Прочтите, если выплачиваете доходы нерезидентам, не связанные с ПУ:
ҚҚС тўловчиларнинг сони 6 баравар ошди
Йил бошидан буён беш ой давомида ҚҚС тўловчилар сони 25 мингтага ортиб, бугунги кунда 42 мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда ДСҚ раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев шу ҳақда хабар берди.
2018 йилда 350 минг нафар солиқ тўловчидан фақатгина 7,1 мингтаси (2%) ҚҚС тўлаган, бу давлат бюджети салмоқли маблағ йўқотишига олиб келган. Мубин Мирзаевнинг сўзларига қараганда, ҚҚС тўловчиларнинг тоифасини кенгайтириш ҳисобига солиқ юкининг ошиши ва инфляция даражасининг ўсиши солиқ ислоҳотидаги баҳсли масала бўлган. Ўрта ҳисобда 17 мингта ҚҚС тўловчилар пайдо бўлиши ва уларнинг сони 25 мингтага етказилиши тахмин қилинган. Бироқ ҳозирга келиб бу рақам 42 мингдан ортиқни ташкил қилмоқда, шундан 4 мингтаси ихтиёрий равишда ҚҚС тўлашга ўтган.
Жорий йилнинг январь–май ойларида давлат бюджетига солиқ тушуми 32 трлн сўмни ташкил этиб, 2018 йилнинг худди шу даври билан солиштирганда 1,6 баравар ошган. Бу солиқ тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар самарадорлигини намоён этмоқда.
«Нима учун ҚҚСни ҳисобга олишда 1 млрд сўмлик (ёки 120 минг АҚШ долларилик) чегара олинган? Бу йирик ва кичик бизнес ўртасидаги чегарани белгилаш имконини берувчи мақбул кўрсаткич. Хорижий мамлакатлар амалиётида қуйироқ кўрсаткич белгиланган. Масалан, Россияда у 30 минг АҚШ долларини, Туркияда 25 минг АҚШ долларини ташкил этади», – дея қайд этди у.
ҚҚС тўлашга доир амалий кўникмалар мавжуд эмаслигини инобатга олган ҳолда ўтиш чораси сифатида 2021 йил 1 январгача ҚҚСни 4%дан 15%гача пасайтирилган ставкаларда ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этишга қарор қилинди. Ушбу тартибда, стандарт режимдан фарқли равишда, ҳисобга олиш ҳуқуқи бўлмайди. Айни пайтда солиқ тўловчиларнинг қарийб 10%и ҚҚСни ҳисоблаб чиқаришнинг соддалаштирилган тартибини танлаганлар. «Аслида улар ҳисобга олган ҳолда 20% тўлагандан кўра кўпроқ тўлаяптилар. Бундай тадбиркорлар икки йил ичида ҚҚС бўйича мураккаб ҳисоб-китобларни амалга оширишни ўрганиб олиб, стандарт тартибга ўта оладилар», – дея изоҳ берди Мубин Мирзаев.
Шу билан бирга ижтимоий аҳамиятга эга бўлган маҳсулотлар нархи ўсишининг олдини олиш мақсадида Солиқ кодексининг 208-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилди, унга кўра, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари Вазирлар Маҳкамаси рўйхатига асосан ҚҚСдан озод қилинади.
Бундан ташқари, ҚҚСни қайтариш учун солиқ органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати ҳам қисқартирилди, бугунги кунда уларни электрон кўринишда тақдим этиш мумкин.
Солиқ тўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида электрон ҳисобварақ-фактуралар сервиси жорий этилди, ҳозиргача ундан 16 мингдан ортиқ солиқ тўловчи фойдаланиб, уларда 5 трлн сўмлик ҚҚСни акс эттирди.
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларга ҚҚСнинг иқтисодий мазмун-моҳиятини ва уни қўллаш тартибини тўлақонли етказиб бериш мақсадида «Маслаҳат хизмати ойнаси» ташкил этилди, махсус методик қўлланмалар тайёрланди, ушбу солиқни тўлашга ўтишда зарур ёрдам кўрсатиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ноқонуний даромад олиш ва ҚҚС тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларни фош этиш учун ДСҚ таваккалчиликларни таҳлил этиш тизимидан фойдаланганда ҳар бир солиқ тўловчи бўйича 43 та манбадан маълумот олади. Чунончи, йил бошидан буён ўртача 40,0 млрд сўмлик ҚҚС ҳисоботларидаги камчиликлар аниқланиб, бартараф этилди. Мисол учун, солиқ органлари алкоголь, шунингдек импорт товарлар реализациясида жиддий қонунбузарликларга йўл қўйилганини фош этдилар, бунда тушум сезиларли даражада камайтириб кўрсатилган.
Бунда солиқ органларининг фаолияти солиқ тўловчиларни жавобгарликка тортишга эмас, балки уларнинг хатоларини биргаликда тузатиш ва ишончли ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйишга асосланган.
Лола Абдуазимова.