Раҳбарларнинг машиналари нега солиқчиларни қизиқтириб қолди

preview

7 июль куни Тошкент вилоят Давлат солиқ бошқармаси солиқ тўловчиларга муайян ахборотни тақдим этишни сўраб хат йўллади. Ушбу ахборот пандемия даврида солиқ солиш объектлари тўғрисидаги маълумотларга ҳамда солиқлар ва йиғимлар бўйича прогноз кўрсаткичларига аниқлик киритиш учун керак экан. Солиқ органлари уларни сўраб олишга ҳақлими? Нима учун ахборотни тез тақдим этишни сўрадилар? Ниҳоят, нима сабабдан уни ўз қўли билан ёки Телеграм орқали тақдим этиш зарур? Buxgalter.uz солиқ органининг ушбу хатлар бўйича позициясига ойдинлик киритиш мақсадида вилоят ДСБ билан боғланди.


Хатда нималар сўралган?
Тошкент вилоят ДСБ солиқ тўловчилардан Солиқ тўловчининг солиқ органида рўйхатга олинганлиги ва унга идентификация рақами берилганлиги тўғрисида гувоҳнома нусхасини (скан) тақдим этишни сўраган. Унга қуйидагиларни илова қилиш лозим:

  • солиқ тўловчи – юридик шахсни рўйхатга олиш варақасидаги маълумотлар ўзгартирилган тақдирда – Рўйхат маълумотларидаги ўзгаришлар варақаси (шаклга қаранг);
  • солиқ тўловчи – юридик шахс тўғрисида қўшимча маълумотлар пайдо бўлганда – Қўшимча маълумотлар варақаси (шаклга қаранг).

Солиқчилар тўлдириш учун ўзларининг иккита шаклларини ҳам йўллаганлар, улар бўйича кўплаб саволлар туғилмоқда.

Хусусан, вилоят ДСБ қуйидагиларни сўраган:

1. ҚҚС тўловчиларнинг муассислари ва масъул шахслари тўғрисидаги маълумотлар

Жадвалда корхона балансида қайд этилган жисмоний шахсларнинг (муассис, раҳбар, раҳбар ўринбосарининг) автотранспорт воситалари (ижарага олинган автотранспорт воситалари) ҳақидаги ахборотни кўрсатишни сўраганлари тушунарсиз. Зарурат бўлганда ушбу ахборотнинг барчасини нотариуслар ва Тошкент вилоят ИИБ ЙҲХБдан олиш мумкин. Нима сабабдан солиқчилар айнан автотранспорт билан қизиқиб қолдилар? Ахир у пандемия шароитида корхона барқарор фаолият юритиши учун зарур бўлган энг асосий восита эмас-ку…

2. III ва IV чорак учун ишлаб чиқариш ҳажмлари ва солиқлар бўйича прогнозлар

Биронта қонун солиқ тўловчига бундай ахборотни солиқ органларига тақдим этиш мажбуриятини юкламайди (аванс тўловлари қисмида – фойда солиғини тўловчилар бундан мустасно). Пандемия сабабли юзага келган мавҳум шароитда бундай сўровномани йўллаш ўринсиз.


Тошкент вилоят ДСБнинг позицияси

Тошкент вилоят ДСБнинг юридик бўлими бошлиғи Отабек РАҲМОНОВнинг маълум қилишича, умумбелгиланган солиқларни тўловчилар туманлардан вилоят бошқармасига ўтказилгани муносабати билан идорада солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги маълумотлар базаларига аниқлик киритиш зарурати юзага келган. Бироқ у нима учун солиқчилар ушбу ахборотни тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш учун масъул бўлган давлат органларидаги маълумотлар билан солиштира олмасликларини изоҳлаб бера олмади.

Идора ходими 2014 йил 10 июлдаги 2600-сон Низомга 8 ва 9-иловалар билан тасдиқланган шаклларни, шунингдек хатга илова қилинган шаклларни Телеграм орқали жўнатди.

Сўровномага масофадан туриб жавоб бериш мумкинми, деган саволга ҳам Телеграмдаги рақамни берди. Бу жуда ғалати кўринди, чунки солиқ органлари билан мулоқот қилиш учун солиқ тўловчининг шахсий кабинетлари бор. Бироқ суҳбатдошимиз маълумотларни Телеграм орқали ёки ўз қўли билан топширган маъқул эканлигини таъкидлаб ўтди. Тўғрисини айтганда, бу янада тушунарсиз ҳолат.

Тўлдириш учун таклиф этилаётган қўшимча шакллар ҳамда III ва IV чорак учун ишлаб чиқариш ҳажмлари ва солиқлар бўйича прогнозлар қайси норматив ҳужжат билан тасдиқланганини аниқлай олмадик. Суҳбатдошимиз прогнозлар юзасидан бошқарманинг бошқа мутахассисларига мурожаат қилишни тавсия этиб, уларнинг телефон рақамини берди. Афсуски, қўнғироқ қилиб, улар билан боғлана олмадик. Уларга кўпчилик қўнғироқ қилаётган кўринади…


Нима қилмоқ керак?

09.10.1997 йилдаги «Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар меъёрий ҳужжатларининг қонунийлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 469-сон ВМҚга мувофиқ, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи, мазкур бошқарув органи тизимига кирмайдиган ташкилотлар учун мажбурий кучга эга бўлган ёки идоралараро тусдаги (умумий мажбурий тусдаги) ҳуқуқий ҳужжатлари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиши керак ва улар расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради, агар ҳужжатнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса.

Шундай қилиб:

  1. Юридик кучга эга бўлган бирорта НҲҲда ҚҚС тўловчиларнинг муассислари ва масъул шахслари тўғрисидаги маълумотларни ҳамда прогноз маълумотларини тақдим этиш учун шакллар келтирилмаган. Бинобарин, ушбу шаклларни тўлдириш ва маълумотларни солиқ бошқармасига тақдим этиш масаласини ўзингиз ҳал қиласиз. Ҳеч кимда уларни тақдим этишни талаб қилишга асос йўқ.
  2. Солиқ тўловчининг ДСҚда рўйхатга олинганлиги ва унга идентификация рақами берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини тақдим этишни илтимос қилганларига келсак: солиқ органларида тўловчилар ҳақидаги барча зарур ахборот бўлиши керак. Уларни верификация қилишни эса солиқ тўловчилар билан эмас, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишга ваколатли бўлган органлар билан амалга оширган маъқул.
  3. 2600-сон Низомга 8 ва 9-иловалар билан тасдиқланган шакллар бўйича ахборотни тақдим этишга келсак, ҳақиқатан ҳам бу солиқ тўловчининг мажбурияти. Бироқ у солиқчиларнинг талабига биноан эмас, балки муайян вазиятларда ва муайян муддатда бажарилади. Ушбу шаклларни ўз қўли билан ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали топшириш мумкин. Телеграм – солиқ органлари билан ҳужжат алмашиш учун расмий алоқа канали эмас.


Олег ГАЕВОЙ.

Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /ru/publish/doc/text160952_rahbarlarning_mashinalari_nega_soliqchilarni_qiziqtirib_qoldi