Чакана савдода мажбурий рақамли маркировкаланадиган товар билан қандай ишлаш лозим (йўриқнома)

preview

Buxgalter.uz илтимосига кўра «CRPT TURON» МЧЖ операцион директори Олег КУЗЬМИН чакана савдо шохобчалари мажбурий рақамли маркировкаланадиган товарлар билан ишлашга қандай тайёрланишлари кераклиги ҳақида гапириб берди.

 

–  Ушбу тоифадаги товарлар билан ишлашга тайёргарликни уч босқичга бўлиш мумкин.

Эътибор беринг

Сизга қуйидагилар керак бўлади:

  • 2D-сканерли назорат-касса техникаси (1D-сканер тўғри келмайди, сабаби фақат линияли штрих-кодларни ўқий олади);
  • фаолият юритувчи раҳбар номига расмийлаштирилган юридик шахснинг фаол ЭРИ.

 

1-босқич. Ускунани созлаб, ходимларни ўқитинг

Сканер ва рақамли маркировка билан ишлаш учун кассангизни созлашни, ходимларингизни маркировкаланган товар билан кассада ишлашга ўқитишни сўраб ТХКМга мурожаат қилинг.

 

2-босқич. «Asl Belgisi» МАТда рўйхатдан ўтинг

Рўйхатдан ўтиш учун ариза беринг:

  1. https://crpt-turon.uz сайтига киринг.
  2. «Бизнесга» иловасида «Тизимда рўйхатдан ўтиш» тугмачасини босинг.
  3. Очилган саҳифада «Текшириш» тугмачасини босинг. Браузерингиз тизимда ишлашга тайёр бўлмаса, саҳифада тавсия этилган барча ҳаракатларни бажариб, «Текшириш» тугмачасини яна бир марта босинг.
  4. Тайёргарлик муваффақиятли якунлангач, «Текшириш» тугмачаси ўрнида «Давом этиш» тугмачаси пайдо бўлади. Уни босинг.
  5. Ташкилотингиз юридик шахсининг ЭРИсини танланг, алоқа боғлаш учун электрон почта манзили ва телефонни кўрсатиб, анкетани тўлдиринг.
  6. «Аризани жўнатиш» тугмачасини босинг.

Аризани тўғри расмийлаштирган ёки расмийлаштирмаганингиздан қатъи назар, тизим аризангиз рақамини маълум қилади.

Сиз кўрсатган электрон почта манзилига 24 соат ичида рўйхатдан ўтганингизни ёки бу рад этилганини тасдиқловчи хат келади. Кўпинча иккита сабабга кўра рўйхатдан ўтказишни рад этадилар:

  • алоқа боғлаш маълумотларини нотўғри тўлдириш;
  • жисмоний шахснинг ЭРИдан фойдаланиб рўйхатдан ўтишга уриниш.

 

3-босқич. «Asl Belgisi» МАТ билан фойдаланиш учун шартнома тузинг (фақат рўйхатдан ўтгач, бунинг имкони бўлади)

Муваффақиятли рўйхатдан ўтгач, «Asl Belgisi» МАТ автоматик равишда маркировкалаш тизимига уланиш шартномасини шакллантиради (сиз кўрсатган товар гуруҳлари сонидан қатъи назар, уларнинг барчасига битта шартнома тузилади).

Шартномани имзолаганингиздан сўнг шахсий кабинетнинг барча функцияларидан фойдалана оласиз.

 

«Asl Belgisi» МАТ шахсий кабинетида қандай ишлаш лозим

1. Маркировкаланган маҳсулотни қабул қилиш

Маркировкаланган товарни қабул қилиш товарни олиш билан бир вақтда ЭҲФ асосида шахсий кабинетда акс эттирилади.

Маркировкаланган маҳсулотни қабул қилиш чоғида:

1) тақдим этилган ЭҲФ билан танишинг (ҳисоб юритувчи бухгалтерия дастури ёки ЭҲФ оператори тизими орқали);

2) ЭҲФда кўрсатилган ва ҳақиқатда маҳсулотга қўйилган маркировкалаш кодлари рўйхатини солиштиринг;

3) электрон ҳисобварақ-фактурани юридик шахснинг ЭРИси билан имзоланг.

Ҳаммасини тўғри бажарган бўлсангиз, «Asl Belgisi» МАТ шахсий кабинетининг «Кирувчи ҳужжатлар» бўлимида ушбу ЭҲФ пайдо бўлади. Барча олинган кодлар маркировкалаш кодлари реестрида «Айланмага киритилди» мақомида сақланади.

 

2. Товарни айланмадан чиқариш

Маркировкаланган товарни сотиш чоғида унинг ҳар бир алоҳида ўрамида Data Matrix кодини сканерланг. Тегишли маълумотлар фискал чекка киритилади ва ДСҚнинг маълумотлар базасига йўлланади.

Фискал чек текширувдан муваффақиятли ўтганда маркировкалаш кодлари кодлар реестрида – «Айланмадан чиқарилди, сотилди» мақомида сақланади.

Фискал чекларни шахсий кабинетда текшириш мумкин. Бунинг учун:

  • маркировкалаш тизимида авторизациядан ўтинг;
  • «Ҳужжатлар» бўлимида «Чеклар» иловасини босинг;
  • керакли чекни кўришингиз мумкин.

Шахсий кабинетда фақат маркировкалаш кодлари ҳақидаги маълумотлар қайд этилган чеклар акс эттирилади.

Тасдиқланган жадвалларга мувофиқ яқин орада «Asl Belgisi» МАТда маҳсулотни реализация қилиш учун тайёрлаш жараёнида фойдаланилган товарларни айланмадан чиқариш функцияси пайдо бўлади. Масалан, қуйиб реализация қилинадиган спиртли ичимликлар, таомларни тайёрлашда ингредиентлар ёки тиббиёт муассасаси беморга тиббий ёрдам кўрсатишда фойдаланган дори воситалари учун.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.