Полезное для бухгалтера в ноябре:
Солиқ тўловчининг кабинети: нима ўзгаради?
ДСҚ солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетларини такомиллаштиришни – камчиликларни бартараф этиш, янги функцияларни қўшишни режалаштирмоқда.
Бухгалтерлар шахсий кабинетда ишлаш чоғида қандай муаммоларга дуч келишаётганлигини аниқлаштириш учун солиқ идораси «Норма» ва «Аркад Аудит» аутсорсинг компанияси экспертлари, «Art soft holding», «Tad one», «Merit Chemikals» бош бухгалтерлари билан онлайн йиғилиш ўтказди.
Шунингдек, “Нормачилар” buxgalter.uz ўқувчиларидан келиб тушган таклифларни маълум қилди.
Алишер ЭЛМУРОДОВ, ДСҚ раисининг ахборот ва коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича маслаҳатчиси:
- Биринчи навбатда, биз шахсий кабинетни “ақллироқ” қилишни, фойдали ёрдамлар ва билдиришномаларни назарда тутишни, функционални юқори даражада такомиллаштиришни истаймиз. Ва солиқ тўловчи шахсий кабинетда нима қандай ишлашини тушуниш учун имкон қадар кам вақтини сарфлаши керак.
Шунингдек, биз мурожаатларга ишлов бериш концепциясини қайта кўриб чиқаяпмиз. Бухгалтерлар, солиқ маслаҳатчилари, раҳбарлар уларга солиқ қонунчилиги юклаган мажбуриятлар билан яккама-якка қолмасликлари керак. Биз шахсий кабинетни замонавий, самарали, бироқ бунда жуда содда қилишни хоҳлаймиз.
Қандай таклифлар келиб тушган?
Фикр-мулоҳазалар рўйхати ҳали тўлдирилмоқда, бу бир кунлик иш эмас, албатта. Ишчи гуруҳда қуйидагилар мавжуд:
- СМС-хабарномани солиқ тўловчининг реквизитларида кўрсатилган бир неча телефон рақамларига (ҳозир – фақат биттасига) ёки электрон почтасига боғлаш зарур.
- Илтимос, ҳисоботлар катакларига Excel дан нусха олинган суммаларни киритиш имкониятини қўшинг. Сонлар формати – турлича.
- ДСИ томонидан қўйилган барча инкассоларни кўриш имкониятини беринг. Бундай функция илгари бор эди, лекин ҳозир ишламаяпти.
- ШК ҳар доим ҳам ўз вақтида тўлдирилмаяпти, айниқса барча ҚҚС тўловчилар ДСБга хизмат кўрсатишга ўтказилгандан кейин.
- ДСБга йўлланган сўровларга жавоблар келмаяпти: жавоб олинганлиги ҳақида белги мавжуд, файлнинг ичида эса – жавоб йўқ.
- Барча ҳисобот шаклларига уларни тўлдириш бўйича мисоллар билан батафсил йўриқнома зарур. Улар шаклларга ўзгартиришлар киритилганда янгиланиши керак.
- Қаергадир ЭРИ учун тўлов реквизитларини бириктириб қўйинг.
- Солиқ тўловчининг ревизитларини (Т8 шакли, бош бухгалтерни, директорни алмаштириш) қандай ўзгартириш юзасидан қадамма-қадам йўриқнома зарур.
- Илтимос, ҳисобот даврида тизимдаги мунтазам носозликларни бартараф этинг. Сервернинг қувватини, ишлаш тезлигини ошириш зарур.
- Ҳисобот шакллари юзасидан маслаҳат олиш мумкин бўлган инспекторнинг телефон рақамларини битиктириб қўйинг.
- Инспектор уни қўшиб қўйишини кутмасдан, илгари тўланган солиқ бўйича ШКни очиш учун сўров йўллаш имконияти бўлиши керак.
- Buxgalter.uz да жуда қулай солиқ тўловчининг тақвими мавжуд! Шахсий кабинетда ҳам шундай тақвим зарур – ҳеч бўлмаганда яқин 3 кун учун.
- Илтимос, нишончаларни саралаш функциясини қўшинг. Мисол учун, онлайн-НКМ нишончаси пастда жойлашган, бу ноқулай.
- Қабул қилинган ҳисоботларда фильтр орқали фақат, мисол учун, ҚҚС бўйича ҳисоботни текшириш имконияти бўлиши керак. Солиқ тури бўйича фильтрлаш.
- КТЯДР бўйича кўчирмани статистика билан боғлаш зарур. Сабаби - кейинчалик “светофорлар” тизими режалаштирилмоқда, солиқ тўловчига ўз контрагентининг мақомини билиш ортиқчалик қилмайди.
- Агар бухгалтер хато қилса, хато тўғрисидаги хабар хато айнан қаерда бўлса, ўша ерга хато айнан нимадалиги юзасидан ёйилма билан чиқарилиши керак.
- Агар ҳисоботни топшириш муддати ҳали келмаган бўлса, хато муддатгача аниқланган тақдирда қайта ҳисоб-китобни топширмаслик учун “Ҳисоботни чақириб олиш” тугмасини қўшишни таклиф қиламиз.
- Шахсий карточкада солиқлар бўйича бўнак акс эттирилмаслиги боис, ортиқча тўланган солиқларни қайтариб ололмаяпмиз.
- Фильтрлаш, ҳужжатларни солиштириш имконияти яратилиши учун барча ҳисобварақ-фактураларнинг рақамлари ва ЭҲФ тизимидан маълумотларни юклашда саналар алоҳида устунларда берилиши керак.
- Кабинетда ДСИдан сўровга жавобда бир нечта ҳужжатларни жўнатиш имкониятини қўшиш зарур. Масалан, хизматлар экспорти бўйича имтиёзга бўлган ҳуқуқни тасдиқлаш тўғрисидаги сўровда контракт, инвойслар ва бажарилган ишлар далолатномаларини жўнатишга тўғри келди. Жавоб эса фақат битта файлни йўллашни назарда тутади. Ушбу ягона файл ҳам чекланган ҳажмга эга. Шу боис электрон почта орқали жўнатишга тўғри келди.
- Бажарилган ишлар далолатномасида ҚҚСни ажратиб кўрсатиш мумкин эмас, ҳисобварақ-фактурани my.soliq орқали, далолатномани эса – didox орқали жўнатишга тўғри келмоқда.
- Солиқ тўловчининг кабинетида жойлаштирилган телефон рақамлари орқали деярли қўнғироқ қилиб тушиб бўлмаяпти. Ҳеч ким жавоб бермайди ёки доим банд.
- Почта қутисидаги каби ёзишмалар қилса бўладими? Масалан, жилдлар бўйича – кирувчи, шу жумладан – талабномалар, хабарномалар, сўровлар ва ҳ.к. Шунингдек – чиқувчи. Яна мақомини ёзиш мумкин – жараёнда, кўриб чиқилди, маъқулланди, рад этилди... Сатр якунида алоҳида устун билан – бириктирилган файллар. Хатни илова билан жўнатдим, зарурат бўлганда ниманидир исботлайман десангиз, иловалар мавжуд эмас.
- Статистика ҳисоботларида изоҳлар учун жой мавжуд. Солиқ ҳисоботларида ҳам шундай имконият қўшилса, яхши бўларди. Ҳисобот жўнатсангиз, кейин инспектор қўнғироқ қилса, барча тафсилотларни тушунтиришга тўғри келади. Балки уларни дарҳол кўрсатиш мумкин.
- Талабнома мавжуд эмас, корхоналарга эса талабномага ўз вақтида жавоб берилмаганлиги учун жарима солишмоқда.
- Сўнгги кунларда солиқ тўловчининг шахсий кабинетида ЭҲФ тизимига кириш ўзгартирилди: тизим Е-фактура йўллайди, унда яна бир бор паролни киритиш талаб этилади. ЭҲФ тизимидан чиқишда у фойдаланувчини шахсий кабинетнинг бош саҳифасига қайтармайди. Жуда ноқулай янгилик, илтимос, кабинетдан ЭҲФни чоп этиш имкониятини қайтаринг.
- Агар юридик шахсда бош бухгалтер назарда тутилмаган бўлса, шахсий кабинет орқали ҳисоб маълумотларига ўзгартиришлар киритиб бўлмайди: бухгалтернинг СТИРи ва Ф.И.О.си учун майдон мажбурий равишда тўлдирилиши керак. Майдонда СТИР учун ноллар, Ф.И.О. учун майдонда “назарда тутилмаган” деб ёзишга уриниш самара бермади, ДСИга боришга тўғри келди.
- Икки босқичли текширувсиз сервисларга киришда ЭРИ калити етарлича хавфсиз эмас. ЭРИ калитидан бир нечта фойдаланувчилар фойдаланганда барча калитдан фойдаланувчилар учун бир вақтда паролни ўзгартириш имконияти мавжуд эмас. Яъни ҳар бир ушбу ЭРИ калитидан фойдаланувчида ЭРИдан ўзининг пароли бўлади. Агар калит йўқотилса ёки виждонсиз шахсларнинг қўлига тушиб қолса, калит паролини ўзгартириш ечим бўлмайди. Фақатгина мазкур ЭРИ калитини бекор қилиш муаммодан чиқиш йўли бўлади. ЭРИ калити паролини ҳамма фойдаланувчиларда бир вақтда ва синхрон тарзда ўзгартириш мумкинми?
- Солиқларни тўлаш учун тўлов нотўғри шакллантирилган ҳолда “Олиб ташлаш” ёки “Ўзгартириш” тугмасини қўшинг.
- Жисмоний шахснинг СТИРини аниқлаш учун биз паспорт маълумотларини ёзамиз. Шунингдек аксинча қилиш мумкинми: СТИРни ёзиб жисмоний шахснинг паспорт маълумотларини билиш мумкинми?
- Ортиқча тўлов мавжуд жойда солиқни қарз мавжуд ҳисобвараққа (солиқларга) олиб ўтиш ёки у бўйича ўзаро ҳисоб-китоб қилиш функциясини киритинг.
- Дивидендлар бўйича ҳисоб-китобни жўнатишда муаммо юзага келди: 35 ҳисоб-китоб кодини танлайман, якунида эса таққослаш далолатномасини шакллантиришда тизим уни 138 кодга киритади.
- Етказиб берувчилар операторлар орқали ЭҲФни ҚҚС ҳисоб-китоби топширилган даврлар учун тақдим этадилар. Мен ёки ҚҚС бўйича ҳисобга олишни бой беришим ва ЭҲФни қабул қилмаслигим ёхуд ҳисоб-китобларни қайта топшириш керак. Ҳар доим ҳисоботларни тузатиш ҳолатида бўлишнинг имкони йўқ. Ушбу ҳужжатларни яратиш жараёнини ҳатто ЭҲФнинг саналари “ўтган сана” билан тузилган тақдирда ҳам блокировка қилиш мумкинми?
- 4 ва 8-сон шаклларда директорнинг манзили ва Ф.И.О.сини ўзгартириш имконияти бўлиши керак. Бу функция мавжуд бўлсада, яхши ишламайди. Масалан, мен туманни ўзгартира олмадим.
- Илтимос, барча шаблонларда разрядларни ажратувчини қилинг. Айниқса – ЖШДС бўйича шаблонда.
- Ҳисобварақ-фактурани чоп этиш учун аввал уни ўз компьютеримга юклаб олишим зарур. Сайтнинг ўзидан бирдан чоп этилса қулай бўларди.
- Илтимос, ЭҲС тизимида фильтрда қабул қилинган, рад этилган, қабул қилиниши кутилаётган ва ҳ.к. ҳисобварақ-фактураларни саралаш имкониятини беринг. Варақда фақат 10 та ЭҲФ акс этади, уни сонини ошириш мумкинми? ЭҲФни қабул қилгандан кейин фойдаланувчи бош саҳифага олиб ўтилмаслиги, балки ҳудди шу ЭҲФда қолиши ва уни чоп этиши мумкинми. “Орқага” функциясидан фойдаланишда бош саҳифага эмас, балки ҳудди шу саҳифага (ЭҲФ билан) қайтиш.
- Ҳеч бўлмаганда бир соат мобайнида ҳисоботлар функциясига олиб ташлаш ёки таҳрирлашни қўшишни хоҳлардим. Шундай бўладики, сатрда адашасиз ёки яна нимадир бўлади, яна янгисини қилишга тўғри келади.
- Шундай қилингки, калитнинг пароли фақат бир маротаба – кабинетга киришда сўралсин. “6 соатга эслаб қолиш” белгиси бутун шахсий кабинет учун эмас, балки ҳар бир функция учун алоҳида ишлайди.
- ДСИ томонидан йўлланган талабномалар ва хатлар ҳар доим ҳам шахсий кабинетга келиб тушмайди. Ушбу хатларни Mozilla Firefox браузери орқали очишда ҳам муаммо мавжуд.