Полезное для бухгалтера в ноябре:
Ўзбекистонда шахсий инвестиция ҳисобварағи қандай очилади
15 июнда Шахсий инвестиция ҳисобварағини (ШИҲ) очиш ва ундаги маблағларнинг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом кучга кирди. Ким ва қандай муддатларда бундай ҳисобварақни очиши мумкин? У қандай бошқарилади ва инвестициялардан олинган даромаддан солиқлар қандай тўланади? Ниҳоят, бундай ҳисобварақлар эгаларини қандай имтиёзлар ва преференциялар кутади?
Buxgalter.uz ушбу ҳужжат шарҳини ўқишни таклиф қилади:
Янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
ШИҲ нима ва у қандай ишлайди
Шахсий инвестиция ҳисобварағи (ШИҲ) –бу жисмоний шахснинг Ўзбекистон фонд бозорида муомалага чиқарилган ва уюшган қимматли қоғозлар бозорида савдо қилинадиган қимматли қоғозларни сотиб олиш учун махсус сўмдаги ҳисобварағи.
Фуқаро бир вақтнинг ўзида фақат битта ШИҲга эга бўлиши мумкин ва уни ўзи ёки инвестиция воситачиси – мижоз номидан ва унинг ҳисобидан қимматли қоғозлар бўйича битимлар ва операцияларни амалга оширадиган, фонд биржасининг аъзоси ҳисобланган қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси орқали тасарруф қилади.
ШИҲда акциялар бўйича дивидендлар ва облигациялар бўйича фоиз даромадлари ҳисоби юритилмайди. Ушбу маблағлар инвестиция воситачиси томонидан мижознинг банк ёки депо-ҳисобварағига ўтказилади.
Шахсий инвестиция ҳисобварағи қандай очилади, тасарруф қилинади ва ёпилади
- Ўзбекистоннинг 18 ёшга тўлган фуқароси бундай ҳисобварақ эгаси бўлиши мумкин. Бунинг учун у инвестиция воситачисига ЖШШИРни кўрсатган ҳолда ариза ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади.
- Инвестиция воситачиси бир кун ичида ариза берувчи билан ШИҲни очиш ва юритиш бўйича бир йил муддатга шартнома тузади.
- Ҳисобварақ очилганидан сўнг унинг эгаси унга маблағларни (иш ҳақи, бошқа даромадларнинг бир қисми) ўтказади, инвестиция воситачиси эса ШИҲ эгаси билан келишган ҳолда ушбу активларни бошқаради.
- Инвестиция воситачиси – солиқ агенти. У инвестициялардан олинган даромадлардан олинадиган солиқни мустақил равишда ҳисоблаб чиқаради ва мижозга соф даромадни тўлашдан олдин солиқ органларига ўтказади (шартноманинг муддати тугаган ёки ҳисобварақ муддатидан олдин ёпилган тақдирда).
- Инвестиция воситачилари ва ишончли бошқарувчилар мижознинг талабига биноан унга ШИҲдаги қимматли қоғозлар ва маблағларнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши шарт.
- Мижознинг талабига биноан инвестиция воситачиси талаб қилинган пайтдан эътиборан 10 кун ичида ҳисобварақни ёпиши керак.
- Мижоз бошқа инвестиция воситачисида янги ШИҲ очиш ҳуқуқига эга, башарти олдинги шартнома бекор қилинган ва илгари очилган ҳисобварақ ёпилган бўлса.
- ШИҲнинг ҳолати ва ундаги операциялар тўғрисидаги ахборот махфий ҳисобланади ва фақат қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллардагина ошкор қилиниши мумкин.
Шахсий инвестиция ҳисобварағи эгаси қандай солиқларни ва қандай ҳолларда тўлайди
Солиқ тўловчилар иш ҳақининг ва бошқа даромадларининг маҳаллий фонд бозорида эмиссия қилинган қимматли қоғозларни сотиб олиш учун шахсий инвестиция ҳисобварағига йўналтириладиган қисмига, қуйидаги шартларда ЖШДС солинмайди :
1) солиқ даври давомида ҳисобварақни тўлдириш суммаси 100 МҲЭКМдан ошса (эълон қилиш санасида – 105 млн сўм). Агар солиқ даври мобайнида ШИҲни тўлдириш суммаси 100 МҲЭКМдан ошса, ошиш суммаси мижознинг оддий депозит ҳисобварағига ўтказилади;
2) ШИҲга бадаллар шартноманинг амал қилиш муддати бошланган кундан эътиборан 12 ой ичида қайтариб олмаслик шарти билан келиб тушади. Ушбу шарт бузилган ёки шартнома муддатидан олдин бекор қилинган ва маблағлар тўлиқ ёки қисман қайтарилган тақдирда қайтариладиган маблағларга ЖШДС солинади;
3) қимматли қоғозларга инвестиция қилинган даромадлар (акциялар бўйича дивидендлар ва облигациялар бўйича фоизли даромадлар) бўйича солиқ қонунчилигига мувофиқ солиқ тўланади;
4) инвестиция воситачилари ва инвестиция активларининг ишончли бошқарувчилари ҳар ойда шахсий инвестиция ҳисобварақлари тўғрисидаги маълумотларни Солиқ қўмитасига электрон шаклда тақдим этиб борадилар.
Сизга қуйидаги тавсия асқотиши мумкин:
Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади