Полезное для бухгалтера в ноябре:
Ноқонуний текширувлар олдини олиш учун нима қилиш керак
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, одиллик ва айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига асосланади.
Одил судловни амалга оширишда юқоридаги принципларга қатъий амал қилиш тадбиркор ва ишбилармонлар ҳақ-ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади. Бунга амалиётда учраётган фактлар мисолида ҳам амин бўлиш мумкин.
Хусусан, Қашқадарё вилоятида фаолият кўрсатувчи “Эзгу ният” (номи ўзгартирилган) МЧЖга қарашли умумий овқатланиш шаҳобчасида Ғузор тумани ДСИ бошлиғи С.Б.нинг 21.02.2023 йилдаги буйруғига асосан ноқонуний текширув ўтказилган.
Шуниси эътиборлики, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда қайд этилганидек, тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувлари ташаббуси билан чиқиш назорат қилувчи органлар томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда тегишли тадбиркорлик субъекти томонидан қонунчилик бузилиши содир этилиши хавфи даражасидан келиб чиқилади. Хавфни таҳлил этиш натижалари эса бундай ташаббуснинг илгари сурилишига асос бўлади. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган барча текширувлари Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шартлиги ҳам мазкур қонунда белгилаб қўйилган.
Шунингдек, қонун ҳужжатида тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олмасдан ўтказилган текширувлари қонунга хилоф эканлиги ҳам деб кўрсатилган .
Яна бир жиҳат. Текширув ўтказишда тадбиркорлик субъектлари текширувни ўтказиш тўғрисидаги буйруқ (қарор, фармойиш) белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган, текширув белгиланган тартибда ваколатли орган билан келишилмаган ҳолларда назорат қилувчи орган мансабдор шахсларини текширув ўтказиш учун ўз ҳудуди ва биноларига қўймаслик ҳуқуқига эга .
Шундан келиб чиқиб, тадбиркор солиқ органи ходимларига қонуний чора кўришни сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган.
Натижада тадбиркорлик субъектида ноқонуний текшириш ўтказиш ташаббуси билан чиққан Ғузор тумани ДСИ бошлиғи С.Б. маъмурий жавобгарликка тортилган.
Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишнинг ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилишнинг белгиланган тартибини бузиш, худди шунингдек тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қонунга хилоф равишда текшириш ташаббуси билан чиқиш ва (ёки) ўтказиш, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ бараваридан саксон бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади .
Гарчи иш ҳужжатларида Ғузор тумани ДСИ бошлиғи С.Б.нинг айбдор эканлигини тасдиқловчи рад этиб бўлмайдиган далиллар мавжуд бўлса-да, ЖИБ Ғузор тумани судининг 2023 йил 3 августдаги қарори билан Бизнес-омбудсман девони Қашқадарё вилояти шўъбасининг С.Б.га нисбатан жарима қўллаш тўғрисидаги қарори асоссиз бекор қилинди.
Мазкур суд қарори юзасидан вилоят шўъбаси томонидан Қашқадарё вилояти судига апелляция шикояти киритилди. Қашқадарё вилояти судининг 22.09.2023 йилдаги қарори билан биринчи инстанция судининг қарори тўлиқ бекор қилиниб, Ғузор тумани ДСИ бошлиғи С.Б. жавобгарликка тортилди.
Текширув билан боғлиқ бундай холатларга тушмаслик учун, тадбиркорлик субъектларига қуйидагиларни тавсия этамиз:
- мазкур китобнинг электрон шаклини юритиш учун “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида ёки GovControl.uz мобиль иловаси орқали рўйхатдан ўтинг;
- текшириш бошланишидан олдин назорат қилувчи органнинг мансабдор шахсига Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш учун унинг электрон шаклини тақдим этинг.
Назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси текшириш бошланишига қадар Текширувларни рўйхатга олиш китобининг электрон шаклига қуйидаги маълумотларни киритиши лозим:
- давлат назорати тизимида рўйхатдан ўтказилган текшириш рақами;
- текширув ўтказаётган назорат қилувчи орган номи;
- назорат қилувчи орган мансабдор шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, текширувчи мансабдор шахслар бир нечта бўлганда, улар тўғрисида ҳам маълумотлар;
- назорат қилувчи орган мансабдор шахсининг махсус гувоҳномаси рақами, киритилган махсус гувоҳнома рақами давлат назорати тизимидаги маълумотлар билан тўғри келмаган тақдирда, тадбиркорлик субъектида ушбу мансабдор шахс томонидан текширув ўтказилишига йўл қўйилмайди;
- текширув ўтказилаётган тадбиркорлик субъектининг манзили;
- текширув ўтказиш учун асос бўлган буйруқ рақами ва санаси;
- текширув тури, бунда давлат назорати тизимида мавжуд бўлган текшириш тури ва унинг махсус коди кўрсатилиши шарт;
- текширув муддати;
- текширувга аудитор ва экспертлар жалб қилинган тақдирда, жалб қилинган аудитор ва экспертларнинг исми, фамилияси, отасининг исми, иш жойи, фаолият йўналиши, уни жалб қилишга асос бўлган шартнома рақами ва санаси.
Сиз Текширувларни рўйхатга олиш китобига киритилган маълумотларни текширувчи мансабдор шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар билан таққослашга ҳақлисиз.
Агарда текширувчи мансабдор шахс Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдиришдан бош тортса ёки маълумотларни таққослаш натижасида тафовутлар аниқланган тақдирда, текширувчи мансабдор шахс текширишга қўймасликка ҳақлисиз.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга (24/7 режимдаги “1100” ишонч телефони) мурожаат этинг ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беринг.
Гулжамол Шукурова,
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини
ҳимоя қилиш бўйича вакил матбуот котиби.
Мирзохид Комилов,
“Норма” эксперти.