Полезное для бухгалтера в ноябре:
Давлат органлари карантин бўйича саволларга жавоб берадилар - 5
Карантин сабабли зарар кўраётган тадбиркор қаерга мурожаат қилиши керак? Ижарага олувчи ижарага берувчига карантин даврида ижара ҳақини тўлаши лозимми? Иш берувчилар хизмат автобусларида қанча ходимни ташишга ҳақли? Контрагент интернетга уланмаган бўлса, унга ҳужжатлар қандай етказиб берилади? Бу ва бошқа саволларга жавоблар – buxgalter.uz нинг тўплам материалида.
АОКА ва Koronavirus Info телеграм-каналларида карантин даврида зарар кўраётган Тошкент шаҳар тадбиркорларининг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича штаб ташкил этилганлиги ҳақидаги хабар эълон қилинди. Штабга қуйидаги телефонлар орқали мурожаат қилиш мумкин: (95) 144-27-00, (71) 202-08-81. Республика ишонч телефони рақами: 1100. Сайт: business.gov.uz.
Гайбулла ПРИМОВ, Адлия вазирлиги бошқармаси бошлиғи:
– 31 мартда автомобиль бошқаруви учун стикер олдим. Бироқ кеча ДАН ходими мени тўхтатиб, ушбу стикер ҳақиқий эмаслигини ва унда машина рақами кўрсатилмаганлиги учун янгисига алмаштириш зарурлигини айтди. Янги стикер олишим лозимми?
– Март ойининг охирги кунларида Давлат хизмати агентлиги томонидан 2500 дан ортиқ стикерлар чиқарилган, уларнинг амал қилиш муддати 3 апрелда тугайди. Айни пайтда ушбу стикерларнинг амал қилиш муддати чекланмаган ҳисобланади ва бутун карантин даври мобайнида амал қилади. Шу боис стикерингизни қайта расмийлаштиришингиз шарт эмас.
– Хусусий тадбиркорман. Ижарага олувчи карантин даврида шартнома ижроси юзасидан мол-мулкдан фойдаланмаётган бўлса, ижара ҳақини тўлаши мажбурий ҳисобланадими?
– Ижарага олувчи шартномада белгиланган тартибда, шартномада кўрсатилган муддатда ижара ҳақини тўлаши шарт. Карантин даврида мол-мулкдан фойдаланилмаётганлиги сабабли ижара ҳақини тўлаш-тўламаслик масалалари томонларнинг ўзаро келишувига ёки шартномада назарда тутилган тартибга кўра белгиланади.
Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги Фармонига мувофиқ карантин даврида фаолиятини тўхтатиб туришга мажбур бўлган корхоналар томонидан давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловини ҳисоблаш ва йиғиш тўхтатилган.
– Нотижорат ташкилотига раҳбарлик қиламан. Ташкилот фаолиятини тугатиш арафасида эдик, бироқ карантин туфайли жараён бошланмай қолиб кетди. Карантин даврида ташкилотни тугатиш мумкинми?
– Нодавлат нотижорат ташкилотлари «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 36-моддасида белгиланган талабларга мувофиқ унинг раҳбари ёки ижро этувчи органининг қарорига биноан эмас, балки унинг олиб бошқарув органи ёки суднинг қарорига асосан тугатилади.
Меҳнат кодексининг 102-моддасига мувофиқ корхона тугатилганлиги сабабли иш берувчи ходимни у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида камида 2 ой олдин хабардор қилиши шарт.
Иш берувчининг ташаббусига кўра коронавирус инфекциясига чалинган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек 14 ёшгача болалари бўлган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларининг бекор қилиниши тақиқланган.
Нурмат ОТАБЕКОВ, Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси раҳбари:
– Карантин бўлишига қарамай, айрим компаниялар ўз фаолиятини давом эттирмоқда, ўз ходимларидан 30-40 кишини автобусда ташимоқда. Улардан кимдир касал бўлиб қолса, қолганларнинг саломатлиги учун ким жавобгар бўлади?
– Фуқароларни автобусларда ташиш ИИБ йўл патруль хизматлари томонидан назорат қилинади.
Бугунги кунда карантин даврида фаолият юритиши мажбурий бўлган идора ва ташкилотларнинг ходимлари махсус автобуслардан фойдаланган ҳолда ташилмоқда. Ушбу автобуслар дезинфекцияланади, уларнинг йўловчилари эса мажбурий тартибда ниқоб тақишлари лозим. Автобусларда белгиланган меъёрдан ошмаган равишда йўловчилар ташилади.
Карантин даврида фаолиятини давом эттираётган ходимлар тиббий назоратда бўлади. Кун давомида уларнинг ҳарорати ўлчаб турилади, улар ниқобларда ишлайдилар.
Шерзод АҲМАТОВ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби:
– «Ўзбекистон почтаси» АЖ янги хизмати – «гибрид почта» ҳақида айтиб ўтсангиз? Халқаро почта жўнатмалари етказиб берилаяптими?
– Буюртмачи почта операторига жўнатиладиган электрон шаклдаги ҳужжатларни олувчи ва жўнатувчининг манзиллари билан юборади. Улар олувчига яқин жойлашган почта офисида қоғозга чиқарилади ва конвертларга жойланади ҳамда энг қисқа муддат ичида етказиб берилади. Айни пайтда ушбу хизматдан Давлат хизматлари агентлиги, Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Мажбурий ижро бюроси ва бошқа идоралар фойдаланмоқда.
Халқаро почта жўнатмалари бўйича хизматларга келадиган бўлсак, тизим фаолият юритмоқда. Жўнатмалар қабул қилинмоқда ва уларга белгиланган санитария нормаларига мувофиқ ишлов берилмоқда.
АОКА материаллари асосида.