Қайси онлайн-НКМ эгалари хато МХИК учун жаримага тортиладилар

preview

2022 йил 12 августдан бошлаб, агар тадбиркорлар томонидан хизмат кўрсатилаётган касса техникасида МХИКсиз ёки нотўғри МХИКли чеклар қолиб кетса, ТХКМ давлат реестридан чиқариб ташланади . Buxgalter.uz илтимосига биноан “Марон” МЧЖ  ТХКМнинг онлайн-НКМга хизмат кўрсатиш бўйича мутахассиси Рустам ЯКУБОВ бу онлайн-НКМ эгалари учун нимага сабаб бўлишини тушунтириб берди:

 

– Тадбиркорлар МХИКнинг жорий қилинишидан бироз чарчашди. Бу - МХИК классификаторидаги тез-тез ўзгартиришлар билан мураккаблашадиган қўшимча иш ҳажми ва жавобгарликдир. Афтидан, кўп тадбиркорлар 255-сон ВМҚнинг ушбу нормасини кўтаринкилик билан кутиб олишди: “ниҳоят елкамиздан тоғ ағдарилди, МХИК учун ТХКМ жавоб беради”. Бироқ бу хато фикрдир...

Ҳозир солиқ органларининг ахборот тизимлари чеклардаги МХИКни анча яхши аниқлашни, хато қаердалигини, қаерда эса улар умуман кўрсатилмаганлигини аниқлашни яхши билади. Чекларни Soliq мобиль иловасида рўйхатдан ўтказадиган харидорлар буни тасдиқлашлари мумкин.

Бугунги кунда чекда нотўғри кўрсатилган ёки умуман кўрсатилмаган МХИК учун жуда юқори нарх тўлаш мумкин.Агар сиз ҚҚС ёки айланмадан олинадиган солиқ бўйича имтиёздан фойдалансангиз, бундай имтиёзлар МХИК кўрсатилмаган ёки хато кўрсатилган товарга нисбатан қўлланилмайди.

 2022 йил 1 июлдан бошлаб СК 223-моддасининг янги нормаси кучга киради. Ҳисобварақ-фактуралар ёки чекларда нотўғри МХИКни акс эттириш тадбиркорга реализация қилинган товарлар (хизматлар) қийматининг 1%и миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

12 августдан бошлаб, хато МХИК билан чек урадиган касса аппарати ёки виртуал кассага хизмат кўрсатувчи ТХКМ давлат реестридан чиқариб ташланади. ТХКМнинг давлат реестридан чиқариб ташланиши, ташкилот назорат-касса техникасига хизмат кўрсатиш бозорида ишлай олмаслигини билдиради. Ўз навбатида, ушбу ТХКМ томонидан хизмат кўрсатиладиган кассадан фойдаланувчи барча ташкилотларда жиддий муаммолар юзага келади (бирданига ўнлаб тадбиркорлардан ўн минг нафаргача). Савдони тўхтатмаслик ва қонунни бузмай ишлаш учун уларнинг барчаси тезда бошқа онлайн-кассаларни сотиб олишлари керак бўлади.

Ушбу нормалар кучга киргунча бўлган вақтда ТХКМнинг мижозлар билан мулоқоти  жиддий тарзида кечади, деб ўйлайман. Келишмайдиган ва қайсар тадбиркорлар билан кўпроқ хайрлашишга - шартномани бекор қилишга тўғри келади. Улар билан муносабатларни давом эттириш нархи ниҳоятда юқори.

Шартнома бундай тарзда бекор қилингандан кейин тадбиркор у билан ишлашга рози бўладиган бошқа ТХКМни топиши мураккаб бўлади, деб ўйлайман. Ушбу тадбиркорлар ўз айблари билан амалда “четланиб” қоладилар.

 

ТХКМ МХИКни ўзлари текшириб, онлайн-НКМга киритишадими

Йўқ, бундай бўлмайди. Бу - жуда катта  ҳажмдаги иш бўлиб, ТХКМда бунинг учун хизматчилар  етишмайди.

Албатта, агар тадбиркор буни жуда хоҳласа, ТХКМ қўшимча ҳақ эвазига унга бундай хизматни кўрсатади. Бунда тадбиркордан ТХКМга текширилган МХИК билан товарларнинг тўлиқ рўйхатини тақдим этиш талаб қилинади! ТХКМ уларни классификатор билан солиштирмайди, шунчаки онлайн-кассага киритади ва бунинг учун пул олади.

ТХКМга сиз учун мунтазам мониторинг қилиб, илгари киритилган маълумотларни тузатадиган ташкилот сифатида қараш лозим эмас. ТХКМнинг вазифалари бироз бошқачароқ бўлиб, унда ишловчи мутахассислар сони чекланган.

Қуйидагиларни яна бир бор таъкидлашни истайман: барча янгиликлар шундан далолат берадики, товар фақат сиз томондан текширилган барча маълумотлар, айниқса - МХИК қисмида  онлайн-НКМга киритилгандан кейин реализация қилиниши мумкин. Акс ҳолда чекларда хатолардан ва  шу сабабли юз берадиган салбий оқибатлардан қочишнинг иложи бўлмайди.

 

Нима қилиш керак

Энг мақбул вариант - ишни шундай ташкил қилингки, сизда  ушбу масалалар учун жавоб берадиган мутахассис бўлсин. У барча зарур кўникмаларга эга бўлиши, онлайн-НКМга товар тўғрисидаги маълумотларни киритишни билиши керак.

ТХКМ бундай мутахассисни тайёрлашга ёрдам беради. У эса касса билан ишлашда юзага келган қандайдир ностандарт вазиятни тезкор ҳал қилиш зарур бўлган ҳолларда ТХКМ мутахассислари билан мулоқот қилади.

Ўйлайманки, барча тадбиркорлар қолган ойларни талабга жавоб берувчи мутахассисларни тайёрлашга сарфлашимиз керак.

Бундай мутахассиcлар ҳар бир савдо шохобчасида онлайн-НКМ ёки виртуал кассада товарлар билан ишлаш соҳасида керак бўлади.

ДСҚга ҳам мулоҳазалар мавжуд: уни тадбиркорлар учун юқорида даражада соддалаштириш ва хатога йўл қўйиш ҳолатларини минималлаштириш учун товарлар бўйича маълумотларни онлайн-НКМ ва виртуал кассалар хотирасига киритиш жараёнини тезроқ автоматлаштириш лозим.

Аксарият товарлар дўконлар ва чакана тармоққа ЭҲФ билан келиб тушади, унда мажбурий тартибда товарнинг МХИКи кўрсатилади. Онлайн-НКМ билан ишлайдиган солиқ тўловчи шахсий кабинетларининг “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар бўйича ахборот” интерактив хизматида “Менинг товар ва хизматларим” менюси мавжуд. Бугунги кунда у қўлда шакллантирилади. Буларнинг барчаси ДСҚ ахборот тизимлари доирасида ишлайди.

Назаримда, “Менинг товарларим (хизматларим)” ҳаволасининг рўйхати ҳисобварақ-фактуралар маълумотлари асосида автоматик тарзда шакллантирилиши учун жараённи автоматлаштиришнинг айни пайти. Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорликда эса онлайн-НКМ ва виртуал касса хотирасидаги товарлар рўйхати “Менинг товарларим (хизматларим)” менюси маълумотлари асосида реал вақт режимида автоматик тарзда шакллантирилиши учун масалани пухта ишлаб чиқиш зарур.

Бунда ДСҚ ахборот тизимлари ЭҲФни шакллантириш ва товарлар бўйича маълумотларни онлайн-НКМга киритиш босқичида МХИКни киритиш чоғида хатога йўл қўйилганлиги ҳақида огоҳлантиришлари керак. Тадбиркорда эса  онлайн-НКМ ва чекларга хато тушмаслиги учун уни тезкор тарзда тузатишнинг техник имконияти мавжуд бўлиши керак.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади