2020 йил учун Сув солиғи ҳисоб-китобини тўлдирамиз

preview

2020 йил учун Сув солиғи ҳисоб-китобини топшириш муддати яқинлашмоқда. Уни қандай тўлдиришни buxgalter.uz илтимосига биноан МВ Ресурс солиқлари ва бошқа даромадлар методологияси бўлими бошлиғи Зарема МЕНАЛИЕВА ва «Норма» эксперти Олег ЦОЙ тушунтиришди:


Ҳисоб-китобни тақдим этиш муддати

– Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчилар бўлган Ўзбекистон юридик шахслари (бундан қишлоқ хўжалиги корхоналари мустасно) сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш жойидаги солиқ органларига календарь йил якуни бўйича солиқ Ҳисоб-китобини йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатда тақдим этадилар.

Қуйидагилар Ҳисоб-китобни топширган бўлишлари керак:

  • қишлоқ хўжалиги корхоналари - 15 декабргача;
  • фаолиятини доимий муассасалар орқали амалга ошираётган норезидентлар бўлган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар - 20 январгача .

Деҳқон хўжаликлари учун солиқ суммасини солиқ органлари ҳисоблаб чиқарадилар.

Эслатиб ўтамиз
Аксарият корхоналар учун йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддати - 15 февралдан кечиктирмай, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар учун - ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 мартидан кечиктирмай.

Агар сизда сувдан фойдаланадиган бир нечта объектлар мавжуд бўлса ва улар турли туманларда жойлашган бўлса, тегишли сувдан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш жойлари бўйича алоҳида ҳисоб-китоблар тақдим этинг.

Вазият
Агар тўланган бўнаклар тўланиши лозим бўлган солиқдан ошса, Ҳисоб-китобни топшириш лозимми?

 

2020 йил якунлари бўйича корхонада ҳақиқатда фойдаланилган сув ҳажми бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномада кўрсатилганидан кам бўлди. Яъни тўланган бўнак суммалари Ҳисоб-китоб бўйича ҳисоблаб чиқарилган солиқдан ошади. Бу ҳолда солиқ Ҳисоб-китобини тақдим этиш зарурми?

- Ҳа, зарур. Ҳисоб-китоб солиқ ҳисоботи таркибига киради, унинг учун тақдим этиш муддати белгиланган. Бўнак маълумотномаси мўлжалланаётган солиқ базасидан, Ҳисоб-китоб эса - ҳақиқий солиқ базасидан келиб чиққан ҳолда тўлдирилади.

Бўнакларнинг Ҳисоб-китоб бўйича солиқ суммасидан ошган суммаси:

  • худди шу солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ҳисобга олиниши;
  • солиқ тўловчига тўлиқ ёки қисман қайтарилиши;
  • бошқа солиқлар, пенялар ва жарималар бўйича қарз ҳисобига ҳисобга олиниши мумкин .

Ҳисоб-китобни тўлдиришда нимани ҳисобга олиш лозим?

My.soliq.uz да солиқ ҳисоб-китобининг иккита шакли назарда тутилган:

1) алкоголсиз ичимликлар ва алкоголли маҳсулот (пиво ва винодан ташқари) ишлаб чиқарувчилар учун;

2) қолган солиқ тўловчилар учун.

Бу алкоголли маҳсулот ва алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчилар бўлган юридик шахслар солиқ базасини алоҳида-алоҳида - уларни ишлаб чиқариш ва бошқа мақсадлар учун фойдаланилган сувнинг ҳажми бўйича аниқлашлари билан боғлиқ. Бунда алкоголь ва ичимликлар ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган сув ҳажми деганда истеъмол идишидаги тайёр маҳсулотга тўғри келадиган сувнинг ҳажми тушунилади .

Эътибор беринг!
СКнинг442-моддаси 2-қисмида солиқ солиш объекти бўлмайдиган сув ресурслари тоифалари келтирилган.

Агар сизда имтиёзлар мавжуд бўлса, Ҳисоб-китобга “Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаб чиқаришда солиқ солинадиган базадан камайтириладиган сув ҳажмлари” иловасини мавжуд рўйхатдан асосни танлаган ва имтиёзланадиган сув ҳажмини кўрсатган ҳолда тўлдиринг.

Ёдда тутинг:

  • 2007 йил таҳриридаги СКнинг 261-моддасида назарда тутилган имтиёзлар 2020 йил 1 апрелга қадар;
  • солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида, шу жумладан Президентнинг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар амал қилади .
Эслатиб ўтамиз
2020 йил учун солиқ ставкалари 09.12.2019 йилдаги ЎРҚ-589-сон Қонуннинг 11-иловасида келтирилган.

Қуйидаги ҳолларда солиқ белгиланган солиқ ставкаларининг 5 баравари миқдорида тўланади:

  • сувдан фойдаланиш учун белгиланган лимитлардан ортиқча сув олинганда - бундай ортиқча қисм бўйича;
  • сувдан рухсат берувчи ҳужжатларсиз фойдаланилганда;
  • автотранспорт воситаларини ювишни амалга оширувчи корхоналар томонидан ер усти манбаларидан олинган сувдан фойдаланилганда.

Солиқ Ҳисоб-китобида 3-устун (ер усти манбалари) ва 4-устун (ер ости манбалари)да тегишли сатрлар бўйича зарур кўрсаткичларни тўлдиринг.

Бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда солиқнинг якуний суммасини сиз 090-сатрда (қўшимча тўланадиган) ёки 100-сатрда (камайтириладиган) кўришингиз мумкин.

Мисол
2020 йил учун Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китобини тўлдириш

Тошкент шаҳрида жойлашган ишлаб чиқариш корхонаси 2020 йил учун сувдан фойдаланишнинг ҳақиқий ҳажмини аниқлади: 15 700 куб.м водопровод суви ва 20 500 куб.м қудуқ суви.

Сув ресурсларининг ер усти ва ер ости манбаларининг нисбатидан келиб чиққан ҳолда водопровод суви бўйича солиқ базаси:

  • ер усти сувлари – 14 145,7 куб.м (15 700 х 90,1%);
  • ер ости сувлари – 1 554,3 куб.м (15 700 х 9,9%)ни ташкил этади.

Саноат корхоналари учун 2020 йил учун қуйидаги солиқ ставкалари белгиланган:

  • ер усти сувлари – 1 куб.м  учун 410 сўм;
  • ер ости сувлари – 1 куб.м  учун 490 сўм. 

2020 йил учун солиқ суммаси 16 606 344 сўмни ташкил этади, шу жумладан:

  • ер усти сувлари учун – 5 799 737 сўм (14 145,7 х 410);
  • ер ости сувлари учун –  10 806 607 сўм ((1 554,3 + 20 500) х 490).

Бўнак тўловлари 16 466 552 сўм миқдорида тўланган.

Қўшимча тўланиши лозим бўлган солиқ: 16 606 344 – 16 466 552 = 139 792 сўм.

Тўлдирилган ҳисоб-китобни бу ерда кўринг.

Эътибор беринг!
Йил якуни бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни қандай ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ҳақида бу ерда батафсил ўқинг.