Полезное для бухгалтера в ноябре:
МХИК билан ишлаш ва бундан наф кўриш
2022 йил 1 сентябрга қадар солиқ тўловчиларга нотўғри МХИКлар учун жарима солинмайди. Цемент, шиша, ёғоч ва паxтага тегишли хўжалик операциялари бундан мустасно. 2022 йил якунига қадар ишчи гуруҳлар ташкил этилади, товарлар ва хизматлар каталоги устида ишлаш, базавий шартли бирликларни содда ва тушунарли шаклда белгилаш ва ҳ.к. давом эттирилади. Бунда нималарни албатта ҳисобга олиш лозимлигини “TRI-S-AUDIT” аудиторлик компанияси директори Cветлана ГОЛОСОВА тушунтириб берди:
– “МХИК борасида ҳотиржамликка йўл қўйманг - уларни ҳеч ким бекор қилмади, улар ҳали ҳам биз билан.
Шуни таъкидлашни истардимки, МХИК - бу Ўзбекистон солиқ органларининг ихтироси эмас, кимнингдир инжиқлиги ҳам эмас. Бу - Қозоғистон, Россия ва қатор бошқа мамлакатлар тажрибаси, у эътиборга молик. Улар харид объектларини бизнес жараёнларининг барча иштирокчиларига ва энг асосийси - компьютер технологияларига тушунарли бўлган ягона намуна бўйича таърифлаш имконини беради. МХИК солиқ маъмуриятчилигини имтиёзлар ва афзалликлар суиистеъмол қилинмаслиги, солиқ маъмуриятчилигининг алоҳида техник ечимлари эса ўринсиз фойдаланилмаслиги учун анча холис ва ҳаққоний қилиш имконини беради. Яъни бу - барча тадбиркорлар учун тенг рақобат имкониятларини яратиш учун муҳим инструмент.
Солиқ тўловчи МХИКдан қандай наф олиши мумкин
Ахборот хати чиққанидан кейин МХИК аввалгидек ҳисобварақ-фактуралар, онлайн-НКМ чеклари ва электрон ҳужжатларнинг бошқа шаклларининг мажбурий реквизитлари бўлиб қолади.
Нотўғри кўрсатилган МХИКлар учун жарималарнинг кечиктирилишидан айтарлик енгиллик сезмадим - чунки бу кодлар амалиётга мустаҳкам кириб келган ва уларга эътиборсиз муносабат хато учун жаримадан кўра анча жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
1. Бугунги кунда МХИКга барча солиқ имтиёзлари боғланган. Нотўғри МХИКни қўйсангиз, ҳеч бўлмаганда имтиёздан фойдаланиш учун тўғри МХИК билан тузатилган ҳисобварақ-фактурани тақдим этишга тўғри келади.
2. Айрим операциялар бўйича ДСҚ қатъий белгиланган МХИКларни қўллашни тавсия қилган. Мисол учун - ижарага берувчи томонидан коммунал хизматларга ҳисобварақ-фактураларни қайта тақдим этишда. Ҳаммаси ҳисоботда тўғри ўтиши учун бухгалтерда бундай вазиятда бошқа МХИКни кўрсатиш ҳуқуқи йўқ.
3. Онлайн-НКТ чеклари билан ҳам ҳозир шундай вазият юзага келганки, хатолар, шу жумладан МХИКда хато мавжуд эмаслиги юзасидан созламани уч маротаба қайта текширасиз. Гап фақат жарималарда эмас. Ахир харидорлар 04.10.2021 йилдаги ПҚ-5252-сон қарор бўйича кешбэк ҳуқуқига фақат тўғри МХИКли чекларда кўрсатилган товарлар бўйича эга бўлишади. Агар харидорлар илгари чекларга эътибор беришмаган бўлса, ҳозир улар Soliq мобиль иловасида рўйхатдан ўтказиш чоғида уларни диққат билан ўрганишади.
4. Чекларда аниқланадиган камчиликлар ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилинмоқда. Бу чек берган компаниянинг обрўсига салбий таъсир қилади, мижозларнинг унга нисбатан ишончи йўқолади.
Истеъмолчиларнинг тушунчаси ҳам секин-аста ўзгармоқда - улар тўғри чек берадиган савдо тармоқларига кетишмоқда. Бу ерда “психология” ишлаяпти: мадомики сотувчи чекда ҳаммасини тўғри кўрсатдими, демак, ҳеч нарсани яширишга ҳожат йўқ, у ҳалол ишлаяпти, унда товарлар текширилган, сифатли.
Мен тадбиркорларда МХИКга нисбатан муносабат ўзгараётганлигини сездим. Яқингача МХИК бухгалтерлар ва товарлар билан муомала қиладиган ходимлар учун фойдасиз юклама сифатида қабул қилинар эди. Ҳозир эса энг илғор тадбиркорлар ўз товарларини бозорда илгари суриш учун ундан фойдаланишни бошлашмоқда. Яқинда ижтимоий тармоқларда супермаркетлар йирик тармоқларидан бирининг раҳбари чиқишини кўрдим. У ўзининг дўконларида харид қилишда барча фойдаланиши мумкин бўлган имкониятлардан фойдаланган ҳолда сарфланган сумманинг 6%дан ортиғини қайтариш мумкинлиги ҳақида сўзлаб берди! Солиқ органларидан 1% кешбэк бундай қайтаришнинг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Унинг ишонч билан таъкидлашича, харидор ушбу 1%ни унинг дўконлари чеклари бўйича олади, сабаби унинг касса аппаратлари қонуннинг барча нормалари бўйича созланган.
Қандай қилиб МХИКни тадбиркор учун янада қулай инструментга айлантириш мумкин
Молия вазирлиги ва ДСҚнинг ахборот хатида МХИК тизимини кенг кўламда такомиллаштириш эълон қилинди. Бу жуда яхши! Бухгалтерлар бу ишдан нимани кутишади?
1. МХИК батафсил ва барчага тушунарли бўлган регламентларга эга бўлиши керак. Уларда кодлар қандай шакллантирилиши, улар товарга қандай берилиши ва якуний истеъмолчига қадар унинг бутун йўлида қандай қўлланилиши аниқ ёзилган бўлиши керак.
2. Бошқалар қаторида, уларда имтиёзлар, ўлчов бирликлари ва бошқа ҳар қандай атрибутларнинг МХИКга боғланиши қоидалари ёзилиши лозим. Бу рақамли маркировкалаш учун яратилганга ўхшаш батафсил қоидалар бўлиши керак. Бугунги кунда барча ушбу нозик жиҳатларни ДСҚ асосан видеороликлар ёрдамида тушунтиришга ҳаракат қилмоқда. Бироқ бухгалтер аниқ тушуниши учун ҳаммаси батафсил баён этилган ҳужжат зарур.
3. Маълумки, ҳозир каталог шакллантирилади. Бу биз янги МХИКларни олишимизни англатади. Яратилган ва фойдаланилаётган МХИКларга тегмасликка ҳаракат қилиш керак. Зарурат бўлганда - янги МХИКларни жорий қилиш лозим, тадбиркорлар ўз вақтида созлашни амалга оширишлари учун уларни ўз вақтида эълон қилиш керак.
4. Ишлаб чиқарувчидан (импортёрдан) якуний истеъмолчига қадар товар ҳаракатининг бутун занжирида МХИКни қўллашни максимал даражада автоматлаштириш жуда муҳимдир. Хусусан, ахборотларни киритишда ЭҲФ тизимидан онлайн-НКТ тизимига ўтказиш зарур бўлган товарнинг улгуржи тармоқдан чакана тармоққа тушиш пайти анча мураккаб кўринади. Бугун сотувчи ҳар бир товар бўйича МХИКни онлайн-НКМ хотирасига қўлда киритиши керак. Айнан шу босқичда бехос хатолар юзага келиши мумкин. Ҳамма тадбиркорларда ҳам шошилмасдан ахборотни онлайн-НКМга киритиш билан шуғулланадиган алоҳида ходимни ёллаш учун ресурслар мавжуд эмас. Тан олиш керак, бугунги кунда фақат йирик савдо тармоқлари бундай имкониятга эга.
Ушбу жараённи автоматлаштириш мумкин, деб ҳисоблайман. Вариант сифатида - МХИКли товарларни ҳисобварақ-фактуралар тизимидан солиқ тўловчи шахсий кабинетининг “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар бўйича ахборот” интерактив хизматига юклаб олиш имкониятини назарда тутиш мумкин. У ердан эса - автоматик тарзда онлайн-НКМ ёки виртуал кассага ўтказилади.
Умуман, бухгалтер шахсан МХИК билан муомала қиладиган ҳолатларини минималлаштириш лозим. У товарнинг ишлаб чиқарувчидан (импортёрдан) чиқишида фақат бир марта муомалада бўлса, шунинг ўзи айни муддао бўлади. Қолган барчасини эса компьютер ва автоматика бажариши керак”.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади