Полезное для бухгалтера в ноябре:
Давлат органлари карантин бўйича саволларга жавоб берадилар - 6
Жамоатчилик ишлари жамғармаси томонидан ишсиз қолганларга иш ҳақи тўлаб бериладими? Раҳбар карантин даврида ишлашга мажбурлаётган бўлса, нима қилиш керак? Хусусий тиббиёт клиникалари ходимлари шахсий автомобилларидан фойдаланишлари мумкинми? Жисмоний шахслар коммунал хизматлар бўйича қарзларини қандай сўндиришлари мумкин? Бу ва бошқа саволларга жавоблар – buxgalter.uz нинг тўплам материалида.
Шаҳноза РАВШАНОВА, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари:
– Тадбиркорман. Ҳақиқатан ҳам, ишсиз қолганлар карантин даврида корхонага ишга жалб қилинганда уларнинг иш ҳақи Меҳнат вазирлиги томонидан тўланадими?
– Ҳа, шундай. Карантин чоралари қўлланилган даврда, иш берувчининг идоравий буйсунувидан ва мулкчиликнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, жамоатчилик ишларида банд бўлган ходимларнинг иш ҳақи Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик ишлари жамғармаси томонидан тўлиқ, яъни 100 фоиз тўланади.
Асос – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги Фармони ва шу санадаги 18-сон мажлис баённомаси.
– Давлат унитар корхонаси 20 нафар ходимни жалб этган ҳолда бинони реконструкция қилиш ишларини олиб бормоқда. Ташкилот бунга ҳақлими?
– Ҳа, агар иш берувчи қонун доирасида иш юритаётган бўлса, бунга ҳақли. Мазкур ҳолатда меҳнат шартномаси расмийлаштирилиши, ишчиларга зарур шароитлар яратиб берилиши, иш ҳақи ўз вақтида тўланиши лозим.
Ишлар карантин даврида олиб борилаётганлигини ҳисобга олган ҳолда, бинода барча санитария-профилактика чора-тадбирларига риоя этилиши лозим. Бунда давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан назорат ишлари амалга оширилади.
– Қарши шаҳар ер ресурслари ва кадастри шаҳар бошқармасининг ёпиқ бўлишига (карантин сабабли) ва тегишинча, унинг ходимлари таътилга чиқарилганлигига қарамай, ташкилот раҳбари биздан ишни давом эттиришни талаб қиляпти. Мазкур ҳолат юзасидан ким билан боғланиш мумкин?
– Меҳнат ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан 1176; (71) 200-06-00 телефон рақамлари ва @mehnathuqubot телеграм-боти ёки dmi.mehnat.uz веб-сайти орқали боғланишингиз мумкин.
Ғайбулла ПРИМОВ, Адлия вазирлиги бошқармаси бошлиғи:
– Махсус рухсатномасиз автомобилни бошқарганлигим учун 4 460 000 сўм жаримага тушдим. Президентнинг Фармонига биноан жарима фақат карантин тугаганидан кейин тўланишини эшитдим. Шу тўғрими?
– Президентнинг 2020 йил 3 апрелдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ карантинга олинган шахсларга нисбатан қўлланилган маъмурий жарималарни (карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик бундан мустасно) тўлаш муддатлари карантин муддати тугагунига қадар узайтирилиши белгиланган.
Бундан келиб чиққан ҳолда, карантин қоидаларини бузганлигингиз учун сизга солинган жаримани тўлаш муддати узайтирилмайди.
Ушбу норма фақат карантинга олинган шахсларга тааллуқлидир.
– Хусусий клиниканинг бош шифокориман, хизмат машинам йўқлиги сабабли шахсий автотранспортимда ҳаракатланишим мумкинми?
– Айрим автотранспорт воситалари учун махсус рухсатномалар олиниши талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхатига ўзгартиришлар киритилди.
Ушбу рўйхатга мувофиқ ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотларнинг хизмат ва шахсий транспорт воситалари рўйхатдан чиқарилган. Бунда давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги санитария-эпидемиология хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар ва хизматлар ходимларининг шахсий автотранспорт воситалари рўйхатда қолдирилган.
Ушбу рўйхатда хусусий тиббиёт муассасалари ходимларига шахсий автотранспортларида ҳаракатланишга рухсат этилмаган.
Абдувоҳид ШАРОПОВ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги меҳнат инспекцияси бош техник инспектори:
- Корхона раҳбариман. Корхонамизда 100 дан ортиқ ходим ишлар эди, ҳозир эса 60 киши ишлайди. Биз ходимларнинг ҳароратини ўлчаб турамиз, уларни ниқоблар ва дезинфекция воситалари билан таъминлаймиз. Карантин даврида қандай ишлаш керак?
- «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ:
- ноқулай меҳнат шароитидаги ишларда банд бўлган ходимлар белгиланган нормаларга мувофиқ махсус кийимлар, махсус пойабзал ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши лозим;
- иш берувчи ходимларнинг шахсий ҳимоя воситалари бўйича техник хизмат кўрсатиш, ювиш, тозалаш алмаштириш, дезинфекция қилиш ва зарарсизлантириш ишларини ўз ҳисобидан амалга ошириши лозим.
Сменали ишларда бир неча кишилар фойдаланиши мумкин бўлган махсус кийимлар ва шахсий ҳимоя воситаларининг бир неча турлари мавжуд. Масалан, диэлектрик калишлар, диэлектрик қўлқоплар, резина фартуклар, ҳимоя шлеми, ҳимоя уст кийими, шлангли противогаз ва шунга ўхшаш ҳимоя воситалари ҳар бир смена охирида мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда дезинфекция қилиниши лозим.
Фаррух ТОШПЎЛАТОВ, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари:
– Карантиндан кейин хорижга бормоқчи бўлсам, қарзим бор-йўқлигини қандай билсам бўлади? Кимга мурожаат қилишим керак?
– mib.uz расмий сайтида «Интерактив сервислар» саҳифасида «Республикадан чиқишга чекловлар» блогидан фойдаланинг.
– Мажбурий ижро бюросининг сервислари орқали коммунал хизматлар учун ҳақ тўласа бўлади, деб эшитдим. Буни қандай амалга ошириш мумкин?
– Telegram мессенжердаги @mibuzbot ботидан фойдаланинг.
Бунинг учун қуйидагиларни амалга оширишингиз лозим:
- бот каналига киринг ва «бошлаш» тугмасини босинг, сўнгра уни мобил телефонингиз рақамига уланг;
- коммунал хизматлар турларига мувофиқ шахсий маълумотларингизни, шунингдек яшаш жойингиз маълумотларини киритинг;
- ҳисоблагич суратини жўнатинг, тўловларни кузатинг ва шу тариқа қарзингизни сўндиришингиз мумкин.
Бундай имконият Мажбурий ижро бюросининг mib.uz расмий веб-сайтида ҳам мавжуд.
«АОКА» материаллари асосида.