Давлат активлари сотилади, инвестиция таклифлари шакллантирилади

preview

Мамлакатимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмлари такомиллаштирилмоқда (29.04.2019 йилдаги ПҚ–4300-сон қарор).

Ушбу йўналишдаги ишлар фаоллаштирилиб, қуйидаги чора-тадбирлар кўрилмоқда:

биринчидан, кимё ва нефть-газ саноати, машинасозлик соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектлар, банк-суғурта ташкилотлари устав капиталларидаги давлат акциялар (улушлар) пакетларини сотиш.

Хусусан, «Алоқабанк», «Туронбанк», «Asia Alliance Bank» ва «Кафолат» АЖдаги давлат улушларини (25%) сотиш таклиф қилинмоқда. Сотиш учун таклиф қилинаётган акциялар (улушлар) пакетларининг умумий сони – 29 та. Нуфузли халқаро баҳолаш компаниялари умумқабул қилинган халқаро баҳолаш стандартларига мувофиқ уларни баҳолаш билан шуғулланади. Алоҳида пакетлар инвестиция воситачилари ёки маслаҳатчилари орқали сотилиши мумкин. Бунда Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан баҳоловчилар, инвестиция воситачилари ва маслаҳатчилари энг яхши таклифлар асосида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича танлаб олинади (27.09.2018 йилдаги ПҚ–3953-сон қарорга тегишли қўшимчалар киритилди).

Бундан ташқари, ёғ-мой саноати (17), «Ўзагрокимёҳимоя» АЖ (2) ва бошқа корхоналардаги (16) давлат активлари сотилади;

иккинчидан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш учун тайёр инвестиция таклифларини ишлаб чиқиш. Тегишли рўйхатга умумий суммаси 6 131 млн АҚШ долларини ташкил этадиган иқтисодиётнинг турли соҳаларига оид 86 та таклиф киритилди;

учинчидан, инвестиция ва бизнес форумлар, тақдимотлар («Road Show») ва маркетинг кампаниялари имкониятларидан кенг фойдаланиш. Масалан, жорий йилда Ўзбекистон вакиллари 9 та халқаро иқтисодий ва инвестиция форумларида иштирок этадилар.

Бундан ташқари, 2019 йил кузда пойтахтимизда Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтади. Яқин орада халқаро бизнес аренада Ўзбекистоннинг ижобий имижини илгари суриш бўйича «Invest in Uzbekistan» – ягона, мувофиқлаштирилган ахборот кампанияси ҳам ишлаб чиқилади;

тўртинчидан, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича устувор йўналишларни ташкил этиш. Хусусан, 2019 йилда 1 660 млн АҚШ доллари суммасига тенг 15 та турли ДХШ лойиҳаларини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Қарор билан бир қатор ташкилий масалалар ҳам тартибга солинган, ваколатли вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилган.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.04.2019 йилдан кучга кирди.


Олег Заманов.




Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text150272_davlat_aktivlari_sotiladi_investiciya_takliflari_shakllantiriladi