Қурилиш фаолиятининг ҳуқуқий асослари
Тавсияда:
– қурилиш ишлаб чиқаришига доир хусусиятлар;
– қурилиш фаолияти субъектлари;
– қурилиш фаолиятини лицензиялаш;
– лойиҳа-смета ҳужжатлари;
– пудрат шартномаси;
– қурилишдаги бирламчи ҳужжатлар;
– қурилиш ташкилоти ҳисоб сиёсатининг ўзига хос хусусиятлари.
Тавсияга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилди:
- Президентнинг 27.01.2025 йилдаги ПФ-11-сон Фармонига;
- ВМнинг 18.02.2025 йилдаги 102-сон қарорига;
- Президентнинг 21.02.2025 йилдаги ПФ-26-сон Фармонига;
- Президентнинг 01.12.2025 йилдаги ПҚ-365-сон қарорига.
Ўзбекистонда қурилишни тартибга солувчи асосий норматив ҳужжатлар қуйидагилар ҳисобланади:
- Шаҳарсозлик кодекси (ШК);
- Фуқаролик кодекси (ФК) – ФК 37-боби 1-§, 3-§;
- қурилиш ва архитектура соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш маъмурий регламентлари;
- шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари.
Қурилиш ишлаб чиқаришига доир хусусиятлар
Қурилиш маҳсулотлари бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ солишга таъсир кўрсатувчи бир қатор хусусиятларга эга. Улар орасида энг муҳимлари қуйидагилар:
1. Давомли ишлаб чиқариш цикли. Қурилиш жараёни бир неча ҳисобот (солиқ) даврларига чўзилади.
Нима сабабдан бухгалтер учун бу муҳим:
- объектнинг қиймати қурилишнинг бутун даври мобайнида аниқланади;
- ҳисоб-китоблар шартли тайёр маҳсулот учун юритилади. Масалан, бажарилган ишлар босқичидан кейин муайян иш турлари учун;
- даромад ва молиявий натижалар қурилиш тугаллангандан кейин ҳам, қурилиш объекти қисман тайёр бўлганда ҳам (ишлар бажарилишига қараб) шакллантирилади;
- агар контрактда ишларни босқичма-босқич топшириш назарда тутилмаган бўлса, узоқ технологик циклли (бир солиқ давридан ортиқ) объектлар бўйича реализация қилишдан олинган даромад солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олиш маълумотлари асосида даромадни бир меъёрда эътироф этиш принципи инобатга олинган ҳолда аниқланади
.
2. Истеъмолчини персоналлаштириш ва маҳсулотнинг индивидуаллиги. Аксарият ҳолатларда объект барпо этилишидан аввал қурилиш маҳсулоти истеъмолчиси кимлиги маълум бўлади, чунки у аниқ буюртмачилар билан тузилган шартномалар асосида бажарилади. Бу объектнинг баҳосини ёки уни белгилашнинг аниқ механизмини олдиндан белгилаб олиш имконини беради.
Нима сабабдан бухгалтер учун бу муҳим:
- ҳам қурилиш объектлари, ҳам аниқ буюртмачилар ва шартномалар бўйича даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритишнинг зарурати пайдо бўлади.
3. Ишларни юритишнинг жамоавий тусга эгалиги. Қурилишда кўпинча бригада (жамоа) меҳнатига ҳақ тўлаш шаклидан фойдаланилади.
Нима сабабдан бухгалтер учун бу муҳим:
- иш ҳақини бригада аъзолари ўртасида тақсимлашнинг ўзига хос усуллари қўлланилади. Масалан, – меҳнат улуши коэффициентидан (МУК) фойдаланган ҳолда;
- мукофотлашнинг махсус шаклларидан фойдаланилади. Масалан, – муайян ҳажмдаги ишни муддатидан олдин бажарганлик учун.
4. Материалларнинг катта сарф-харажати. Қурилишда ҳажми ва номенклатураси жиҳатидан кўп бўлган материаллардан фойдаланилади. Улар турлича нархларда ҳисобга олиниши мумкин, мисол учун, қурилишнинг узоқ муддат олиб борилиши ва инфляция сабабли нархлар ўзгариши, турли етказиб берувчилар хизматидан фойдаланганлик.
2026 йил 1 июлдан бошлаб қурилишда экологик тоза, ресурстежамкор ва энергосамарадор қурилиш материалларидан фойдаланишга оид талаб жорий қилинади. Уларнинг улуши умумий ҳажмнинг камида 25%ини ташкил этиши керак. Ушбу талаб лойиҳа-смета ҳужжатларини шаҳарсозлик экспертизасидан ўтказишда текширилади. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси билан биргаликда экологик тоза, ресурстежамкор ва энергосамарадор қурилиш материалларини аниқлаш услубиётини ишлаб чиқади, шунингдек уларнинг рўйхатини ишлаб чиқади
.
2026 йил 1 мартдан бошлаб хавфсизлиги номувофиқ деб топилган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари ва етказиб берувчиларининг махсус электрон реестри юритилади. Унинг маълумотлари Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан қурилиш объектларида ўтказиладиган назорат тадбирлари натижаларида олинадиган маълумотларни интеграция қилиш орқали шакллантирилади. Реестрга киритилган корхоналар давлат харидларида иштирок этиши тақиқланади
.
2026 йил 1 февралдан бошлаб буюртмачилар ва ишлаб чиқарувчиларга тегишлилиги бўйича қурилиш объекти ва ишлаб чиқариш корхоналарида хавфлилиги аниқланган, ваколатли давлат органлари томонидан белгиланган тартибда муомаладан чиқаришга мажбурий кўрсатма берилган қурилиш материалларини қурилиш чиқиндиларини қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар ёки чиқинди полигонларига шартнома доирасида юбориш мажбурияти юкланади
.
Нима сабабдан бухгалтер учун бу муҳим:
- материалларнинг чиқиб кетиши ва қолдиқлари қийматини аниқлашнинг турлича усулларини қўллашга тўғри келади
:
– ҳар битта бирликнинг таннархи бўйича;
– ўртача тортилган қиймат бўйича (АVЕСО);
– вақт бўйича биринчи сотиб олинган материаллар таннархи бўйича (ФИФО).
Бунда ҳисобот даври мобайнида материалларнинг ҳар бир гуруҳи (тури) бўйича фақат битта қийматни белгилаш усули қўлланилади. Ушбу усулни корхонанинг бухгалтерия ҳисоб сиёсатида қайд этиш зарур бўлади;
- ишларни бажариш (хизмат кўрсатиш) жараёнининг характери ва ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб материалларни ҳисобга олиш тизимини танлаш зарур бўлади
:
– узлуксиз (доимий);
– даврий.
Материалларни ҳисобга олишнинг танланган усулини ҳам корхонанинг бухгалтерия ҳисоб сиёсатида қайд этиб қўйиш зарур бўлади;
5. Қурилиш маҳсулотларининг ҳудудга қараб бириктирилганлиги. Қурилиш маҳсулоти (объекти) ишлаб чиқарувчи (қурилиш ташкилоти) жойлашган жойда эмас, балки буюртмачи белгилаб берган ҳудудда бунёд этилади. Яъни қурилиш ишлаб чиқариши объектдан объектга кўчиб юради. Йирик саноат объектлари қурилишида кўпинча қурилиш жойида муайян объектни қуриш учун махсус мўлжалланган автоном қурилиш базасини яратишга тўғри келади.
Нима сабабдан бухгалтер учун бу муҳим:
- қурилиш машиналари ва механизмларини кўчириб келтириш, қурилиш бўлинмаларини қайта жойлаштириш билан боғлиқ қурилишни ташкил этиш ва ходимларга хизмат кўрсатиш учун зарур вақтинчалик (нотитул) бино ва иншоотларни (вақтинчалик омборлар, прораблар идоралари ва ҳ.к.) барпо этиш харажатлари ҳисобини юритишга тўғри келади;
- бухгалтер корхона офисида ҳисоб ишларини юритади, ҳисобга олиш объектлари эса ундан узоқда (баъзан республиканинг бошқа шаҳарларида) жойлашган бўлади. Шу муносабат билан у ҳар бир объектдаги ҳисобни олиб бориш учун масъул шахслардан ҳисоб маълумотларини тўплашига тўғри келади. Масалан, участкалар бошлиқлари, прораблар, диспетчерлар иш вақтини ҳисоблаш табелларини, объектлар бўйича материал ҳисоботларни юритадилар ва ҳар ойда уларни бухгалтерияга топширадилар.
6. Табиий муҳитга тобелик. Ҳар бир барпо этилаётган объектнинг аниқ табиий хусусиятлари (рельефи, ҳарорат режими ва бошқалар) эътиборга олинади. Бундан ташқари ушбу шароит очиқ ҳавода ишларни бажарувчи қурувчиларнинг меҳнат унумдорлигига таъсирини кўрсатади.
Нима сабабдан бухгалтер учун бу муҳим:
- очиқ ҳавода ишлаб чиқариш жараёнини амалга оширишда бекор туриб қолиш, материаллар бузилиши ва ўғирланиши ҳолатлари юзага келиб чиқиши мумкин. Буларнинг барчасини ҳисобга олишга тўғри келади.
7. Молиялаштириш манбаи. Объектлар марказлаштирилган манбалар (давлат бюджети ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларнинг маблағлари; Ҳукумат қарорлари билан махсус ташкил этилган айрим соҳалар ва корхоналар жамғармаларининг маблағлари; Ўзбекистон Республикаси кафолати остида ёки унинг номидан жалб этиладиган хорижий кредитлар) ҳисобига алоҳида тартибда маблағ билан таъминланади.
Нима сабабдан бухгалтер учун бу муҳим:
- бундай тартибда ҳисоб-китоб қилинганда, одатда, мутаносиб равишда бўнак ушлаб қолинишини ҳисобга олган ҳолда бажарилган ишлар қийматининг 95%и тўлаб берилади. Қолган 5% фақатгина шартномада белгиланган кафолат муддати ўтгандан кейин тўлаб берилади. Бу дебиторлик қарзининг ҳисобда узоқ вақт қайд этилишига олиб келади, сабаби кафолат муддати ишлар турига қараб 1 йилдан 3 йилгача этиб белгиланиши мумкин;
Хўжалик шартномаларида, ш.ж. пудрат шартномаларида кафолатли ушланма қандай аҳамиятга эга эканлиги ҳақида батафсил тавсияда ўқинг.
- марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан объектларни қураётган юридик шахслар айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ҳақли эмас
. Шу сабабли бундай қурилиш учун шартнома тузган корхона ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга шартнома тузилган санадан бошлаб ўтиши шарт
.
Ушбу талаб қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:
- марказлаштирилган манба ҳисобидан молиялаштириладиган объектнинг қурилиши доирасида муайян турдаги ишларни бажариш учун бош пудратчи билан шартнома тузган субпудратчиларга;
- марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан жорий ва капитал таъмирлаш ишларини амалга оширувчи пудратчиларга.
«Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли» тамойили доирасида объектларни улуш киритиш асосида қуриш жараёнида улушдорларнинг пул маблағларини жалб қилишнинг алоҳида тартиби ҳам назарда тутилган
.
Маблағлар улушдорлар томонидан ваколатли тижорат банкида қурувчи, улушдор ва банк ўртасида тузиладиган уч томонлама шартнома асосида очилган эскроу ҳисобрақамларига жойлаштирилади ва депонентланади. Бунда объектни қуриш ишларини молиялаштириш қурувчининг ўз маблағлари, тижорат банклари томонидан лойиҳавий молиялаштириш орқали ажратиладиган кредит маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
Қурилиш ишларининг биринчи босқичи (ишлар умумий ҳажмининг камида 30%и) бажарилганидан сўнг қурувчига ўз маблағлари ҳисобидан банк кредити ажратилади.
Лойиҳавий молиялаштириш орқали берилган кредитнинг йиллик фоиз ставкаси эскроу ҳисобрақамида жамланган маблағлар ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда эскроу ҳисобрақамида маблағлар кўпайиши натижасида кредит бўйича фоиз ставкаси пасаяди.
ҚМИ якунланганидан ва объектдан фойдаланиш учун рухсатнома олинганидан сўнг банк эскроу ҳисобрақамларидаги маблағларни қурувчига қурилиш учун ажратилган кредитни сўндириш учун йўналтиради, қолган қисмини эса қурувчига ўтказиб беради.
2025 йил 1 мартдан бошлаб реновация асосида кўп квартирали уй-жойларни барпо этиш тартиби жорий этилди
. Янги қоидаларга кўра, бузилаётган кўчмас мулкнинг барча мулкдорлари билан нотариал тасдиқланган келишув битими имзоланганидан кейингина қурувчилар реновация лойиҳасини амалга оширишни бошлашлари мумкин бўлади.
Мулкдорларга, уларнинг хоҳишига кўра, қуйидаги компенсация турларидан бири тақдим этилади:
- реновация тартибида қурилган янги уйда майдони бўйича кам бўлмаган яшаш учун тайёр ҳолдаги квартира, қурилиш даврида кўчиш, ш.ж. турар жойни вақтинчалик ижарага олиш билан боғлиқ харажатларни қоплаган ҳолда;
- бузилаётган турар ва нотурар жой объектининг бозор қийматини тўлиқ қоплаб бериш;
- реновация лойиҳаси ташаббускори билан келишилган ҳолда бошқа турдаги компенсация.
Қурилиш фаолияти субъектлари
Қурилиш фаолиятининг субъектлари қуйидагилар ҳисобланади
:
- буюртмачилар – давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, юридик ва жисмоний шахслар, ш.ж. чет эл жисмоний ва юридик шахслари, шунингдек давлат-хусусий ҳамкорликда иш юритувчи юридик ва жисмоний шахслар
; - лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар – тегишли лицензияга эга юридик шахслар, шунингдек ваколатли органнинг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича фаолият бошланганлиги тўғрисидаги билдиришномаси асосида фаолият юритувчи юридик шахслар
; - пудратчилар – юридик шахслар, тегишли лицензияга эга бўлган тақдирда ва жисмоний шахслар
; - қурилиш объектларидан фойдаланувчилар.
Агар пудратчининг пудрат шартномасида назарда тутилган ишларнинг бутун ҳажмини мустақил бажаришга қурби етмаса, четдан қурилиш ташкилотларини – ёрдамчи пудратчиларни ишга жалб этади. Бунда пудратчининг ўзи бош пудратчи мақомига эга бўлади
.
Бош пудратчи ёрдамчи пудратчиларни иш билан таъминлайди, уларнинг хатти-ҳаракатларини мувофиқлаштиради ва назорат қилади. Айни пайтда у шартнома шартлари, лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ объект қурилиши учун буюртмачи олдида жавобгар бўлади.
Қурилиш фаолиятининг лицензияланиши лозим бўлган турлари
Қурилиш фаолиятининг айрим турлари лицензияланиши лозим. Булар қуйидагилар
:
1) магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, ишлатиш ва таъмирлаш;
2) кўприклар ва туннелларни лойиҳалаштириш, қуриш ва таъмирлаш;
3) хавфи юқори бўлган объектларни ва потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда улардан фойдаланиш;
4) архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш.
2024 йил 1 мартдан бошлаб ушбу фаолият муайян объектларга нисбатан хабардор қилиш орқали амалга оширилади, яъни лицензия олиниши шарт эмас
. Мураккаблик тоифалари таснифлагичи бўйича I тоифага кирувчи объектлар бўйича архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш юзасидан фаолиятнинг бошланиши ёки тугатилиши тўғрисидаги хабар электрон шаклда ваколатли орган – Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига юборилади. Бунда берилган лицензияларнинг амал қилиш муддати сақланиб қолади ва ваколатли органга қўшимча хабар бериш талаб этилмайди.
5) баландликларда таъмирлаш, қурилиш-монтаж ишларини саноат альпинизми усуллари орқали бажариш;
6) телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланиш ва хизматлар кўрсатиш.
Aвтоматик ёнғин ўчириш ва ёнғин сигнализация воситаларини, шунингдек хавфсизлик техник воситалари ва тизимларини ўрнатиш, созлаш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун ваколатли орган – Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва тегишинча Миллий гвардияни хабардор қилиш етарли ҳисобланади
.
Қурилиш-монтаж ишлари бошланганлиги ҳақида Қурилиш вазирлигининг қурилиш соҳасидаги назорат ҳудудий инспекциясини хабардор қилиш зарур бўлади
.
Лойиҳа-смета ҳужжатлари
Лойиҳа-смета ҳужжатлари (ЛСҲ) лойиҳа ташкилотлари томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига (ШНҚ, ҚМҚ, СНваҚ, СН) мувофиқ ишлаб чиқилади.
Қурилиш пудрати шартномасида лойиҳа-смета ҳужжатларининг таркиби ва мазмуни аниқланган, шунингдек қайси тараф ва қанча муддатда уларни тақдим қилиши лозимлиги назарда тутилган бўлиши керак
.
Пудратчи белгиланган тартибда тасдиқланган ЛСҲсиз қурилишни бошлашга ҳақли эмас.
Уни ишлаб чиқишда қурилиш объекти қиймати белгиланади. Унга қуйидаги харажатлар киритилиши керак:
- транспорт-тайёрлов харажатларини ҳисобга олган ҳолда асбоб-ускуналар, мебель, инвентарь сотиб олиш;
- транспорт-тайёрлов харажатларини ҳисобга олган ҳолда материаллар, буюмлар ва конструкциялар сотиб олиш;
- машина ва механизмларни ишлатиш;
- ижтимоий солиқни ҳисобга олган ҳолда қурувчи-ишчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш;
- ишлаб чиқариш хусусиятига эга (вақтинчалик (нотитул) бинолар ва иншоотлар, қишки қимматлашув, вахта усули ва ҳ.к.);
- пудратчи (бошқалар);
- объект қурилишини суғурталаш;
- буюртмачи (бошқалар);
- кейинги йили қурилишда режалаштирилаётган нархлар индексидан келиб чиқиб белгиланадиган таваккалчиликни қоплаш.
Буюртмачи қурилиш бўйича техник ҳужжатларга ўзгартишлар киритишга ҳақли ҳисобланади, агар улар билан боғлиқ қўшимча ишларда
:
- қиймати жиҳатидан сметада кўрсатилган қурилиш умумий қийматининг 10%идан ошиб кетмаса;
- пудрат шартномасида назарда тутилган ишларнинг хусусиятини ўзгартирмаса.
Агар қўшимча ишлар қиймати смета қийматининг 10%идан ошадиган бўлса, уларга қўшимча смета ишлаб чиқилиши лозим.
.Нима учун смета бухгалтер учун муҳим:
- у харажатлар моддалари бўйича расшифровка билан қурилишнинг шартномавий баҳосини акс эттиради. Бухгалтер смета доирасидаги ҳақиқий харажатларни уларга қараб назорат қила олади;
- смета қуйидагиларни ўз ичига олади:
1) қурилишда фойдаланиладиган материалларнинг (уларни ким – буюртмачи ёки пудратчи тақдим этишидан қатъи назар), шунингдек ушбу материалларни «қайта ишлаш» ишлари турларининг батафсил рўйхати. Бухгалтер ушбу рўйхатга қараб тегишли материалларнинг ҳисобда мавжудлигини назорат қила олади;
2) ишлар бирлигига материалларнинг нормативлари ва меҳнат сарфи, уларнинг режалаштирилаётган ишлар ҳажмига нисбатан миқдори ва қиймати. Ушбу нормативларга асосан материаллар ишлар таннархига ҳисобдан чиқарилади.
Амалиётда меҳнат ресурслари сарфининг одам-соатлардаги кўрсаткичи қурувчи-ишчилар меҳнатига ҳақ тўлаш тизими сифатида қўлланилмайди. Бироқ, у бўлажак меҳнат сарфини режалаштириш, сўнг уларни ҳақиқийси билан солиштириш имконини беради.
Пудрат шартномасини тузишда шартнома баҳосига ва унинг ЛСҲдаги маълумотларга мувофиқлигига эътибор беринг. Баъзан ЛСҲ бутун бир объектга мўлжаллаб тузилган бўлади, пудрат шартномаси эса муайян турдаги ишлар (масалан, пардозлаш, сантехника) учун тузилади. Бундай ҳолларда смета суммаси шартнома баҳосидан юқори бўлади. Агар пудратчи ЛСҲда кўрсатилган барча ишларни бажариш мажбуриятини зиммасига олса, шартнома ва сметада келтирилган сумма бир хил бўлиши лозим.
Ўзбекистон ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш давлат дастурлари, шунингдек бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан молиялаштириладиган дастурлар доирасида ўрнатилаётган тартибга мувофиқ
:
- 2025 йил 1 январдан бошлаб ЛСҲни ишлаб чиқиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш ва объектларни фойдаланишга қабул қилишда қурилиш харажатларини баҳолашнинг «ҳажм» услубига (ҳажм ва сифат кўрсаткичларини ҳисобга олишга) ўтилади;
- 2024 йил 1 июлдан бошлаб объектларнинг смета қиймати «Қурилиш ресурслари миллий классификатори» электрон платформаси маълумотлари асосида шакллантирилади;
- 2024 йил 1 октябрдан бошлаб қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилган ҳолда, «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимининг «Қурилишда давлат назорати» электрон платформаси орқали расмийлаштирилади;
- лойиҳалаштириш топшириғи ва унга илова этиладиган ҳужжатлар тўлиқ ишлаб чиқилмаган объектлар учун лойиҳа-қидирув ташкилотларини аниқлаш бўйича тендер савдоларини белгилаш тақиқланади;
- «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимига:
– буюртмачи қурилиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш объектларига тегишли бўлган бирламчи-рухсат берувчи ҳужжатлар, экспертиза хулосалари ва тендер ҳужжатлари ҳамда тегишли давлат харидлари тўғрисидаги шартномаларни мажбурий тартибда жойлаштиради.
Алоҳида ҳолларда давлат харидлари махсус реестрга киритилган ягона етказиб берувчиларда амалга оширилади
.
Ягона етказиб берувчилар реестри ваколатли орган (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги) томонидан махсус ахборот давлат харидлари порталида юритиладиган ахборот ресурси ҳисобланади. У ягона етказиб берувчидан давлат харидини амалга ошириш учун рухсат этилган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати ва ягона етказиб берувчилар рўйхатидан иборатдир
.
Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби махсус Низомда
белгиланган.
2025 йил 1 апрелдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларни Ягона етказиб берувчилар реестрига киритиш учун аризалар давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали қабул қилинади
.
Давлат харидларида Ягона етказиб берувчилар реестрига киритиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиби Маъмурий регламент билан тасдиқланган;
– қурилиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш шартномалари билан бирга объектларда ишларни бажариш ва молиялаштириш графиклари ҳамда уларнинг ҳақиқатда молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотлар электрон шаклда юборилади;
– солиқ органларига тақдим этилган ЭҲФлар асосида шакллантирилган, пудрат ташкилотлари томонидан бажарилган иш турлари, ҳажмлари ва қийматлари тўғрисидаги маълумотлар юборилади;
- «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида:
– 2024 йил 1 июлдан бошлаб автомобиль йўллари ва йўл иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашда қиймати 10 млрд сўмдан ортиқ бўлган лойиҳалар бўйича жалб қилинадиган ёрдамчи пудрат ташкилотлари рўйхатга олинади;
– тендер савдолари оферентлари томонидан таклифлар тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда киритилади;
– Қурилиш ва УКХ соҳасида назорат қилиш инспекцияси ва Транспорт назорати инспекцияси томонидан ҳар ойда камида бир маротаба давлат дастурларига киритилган объектлардаги қурилиш жараёнининг жорий ҳолати бўйича фотосуратлар жойлаштириб борилади.
.Пудрат шартномасини расмийлаштириш
Одатда, қурилиш пудрати шартномасини ишлаб чиқишда бухгалтерия иштирок этмайди
. Ушбу иш билан корхонанинг юридик хизмати шуғулланади. Бироқ, айрим раҳбарлар корхона тузадиган барча шартномаларни бош бухгалтер ҳам имзолашини талаб қиладилар. Бундай ҳолатларда пудрат шартномасининг қуйидаги шартларига эътибор қаратинг:
- шартнома предмети – ишларнинг тури ва уларни бажариш жойи (объект) ЛСҲга мувофиқ келиши керак, сабаби шартномалар ва (ёки) объектлар кесимида ҳисоб юритилади;
- қурилишни моддий таъминлаш – қурилишни материаллар ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш мажбурияти кимнинг (буюртмачи ёки пудратчи) зиммасида ва қандай даражада. Ҳисоб-китобларнинг тартиби ва солиқ солиш ушбу шартга бевосита боғлиқ бўлади;
- ишларнинг баҳоси. Қатъий смета баҳоси мавжуд бўлганда буюртмачи қурилишнинг якуний қийматини тўлаши шарт. Буюртмачи ишларни бажаришда (уларнинг сифатини пасайтирмай туриб) пудратчи томонидан эришган иқтисодий тежаш сабабли уни кам тўлашга ҳақли эмас. Шунингдек, ишлар қийматида ҚҚС ҳисобга олиниш-олинмаслигини ҳам кўрсатиш зарур. Агар пудратчи – ҚҚС тўловчи буюртмачидан солиқ суммасини ололмаса, уни бюджетга ўз маблағлари ҳисобидан тўлайди;
- ҳақ тўлаш тартиби. Шартномада бажарилган иш ёки унинг айрим босқичлари учун олдиндан ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин. Агар олдиндан тўлов назарда тутилмаган бўлса, буюртмачи пудратчига шартлашилган ҳақни, иш тегишли тарзда ва келишилган муддатда бажарилиб, унинг натижалари узил-кесил топширилганидан кейин тўлаб беришга мажбур;
- ишларни бажариш ва шартноманинг амал қилиш муддатлари. Ушбу тушунчалар ҳуқуқий мазмунига кўра турлича:
– шартноманинг амал қилиш муддати – шартномада назарда тутилган мажбуриятларнинг амал қилиш даври;
– ишларни бажариш муддати – пудратчи томонидан қурилиш ишларини бошлаш ва уларни тугаллаш мажбурий бўлган давр.
- Бухгалтер шартномалар билан қандай ишлаши кераклиги – тавсияда;
- Бухгалтер солиққа оид қўшимча шартларни шартнома шартларига қандай киритиши зарурлиги – тавсияда;
- ҚҚС ставкаси ўзгариши сабабли шартномаларни нима қилиш кераклиги – тавсияда;
- Шартнома бекор қилингач, унинг қандай шартлари қачон амал қилишда давом этиши – тавсияда.
Қурилишдаги бирламчи ҳужжатларни расмийлаштириш
Ҳисобварақ-фактура
Пудратчи томонидан буюртмачи номига тақдим этилган ҳисобварақ-фактура ишларнинг ва улар қийматининг ҳақиқатда бажарилганлигини тасдиқлайди
. Шунингдек, ҳисобварақ-фактура қуйидагилар учун хизмат қилади:
- буюртмачи учун – пудратчи томонидан тақдим этилган ҚҚСни ҳисобга олиш учун асос;
- пудратчи учун – ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш мақсадида реализация қилиш бўйича унинг айланмасининг исботи.
Объектларни қуришда, ш.ж. уларни фойдаланишга тайёр ҳолда топширишда ҳисобварақ-фактура ҳар бир календарь ойнинг охирги санасига тақдим этилади. Ушбу ҳолат бир солиқ давридан (ойдан) ортиқ технологик циклга эга бўлган узоқ муддатли контрактлар учун ҳам татбиқ этилади
. Шу билан бирга агар контрактда (шартномада) тугалланган ишларни буюртмачига ҳар ойда топшириш назарда тутилмаган бўлса, ой охирида узоқ муддатли контрактнинг ҳақиқатда бажарилиши ҳисоб-китоб йўли билан аниқланади. Контрактнинг бажарилиши бўйича харажатларнинг умумий суммасидаги ҳисобот даври учун тегишли харажатларнинг солиштирма салмоғи ҳисоб-китоб қилинади. Кейинчалик амалга оширилган харажатларнинг солиштирма салмоғи контракт бўйича умумий даромад суммасига (контракт баҳосига) кўпайтирилади.
Ойнинг охирги куни билан расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура кейинги ойнинг 10-санасига қадар тақдим этилади.
Ҳисобварақ-фактуралар электрон шаклда расмийлаштирилади. Уларни ҳисобга олиш ва сақлаш электрон ахборот тизимида юритилади.
Ҳисобварақ-фактура қоғоз шаклида қуйидаги иккита ҳолатларда расмийлаштирилиши мумкин:
- давлат сирига тааллуқли бўлган операциялар бўйича
; - электрон ҳисобварақ-фактуралар ахборот тизимида техник носозликлар юзага келганда.
Бунда техник носозликлар келиб чиққанлигини электрон ҳисобварақ-фактура айланиш тизими оператори расман тасдиқлаши лозим. Носозликлар бартараф этилгандан сўнг 5 кун ичида қоғоз шаклида расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактуралар улар расмийлаштирилган сана билан тизимга киритилиши лозим бўлади
.
12.06.2024 й. 330-сон ВМҚга иловага мувофиқ 2024 йил 1 октябрдан бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилган қурилиш-монтаж ишларини топширишда ҳисобварақ-фактура махсус шакл бўйича расмийлаштирилади. Бундай ҳисобварақ-фактурани тўлдириш тартиби Низомнинг 3-1-боби билан белгиланган.
Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура ва бажарилган ишлар далолатномаси
Қурилиш-монтаж ишларининг ҳажми тўғрисидаги маълумотларни контракт шартларида кўрсатилган ишларнинг турлари ва босқичлари бўйича сараланган жисмоний (физик) ва нарх кўрсаткичларида акс эттириш учун қурилиш соҳасининг ўзига хос ҳужжати – бажарилган ишлар тўғрисидаги маълумотнома-ҳисобварақ-фактура назарда тутилган
. Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура қурилишдаги асосий бирламчи ҳужжат ҳисобланади, ҳисобварақ-фактура фақатгина ишларнинг ҳақиқатда бажарилганлиги ва қийматини тасдиқлаб беради, шунингдек солиқ солиш мақсадларида реализация қилиш бўйича айланмани ва ҚҚС суммасини тасдиқлайди. Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурада эса жорий ой учун, шунингдек йил бошидан ва қурилиш бошланган санадан бошлаб ортиб борувчи тартибда барча бажарилган ишлар бўйича тегишли маълумотлар акс эттирилади.
Пудратчилар маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани ҳисобот ойининг 27-санасига қадар тўлдириб, уни имзолаш учун буюртмачига берадилар. Буюртмачи 3 кун ичида уни кўриб чиқади ва имзолайди, номувофиқликлар аниқланганда эса асосли далиллар билан қўшимча ишлов бериш учун уни қайтаради.
Aгар пудрат шартномасида пудратчи томонидан маълумотнома-ҳисобварақ-фактуранинг мажбурий тартибда расмийлаштирилиши назарда тутилмаган бўлса, амалиётда кўпинча унинг ўрнини бажарилган ишлар далолатномаси эгаллайди. Қоидага кўра у бажарилган ишларни батафсил ёритмаган ҳолда ва ортиб борувчи бўлмаган тартибда фақатгина ҳисобот ойи учун расмийлаштирилади.
Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура ёки бажарилган ишлар далолатномасига қўшимча равишда буюртмачи пудратчидан Объект қурилишида фойдаланилган қурилиш материаллари ҳажмлари, баҳолари ва қиймати тўғрисидаги ҳисоб-китоб жадвалини ёки Ресурс қайдномасини талаб қилиши мумкин.
Ҳисоб-китоб жадвали қурилиш жараёнида ҳақиқатда сарфланган материаллар тўғрисидаги маълумотларни, миқдор ва қиймат ифодасида қуйидаги даврларда акс эттиради:
- ҳисобот ойида;
- йил бошидан ортиб борувчи якун билан ҳисобот ойи қўшилган ҳолда;
- қурилиш бошланганидан буён.
Бунда ҳар бир турдаги материалнинг ҳақиқатдаги сарфи бўйича маълумотлар смета кўрсаткичлари, ш.ж. жорий йилга режалаштирилган кўрсаткичлар билан солиштирилади.
Ресурс қайдномаси барча турдаги сарфланган қуйидаги ресурслар бўйича йиғма маълумотларни акс эттиради:
- меҳнат;
- машина ва механизмлар;
- асбоб-ускуналар;
- материаллар, буюмлар ва деталлар.
Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани ёки бажарилган ишлар далолатномасини, шунингдек шартномада назарда тутилган бошқа ҳужжатларни буюртмачига электрон ҳужжатлар айланиши тизими E-faсtura орқали электрон ҳисобварақ-фактура билан бирга (файлларни бириктирган ҳолда) ёки алоҳида электрон ҳужжат сифатида жўнатиш мумкин бўлади. Бунда электрон ҳисобварақ-фактуранинг электрон рақамли имзо билан тасдиқланиши илова қилинган ҳужжатларнинг ҳам электрон рақамли имзо билан тасдиқланганлигини ифодалайди
.
- Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани қандай расмийлаштириш ва унда буюртмачининг материалларини қандай акс эттириш кераклиги ҳақида тавсияда ўқинг.
Материаллар сарфи тўғрисидаги ҳисобот
Қурилишдаги материаллар сарфи тўғрисидаги ҳисобот (М-29-сон шакл) фақат қурилиш ташкилотлари қўллайдиган яна бир ҳужжат саналади.
Ушбу ҳисобот ҳар бир қурилиш объекти учун қуйидагилар асосида тузилади:
- бажарилган ишлар реестридан олинган қурилиш-монтаж ишларининг физик кўринишдаги ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлар (КС-6-сон шакл);
- иш ҳажмининг ўлчов бирлигига материаллар сарфи бўйича тасдиқланган ишлаб чиқариш нормалари (ШНҚ, КМК)
ва қуйидагиларда имкон беради:
- қурилишда фойдаланилган материалларни бажарилган ишларнинг қиймати учун ҳисобдан чиқариш;
- сарфланган қурилиш материаллари миқдорини ҳисобга олган ҳолда харажатларни таҳлил қилиш, уларни умумий норматив қийматлари билан солиштириш.
М-29-сон шаклидаги ҳисобот йил давомида участка бошлиғи (прораб) томонидан керакли миқдордаги қўшимча варақлардан фойдаланган ҳолда юритилади. Ҳар ойда прораб корхонанинг ишлаб чиқариш-техник бўлимига (ИЧТБ) текшириш учун ҳисобот тақдим этиши керак. Текширувдан сўнг ҳисобот раҳбар (унинг ўринбосари ёки бош муҳандиси) томонидан тасдиқланади, сўнгра у кейинчалик тўлдиришни давом этиш учун прорабга қайтарилади. Нормалар билан солиштирганда материаллар сарфи кўпайиб кетган тақдирда у ҳисоботга ортиб кетиш сабабларини тушунтирувчи эслатмани (М-29-сон шаклига илова) илова қилиши керак. ИЧТБ ортиқча сарф ҳолати тўғрисида хулоса чиқаради ва корхона раҳбари унинг сабабларига қараб йўл қўйилган ортиқча сарфларга нисбатан қарор қабул қилади.
Қоида тариқасида ҳисоботнинг бир нусхаси бухгалтерия бўлимига топширилади, у прорабнинг моддий ҳисоботига илова қилинади ва асосий қурилиш материалларини бухгалтерия ҳисобида ҳисобдан чиқаришни акс эттириш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Материал ҳисобот (М-19-сон шакл) қурилиш материалларининг ҳаракатини акс эттиради. У корхона ичида қурилишда фойдаланиладиган ТМЗларнинг ҳаракатини (давр бошида мавжудлиги, келиб тушиши, ҳаракати, ишлатилиши, давр охиридаги қолдиқлар) кузатиш ва ҳисобга олиш имконини беради.
Шундай қилиб, ҳисобот ҳар бир омбор (бўлинма, моддий жавобгар шахс) бўйича ТМЗлар ҳаракати тўғрисида маълумот олишга, олинган ва фойдаланилган материаллар ҳажмини солиштиришга, ушбу маълумотларни кейинчалик корхона балансида акс эттириш учун камомад ёки ортиқча материалларни аниқлашга имкон беради.
Материаллар ҳисоботи ҳар ойда моддий жавобгар шахс томонидан тузилади ва унда ойнинг биринчи санасидан ойнинг охирги кунигача бўлган даврда унга ҳисобдор бўлган ТМЗлар билан операциялар акс эттирилади.
Ҳисобот бир нусхада тузилади, моддий жавобгар шахс томонидан имзоланади ва корхона томонидан тасдиқланган ҳужжатлар айланиши жадвалига мувофиқ бухгалтерия бўлимига топширилади.
Бухгалтер маълумотларнинг тўғрилигини, уларнинг кирим ва чиқим ҳужжатларига мувофиқлигини, ҳисоботнинг тўғрилигини текширади, сўнгра ҳисоботни имзолайди.
Ўзбекистон қонунчилигида ушбу ҳужжатлардан фойдаланиш бўйича мажбурий талаб мавжуд эмас. Шунга кўра уларнинг шакллари ва уларни тўлдириш тартиби қонуний тасдиқланмаган. Шунга қарамай улар 1991 йилгача бўлган даврда тасдиқланган шакллар бўйича республиканинг барча қурилиш корхоналари томонидан фойдаланилади.
Қурилиш ташкилотидаги бухгалтерия ҳисоб сиёсатининг ўзига хос хусусиятлари
Ҳисоб сиёсати корхона фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини акс эттириши лозим. Шу сабабли бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисобот тузишга доир умумий масалалардан ташқари қурилиш ташкилотининг бухгалтерия ҳисоб сиёсатида бир қатор ўзига хос масалалар акс эттирилиши лозим бўлади.
Даромадлар ва харажатларни тан олиш
Юридик шахслар даромадлар ва харажатлар ҳисобини қуйидагиларга мувофиқ юритадилар:
- 2-сон БҲМС «Асосий хўжалик фаолиятидан тушган даромадлар»;
- Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом;
- «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун;
- Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун концептуал асос.
Қурилиш ташкилотлари – пудратчилар ва ёрдамчи пудратчилар ҳам худди шу ҳужжатларга асосланадилар. Бироқ қурилишнинг бошланиш ва тугалланиш муддатлари одатда турли ҳисобот йилларига тўғри келиши сабабли пудрат шартномаси бўйича даромадлар ва харажатларни аниқлашда 17-сон БҲМС «Капитал қурилишга оид пудрат шартномалари»га амал қилиш лозим. У даромадлар ва харажатларнинг ҳисоби услубияти ва уларни тан олиш мезонларини белгилаб беради.
Қурилиш пудрати шартномаси бўйича бажарилган ишлар фоизи қуйидаги усуллар орқали ўлчаниши мумкин
:
1) назорат ўлчовини ўтказиш;
2) муайян санага бажарилган қурилиш ишлари бўйича харажатлар миқдорини шартнома бўйича умумий смета харажатларига солиштириш;
3) шартнома бўйича ишларнинг жисмоний (физик) қисми якунланганлигини текшириш.
Шу сабабли бухгалтерия ҳисоб сиёсатини шакллантиришда шартнома бўйича ишлар тугалланганлиги даражасини белгилаш учун айнан қандай усулдан фойдаланишингизни албатта қайд этинг.
Солиқ ҳисоб сиёсатини шакллантиришда шуни инобатга олингки, солиқ солиш мақсадида узоқ муддатли контрактлар бўйича даромад контрактни бажариш бошлангандан эътиборан қилинган харажатларнинг солиштирма миқдорини контрактни бажаришга доир харажатларнинг умумий суммасида ҳисоб-китоб қилиш (2-усул) асосида аниқланади
.
ҚҚС бўйича солиқ базаси ҳам худди шунга ўхшаш тарзда аниқланади
.
Билвосита харажатларни тақсимлаш
17-сон БҲМСда пудрат шартномаси бўйича харажатлар бевосита, билвосита (қўшимча сарф-харажатлар) ва бошқаларга бўлиниши назарда тутилган. Билвосита харажатлар умумий қурилиш фаолиятига тааллуқли бўлади ва улар пудрат шартномалари ўртасида тақсимланади. Бухгалтерия ҳисоб сиёсатида билвосита харажатларни шартномалар ўртасида тақсимлаш усулини белгиланг. Тақсимлаш учун база билвосита харажатларнинг бутун суммаси учун ягона бўлиши ёки уларнинг ҳар бир турига алоҳида белгиланиши мумкин бўлади.
- бошқарув ходимларини сақлаш харажатлари лойиҳалардаги ходимлар сонига мутаносиб равишда тақсимланади;
- асбоб-ускуналар амортизацияси ва сақлаш харажатлари (бевосита харажатлардан ташқари) бевосита материал харажатларга мутаносиб равишда тақсимланади.
«Алоҳида» бирламчи ҳужжатлар
Агар муайян операцияни акс эттириш учун ягона ҳужжат шакли мавжуд бўлмаса, уни мустақил равишда ишлаб чиқинг. Ишлаб чиқиш пайтида қуйидагиларнинг талабларини ҳисобга олиш лозим бўлади:
- «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун;
- Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисидаги низом;
- «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги Қонун.
Мустақил равишда ишлаб чиқилган, намунали бўлмаган ҳужжатлар намуналарини ҳисоб сиёсатига илова қилинг.
Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
- Қурилиш ишлари бўйича ҚҚС қандай ҳисоблаб чиқарилади
- Қурилиш ташкилотлари айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблашда реализация қилишдаги даромадларини қандай аниқлайдилар
- Қурилиш ташкилотлари ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобини қандай тўлдириши керак
- Пудратчи бухгалтерия ҳисобини қандай юритиши керак
- Қурилиш ёки реконструкция ишлари тугагандан кейин асосий воситаларни қандай ҳисобга олиш керак

Наша страница
Канал в телеграм