Солиқ органига ҚҚСни қайтариш учун қандай мурожаат қилиш керак

preview

ҚҚСни қайтариш учун солиқ органларига алоҳида аризалар ёзиш керак эмас. Қоплаш (қайтариш) учун хабарнома ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботи доирасида берилади.

Солиқ қўмитасининг мутахассислари тафсилотларни тушунтиришди.

Муҳим тушунтиришлардан ҳеч бирини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг ТГ-каналимизга обуна бўлинг!

 

ҚҚС ҳисоб-китобининг 10006-37 кодли шаклининг “Қўшилган қиймат солиғи тўловчиси тўғрисида маълумотлар” бўлимида мовий рангдаги катакчаларни қўлда тўлдириш лозим. Сариқ рангдаги катакчалардаги ахборот автоматик тарзда тўлдирилади.

Эслатиб ўтамиз

Тезлаштирилган тарзда қоплаш тартиби қуйидагиларга нисбатан қўлланилади  :

  • Ўзбекистоннинг йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахсларига;
  • солиқ ҳисоботи билан бирга амалдаги банк кафолатини тақдим этган ёки солиқ органлари билан гаров шартномасини СКнинг 107 ёки 109-моддаларида белгиланган тартибда расмийлаштирган солиқ тўловчиларга;
  • экспорт ва унга тенглаштирилган операцияларни амалга оширадиган шахсларга – агар илгари бу шахсларга солиқ суммаси қопланган ва бунда қонунбузарликлар аниқланмаган бўлса, ноль даражали солиқ ставкаси қўлланилиши натижасида ҳосил бўлган солиқнинг ошиб кетган суммалари қисмида;
  • чет эл дипломатик ваколатхоналарига ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарига;
  • маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчиларига, агар бундай битимда ноль даражали ставка қўлланилиши назарда тутилган бўлса;
  • солиқ мониторинги иштирокчиларига.

Солиқ суммаси солиқ тўловчига қуйидаги тарзда қайтарилади  :

умумий тартибда – солиқ органлари хабардор қилинган санадан эътиборан 30 кундан кечиктирмай;

тезлаштирилган тартибда – 7 кун ичида.

 

Қайтариш тўғрисида қарор қандай қабул қилинади

Солиқ органи камерал солиқ текшируви натижаларига кўра солиқ суммасининг ўрнини тўлиқ ёки қисман қоплаш тўғрисида қарор қабул қилади .

Камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи томонидан хабарнома тақдим этилган кундан кейинги кундан бошланади ва 50 кунгача бўлган муддатда якунланиши лозим  .

Якуни бўйича қоплаш амалга ошириладиган солиқ даври бўйича ҚҚСнинг тўғри ҳисобланиши юзасидан аввал солиқ аудити ўтказилган бўлса, қопланиши назарда тутилган солиқ суммасининг асосланганлиги юзасидан камерал солиқ текшируви ўтказилмайди  .

Агар қайтаришнинг тезлаштирилган тартибида камерал текширув натижалари бўйича қисман қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинса, солиқ тўловчи унга асоссиз равишда қопланган солиқ суммасини қоплаш санасидан то уни бюджетга тўлаш санасигача пеня ҳисобланган ҳолда бюджетга тўлаши шарт .

ҚҚСнинг манфий суммасини қайтариш (ёки қайтаришни рад этиш) тўғрисидаги қарор нусхаси солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилади.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


ҚҚС ҚҚС ҚҚС /ru/publish/doc/text191693_soliq_organiga_qqsni_qaytarish_uchun_qanday_murojaat_qilish_kerak