Солиқ қарзи бўйича пеня қандай ҳисоблаб чиқарилади?

10.12.2020

Агар солиқ тўловчи солиқ қарзини сўндирмаса, солиқ органлари уни мажбурий ундирадилар. Қонунчиликда белгиланган солиқларни тўлаш муддатларини бузганлик учун солиқ тўловчи пеня ҳам тўлайди. Пеня ҳисоб-китоби тартиби ва унга тегишли преференциялар ҳақида buxgalter.uz учун “Норма” эксперти Дилором САИДОВА сўзлаб берди:

- Солиқ тўлаш мажбуриятига эга бўлган солиқ тўловчи уни тўлашга доир тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатувчи банкка, ўзининг банк ҳисобварағида пул маблағлари бор-йўқлигидан қатъи назар, ушбу белгиланган тўлов муддатидан кечиктирмасдан тақдим этиши шарт .

Агар солиқ тўловчи белгиланган муддатда солиқ қарзини сўндирмаса, солиқ органи уни ундириш чораларини кўриши шарт:

  1. солиқларни тўлаш муддати ўтганидан кейин 3 кундан кечиктирмай солиқ қарзини узиш тўғрисида талабнома юборади ;
  2. агар солиқ тўловчи солиқни тўлаш учун тўлов топшириқномасини мустақил равишда юбормаган бўлса, банк ҳисобварақларидаги пул маблағларини (жумладан корпоратив карталардаги маблағларни) солиқни тўлаш учун белгиланган муддат тугагач 3 иш кунидан кечиктирмай ундиради ;
  3. агар қарз ихтиёрий равишда ёки банклардаги ҳисобварақлардаги маблағлар ҳисобидан сўндирилмаса,  қарзни солиқ тўловчининг бошқа мол-мулки, шу жумладан нақд пул маблағлари ҳисобидан ундиради .

Шунингдек, солиқ қонунчилиги билан белгиланган солиқларни тўлаш муддати бузилган тақдирда пеня ҳисобланади .

Қандай ҳисоблаб чиқарилади?

2020 йилдан бошлаб пенянинг ставкаси МБнинг қайта молиялаш ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади ва унинг 1/300 қисмига тенг .

2020 йилда ҳар бир кечиктирилган кун учун пеня ставкаси қуйидагиларни ташкил этган:

  • 01.01.2020 йилдан 14.04.2020 йилга қадар – 0,053% (16% х 1/300);
  • 15.04.2020 йилдан – 0,05% (15% х 1/300);
  • 11.09.2020 йилдан – 0,047% (14% х 1/300).

Мисол
Солиқ ўз вақтида тўланмаганда пеня ҳисоблаш
Молиявий қийинчиликлар туфайли корхонада 3,6 млн сўм миқдорида солиқ бўйича боқимонда ҳосил бўлди. У солиқни тўлаш муддати ўтгандан кейин 15 кундан сўнг сўндирилди.
3,6 млн сўм миқдорида солиқ бўйича асосий қарздан ташқари, корхона 25 380 сўм (3 600 000 х 0,047% х 15 кун) пеня тўлайди.

Имтиёз

Пандемия даврида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун давлат уларга имтиёзлар ва преференциялар тақдим этди, шу жумладан – пеня ҳисоблаш ва тўлаш бўйича:

  • кичик тадбиркорлик субъектларига 2020 йил 15 май ҳолатига ер солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича 2020 йил 1 январдан бошлаб ҳосил бўлган пеня ва жарималар суммалари ҳисобдан чиқарилди ;
  • микрофирма ва кичик корхоналарда 2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар, пенялар ва ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликни ундириш 2020 йил 31 декабргача тўхтатилган  .

Мисол
2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар бўйича ҳосил бўлган қарз ва пеняни ундиришни тўхтатиш
Айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси бўлган умумий овқатланиш кичик корхонаси карантин туфайли 2020 йил 29 мартдан бошлаб фаолиятини мажбурий тўхтатди. Ҳисобварақда маблағлар етишмаслиги сабабли I чорак учун айланмадан олинадиган солиқ тўлиқ тўланмаган. Боқимонда 3,2 млн сўмни ташкил этган.
2020 йил 16 апрелдан бошлаб (СКда белгиланган солиқни тўлаш кунидан кейинги кундан бошлаб) айланмадан олинадиган солиқ бўйича ШКда ҳар бир кечиктирилган кун учун 1 600 сўм (3 200 000 х 15% : 300) миқдорида пеня ҳисобланади. 16 апрелдан 15 майга қадар (15 май ҳам киради) бўлган давр 30 кунни ташкил этади. Тегишинча, шу давр учун пеня суммаси 48 000 сўмни (1 600 х 30) ташкил этади.
Тақдим этилган преференцияга асосан 2020 йил 15 май ҳолатига ҳисобда бўлган 3 248 минг сўм (3 200 + 48) миқдорида боқимонда ва пеня суммалари 2020 йил 31 декабрга қадар ундирилмайди. 15 майдан кейин ҳисобланган солиқлар ва пеня СКда белгиланган тартибда ундирилади.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь