ҚҚСни ҳисоблашнинг умумбелгиланган тартибида ҳисобот қандай тўлдирилади

preview

Умумбелгиланган ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботи таркибига қуйидагилар киради:

  • Қўшилган қиймат солиғи тўловчиси тўғрисида маълумот;
  • Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китоби;
  • 1-илова. Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш бўйича оборотлар;
  • 2-илова. ҚҚСдан озод қилинадиган ва ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинадиган товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш оборотлари;
  • 3-илова. Ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси ҳисоб-китоби;
  • 4-илова. Харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри;
  • 5-илова. Реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри.

Солиқ ҳисоботининг ушбу шаклларини тўлдириш тартиби билан танишинг.

Ҳисобот қандай шаклда топширилади

МВ ва ДСҚнинг қарори  билан тасдиқланган шакллар бўйича ҳисобот тузиб, уни электрон кўринишда ДСИга тақдим этинг.

Вазият
Ўтган даврлар учун ҚҚС бўйича аниқлаштирилган ҳисобот қайси шаклда ва қандай усулда топширилади?
– Аниқлаштирилган ҳисоботни сиз ўзгартириш киритаётган даврларда амалда бўлган шакллар бўйича топширинг. Уни қайси давр учун тузганлигингиздан қатъи назар, электрон шаклда тақдим этинг. Тадбиркорлик субъектлари солиқ ҳисоботини фақат электрон тарзда тақдим этадилар (Солиқ кодексининг 45-моддаси).

Қандай иловалар тўлдирилади

Фақат улар бўйича кўрсаткичлар мавжуд бўлган ҳисоб-китоб ва иловаларни тўлдиринг .

ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботи таркибида уни ҳисоблашнинг умумбелгиланган тартибини қўлловчи корхона қуйидагиларни тўлдириб, ДСИга жўнатиши шарт:

  • Қўшилган қиймат солиғи тўловчи тўғрисида маълумотлар;
  • Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китоби;
  • 1, 3, 4, 5-иловалар.

Қуйидаги товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилган ҳолдагина 3-иловани тўлдиринг:

  • Солиқ кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ҚҚСдан озод қилинган;
  • ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган .

Барча ҳисоботларни сўмда тўлдиринг.

Ишни Ҳисобварақ-фактуралар реестрлари – 4 ва 5-иловаларни тўлдиришдан бошланг.

4-илова қандай тўлдирилади

4-иловани Сотиб олиш реестри маълумотлари асосида тўлдиринг. Унда ҚҚС ажратиб кўрсатилган харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) рўйхатдан ўтказилади. Сотиб олиш реестри ҳисобга олинадиган солиқ суммасини аниқлаш учун юритилади.

Эслатиб ўтамиз, қуйидагилар ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар дея тан олинади :

йўл чипталари – йўловчиларни ташиш хизматлари расмийлаштирилганда;

НКМ, терминал чеки, квитанция – аҳолига товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганда;

БЮД – экспорт-импорт операциялари расмийлаштирилганда;

қабул қилиш-топшириш далолатномаси, ижара (лизинг) тўловлари жадвали, счёт, ижарага олувчига (лизингга олувчига) ёзма билдиришнома – мол-мулк молиявий ижара (шу жумладан лизинг) шартномаси бўйича берилганда;

ҳисобварақ-фактура учун мажбурий маълумотлар мавжуд бўлганда ҳақиқатда ишлар бажарилганлигини (хизматлар кўрсатилганлигини) тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар.

«Ҳисобот даври бошига» биринчи сатрида 6 ва 7-устунларига аввалги ҳисобот даври учун реестрдан якуний маълумотларни кўчиринг. Январь учун иловани тўлдираётган бўлсангиз, биринчи сатрга ноль қўйинг.

Вазият
Товарларни импорт қилишда тўланган «божхонадаги» ҚҚС Сотиб олиш реестрида ҳисобга олинадими? Агар ҳисобга олинса, унда қандай ҳужжат кўрсатилади?
– Ҳа, товарларни импорт қилишда тўланган «божхонадаги» ҚҚС Сотиб олиш реестрида ҳисобга олинади. Олиб кириладиган товарларга божхона юк декларациялари (БЮД) ва ҚҚС тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатларини (ёки товарларни воситачилар орқали сотиб олувчи комитентлар ва бошқа ишонч билдирувчилар учун уларнинг нусхаларини) фақат импорт қилинган товар бўйича ҚҚС тўланганидан кейин Сотиб олиш реестрида рўйхатдан ўтказинг. Бунда:
• «Етказиб берувчининг номи» устунида божхонада тозалашни амалга оширган божхона органининг номини кўрсатинг;
• «Етказиб берувчининг СТИРи» устунида – тегишли божхона органининг СТИРи;
• «Ҳисобварақ-фактура рақами» устунида – божхона органи томонидан берилган БЮДнинг маълумотнома рақами ёки БЮД бланкасининг рақами;
• «Ҳисобварақ-фактура санаси» устунида – БЮД санаси. Импорт қилинган товарлар бўйича солиқни бюджетга тўлашдан озод қилиш кўринишида мақсадли имтиёз берилган ҳолда ҳам ҚҚС ҳисобга қабул қилинади ва Сотиб олиш реестрида ҳисобга олинади.
Вазият
Устав капиталига ҳисса сифатида олинган мол-мулк, ишлар ва хизматлар бўйича ҚҚС Сотиб олиш реестрида ҳисобга олинадими?
– Ҳа, бундай ҚҚС ҳам Сотиб олиш реестрида ҳисобга олинади. Ҳиссани бериш пайтида расмийлаштириладиган ҳужжатлар (ёки уларнинг нотариал тасдиқланган нусхалари) уни ҳисобга олиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Уларда берувчи томон ҳисоблаган ҚҚС суммаси кўрсатилган бўлиши керак.
Вазият
Ўзбекистон норезидентидан олинган ишлар ва хизматлар бўйича ҚҚС Сотиб олиш реестрида ҳисобга олинадими?
– Ҳа, Ўзбекистон норезиденти бажарган ишлар ва хизматлар уларни олувчи учун солиқ солинадиган оборот ҳисобланади. Бунда Ўзбекистон улар реализация қилинадиган жой бўлиши керак (Солиқ кодексининг 202-моддаси). Бундай ҚҚС қуйидагилар асосида тўланганидан кейингина уни Сотиб олиш реестрида акс эттиринг:
• ҳисобварақ-фактуралар, бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар) далолатномалари ҳамда норезидентдан олинган ва ишлар бажарилганини (хизматлар кўрсатилганини) тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар;
• ҚҚС тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатлари.

Вазият
Комитент (ишонч билдирувчи) ҚҚС тўловчи воситачи (ишончли вакил) ўзининг ҳақи суммасига тақдим этган ҳисобварақ-фактурани Сотиб олиш реестрида рўйхатдан ўтказиши шартми?
– Ҳа, ҚҚС тўловчи воситачининг ҳақи суммасига ҳисобварақ-фактура комитентнинг (ишонч билдирувчининг) Сотиб олиш реестрида рўйхатдан ўтказилади.
Вазият
Ўзбекистон бўйлаб хизмат сафаридан қайтган ходим хизмат сафари харажатларини тасдиқловчи ҳужжатлар: ҚҚС суммалари ажратиб кўрсатилган меҳмонхона ҳисобварақ-фактураси, йўл чипталарини тақдим этди. Уларни Сотиб олиш реестрида рўйхатдан ўтказиш керакми?
– Ҳа, хизмат сафари харажатларини тасдиқловчи ҳужжатларда ҚҚС суммалари ажратиб кўрсатилган бўлса, улар Сотиб олиш реестрида рўйхатдан ўтказилади.

 2019 йилдан Сотиб олиш реестрида асосий воситалар, номоддий активлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар бўйича ҳисобварақ-фактуралар акс эттирилади. Улар бўйича, шунингдек улар қийматига киритиладиган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚС қуйидаги муддат давомида вақти-вақти билан ҳисобга олинади:

• 36 календарь ой давомида – тадбиркорлик фаолияти доирасида фойдаланиладиган кўчмас мулк бўйича. Ушбу тартиб кўчмас мулк сотиб олинганда, барпо этилганда ва устав капиталига ҳисса сифатида олинганда қўлланилади;

• 12 календарь ой давомида – бошқа асосий воситалар (кўчмас мулк бундан мустасно) ва номоддий активлар бўйича. Ушбу тартиб улар сотиб олинганда ва устав капиталига ҳисса сифатида олинганда қўлланилади.

Сотиб олинган (барпо этилган) қурилиши тугалланмаган объектлар фойдаланишга киритилганда улар бўйича ҳам ҚҚСни ҳисобга олишнинг худди шундай тартибини қўллаш мумкин.

Шунингдек Сотиб олиш реестрида қуйидагилар бўйича ҳисобварақ-фактуралар рўйхатдан ўтказилади, бироқ улар бўйича ҚҚС ҳисобга олинмайди дея кўрсатилади:

• сотиб олинган, тадбиркорлик фаолияти доирасида фойдаланилмайдиган кўчмас мулк;

текинга олинган товарлар (ишлар, хизматлар). Товарларни импорт қилиш ҳамда норезидентлардан ишлар ва хизматларни олиш ҳоллари бундан мустасно, агар реализация қилинган жой Ўзбекистон деб тан олинса ва олувчи улар бўйича ҳисобга олинадиган ҚҚСни тўлаган бўлса;

солиқ солинадиган фойдани аниқлашда чегирилмайдиган харажатларни амалга ошириш учун сотиб олинган мол-мулк.

Сотиб олиш реестрида қуйидагилардан олинган ҳисобварақ-фактуралар (ёки уларнинг ўрнини босадиган ҳужжатлар) рўйхатдан ўтказилмайди:

ҚҚС тўламайдиган етказиб берувчилардан;

оборотлари ҚҚСдан озод қилинган етказиб берувчилардан;

воситачига (ишончли вакилга) сотиш учун берилган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича комитентдан (ишонч билдирувчидан);

воситачи (ишончли вакил) комитент (ишонч билдирувчи) учун сотиб олган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича.

5-илова қандай тўлдирилади

5-иловани Сотиш реестри маълумотлари асосида тўлдиринг. Унда реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) рўйхатдан ўтказилади.

«Аввалги ҳисобот даври учун жами» биринчи сатрига аввалги ҳисобот даври учун реестрдаги якуний маълумотларни кўчиринг. Январь учун иловани тўлдираётган бўлсангиз, биринчи сатрга ноль қўйинг.

Вазият
Товарлар, ишлар ёки хизматлар жисмоний шахсларга НКМ ва терминал чеклари асосида реализация қилинаётган бўлса, Сотиш реестри қандай юритилади?
– Жисмоний шахсларга реализация қилган бўлсангиз, Сотиш реестрини қуйидагича тўлдиринг:
• «Харидорнинг номи» устунида «жисмоний шахс» ёки «jismoniy shaxs» деб ёзинг;
• «Харидорнинг СТИРи» устунини тўлдирманг;
• «Ҳисобварақ-фактура рақами» устунини тўлдирманг;
• «Ҳисобварақ-фактура санаси» устунида ҳисобот ойининг сўнгги санасини кўрсатинг;
• «Етказиб бериш қиймати (ҚҚСсиз)», «ҚҚС суммаси» ва «ҚҚС билан қиймати» устунларида ҳисобот ойида жисмоний шахсларга жами реализация қилиш суммасини кўрсатинг.
Вазият
Экспортга реализация қилиш амалга оширилган бўлса, Сотиш реестри қандай юритилади?
– Экспортга реализация қилган бўлсангиз, Сотиш реестрини қуйидагича тўлдиринг:
• «Харидорнинг номи» устунида хорижий контрагентнинг номини кўрсатинг, сўнг очиқ жой қолдириб, «норезидент» ёки «norezident» деб ёзиб қўйинг. Масалан, «Johnsons&Johnsons норезидент»;
• «Харидорнинг СТИРи» устунини тўлдирманг.
Вазият
Комитент (ишонч билдирувчи) учун товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилувчи ёки сотиб олувчи воситачи (ишончли вакил) Сотиш реестрида қандай ҳисобварақ-фактураларни рўйхатдан ўтказиши керак?
– Воситачи ўзига тўланадиган ҳақ суммасига комитентга (ишонч билдирувчига) тақдим этган ҳисобварақ-фактураларни Сотиш реестрида рўйхатдан ўтказади.

2-илова қандай тўлдирилади

Қуйидаги товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилганда 2-иловани тўлдиринг:

  • ҚҚСдан озод қилинган. Имтиёзлар Солиқ кодекси ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ тақдим этилиши мумкин;
  • ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган .

ҚҚСдан озод этилган реализация қилиш оборотлари суммаларини Солиқ кодекси ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг (НҲҲ) тегишли моддалари бўйича кўрсатинг. Бунда моддалар рақамлари ва НҲҲ номларини қўлда тўлдириш керак эмас. Қуйидаги рўйхатдан ўзингизга керакли имтиёзни танлаб олинг:  

1) Президент қарорлари бўйича имтиёзлар;

2) Солиқ кодекси бўйича имтиёзлар;

3) Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бўйича имтиёзлар;

4) қонуности ҳужжатлар (низомлар, ҳукуматнинг айрим қарорлари) бўйича имтиёзлар.

Ушбу бўлимларнинг ҳар бири Солиқ кодексининг аниқ моддалари ёки НҲҲ номларини ўз ичига олган.

Солиқ солинмайдиган реализациянинг умумий обороти Солиқ кодекси билан берилган имтиёзлар (020-сатр) ва бошқа НҲҲ билан берилган имтиёзларни (030-сатр) қўшиш орқали 010-сатрда автоматик равишда ҳисобланади.

040-сатрда ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган реализация обороти автоматик равишда ҳисобланади. Уни ҳисоблаш учун қуйидаги сатрларни тўлдиринг:

041 – товарларни экспортга реализация қилиш суммасига. Уни реализация қилиш санасидаги Марказий банк курси бўйича сўмда кўрсатинг;

Қўшимча равишда 0411 – 0414-сатрларни тўлдиринг. Улардаги маълумотлар ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини ҳисоблашда керак бўлади:

– 0411 – товарларни хорижий валютада экспортга реализация қилиш суммасига;

– 0412 – экспортга юклаб жўнатилган товар учун келиб тушган тушум суммасига. Уни ҳам хорижий валютада кўрсатинг.

Товарлар бир хорижий валютада экспортга жўнатилиб, улар учун тушум бошқа валютада келиб тушган бўлса, 0411 ва 0412-сатрларда барча валюта суммаларини юклаб жўнатиш амалга оширилган ойнинг сўнгги кунидаги Марказий банк курси бўйича сўмга қайта ҳисобланг;

– 0413 – экспортга юклаб жўнатилган товарлар учун олинмай қолган тушум суммасига. Уни юклаб жўнатилган кундаги Марказий банк курси бўйича сўмда кўрсатинг;

– 0414 – унда келиб тушган валюта тушумининг умумий тушум суммасидаги салмоғини қуйидаги формула бўйича ҳисобланг: 0412-сатр / 0411-сатр х 100;

042 – товарларни (ишларни, хизматларни) чет эл дипломатик ваколатхоналари ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарга расмий фойдаланиш учун реализация қилиш суммасига;

043 – «Божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимига жойлаштирилган товарларни қайта ишлаш бўйича ишларни (хизматларни) реализация қилиш суммасига;

044 – халқаро йўналишда юк ташиш бўйича хизматларни реализация қилиш суммасига. У қуйидаги сатрлар тўлдирилгандан кейин автоматик равишда ҳисобланади:

– 0441 – Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит юкларни ташиш хизматлари суммасига;

– 0442 – йўловчилар, багажлар, юклар ва почтани халқаро йўналишда ташиш бўйича хизматлар суммасига. Эслатиб ўтамиз, жўнатиш ёки тайинланган пункт Ўзбекистондан ташқарида жойлашган бўлса, бу халқаро ташиш ҳисобланади;

045 – аҳолига реализация қилинадиган коммунал хизматлар (сув таъминоти, канализация, санитария тозалаш, иссиқлик таъминоти) суммасига. Ушбу сатрни фақат мазкур хизматларни етказиб берувчилар тўлдиради;

046-сатр ва ҳоказо – ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинадиган бошқа товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш суммасига. Муайян НҲҲга мувофиқ ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўлласангиз, уларни тўлдиринг. Унинг номини рўйхатдан танлаб олинг.

1-илова қандай тўлдирилади

1-иловада товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш бўйича барча оборотларни акс эттиринг. Уларнинг умумий суммаси 010-сатрда автоматик равишда ҳисобланади. Бунинг учун қуйидаги сатрларни тўлдиринг:

0101 – акциз тўланадиган товарлар ишлаб чиқарсангиз ёки акциз тўланадиган хизматлар кўрсатсангиз, ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базага киритилган акциз солиғи суммасига. Бензин, дизель ёқилғиси ва газ бундан мустасно – улар охирги истеъмолчига реализация қилинаётганда акциз солиғи ҚҚС бўйича ССБга киритилмайди ;

0102 – унда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан соф тушумни кўрсатинг. У Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг (2-шакл) 010-сатридаги суммага мос келиши керак.

01021 – 01024-сатрларда умумий тушум суммасидан қуйидаги тушумларни ажратинг:

– 01021 – ҚҚСдан озод қилинадиган. Ушбу сумма 2-илованинг 010-сатридан автоматик равишда ўтказилади;

– 01022 – ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган. Ушбу сумма 2-илованинг 040-сатридан автоматик равишда ўтказилади;

– 01023 – «Ўздонмаҳсулот» АК учун солиқ солинадиган. Ушбу компания корхоналари бу ерда дон, донга дастлабки қайта ишлов берилгандан кейинги қўшимча маҳсулотлар ва чиқиндилар, шунингдек уннинг реализация қилинишини акс эттирадилар;

– 01024 – соф тушумдан (0102-сатр) ҚҚСдан озод қилинадиган (01021-сатр), ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган (01022-сатр) ва «Ўздонмаҳсулот» АК корхоналари учун солиқ солинадиган (01023-сатр) айириб олинган бошқа;  

0103 – товарларни (ишларни, хизматларни) таннархидан паст нархда реализация қилган бўлсангиз. Бу ерда таннарх ва ҚҚСсиз реализация қилиш қиймати ўртасидаги ижобий фарқ суммасини кўрсатинг. Қуйидаги товарлар (ишлар, хизматлар) бундан мустасно:

– баҳолари (тарифлари) давлат томонидан белгиланадиган;

– ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган;

• 0104 – ушбу сатрни импорт қилинган товарларни импорт қилишда ҚҚСни ҳисоблаш мақсадида божхона органлари томонидан аниқланган қийматдан паст нархда реализация қилган импорт қилувчи савдо корхоналаригина тўлдирадилар. Бу ерда божхона органлари томонидан аниқланган қиймат ва импорт қилинган товарларни ҚҚСсиз реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқни кўрсатинг;

0105 – асосий воситалар, номоддий активлар ва қурилиши тугалланмаган объектларни реализация қилган бўлсангиз. Эслатиб ўтамиз, 2019 йилдан бошлаб улар бўйича ССБ ҚҚС киритилмаган реализация қилиш қийматидан келиб чиқиб аниқланади;

• 0106 – мол-мулкни молиявий ижарага, шу жумладан лизингга берган бўлсангиз. 2019 йилдан бошлаб бундай операция бўйича ССБ чиқиб кетаётган активнинг қиймати асосида унга ҚҚСни қўшмасдан аниқланади;

• 0107 – мол-мулкни оператив ижарага берган бўлсангиз;

• 0108 – аввалги сатрларда кўрсатилмаган бошқа реализация қилиш оборотлари бўйича.

0201 – 0204-сатрларда реализация оборотлари қайд этилгандан кейин умумий реализация оборотидаги (010-сатр) ҳар бир оборот турининг улуши (салмоғи) автоматик равишда ҳисобланади:

• 0201 – 20%лик ставка бўйича солиқ солинадиган;

• 0202 – 0%лик ставка бўйича солиқ солинадиган (товарлар экспортидан ташқари);

• 0203 – 0%лик ставка бўйича солиқ солинадиган (хорижий валютадаги товарлар экспорти бўйича);

• 0204 – ҚҚС солинмайдиган.

030 – 050-сатрларни товарлар учун келиб тушган тушум бўйича маълумотлар асосида ноль даражали ставкада солиқ солинадиган ушбу товарларни экспорт қилувчиларгина тўлдирадилар:

• 030 – экспорт қилинган, аввалги солиқ даврида улар бўйича тўлов келиб тушмаган товарлар қийматини кўрсатинг. Ушбу сатрни хорижий валютада тўлдиринг;

• 040 – аввалги даврда экспортга юклаб жўнатилган товарлар учун жорий солиқ даврида тўловнинг ҳақиқатда келиб тушганини кўрсатинг. Ушбу сатрни ҳам хорижий валютада тўлдиринг;

• 041 – 040-сатрдаги маълумотларни, фақат юклаб жўнатиш кунидаги Марказий банк курси бўйича сўмда кўрсатинг;

• 050 – ушбу сатрда аввалги солиқ даврида экспортга юклаб жўнатилган товарлар учун жорий солиқ даврида келиб тушган тўлов ҳажмининг салмоғи автоматик равишда ҳисобланади (040-сатр / 030-сатр х 100).

3-илова қандай тўлдирилади

3-иловада ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси ҳисобланади.

011-сатрда сотиб олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобга олиниши мумкин бўлган ҚҚС суммаси акс эттирилади. Ушбу сатр 4-иловадаги маълумотлар автоматик равишда ўтказилган ҳолда тўлдирилади.

012 – 014-сатрларда илгари ҳисобга олинган ҚҚС суммасига тузатиш киритиш (ҳисобга олишдан чиқариш) акс эттирилади. Ушбу сатрларда кўрсатилган суммалар сотиб олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобга олиниши мумкин бўлган ҚҚС суммасини камайтиради (011-сатр):

• 012 – ушбу сатрни жорий ҳисобот давридан ҚҚС тўламасдан солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибига ўтган, шунингдек ҚҚС бўйича имтиёзлар тақдим этилган корхоналаргина тўлдирадилар. Улар ТМЗ, шу жумладан тайёр маҳсулот қолдиқлари бўйича ҚҚС суммаларига тузатиш киритишлари (ҳисобга олишдан чиқаришлари) ва бу ерда киритилган тузатиш суммасини акс эттиришлари керак;

• 013 – ушбу сатрни аҳолига иссиқлик энергиясини етказиб берувчи корхоналаргина тўлдирадилар. Улар иссиқ сув таъминоти (ҳисобга олиш асбоблари мавжуд бўлмаган тақдирда) ва марказий иситиш учун тасдиқланган истеъмол нормаларидан ортиқ миқдорда аҳолига етказиб бериладиган иссиқлик энергияси бўйича ҚҚС суммасига тузатиш киритишлари (ҳисобга олишдан чиқаришлари) керак;

• 014 – Солиқ кодексининг 220-моддасида назарда тутилган бошқа ҳолларда ҚҚС бўйича тузатиш суммасини акс эттиринг:

– ҳисобга олиш учун зарур шартларга риоя этмаслик ;

– нормалардан ортиқча моддий ресурслар бўйича йўқотишлар ва бузилишлар;

– товарнинг қайтарилиши;

– битим шартларининг ўзгартирилиши;

– нархнинг ўзгариши, харидор томонидан чегирмадан фойдаланилиши;

– бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлардан бош тортиш.

015 – 017-сатрлардаги маълумотлар, аксинча, сотиб олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобга олиниши мумкин бўлган ҚҚС суммасини кўпайтиради (011-сатр):

• 015 – қуйидагилар натижасида жорий ҳисобот давридан ҚҚС тўловчисига айланган корхоналаргина ушбу сатрни тўлдирадилар:

– солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимидан умумбелгиланганига ихтиёрий равишда ўтиш;

– оборотнинг (ялпи тушумнинг) 1 млрд сўмлик чекланган миқдоридан ошган тақдирда мажбурий ўтиш; 

– ЯСТ тўловчиларнинг ихтиёрий равишда ҚҚС тўлашга ўтиши.

Шунингдек жорий ҳисобот давридан ҚҚС бўйича имтиёз олиш ҳуқуқини йўқотган корхоналар ушбу сатрни тўлдирадилар. Солиқ тўловчиларнинг санаб ўтилган барча тоифалари ТМЗ, шу жумладан тайёр маҳсулот қолдиқлари бўйича ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасига тузатиш киритишлари (қийматдан «чиқаришлари») ва ушбу сатрда тузатиш суммасини кўрсатишлари керак.

Эслатиб ўтамиз, фақат иккита шартга риоя этганда ТМЗ қолдиқлари бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш мумкин:

1) ТМЗ (ишлар, хизматлар) сотиб олинганда ҚҚС суммаси тўланган ва бошланғич ҳужжат билан тасдиқланган;

2) солиқ тўловчининг ҳисоб сиёсатига мувофиқ ҚҚС суммаси ТМЗ таннархига киритилган. 

ТМЗ қолдиқларини аниқлаш ва уларнинг қийматидан ҚҚСни ажратиб чиқариш учун ҚҚС тўловчисига айланган ҳисобот даврининг 1-санасидаги ҳолатга кўра инвентаризация ўтказинг;

• 016 – асосий воситалар (кўчмас мулкдан ташқари) ва номоддий активлар бўйича ҳисобот даврида ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини акс эттиринг;

 • 017 – кўчмас мулк бўйича ҳисобот даврида ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини акс эттиринг.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилдан бошлаб узоқ муддатли активлар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш мумкин :

– 12 календарь ой давомида – сотиб олинган ёки устав капиталига ҳисса сифатида олинган асосий воситалар (кўчмас мулк бундан мустасно) ва номоддий активлар бўйича;

– 36 календарь ой давомида – сотиб олинган, барпо этилган ёки устав капиталига ҳисса сифатида олинган, тадбиркорлик фаолияти доирасида фойдаланиладиган кўчмас мулк бўйича.

020 – 030-сатрларни товарларни экспортга реализация қилувчи корхоналаргина тўлдирадилар:

• 020 – аввалги солиқ даврида экспорт қилувчи ёки воситачи (воситачи орқали экспортга реализация қилинганда) счётига валюта тушуми тўлиқ келиб тушмаган бўлса. Шу сабабли ҳисобга олинмаган ҚҚС суммаси ушбу сатрда акс эттирилади;

• 030 – товарлар аввалги солиқ даврида экспортга юклаб жўнатилган, улар бўйича тушум эса жорий даврда келиб тушган бўлса. Келиб тушган тушум салмоғидан келиб чиққан ҳолда бу ерда аввалги даврда ҳисобга олинмаган, бироқ жорий даврда ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси ҳисобланади (020-сатр х 1-илованинг 050-сатри).

Эслатиб ўтамиз, товарларни экспортга реализация қилиш бўйича оборотда фойдаланиладиган, ноль даражали ставкада солиқ солинадиган, ҳақиқатда олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚС экспорт қилувчининг Ўзбекистон банкидаги счётига келиб тушган валюта тушумининг улушида ҳисобга олинади. Товарлар воситачи орқали экспортга реализация қилинган бўлса, унинг счётига келиб тушган тушум ҳисобга олинади.

040 – 050-сатрларни ҚҚС солинадиган ва солинмайдиган оборотларга эга бўлган корхоналар тўлдирадилар. Улар солиқ солинадиган, шу жумладан ноль даражали ставкада солиқ солинадиган, шунингдек ўз эҳтиёжлари учун харажатлар бўйича ҚҚСни ҳисобга олишлари мумкин. Ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини алоҳида-алоҳида ва (ёки) мутаносиб усул орқали аниқлайдилар .  

Эслатиб ўтамиз, алоҳида-алоҳида усул солиқ солинадиган ва солинмайдиган оборотларда фойдаланиладиган, олинган товарлар (ишлар, хизматлар), шунингдек улар бўйича ҚҚС алоҳида-алоҳида ҳисобга олинишини англатади.

Мутаносиб усулга кўра ҳисобга олинадиган ҚҚС умумий оборот суммасидаги солиқ солинадиган оборот салмоғидан келиб чиқиб аниқланади.

Алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиб бўлмайдиган умумий харажатлар бўйича мутаносиб усул қўлланади.

Алоҳида-алоҳида усулда ҳисобга олинадиган ҚҚС бўйича 040, 0401 – 0404-сатрларни тўлдиринг. Олинган, реализация бўйича оборотда фойдаланилган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚС суммаларини алоҳида кўрсатинг:  

  • 20%лик ставкада солиқ солинадиган;
  • 0%лик ставкада солиқ солинадиган (товарлар экспортидан ташқари);
  • хорижий валютага экспорт қилинган товарлар бўйича 0%лик ставкада солиқ солинадиган;
  • ҚҚС солинмайдиган.

Мутаносиб усулда ҳисобга олинадиган ҚҚС бўйича 050, 0501 – 0504-сатрларни тўлдиринг.

Ҳисобга олиниши мумкин бўлган олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚС суммасини (050-сатр) реализация бўйича оборотлар ўртасида умумий реализация оборотидаги салмоғига мутаносиб равишда тақсимланг (1-илованинг 0201 – 0204-сатрлари).

060-сатрда ҳисобга олиниши лозим бўлган ҚҚСнинг якуний суммаси автоматик равишда ҳисобланади. У қуйидаги сатрлардан шаклланади:

• 0601 – 20%лик ставкада солиқ солинадиган оборотлар бўйича (0401-сатр + 0501-сатр);

• 0602 – 0%лик ставкада солиқ солинадиган оборотлар бўйича (товарлар экспортидан ташқари) (0402-сатр + 0502-сатр);

• 06031 – 0%лик ставкада солиқ солинадиган, ҳисобот даврида тушум келиб тушган экспорт товарлари бўйича (0603-сатр х 2-илованинг 0414-сатри / 100).

06032-сатрда валюта тушуми тўлиқ ҳажмда келиб тушмаганлиги муносабати билан ҳисобга олинмайдиган ҚҚС суммаси автоматик равишда ҳисобланади (0603-сатр – 06031-сатр).

070-сатрда ҳам ҳисобга олинмайдиган ҳисобот давридаги ҚҚСнинг якуний суммаси автоматик равишда ҳисобланади (010-сатр – 060-сатр = 0404-сатр + 0504-сатр + 06032-сатр). У қуйидаги ҚҚС суммаларидан шаклланади:

  • олинган, ҚҚС солинмайдиган оборотларда фойдаланиладиган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича;
  • экспорт қилинган товарлар учун валюта тушуми тўлиқ келиб тушмаганлиги сабабли ҳисобга олинмайдиган.  

Ҳисоб-китоб қандай тўлдирилади

ҚҚС ҳисоб-китоби ҳисобот даври учун бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини аниқлаш имконини беради. Барча иловалар тўлдирилгандан кейин деярли барча сатрлари автоматик равишда тўлади:

• 010 – ҳисобот даврида ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси 3-илованинг 060-сатридан ўтказилади;

• 020 – аввалги солиқ даврида экспорт маҳсулотини реализация қилишдан оборотлар бўйича ҳисобга олинадиган, жорий солиқ даврида улар бўйича тушум келиб тушган ҚҚС суммаси – 3-илованинг 030-сатридан;

• 030 – ҳисобга олинадиган ҚҚСнинг умумий суммаси (010-сатр + 020-сатр);

• 040 – товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан оборотлар бўйича ҚҚС суммаси – 1-илова 4-устунининг 010-сатридан;

• 050 – бюджетга тўланиши лозим бўлган умумий ҚҚС суммаси (камайтириладиган) (040-сатр – 030-сатр).

Ҳисобга олинадиган ҚҚС (030-сатр) реализация бўйича ҚҚСдан (040-сатр) ортиқ бўлса, тўланадиган солиқ суммаси салбий, яъни камайтириладиган бўлиб чиқади. Ҳисобга олинадиган ҚҚСнинг ҳисобланган суммадан ошиши солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобига киритилади. Ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган оборот ҳисобига ошган бўлса, у қуйидаги навбат билан қайтарилади :

  1. норезидентлардан олинган ишлар ва хизматлар бўйича ҚҚС суммасини қоплаш;
  2. бошқа солиқлар бўйича қарзни қоплаш;
  3. солиқ тўловчининг банкдаги счётига пул маблағларини ўтказиш;

• 0502 – агар мавжуд бўлса, алоҳида бўлинмалар жойлашган жой бўйича тўланадиган ҚҚС суммасини 050-сатрдан ажратиб чиқаринг.

Эслатиб ўтамиз, мустақил солиқ тўловчи ҳисобланмайдиган ва унинг функцияларининг бир қисмини бажарадиган, алоҳида ҳудудда жойлашган юридик шахснинг бўлинмаси алоҳида бўлинма деб тан олинади. ДСҚ ва МВ ҳар йили алоҳида бўлинмаларга эга юридик шахсларнинг рўйхатини тасдиқлайди. Алоҳида бўлинмаларга эга юридик шахс уларнинг ҳар бири жойлашган жой бўйича ҳисобот топширади, шунингдек унинг улушига тўғри келадиган солиқни тўлайди ;

• 0501 – солиқ ҳисобига қўйилган жой бўйича тўланадиган ҚҚС суммасини 050-сатрдан ажратиб чиқаринг. Алоҳида бўлинмалар мавжуд бўлганда у автоматик равишда ҳисобланади (050-сатр – 0502-сатр). Алоҳида бўлинмаларингиз бўлмаса, 0501-сатр 050-сатрга тенг бўлади.

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /ru/publish/doc/text147944_qqsni_hisoblashning_umumbelgilangan_tartibida_hisobot_qanday_tuldiriladi