Трансферт нархни белгилаш нима? (1-2-қисм)

preview

Трансферт нархлар нафақат солиқ солиш масалаларида, бухгалтерия ҳисоби ва бошқарув учун ҳам аҳамиятли ҳисобланади.  MBA, ДипИФР, «SFAI Buxgalter-audit» МЧЖ Аудиторлик ташкилоти аудитори Иброҳим Аҳмадхонов Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) трансферт нархлар бўйича йўриқномасини қўллашга оид халқаро амалиётлар хусусида туркум мақоллар тайёрлаган. Бугун buxgalter.uz ўқувчилари учун мазкур туркумдаги мақолаларнинг 1-2-қисмини чоп этамиз.

 

Глобаллашув натижасида компаниялар ўз шўъба компанияларини бошқа давлатларда осонлик билан оча бошладилар ва бошқариш имкониятига эга бўлдилар. Натижада трансмиллий компаниялар юзага кела бошлади.

Ҳозирги кунда трансмиллий компаниялар ва уларнинг гуруҳ компаниялари жаҳон ЯИМининг камида учдан бир қисмини ва халқаро савдонинг учдан икки қисмини ташкил қилади. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, бизнеснинг катта қисми ҳозирда йирик глобал корпорациялар томонидан амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, халқаро савдонинг тахминан учдан бир қисми трансмиллий компаниялар ўртасида эмас, балки уларнинг ўз ичларида содир бўлиши тахмин қилинмоқда, яъни миллий чегаралар орқали, лекин битта гуруҳ компаниялари доирасида. Aйнан шу ерда трансфер нархлари долзарб бўлиб қолади.

Масалан, АБС маиший техника компанияси Ўзбекистонда ўз фаолиятини олиб боради. Компания раҳбарияти уларга зарур бўлган эҳтиёт қисмларни Хитой компаниясидан сотиб олиш ўрнига, Хитойда ўз шўъба компаниясини (БСД) очишга қарор қилган. Ўзининг тайёр маҳсулотларини Дубайда сотиш учун эса СДК шўъба компаниясини ташкил қилишга қарор қилган. Натижада , бош офиси ва асосий ишлаб чиқариши Ўзбекистонда жойлашган компания (АБС), унга эҳтиёт қисмлар етказиб берувчи шўъба компания (БСД) ва унинг тайёр маҳсулотларини сотиш билан шуғулланадиган шўъба компания (СДК)дан иборат трансмиллий компания гуруҳи юзага келди.

Бу компаниялар ўртасида товарлар ва хизматларнинг олди-сотдиси ёки бошқа операциялар “Гуруҳ компаниялари ичидаги операциялар” ҳисобланади. Асосий муаммо ана шу операциялар бўйича солиқ мақсадларида нархларни белгилаш – трансферт нарх белгилашнинг асосий муаммоси ҳисобланади.

 

Трансферт нархларнинг бошқарувдаги аҳамияти

Трансферт нархлар нафақат солиқ солиш масалаларида, бухгалтерия ҳисоби ва бошқарув учун ҳам аҳамиятли ҳисобланади. Кўпинча бош компания ва шўъба компания ўртасида товар/хизмат олди-сотдиси юз берганда, бундай операция гуруҳнинг бир компанияси тушумига, иккинчисининг ҳарид қийматига таъсир кўрсатади.

Шўъба корхоналар кўпинча маълум бир фойда ўлчови асосида баҳоланади ва трансферт нархлаш турли бўлинмалар фойдасига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Шунингдек, трансферт нархлари шўъба компания менежерларининг товарларни ички (масалан, гуруҳдаги бошқа субъектларга) ёки ташқи (учинчи шахсларга) сотиш истакларига таъсир қилади. Масалан, агар гуруҳ ичидаги трансферт нархи жуда паст бўлса, нефть қазиб оладиган шўъба компания  маҳсулотларни қайта ишловчи шўъба компанияга  сотишдан бош тортиши ва бозорда учинчи шахсларга сотишни афзал кўриши мумкин. Шу сабабли, трансферт нархлаш бошқарув қарорларига таъсир қилиши ва потенциал равишда компаниянинг фойда максималлаштириш мақсадига зарар етказиши мумкин.

Идеал ҳолатда, трансферт нархлаш шўъба компания менежерларига нафақат ўз манфаатлари (масалан, ўз шўъба компанияси фойдасини максималлаштириш) учун, балки бутун гуруҳ компаниялари манфаатлари учун ҳам қарорлар қабул қилишга рағбат бериши керак.

Трансферт нархлашнинг бошқарув жиҳати муҳим бўлса-да, одатда ундан устун келадиган бир ўлчов мавжуд. Трансферт нархлаш солиқ мақсадлари учун жуда муҳим, чунки у турли юрисдикцияларда солиққа тортиладиган гуруҳ компаниялари фойдасининг миқдорини белгилайди.

 

 

 

Трансферт баҳони шакллантириш Трансферт баҳони шакллантириш Трансферт баҳони шакллантириш /ru/publish/doc/text202122_transfert_narhni_belgilash_nima_1-2-qism