Қандай қурилмалар 2D-сканернинг ўрнини босиши мумкин

preview

Buxgalter.uz да “Умумий овқатланиш корхонаси рақамли маркировкалаш кодлари сканерисиз ишлаши мумкинми” материалини ўқиб чиқдим. Яқинда салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкалаш бошланиши боис, саволлар туғилди: 1) мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотлар учун алоҳида онлайн-НКТга эга бўлиш керакми; 2) 2D-сканердан ташқари қандай қурилмалардан фойдаланиш мумкин? Вақтида бизга сканер сотиб олишни таклиф қилишганди, бироқ биз рад этганмиз, сабаби ТХКМда бизнинг кассамиз штрих кодлар ва рақамли маркировкалаш кодларини ўқишни таъминлайди дейишганди. Бизда ассортиментда алкоголь маҳсулотлари мавжуд эмас, асосан – ўзимиз тайёрлаган таомлар ва алкоголсиз салқин ичимликлар мавжуд”.

“Норма” ва buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни “RIG” МЧЖ директори Рустам ЁҚУБОВ тушунтирди:

 

– Тадбиркорлар учун онлайн-НКТнинг сони бўйича талаблар ва чекловлар мавжуд эмас. Тадбиркорлик субъекти у қанча ва қандай турдаги назорат-касса техникасини қўллашни ўзи мустақил ҳал қилади. Бунда қонун ҳужжатларини бузмасдан ишлаш ва мижозларга хизмат кўрсатиш ва ходимларнинг ишлаши учун қулай шароитлар яратиш заруратидан келиб чиқиш лозим.

Агар сизнинг объектингизда бир нечта онлайн-НКМ ва (ёки) виртуал кассалар бўлса, умуман, мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотларни уларнинг ҳар қайсисидан ўтказишингиз мумкин. Агар уларнинг барчасида рақамли маркировкалаш кодини ўқиш учун сканер мавжуд бўлса, сиз товарни қайси кассадан сотишингизнинг фарқи йўқ. Асосийси, касса маҳсулотларни ҳисобварақ-фактура бўйича харид қилган тадбиркорлик субъекти номига рўйхатдан ўтказилган бўлиши лозим.

Эслатиб ўтаман, мажбурий рақамли маркировкаланган маҳсулотларни реализация қилишга тайёрланаётган барча тадбиркорлик субъектлари “Асл белгиси” тизимида рўйхатдан ўтишлари керак.

Рақамли маркировкаланган маҳсулотларни чакана реализация қилувчи тадбиркорлик субъектлари:

  • онлайн-НКМ ва виртуал кассага уланган;
  • штрих-кодлар ва рақамли маркировка кодларини тўғри ўқишни ва аниқлашни таъминловчи махсус қурилмалардан  фойдаланишлари шарт .

Бу қурилмасиз сиз ушбу товарлар гуруҳи билан ишлай олмайсиз.

Аксарият қўлланилаётган онлайн-НКМ бугунги кунда штрих-кодлар ва рақамли маркировка кодларини ўқиш имконини берадиган ўрнатилган камераларга эгадир. Сизнинг кассангизда бундай имконият мавжуд ёки мавжуд эмаслигини ТХКМда аниқлаштириш мумкин.  Шу ернинг ўзида сизни ушбу функционалдан фойдаланишга ўргатишлари мумкин.

Агар расмиятчилик нуқтаи назаридан ёндашилса, 2D-сканер ёки ўрнатилган сканерга эга кассага маълумотлар тўплаш учун терминал кўринишидаги қўшимча қурилмаларни сотиб олиш керак эмас. Назорат қилувчи органлар томонидан сизга нисбатан ҳеч қандай эътирозлар бўлиши мумкин эмас. Лекин, агар ушбу масалага амалий томондан ёндашилса, ўзига хос жиҳатлар мавжуд... Мижозлар ва маҳсулотларнинг катта оқимида, назаримда, ўрнатилган сканер билан ишлаш ноқулай бўлади.

Бу касса аппаратини алмаштириш кераклигини англатмайди. Сизда мавжуд бўлган техникани қўшимча жиҳозлаш мумкин. Агар қўшимча жиҳозлашга қарор қилсангиз, кассангизга қандай қурилмаларни улаш мумкинлиги юзасидан ўз ТХКМ билан маслаҳатлашинг. Булар сканерлар ёки маълумотлар тўплаш учун махсус терминаллар бўлиши мумкин. Сизга кўпроқ мос келадиганини танланг.

Ўзбекистонда 2D-сканер штрих-кодлар ва рақамли маркировкалаш кодларини ўқиш учун энг оммабоп қурилма ҳисобланади.

Эътибор беринг

Агар сиз онлайн-НКМ ёки виртуал касса билан ишлайдиган бўлсангиз ёки сиз ушбу техника билан ишлаётган бўлсангиз ва сизда ҳозир саволлар мавжуд бўлса – “Онлайн-НКТ чекларига давлат талаблари: уларни қандай бажариш керак” вебинарига таклиф қиламиз. Бу ерда ёзилиш мумкин.

Вебинарда биз қуйидагиларни батафсил кўриб чиқамиз:

  • онлайн-НКТ қандай кўринишга эга бўлиш керак – электрон шаклда ва қоғозга чоп этилган ҳолда;
  • чекда қандай маълумотни мажбурий равишда акс эттириш лозим ва нимани сотувчи ихтиёрига кўра кўрсатиш мумкин;
  • сотувчи ва онлайн-НКТ тўғрисидаги маълумот нимани ўз ичига олади;
  • чекда воситачилик шартномаси бўйича реализация қилинадиган товарлар қандай акс эттирилади;
  • харид тўғрисидаги умумий маълумот – ҚҚС суммаси, харид қиймати, тўлов тури ва шакли қандай акс эттирилади;
  • қандай реквизитлар чекни ноёб ҳужжатга айлантиради.

Шунингдек, сизни   “Чекда реализация қилинган товар тўғрисидаги маълумот қандай акс эттирилади” мавзусидаги амалий машғулот кутади. Бу ерда биз товар тўғрисида ёзувни шакллантиришнинг барча босқичларидан ўтамиз ва юзага келадиган барча саволларга жавоб берамиз.

Амалий машғулотда иштирок этиш учун дастлабки тайёргарликдан ўтиш мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун “Онлайн-НКТда товарлар билан қандай ишлаш керак” вебинари ёзувини кўринг.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Товар ва хизматлар кодлари Товар ва хизматлар кодлари Товар ва хизматлар кодлари /ru/publish/doc/text188698_qanday_qurilmalar_2d_skanerning_urnini_bosishi_mumkin