Полезное для бухгалтера в ноябре:
Экспорт қилувчилар учун суғурта мукофоти компенсация қилинади
Экспорт қилувчилар гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланганда, суғурта мукофоти учун тўлов харажатларини компенсация қилиш тартиби тўғрисида низом регламентланди. Ҳужжат 25 август куни кучга кирди. “Норма” шарҳловчиси Лола АБДУАЗИМОВА янги Низом ҳақида батафсил гапириб берди:
- Экспорт қилувчилар гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланганда, уларга суғурта мукофоти учун тўлов харажатларини компенсация қилиш Давлат бюджети маблағларидан суғурта пулининг 1%идан ортиқ бўлмаган миқдорда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) томонидан амалга оширилади.
Қуйидагилар компенсация тўлаш шартлари ҳисобланади:
- суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофоти суғурталовчига суғурта қилдирувчи томонидан тўланган бўлиши, суғурта мукофоти суғурталовчига тўғридан-тўғри қоплаб бериладиган ҳолатлар бундан мустасно;
- экспорт шартномалари (инвойслар) Ташқи савдо операцияларининг ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилган бўлиши (битта инвойс бўйича 5 минг АҚШ долларигача товарларни ёки хизматларни экспорт қилиш ҳолатларидан ташқари), экспортолди молиялаштириш шартномаси бўйича суғурта амалга оширилиши ҳолатлари бундан мустасно;
- аввал олинган компенсация бўйича суғурта шартномаси муддатидан аввал бекор қилинган бўлса, суғурта қилдирувчи томонидан компенсациянинг тегишли қисми қайтарилган бўлиши;
- тадбиркорлик хавфини суғурта қилиш шартномаси бўйича фақат суғурта қилдирувчининг ўз тадбиркорлик хавфи ва молияловчи шахс фойдасига суғурталаниши;
- суғурта шартномасининг тури Низомда келтирилган ҳамда Фуқаролик кодекси ва “Суғурта фаолияти тўғрисида” Қонун ҳужжатлари билан белгиланган шартларга мос келиши шарт.
Ариза берувчи компенсация олиш учун Агентликка ариза билан мурожаат қилиши керак, у 7 иш куни давомида кўриб чиқилади.
Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда Агентлик компенсацияга маблағ олиш учун Молия вазирлигига мурожаат қилади. Молия вазирлиги уч иш куни мобайнида пулни ўтказаб беради, шундан кейин Агентлик бир иш куни давомида суғурта қилдирувчи ёки суғурталовчига тўлаб беради.
Шунингдек, Низомда:
- суғурта мукофотини қоплаб бериш учун талаб этиладиган ҳужжатлар ва уларни кўриб чиқиш тартиби;
- суғурта мукофотини қоплаб беришни рад этиш сабаблари;
- суғурта мукофотини қоплаб бериш учун тўловларни амалга ошириш тартиби кўрсатилган.