НТМ бухгалтери таълим хизматларини кўрсатиш учун лицензия олаётганда қандай тўловларни тўлаши лозим

preview

Тадбиркорлар нодавлат таълим муассасаларини ривожлантиришга фаол инвестиция кирита бошладилар. Жорий йилнинг март ойида ушбу фаолиятни лицензиялаш қоидалари ўзгарди. Ушбу материалда таълим фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия олаётган ташкилот бухгалтери қандай тўловларни тўлаши кераклигини кўриб чиқамиз.

Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 27.03.2018 йилдаги 241-сон қарори билан тасдиқланган) амал қилиш лозим. Ушбу Низом юридик шахсларнинг автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш билан боғлиқ йўналишлар бўйича фаолиятни лицензиялашга татбиқ этилмайди. Унинг амалга киритилиши билан кўп нарса: лицензияловчи орган, аризаларни тақдим этиш қоидалари ўзгарди, лицензиялар ҳам электрон бўлди.

Лицензиялар чекланмаган муддатга, таълимнинг ҳар бир тури учун алоҳида берилишини ёдда тутиш зарур. Лицензияда фаолиятнинг лицензияланаётган тури, таълим фаолияти йўналишлари рўйхати аниқ кўрсатилади.

Нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш билан энди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси шуғулланади. Бироқ ариза берувчи у билан алоқага чиқмайди. Ариза беришдан тортиб ариза берувчининг танловига кўра лицензия олишгача бўлган бутун мулоқот жараёни Давлат хизматлари маркази ёхуд Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.

Ариза тақдим этганингиздан сўнг 10 кун ичида қабул қилинган қарор ҳақида билдиришнома оласиз. Рухсатнома бериш рад этилган тақдирда билдиришномада бунинг сабаблари кўрсатилади, уларни бартараф этгач, лицензия олишни сўраб яна мурожаат қилишингиз мумкин.

Бухгалтер атиги иккита тўловни тўлаши лозим:

1) ариза тақдим этилганда – ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим тўлаши. Унинг миқдори 2 ЭКИҲни ташкил этади. Лицензия даъвогари берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтариб берилмайди;

2) лицензия бериш бўйича ижобий қарор қабул қилингани ҳақида билдиришнома олинганидан сўнг – давлат божи (10 ЭКИҲ).

Лицензия давлат божи тўланганлиги тўғрисида ҳужжат тақдим этилганидан сўнг 1 кун ичида берилади.

Биринчи марта рад этишга асос бўлган сабаблар бартараф этилганидан кейин такроран ариза берилганда аризани кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди. Бироқ билдиришномада кўрсатилган, билдиришномани такроран тақдим этиш муддати ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади, бинобарин, у кўриб чиқилгани учун йиғим тўлаш керак бўлади.

Лицензия қайта расмийлаштирилганда ҳам ариза кўриб чиқилгани учун йиғим сифатида 1 ЭКИҲ ва лицензия берганлик учун бож (10 ЭКИҲ) тўлаш керак бўлади. Қуйидаги ҳолларда ушбу тартиб-таомил қўлланилади:

  • лицензиат қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили), ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгарган тақдирда;
  • таълим фаолиятини олиб бориш манзили ўзгарган, қўшимча манзилда фаолият олиб борилган, илгари кўрсатилмаган янги йўналишлар бўйича фаолият олиб бориладиган тақдирда.

Лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақида билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб 2 ой мобайнида лицензия берилгани учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса, лицензия бекор қилинишини ёдда тутиш зарур.

 Олег Гаевой.

Таълим Таълим Таълим /ru/publish/doc/text151811_ntm_buhgalteri_talim_hizmatlarini_kursatish_uchun_licenziya_olaetganda_qanday_tulovlarni_tulashi_lozim