини амалга оширса, битта доимий муассаса барча шундай доимий муассасалар гуруҳи бўйича рўйхатдан ўтказилиши лозим. Тегишинча, ушбу ҳолатда ҚҚС тўловчи сифатида махсус рўйхатдан бир марта ўтилади.
3. Чет эл юридик шахси Ўзбекистонда бир нечта шартномалар бўйича ишларни амалга оширади, шу муносабат билан бир неча ДМни Ўзбекистоннинг турли минтақаларида рўйхатдан ўтказган. Мазкур ҳолатда ҳар бир ДМни ҚҚС тўловчи сифатида алоҳида рўйхатдан ўтказиш зарурми?
- Чет эл юридик шахсининг бир нечта ДМни ташкил этишга олиб келувчи Ўзбекистонда амалга оширган фаолияти Ўзбекистоннинг турли минтақаларида амалга ошириладиган бўлса, ҳар бир ДМ бўйича солиқ органларида алоҳида ҳисобга қўйилиши лозим. Шу тариқа ҚҚС сифатида рўйхатдан ўтилади: ҳар бир ДМ мустақил равишда ҚҚС тўловчи сифатида ҳисобга туриши ва махсус рақам олиши лозим.
4. Чет эл юридик шахсига қарашли ДМда ҚҚС бўйича солиқ базаси қандай аниқланади?
- Чет эл юридик шахсига қарашли ДМ товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмасидан келиб чиққан ҳолда ҚҚС ҳисоблайди ва тўлайди. ҚҚС бўйича солиқ базасини у томонлар белгилаган битим нархидан келиб чиқиб, акциз солиғини ҳисобга олган ҳолда (акциз тўланадиган товарлар, хизматлар учун) ва унга ҚҚСни киритмасдан реализация қилинган товарлар қиймати сифатида аниқлайди.
Чет эл юридик шахси солиқ тўловчи сифатида солиқ органларида рўйхатдан ўтмаган бўлса, солиқ агенти – ушбу чет эл юридик шахсининг товарлар (харидлар) сотиб олувчиси чет эллик шахснинг даромадларидан ҚҚС суммасини ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиши шарт, чет эллик шахс – сотувчи эса унга берилиши лозим бўлган даромад суммасини ҚҚСни чегирган ҳолда ўтказади. Бунда Солиқ кодексининг 240 ва 241-моддаларига мувофиқ товарларни (хизматларни) реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилади.
5. Чет эл юридик шахси ДМ учун ҚҚС бўйича ҳисобот тақдим этишнинг қандай муддатлари белгиланган? Бажарилган ишлар далолатномаси тарафлар томонидан имзоланган, бироқ буюртмачилар пул маблағлари олинмаган бўлса, ҳисобот қандай тартибда тақдим этилади?
- 2020 йилдан ой ҚҚС бўйича солиқ даври ҳисобланади. Айнан ушбу давр ҳисобот даври ҳисобланади. Яъни ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботи ҳар ойда - ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай тақдим этилади. Бунда кўрсатилган хизматларга буюртмачи томонидан ҳақ тўланган ёки тўланмаганлиги аҳамиятга эга бўлмайди. Хизматлар бўйича реализация қилиш айланмаси амалга оширилган кун ҳисобварақ-фактура ёки хизматлар кўрсатилганини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат расмийлаштирилган (имзоланган) кун ҳисобланади.
6. Чет эл юридик шахсига қарашли ДМ 2019 йилда шартнома бўйича ишларнинг бир қисмини бажарди, улар бўйича далолатномалар имзоланган ва ҳақ тўланган. Ишларнинг бир қисми 2020 йилда бажарилмоқда. Мазкур ҳолатда ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база қандай аниқланади?
- Чет эл юридик шахсига қарашли ДМ 2020 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС тўловчига айланганлиги сабабли 2020 йилда бажариладиган ишлар ҳажми бўйича уларҚҚС тўлаши лозим. Бунинг учун буюртмачилар билан шартномаларга қўшимча битимларни тузиш керак, унда шартнома суммасида ҚҚС ҳисобга олинмаганлиги ва кейинчалик ишлар қийматида солиқ суммасига киритилиши кўрсатилади. Ишлар ҳажми ҚҚСсиз аниқланган ва 2020 йил 1 январга қадар бажарилган бўлса, алоҳида кўрсатиш зарур.
8. Бюджетга тўланадиган ҚҚС суммасини ҳисоб-китоб қилишда чет эл юридик шахсига қарашли ДМ ҳисобга олиш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинми?
- Ҳа, мумкин. Бюджетга тўланадиган ҚҚС суммасини ҳисоб-китоб қилишда, ДМ ҳисобланган ҚҚС суммасини ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган (тўланадиган) солиқ суммага камайтиришга ҳақлидир. Бунда Солиқ кодексининг 266 ва 267-моддасида назарда тутилган ҳисобга олиш шартлари бажарилиши лозим.