Таъсисчи алмашганда солиқ оқибатлари юзага келадими

preview

“Чет эл инвестицияси иштирокидаги корхона (МЧЖ) иккита таъсисчига эга: Россия компанияси – 49% ва Ўзбекистон корхонаси – 51%. Иштирокчилар умумий йиғилиши томонидан Россия компанияси томонидан УФдаги 19% миқдордаги ўз улушининг бир қисмини жамиятнинг иккинчи иштирокчисига (резидентга) сотиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Кейинги босқичда иккинчи иштирокчи томонидан 19% миқдордаги улушнинг бир қисми учинчи шахсга – АҚШ компаниясига сотилади. Шу тариқа, улушлар қуйидаги тарзда тақсимланади: Ўзбекистон корхонаси – 51%, Россия компанияси – 30% ва Америка компанияси – 19%. Ярим йиллик якунлари бўйича соф активлар қиймати қопланмаган зарар ҳисобига устав фонди миқдоридан камроқ бўлиб қолди. МЧЖ иштирокчилари улушларининг олди-сотдисига доир тартиб-таомилдан олдин унинг устав фондини камайтириш зарурми? Барча томонлар учун солиқ оқибатларисиз олди-сотдини қандай тўғри расмийлаштириш мумкин? Улушлар қандай тўғри ҳисобланади: ҳақиқий қиймати бўйичами ёки номинал қиймати бўйича?”.

Вазиятни “Норма” эксперти Ольга БУСАРОВА тушунтирди:

 

– Устав фонди ва таъсисчиларни алмаштириш билан боғлиқ операцияларни амалга оширишда “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонунга амал қилишни тавсия қиламиз .

Агар иккинчи ва ҳар бир кейинги молия йили тугаганидан кейин жамият соф активларининг қиймати унинг устав фондидан кам бўлиб қолса, жамият устав фонди ўзининг соф активлари қийматидан ошмайдиган миқдоргача камайтирилишини эълон қилиши ва бундай камайтиришни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиши шарт .

Норезидентларнинг Ўзбекистон Республикаси юридик шахсларининг устав фондидаги улушларни реализация қилишдан олинган, Ўзбекистонда доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган, Ўзбекистондаги манбалардан олинган даромадларига солиқ солинади . Бунда солиқ солинадиган даромад ҳужжатлар билан тасдиқланадиган реализация қилиш суммасининг сотиб олиш қийматидан ошган суммаси сифатида аниқланади . Устав фондидаги улуш тарзидаги мол-мулкни сотишда резидент бўлган корхонанинг даромади ҳам шунга ўхшаш тарзда аниқланади .

Улушни номинал қиймати бўйича реализация қилишда мол-мулкни реализация қилишдан олинадиган даромад мавжуд бўлмайди, бинобарин, сотувчида (Россия компаниясида, сўнгра эса Ўзбекистон компаниясида) солиқ мажбуриятлари юзага келмайди. Таъсис ҳужжатлари ва олди-сотди шартномаси улушнинг номинал қиймати ва улушнинг сотиб олиш қийматининг ҳужжатли тасдиғи ҳисобланади.

Улушнинг харидорида ҳам (Ўзбекистон корхонасида, сўнгра эса Америка корхонасида) солиқ мажбуриятлари мавжуд эмас.

Жамият учун ҳам таъсисчиларнинг алмашиши солиқ оқибатларига олиб келмайди. Жамиятнинг бухгалтерия ҳисобида фақат “Пай ва улушлар” 8330-счётининг таҳлилий қисми ўзгаради: ҳисса суммаси битта таъсисчининг (улуш сотувчисининг) субсчётидан (субконто) бошқа таъсисчининг (улуш харидорининг) субсчётига ўтказилади.

Устав фондидаги улушни (улушнинг бир қисмини) сотиб олувчига жамият иштирокчисининг улуш сотилгунга қадар юзага келган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўтади.

Фақат жамият (қонун билан белгиланган ҳолатларда) иштирокчининг улушини ўзи сотиб олган тақдирда жамият иштирокчисининг ҳақиқий улушини тўлаш бўйича мажбурият юзага келади .

Олди-сотди шартномаси бўйича нарх тарафларнинг келишуви билан белгиланади . Шу боис нархлар: келишувга биноан  номиналдан юқори, унга тенг ва ундан паст бўлиши мумкин.

 

 

Хусусий капитал ва таъсисчилар билан ҳисоб-китоблар Хусусий капитал ва таъсисчилар билан ҳисоб-китоблар Хусусий капитал ва таъсисчилар билан ҳисоб-китоблар /ru/publish/doc/text183948_tasischi_almashganda_soliq_oqibatlari_yuzaga_keladimi