ҚҚС ҳисоб-китобини қайта топширишдан бошқа илож йўқми? Муаммони қандай ҳал қилиш мумкин

preview

Солиқ тўловчиларнинг барчаси ЭҲФдан фойдаланишга тўлиқ ўтмагани, ҳамма ҳам уларни ўз вақтида тақдим этмаслиги ва имзоламаслиги ҚҚС ҳисоб-китобини автоматик режимда тўлдириш чоғида юзага келадиган асосий муаммо ҳисобланади. Бундай вазиятда нима қилиш керак?


Хусусан:

1) ЭҲФ тизими орқали тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларнинг аксарияти товарлар ва хизматларнинг харидорлари – давлат корхоналари, бюджет ташкилотлари – айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар ва ҚҚСни ҳисобга олиш керак бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан имзоланмаган;

2) кўп ҳисобварақ-фактуралар етказиб берувчилар – коммунал хизматлар, бюджет ташкилотлари ва бошқа корхоналар – ҚҚС тўламайдиганлар томонидан ҳанузгача тақдим этилмаган.

Биринчи ҳолатда бухгалтер ҚҚС ҳисоб-китобига 5-«Реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри» иловасини тўғри тўлдириш учун имзоланмаган, товарлар ва хизматлар харидорларига тақдим этилган ЭҲФ суммасига ўз-ўзига бир томонлама ҳисобварақ-фактурани тақдим этишга мажбур бўлса керак. Шу тариқа у 2020 йил май ойи учун ҚҚС солиниши лозим бўлган, етишмаётган ўз реализация қилиш суммасини «тўплайди».

Бунда бухгалтерда амалда товар ёки хизматни олган менежер ёки омбор мудири харидор номидан имзолаган қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактуралар ёки юкхатлар ҳам бўлиши мумкин. Бироқ харидорнинг масъул шахси тизимга кириб, ҳисобварақ-фактурани электрон рақамли имзо билан имзоламагунча тизимга ушбу маълумотларни барибир кирита олмайди. Харидор шу пайтгача нега бундай қилмаганининг сабаблари турлича, шу жумладан объектив бўлиши мумкин.

Иккинчи ҳолатда бухгалтерга қийинроқ бўлади, чунки бунда бир томонлама ҳисобварақ-фактура вариантини қўллаб бўлмайди. Харидор ўзи сотиб олган товарлар ёки хизматлар учун ЭҲФни қачон тақдим этишларини кутиши керак бўлади.

Оқибатда нима бўлади? Корхона ҚҚСнинг муайян суммасини ҳисобга ололмайди. Қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактуралардаги маълумотларни ҚҚС ҳисоб-китобига 4-«Харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри» иловасига қўлда киритишнинг имкони бўлганда муаммо юзага келмасди. Бироқ, афсус…

Етказиб берувчиларингиз май ойи учун ҳисобварақ-фактураларни роппа-роса 22 июнь куни (ҳисоб-китоб юбориладиган сўнгги сана календарь бўйича дам олиш кунига тўғри келгани учун), боз устига – ушбу санадан кечиктириб тақдим этсалар ҳам, ушбу суммалар иккала ҳисобот даври – май ва июнь ойлари ўртасида «минус» бўлиб осилиб қолади. Бухгалтер бундай вазиятда ҚҚС бўйича қайта ҳисоб-китобни топширишига тўғри келади, одатда бу камерал хизматларнинг ташкилотга бўлган қизиқишини орттиради.

Электрон ҚҚС ҳисоб-китоби тизимининг ўзидаги экспорт ва импорт билан боғлиқ техник нуқсонлар 2020 йил май ойи учун ҚҚС бўйича нотўғри ҳисобот топширилишининг учинчи сабаби бўлиши мумкин.


Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА

 – «2020 йил 1 майдан бошлаб ҚҚС ҳисоботида ЭҲФни автоматик шакллантириш жорий этилиши билан воситачилик ташкилотларида ҳам муаммо юзага келмоқда. ҚҚС ҳисоб-китобига 6-«Воситачилик (топшириқ) шартномалари асосида реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри» иловасини қўлда тўлдириш мумкинлигига қарамай, автоматик равишда шакллантириладиган ҳисобварақ-фактуралар реестрининг ўзида воситачиларнинг ҳисобварақ-фактуралари 1-«Солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича оборотлар» иловасига тушмайди. Бунда инсон омилисиз иш битмайди. 

Муаммонинг қуйидаги ечими мавжуд: реализация қилиш учун ҳисобварақ-фактураларнинг барчаси Ҳисоб-китобга 1-«Солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича оборотлар» иловасига тушмагани сабабли комитентдан (товар эгаси, топшириқ шартномаси бўйича, транспорт экспедицияси, ижарага берувчилар ва ҳ.к.) қайта тақдим этилган суммани 5-«Реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри» иловасининг 9 ва 10-устунларида такроран қайд этиш лозим. Тегишинча, 1-«Солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича оборотлар» иловасига кўчириладиган воситачилик ҳақи қолади».

Buxgalter.uz тавсия қилади

Юзага келган вазиятда бухгалтерларга ёрдам бериш учун ваколатли органлар қуйидагиларни амалга оширишлари шарт:

  1. ҚҚС бўйича ҳисоботнинг янги шаклидаги барча нуқсонларни бартараф этишлари, уни синовдан ўтказишлари ва шундан кейингина ушбу янги шаклга тўлиқ ўтиш ҳақида узил-кесил эълон қилишлари;
  2. Май ойи ҚҚС ҳисоб-китобининг янги шакли учун – солиқ тўловчилар ва солиқ органлари учун синов даври эканини белгилашлари;
  3. 2020 йил май ойи учун ҚҚС бўйича ҳисоботни юқорида санаб ўтилган сабабларга кўра нотўғри топширганларга нисбатан санкцияларни қўлламасликлари;
  4. Қўшимча ҳисоблашлар ва санкцияларни қўлламасдан – реализация қилиш ва ҚҚС билан харид қилиш суммалари бўйича қоғоз ташувчидаги ҳисобварақ-фактураларни тасдиқлаган ҳолда қайта ҳисоб-китобларни топшириш имконини беришлари;
  5. ЭҲФ тизимининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришлари, унда ҳисобварақ-фактураларни белгиланган муддатларда тақдим этиш ва имзолаш мажбуриятини, бунинг учун жавобгарликни назарда тутишлари. Ушбу тартибни шахсий кабинетлар, вебинарлар, анжуманлар, СМС-хабарлар ва бошқа йўллар орқали барча солиқ тўловчиларнинг эътиборига етказишлари.


Татьяна ЛИМАРЕВА,

Олег ГАЕВОЙ.

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /ru/publish/doc/text160628_qqs_hisob-kitobini_qayta_topshirishdan_boshqa_iloj_yuqmi_muammoni_qanday_hal_qilish_mumkin