Полезное для бухгалтера в ноябре:
ТМЗни яроқлилик муддатига қараб қандай арзонлаштириш мумкин
Мажбурий изоляция шароитида фаолияти тўхтатиб қўйилган кўп корхоналарда яроқлилик муддати ўтган ёки сақлаш натижасида истеъмол хоссаларини йўқотган товарлар йиғилиб қолди. Бу омборларда ноликвид тўпланишига олиб келди. Ушбу товарларнинг бозордаги реал нархи анча тушиб кетди. Сертификатланган халқаро амалиётчи бухгалтер, «ProfiTraining» бизнес-тренери Юлия ПАКИДИШЕВА buxgalter.uz илтимосига кўра корхона қандай қилиб бундай ТМЗни баҳолаши ва ҳисобда акс эттириши кераклигини тушунтириб берди:
– Товар-моддий захиралар қуйидаги икки қийматдан энг кам қиймат бўйича баҳоланади :
- ҳисобот даври охиридаги таннархидан (харид қиймати ёки ишлаб чиқариш таннархи);
- сотишнинг соф қийматидан.
Сотишнинг соф қиймати – ТМЗни мақсадига кўра ишлатиладиган ҳолатга келтириш ва сотиш бўйича баҳоланган харажатлар чегирилган ҳолда жорий қиймати .
ТМЗ, агар улар шикастланган, тўлиқ ёки қисман эскирган ёки уларни сотишнинг соф қиймати пасайган бўлса, арзонлаштирилиши мумкин.
ТМЗнинг қиймати, агар эътироф этилган бутлаш харажатлари, захираларни товар кўринишига келтириш бўйича ишлар ёки мўлжалланган сотиш харажатлари ошган бўлса, камайтирилиши мумкин. Бу ҳолда товарнинг бухгалтерия регистрларида акс эттирилган бошланғич қиймати ва уни эҳтимолий сотишнинг соф қийматини солиштириш лозим. Сотишнинг соф қиймати келтирилган мисолдагидек таннархдан паст бўлиб чиқса, корхона товарни арзонлаштириши керак.
Афсуски, миллий қонунчилигимизда товар арзонлаштирилишини тартибга соладиган ҳужжат мавжуд эмас. Бу хатога йўл қўйиш хатарини анча камайтирган бўларди. Шу сабабли корхона товарни арзонлаштирмоқчи бўлса, локал ҳужжат – ТМЗни қайта баҳолаш/арзонлаштириш тўғрисида низом ишлаб чиқиш ортиқчалик қилмайди.
ТМЗни сотишнинг соф қийматига қадар таннархдан паст арзонлаштириш амалиёти захираларнинг ҳаддан ташқари тўпланиши ва уларнинг секин айланувчанлиги ҳолларида ТМЗ молиявий ҳисоботда уларни сотиш ёки ишлатишдан кутиладиган суммадан юқори акс эттирилмаслиги учун қўлланади.
ТМЗ одатда «моддалар бўйича усул» асосида сотишнинг соф қийматига қадар арзонлаштирилади. Бунда бир турдаги ёки ўзаро боғланган ТМЗни гуруҳлашдан, яъни:
- маҳсулотнинг биргина ассортиментига тааллуқли бўлган;
- худди ўша вазифа ёки пировард ишлатишга эга бўлган;
- биргина географик ҳудудда ишлаб чиқариладиган ёки бозорида талаб қилинадиган ;
Арзонлаштириш алгоритми
Шундай қилиб, корхона товарни арзонлаштиришга қарор қилди. Ишни нимадан бошлаш керак?
- Корхонанинг Ҳисоб сиёсатида ТМЗни баҳолаш тартибини қайд этинг. Ишчи Ҳисобварақлар режасида арзонлаштириш акс эттириладиган бухгалтерия ҳисобварағини кўрсатинг.
- Солиқ ҳисоб сиёсатида арзонлаштириш акс эттириладиган регистрларни ишлаб чиқинг. Арзонлаштиришни асосланг. У ҚҚС, фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солинадиган базага қандай таъсир кўрсатишини акс эттиринг.
- Инвентарлашни ўтказинг. ТМЗ йилда камида бир марта инвентарлашдан ўтказилади . Бироқ Ҳисоб сиёсатида инвентарлашни ўтказишнинг бошқа муддатини – ойлик, чораклик ёки заруратга қараб белгилаш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, корхонада инвентарлашни ўтказиш учун корхона раҳбари (унинг ўринбосари) ва бош бухгалтердан иборат бўлган доимий фаолият юритувчи инвентарлаш комиссияси шакллантирилган бўлиши керак. Инвентарлашдан ўтказиладиган қийматликлар, нархлар ва бошланғич ҳисобни яхши биладиган тажрибали ходимларни ҳам комиссия таркибига киритинг.
Инвентарлаш натижасида комиссия, унинг фикрига кўра, арзонлаштирилиши лозим бўлган товарлар рўйхатини тасдиқлайди. Арзонлаштирилиши лозим бўлган ҳар бир товар ҳақида қуйидаги маълумотларни кўрсатиш керак:
- тўлиқ номи;
- сотиб олиш санаси;
- сони;
- харид – сотиб олиш нархи;
- чакана ёки улгуржи сотиш нархи;
- асосланган арзонлаштириш миқдори.
ТМЗ уларнинг алоҳида бирликлари таннархини қайта баҳолашни ўтказиш санасида шаклланган ўхшаш баҳоланадиган ТМЗнинг ҳужжат билан тасдиқланган жорий қийматлари бўйича қайта ҳисоблаш йўли билан қайта баҳоланади . Қуйидагилардан ёзма шаклда олинган ўхшаш товар тўғрисидаги ёки нархлар даражаси тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиш мумкин:
- ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг расмий дилерлари;
- товар-хом ашё биржалари;
- давлат органлари;
- қайта баҳолашни ўтказиш даврида ОАВда чоп этилган.
Компаниянинг молиявий аҳволи яхши бўлса, мустақил баҳоловчини жалб қилиш мумкин. Бухгалтерия унинг ҳисоботи асосида бухгалтерия регистрларига арзонлаштириш тўғрисидаги маълумотларни киритади.
Арзонлаштирилгандан сўнг комиссия далолатнома – товарларни арзонлаштириш рўйхатини тузади. Компания мустақил равишда ишлаб чиққан ва улар асосида бухгалтерия ҳисоби юритиладиган бошланғич ҳужжатлар «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунда кўрсатилган мажбурий реквизитларга эга бўлиши керак .
Арзонлаштиришга доир ҳужжатларни 2 нусхада тузиш тавсия этилади. Ҳар бир нусхасини арзонлаштиришни амалга оширган комиссия аъзолари ва моддий жавобгар шахслар имзолайди. Сўнг имзоланган ҳужжатларни корхона раҳбари тасдиқлайди. Келгусида рўйхатлар бухгалтерияда ва моддий жавобгар шахсда (омбор мудирида) сақланиши керак.
Комиссия товарнинг бошланғич қиймати сотишнинг соф қийматидан ошишини белгиласа, корхона арзонлаштиришни амалга оширади, чунки ҳисобда энг кам қиймат акс эттирилиши керак .
ТМЗнинг арзонлаштирилиши бухгалтерия ҳисобида
Арзонлаштириш натижалари улар юзага келган даврдаги ҳисоботда акс эттирилади. Арзонлаштириш давр харажатларига киритилади – 9430 бухгалтерия ҳисобварағида акс эттирилади . 9430 бухгалтерия ҳисобварағи аналитикаси учун корхона ишчи Ҳисобварақлар режасига арзонлаштириш акс эттириладиган қўшимча ҳисобварақни киритиши мумкин, масалан, – 9430.1.
Арзонлаштиришнинг солиқ ҳисоби
- ҚҚС: импорт қилинган товарларни сотиш чоғида арзонлаштиришдан сўнг солиқ базаси товарни Ўзбекистонга олиб кириш чоғида ҚҚС ҳисоблаб чиқарилишига асос бўлган қийматдан паст бўла олмаслигини инобатга олиш лозим.
- Фойда солиғи: ТМЗнинг арзонлаштирилиши – фойда солиғи бўйича чегирилмайдиган харажат , шу сабабли арзонлаштириш суммаси корхонанинг солиқ солинадиган фойдасини камайтирмайди.
- Айланмадан олинадиган солиқ: айланмадан олинадиган солиқни тўловчиларда ушбу харажат солиқ солишга таъсир кўрсатмайди. Бироқ у давр харажатлари таркибига киради ва дивидендлар тўланишига таъсир кўрсатадиган соф фойдани камайтиради.