ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари – 2019 йилда қандай янгиликлар киритилади

preview

 

2019 йилдан бошлаб фуқароларнинг суғурта бадаллари бекор қилинади. Айрим тоифадаги жисмоний шахслар ЯИТ тўлайдилар (24.12.2018 йилдаги ЎРҚ–508-сон Қонунга қаранг).

 

Фуқароларнинг суғурта бадаллари бекор қилинади

 

2019 йилдан бошлаб фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларидан иш берувчи ушлаб қоладиган суғурта бадаллари бекор қилинади. Бу меҳнатга ҳақ тўлаш фондига тушадиган солиқ юкини камайтиради, бадаллар ушлаб қолинганидан кейин ходимлар қўлига кўпроқ пул тушади.

 

 Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда суғурта бадаллари 8%лик ставкада тўланади.

 

Айрим тоифадаги жисмоний шахслар суғурта бадаллари ўрнига ЯИТ тўлайдилар

 

Суғурта бадалларини алоҳида тартибда – ЭКИҲ миқдорида, бараварида – тўлаган айрим тоифадаги жисмоний шахслар 2019 йилдан бошлаб худди шу миқдорда ягона ижтимоий тўлов (ЯИТ) тўлайдилар. Уларга қуйидагилар киради (Солиқ кодексининг 311-моддаси):

  • якка тартибдаги тадбиркорлар ва уларнинг ходимлари;
  • юридик шахс ташкил этмаган оилавий корхона аъзолари;
  • юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликларининг аъзолари;
  • ҳунармандчилик фаолияти субъектлари – «Ҳунарманд» уюшмасининг аъзолари;
  • «Уста – шогирд» мактаби ўқувчилари.

 

Имтиёзли даромадлар рўйхатига тузатиш киритилди

 

2019 йилдан бошлаб ЯИТ солинмайдиган даромадлар таркибидан қуйидагилар чиқариб ташланади:

  • Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ФВВ, ДХХнинг ҳарбий хизматчиларига, ички ишлар органларининг оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибига ҳамда ДБҚнинг ходимларига хизматни ўташи (хизмат мажбуриятларини бажариши) муносабати билан тўланадиган пул таъминоти, пул мукофотлари ва бошқа тўловлар;
  • Конституциявий ва Олий суд, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар, иқтисодий, маъмурий ва ҳарбий судлар судьялари, шунингдек прокуратура органларининг мансаб даражаларига (ҳарбий унвонларга) эга бўлган ходимларининг хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан олган даромадлари. 

 

ЯИТ ҳисобланмайдиган даромадлар таркиби қуйидагича бўлади (Солиқ кодексининг 308-моддаси):

 

1) меҳнатда майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача шикаст етганлик билан боғлиқ зарарнинг ўрнини қоплаш учун Солиқ кодекси 171-моддаси иккинчи қисмининг 9-бандида кўрсатилган миқдорлардан ортиқча олинган суммалар;

2) қуйидаги грант маблағлари ҳисобига олинадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар:

  • давлатлар, давлатларнинг ҳукуматлари, халқаро ва чет эл ҳукуматга қарашли ташкилотлар томонидан берилган;
  • Ўзбекистон Ҳукумати томонидан белгиланадиган рўйхатга киритилган халқаро ва чет эл ноҳукумат ташкилотлари томонидан берилган;
  • Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари доирасида берилган;

3) акциядорлик жамиятларининг бошқарув ходимлари сифатида жалб қилинган чет эллик ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари; 

4) пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган жисмоний шахслар томонидан бу ишларни бажарганлик учун олинадиган даромадлар.

 

ЯИТ ставкалари ўзгаради

 

2019 йил учун қуйидаги ЯИТ ставкалари белгиланган:

 

Тўловчилар

Ставка

 

  • бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари
  • устав фондида (капиталида) давлат улуши 50% ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахслар
  • қайси юридик шахс устав фондининг (капиталининг) 50%и ва ундан кўпроқ қисми давлат улуши 50% ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахсга тегишли бўлса, ўша юридик шахслар ва уларнинг таркибий тузилмалари

25%

 

  • қолган юридик шахслар

12%



 

Ставканинг пасайтирилиши корхоналарнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фондига тушадиган солиқ юкини камайтиради. Улар бўшаган маблағларни корхонани ривожлантиришга, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтира оладилар.

 

 

Деҳқон хўжаликлари аъзолари учун ЯИТ миқдори пасайтирилди

 

Юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликларининг аъзолари суғурта бадалларини йилига камида 4,5 ЭКИҲ миқдорида тўлаганлар (Солиқ кодексининг 311-моддаси).

 

2019 йилдан бошлаб ушбу тоифадаги тўловчилар қаторига қуйидаги жисмоний шахслар қўшилади:

  • майдони тўрт сотихдан кам бўлмаган деҳқон хўжалигида, томорқа ерида банд бўлган; 
  • ушбу майдонда қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган.

 

Улар суғурта бадаллари ўрнига йилига камида 1 ЭКИҲ миқдорида ЯИТ тўлайдилар. Деҳқон хўжалиги раҳбари уни мажбурий тартибда, бошқа аъзолари ва кўрсатилган жисмоний шахслар эса ихтиёрий асосда тўлайдилар.

 

Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва 1.01.2019 йилдан кучга киради.

 

 «Norma» профессионал ривожланиш марказида А. Тошхўжаева ўтказадиган семинарда солиқ қонунчилигидаги ўзгартиришлар билан яқиндан танишишингиз мумкин.

 

 

СКга ўзгартиришлар СКга ўзгартиришлар СКга ўзгартиришлар /ru/publish/doc/text146835_yait_va_fuqarolarning_sugurta_badallari_-_2019_yilda_qanday_yangiliklar_kiritiladi