Сув хўжалиги департаменти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.03.2001 й. 160-сон қарорига 4-илова)
Вазирлар Маҳкамасининг
2001 йил 30 мартдаги
4-ИЛОВА
Сув хўжалиги департаменти тўғрисида
НИЗОМ
1. Сув хўжалиги департаменти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида" 2001 йил 17 январдаги 32-сон қарори билан ташкил этилган, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади. Департаментга юза сувларни муҳофаза қилиш, улардан фойдаланишни тартибга солиш ҳамда республика қишлоқ хўжалиги тармоқларини ва аҳолисини сув билан таъминлашга доир зарур тадбирларни амалга ошириш юкланади.
2. Сув хўжалиги департаменти ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Олий Мажлис қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳайъати қарорларига ва буйруқларига, ушбу Низомга ҳамда бошқа норматив ҳужжатларга амал қилади.
Сув хўжалиги департаменти амалдаги қонун ҳужжатларининг сув хўжалиги тизимидаги корхоналар, бирлашмалар, муассасалар ва ташкилотларда бажарилишини таъминлайди, уларни такомиллаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқади ва кўриб чиқиш учун уларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига киритади.
3. Сув хўжалиги департаменти бюджетдан ажратмалар, тасарруфидаги бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотларнинг ажратмалари ҳамда бошқа манбалар ҳисобига маблағ билан таъминланади.
4. Қуйидагилар Сув хўжалиги департаментининг асосий вазифалари ҳисобланади:
республика халқ хўжалиги тармоқларини ва аҳолисини сув билан таъминлаш учун зарур ишларни ишлаб чиқиш ва бажариш, сув хўжалигида ягона техника сиёсатини амалга ошириш, ерларни мелиорациялашни ривожлантириш ва сув хўжалиги объектлари комплексини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни барқарор кўпайтириш мақсадида ишга шай ҳолатда тутиш;
сув ресурсларини муҳофаза қилиш, ҳисобга олиш ва бошқариш, халқ хўжалиги тармоқлари ва сув истеъмолчилари бўйича сувдан фойдаланиш лимитларини белгилаш, фан-техника тараққиётини жорий этиш асосида сувдан оқилона фойдаланиш;
"Сувдан фойдаланиш" бўлими бўйича давлат сув кадастрини ишлаб чиқиш ва юритиш;
сув хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, мулкчилик ва хўжалик юритишнинг турли шаклларини ривожлантиришга доир ишларни мувофиқлаштириш ва уларни амалга ошириш мониторингини олиб бориш, давлат корхоналарини акциядорлик жамиятларига ва бошқа бозор тузилмаларига айлантириш бўйича ишларни ташкил этиш;
республикани мелиорация ва сув хўжалиги соҳасида ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техник ривожлантиришни жадаллаштириш, суғориладиган ерлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, тармоқни балансли ва мутаносиб ривожлантириш, ишлаб чиқаришни ихтисослаштириш ва кооперациялаш даражасини янада ошириш, ташқи иқтисодий фаолиятни фаоллаштириш;
илмий-техника ва инвестиция сиёсатини амалга ошириш, янги техника, технологиялар ва материалларни ишлаб чиқиш ва қўллашни ташкил этиш, маҳсулотлар ва ишлар сифатининг жаҳон андозалари талаблари даражасида бўлишини таъминлаш, фан билан ишлаб чиқаришнинг алоқасини мустаҳкамлаш;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар, шунингдек республика ҳамда бошқа ҳудудий бошқарув органлари билан ўзаро мустаҳкам ҳамкорлик асосида тармоқлараро вазифаларни самарали ҳал қилиш.
5. Сув хўжалиги департаменти Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда вазирлик раҳбарияти билан келишилган ҳолда, маблағ билан таъминлаш манбаларидан қатъи назар, ирригация, мелиорация ва сув хўжалиги эҳтиёжларига ажратиладиган капитал қўйилмаларни тақсимлайди.
6. Сув хўжалиги департаменти ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) сув ресурсларини бошқариш, муҳофаза қилиш ва улардан комплекс фойдаланиш соҳасида
сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни, республика ҳудудидаги барча сув ресурсларини бошқаришни, "Сувдан фойдаланиш" бўлими бўйича давлат сув кадастрини юритишни таъминлайди;
юза манбалардан сув олиш лимитларини ва барча истеъмолчилар томонидан сувдан фойдаланиш лимитларини белгилайди;
Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари, дарёлар, магистрал каналлар ва коллекторлар, шунингдек ичимлик ва маиший, даволаш ҳамда маданий-соғломлаштириш сувлари манбаларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарини белгилайди;
барча сув истеъмолчилари томонидан сувдан лимит бўйича фойдаланишга риоя этилишини таъминлайди.
Шу мақсадда:
лимит бўйича сув олинишини, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувдан оқилона фойдаланишни назорат қилади, айбдорларни қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортиш учун сув ҳақидаги қонунлар бузилиши ҳоллари тўғрисидаги материалларни тайёрлайди;
сув (ер)дан фойдаланувчиларга қишлоқ хўжалиги корхоналарига ва бошқа корхона ва ташкилотларга сувдан фойдаланиш бўйича тасдиқланган лимитлар ва режаларга мувофиқ ўз вақтида ва узлуксиз сув берилишини, шунингдек сувни тежайдиган технологияларни ва суғориш техникасини жорий этиш асосида сувдан оқилона фойдаланишни таъминлайди;
хўжаликлараро тармоқларда сувни ҳисобга олишга, мелиоратив тармоқлар ва иншоотларни сувни ўлчаш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлашга раҳбарлик қилади, сувни ҳисобга олиш воситаларини метрология жиҳатидан таъминлаш ишларини амалга оширади;
Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги билан биргаликда сув хўжалиги балансларини ҳамда айрим дарёлар ҳавзалари, саноат туманлари ва умуман республика учун сув ресурсларидан комплекс фойдаланишнинг истиқболли схемаларини ишлаб чиқишни ташкил этади;
сув ресурсларининг мавжудлиги тўғрисида хулосалар ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш ва дренаж-оқава сувларини оқизиб юбориш билан боғлиқ янги корхоналар қуриш ва ишлаётган корхоналарни реконструкция қилиш лойиҳалари бўйича мажбурий кучга эга бўлган розиликлар беради;
сувдан фойдаланишга рухсатномалар беришни ва сув чиқариш иншоотларини рўйхатга олишни ҳамда, идоравий мансублигидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан барча сув манбаларидаги сув ресурсларидан фойдаланишни ҳисобга олишни таъминлайди;
сув олиш иншоотлари қуриш учун майдонларни лойиҳалаш ва танлашни назорат қилади ҳамда сув объектларидан олинадиган ва уларга қайтариладиган сувни ҳисобга олиш чора-тадбирларини назарда тутади;
тегишли органлар билан биргаликда сув объектларининг техник ҳолатини яхшилаш ва қуриб қолишини бартараф этиш, сувларнинг зарарли таъсири олдини олиш тадбирларини амалга оширади, кичик дарёлар ва сув омборларининг сув режимини яхшилаш ишларини ташкил қилади;
сув хўжалигидан бошқа мақсадлардаги корхоналар, иншоотлар ва бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуришда тегишли органлар билан биргаликда балиқларни, бошқа сув ҳайвонлари ва ўсимликларини муҳофаза қилиш бўйича зарур тадбирларнинг бажарилишини талаб қилади;
сув хўжалиги ташкилотлари ва корхоналарида табиатни муҳофаза қилиш тадбирларининг аҳволи ва бажарилишини назорат қилади.
б) фойдаланиш фаолияти соҳасида
сув хўжалиги объектлари сув омборлари, ирригация-мелиорация тармоқлари ва иншоотлари, насос станциялари, қудуқлар, электр энергия узатиш, алоқа линиялари ва ёрдамчи трансформатор станцияларидан, сув хўжалиги корхоналари ва ташкилотлари балансидаги бошқа объектлардан фойдаланишни, янги автоматика ва телемеханика воситаларини такомиллаштириш ва жорий этишни, ўрнатилган жиҳозлардан самарали фойдаланиш тадбирларини, шунингдек суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш чора-тадбирларини амалга оширишни;
сув хўжалиги объектларини таъминлашга ва улардан фойдаланишга ажратиладиган давлат бюджети маблағларидан мақсадли, оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлайди;
сув хўжалиги объектлари комплексини, хўжаликлараро ирригация ва мелиорация тармоқлари ва гидротехника иншоотларини, улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сув ресурсларининг ташкилий ва технология жиҳатидан исроф бўлишини қисқартириш мақсадида, таъмирлаш ва ишлайдиган ҳолатда сақлашни, шунингдек хўжаликлар ичидаги мелиорация тармоқлари ва иншоотларига қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ҳамда бошқа сувдан фойдаланувчилар билан шартномалар бўйича техник хизмат кўрсатишни;
ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш, уларни сарфлаш нормаларига риоя этиш ишларини;
суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини ҳар йили ҳисобга олишни ва мониторингини олиб боришни, янги ерларни ўзлаштириш ва илгаридан суғориб келинган ерларни реконструкция қилиш, коллектор-дренаж тармоқларини қуриш ва қайта барпо этиш самарадорлигини мунтазам равишда баҳолаб беришни;
мелиорация тизимларини паспортлаштириш, давлат сув кадастрини мунтазам равишда юритиш ва шу асосда мелиорация тизимларининг техник даражасини оширишга доир таклифларни ишлаб чиқиш ишларини;
ирригация-мелиорация тармоқлари ва иншоотларидан фойдаланишни такомиллаштириш бўйича зарур тадбирларни ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалиги ерларининг шўрланиши ва ботқоқланишининг олдини олиш тадбирларини бажаришни;
гидротехника иншоотлари, насос станциялари ва вертикал дренаж қудуқларидаги ишлаётган автоматлаштириш ва телемеханизация воситаларини замонавийлаштириш ҳамда уларнинг янгиларини жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни;
таъминлаш-фойдаланиш базасини янада ривожлантиришни, уни замонавий механизмлар, асбоб-ускуналар ва воситалар билан жиҳозлашни ташкил этади.
в) капитал қурилиш ва лойиҳалаш соҳасида
самарали инвестиция сиёсатини ўтказади ҳамда тармоқни ишлаб чиқариш жиҳатидан ва ижтимоий ривожлантириш учун давлат марказлаштирилган капитал қўйилмаларини ҳамда корхоналарнинг ўз маблағларини мақбул равишда уйғунлаштиришни таъминлайди;
гидромелиоратив тизимларни реконструкция қилиш ва техника билан қайта жиҳозлаш, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида илгаридан ҳайдаб келинган ерлар сифатини яхшилаш ҳамда янги ерларни ички контур бўйича ўзлаштириш, техник жиҳатдан мукаммал мелиоратив тизимларни ва иншоотларни, илғор қурилиш технологияларини, янги қурилиш материалларини, асбоб-анжомларни, механизацияни жорий этиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш талабларига риоя этиш ишларини;
сув хўжалиги, саноат-хўжалик мақсадидаги объектлар қурилиши, уларни техника билан қайта жиҳозлаш, реконструкция қилиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ лойиҳа-қидирув ва илмий-тадқиқот ишларини амалга оширади, бунда жаҳон стандартлари даражасига эришишни назарда тутади;
республика ҳудудидаги, маблағ билан таъминлаш манбаларидан қатъи назар, барча сув хўжалиги объектларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказади;
шартномалар асосида бошқа вазирликлар ва идораларга, корхоналар ва ташкилотларга лойиҳа-қидирув ва илмий-тадқиқот ишларини амалга оширади;
Департамент тизимига кирувчи пудрат, лойиҳа-қидирув, саноат, транспорт корхоналари ҳамда бошқа корхоналар ва ташкилотларга раҳбарлик қилади ва улар фаолиятини мувофиқлаштиради;
объектлар қурилиши норматив муддатларда режалаштирилишини ва уларнинг ташкил этилишини, капитал қўйилмалардан оқилона фойдаланилишини ва улар самарадорлиги оширилишини, қурилиш қиймати пасайтирилишини, ишлаб чиқариш қувватлари ва асосий фондлар ўз вақтида ишга туширилиши ва ўзлаштирилишини;
шунинг негизида саноат маҳсулотлари ва қурилишнинг юксак сифатини таъминлаш учун тармоқ қурилиш базаси ривожлантирилиши, мустаҳкамланиши ва замонавийлаштирилишини ҳамда илғор қурилиш индустрияси барпо этилишини таъминлайди;
г) прогнозлаштириш, иқтисодиёт, молия ва бошқарув тузилмаси соҳасида
тармоқни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари лойиҳаларини, истиқболли ва йиллик прогнозларни, мелиорация ва сув хўжалигини ривожлантириш схемасини ишлаб чиқади;
жамлаш ва ихтисослаштириш, ички ва тармоқлараро кооперациялаш асосида замонавий ишлаб чиқариш тузилмасини ривожлантиришни;
фойдаланиш тадбирларини маблағ билан таъминлаш учун ажратиладиган капитал қўйилмалар ва бюджет маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланилиши устидан тасарруфидаги корхоналарнинг иқтисодий аҳволини таҳлил этишни, пул маблағлари ва моддий бойликлар сақланишини, тежамкорлик режимига риоя қилинишини, тизимда ҳисоб ва ҳисобот тўғри юритилиши ва ишончлилигини таъминлайди;
тасарруфидаги бирлашмалар, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг рентабеллигини ошириш ва фойдасини энг кўп даражада кўпайтириш, асосий фондлардан, айланма маблағлардан ва банк кредитларидан самарали фойдаланилиши, қўшимча қувватлар ва резервлар аниқланиши ва улардан фойдаланилиши, илмий-техника тараққиёти асосида меҳнат унумдорлигини ошириш тадбирлари бажарилишини таъминлайди.
Бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотлар ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва уларни тугатиш тўғрисидаги таклифларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Вазирликка киритади, бевосита ўзига бўйсунувчи бирлашмалар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг уставлари ва низомларини тасдиқлайди;
д) ташқи иқтисодий алоқалар соҳасида
халқаро алоқалар самарадорлигини оширишга, қўшма корхоналар ташкил этишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади, олис ва яқин хорижий мамлакатлар билан иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришда қатнашади;
мелиорация ва сув хўжалигини ривожлантиришга, мелиорация, қурилиш, ер қазиш техникаси ва бошқа техника, асбоб-ускуналар, материаллар, буюмлар ва халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этишга чет эл инвестициялари жалб этилишини ташкил этади, Вазирлик мутахассисларининг чет элда ишлашини ташкил этади;
республикада сув хўжалиги тармоғини ривожлантиришни жадаллаштириш мақсадида хорижий мамлакатлар билан техник-иқтисодий, ишлаб чиқариш ва илмий-техник алоқаларни такомиллаштириш ва янада ривожлантириш чора-тадбирларини амалга оширади, хорижий ҳамкорлар орасида миллий мелиоратив ва сув хўжалиги фан ва техникаси ютуқларини тарғиб этиш ишларини олиб боради;
республикада сув хўжалиги ва мелиорация соҳасида, халқаро битимлар, хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик дастурлари доирасида Ўзбекистон томонининг мажбуриятлари бажарилиши билан боғлиқ халқаро тадбирлар (симпозиумлар, конференциялар, кўргазмалар, мутахассисларнинг танишув сафарлари) ўтказилишини ташкил этади, тегишли қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи билан сув хўжалиги муаммолари бўйича хорижий ҳамкорлар билан олиб бориладиган барча музокараларда қатнашади;
е) фан-техника тараққиётини жадаллаштириш соҳасида
ватанимиз ва чет эл фани ва техникаси ютуқлари, илмий-техник ва ишлаб чиқариш салоҳиятидан самарали фойдаланиш, янги техника ва технологияларни барпо этиш ва ўзлаштириш муддатларини қисқартириш, илмий-тадқиқот ва конструкторлик ишланмалари дастурларини бажариш асосида тармоқни ривожлантиришнинг юқори илмий-техник даражасини таъминлайди;
илмий-тадқиқот, лойиҳа-конструкторлик ва технология ташкилотлари фаолияти самарадорлигини оширади;
Департамент корхоналари, бирлашмалари, муассасалари ва ташкилотларида стандартлаштириш ва метрология, ихтирочилик ва рацианализацияни, патент-лицензия ишларини ривожлантиришни ташкил этади, юқори самарали технологиялар жорий этилишини ташкил қилади;
ҳам чет элда, ҳам республика ҳудудида лицензиялар, материаллар, муҳандислик хизматларини амалга ошириш ва сотиб олиш бўйича Департамент бирлашмалари, корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига методологик ва маслаҳат ёрдами кўрсатади;
белгиланган тартибда илмий ва илмий-техник ахборот нашр этади ҳамда Департамент бирлашмалари, корхоналари, муассасалари ва ташкилотларини, шунингдек вазирликнинг тегишли бошқа бўлинмалари ва корхоналарини улар билан таъминлайди;
ж) пудрат фаолияти, саноат, транспорт ва моддий-техника таъминоти соҳасида
корхоналар ва ташкилотлар моддий-техника таъминоти ва ишлаб чиқариш фаолияти мутаносиблигини, ҳудудий органларнинг воситачилигини, ярмаркалар ва ким ошди савдолари ўтказилишини таъминлайди, ортиқча ва фойдаланилмаётган ресурсларни сотиш чора-тадбирларини кўради;
республика ҳудудида, шунингдек унинг ташқарисида сув хўжалиги, саноат-хўжалик объектлари ва бошқа объектлар, шохобчалар ва иншоотларни тузатиш ва қуриш ишларини бажаради;
сув хўжалиги ташкилотлари ва корхоналари эҳтиёжлари учун, шунингдек бошқа вазирликлар ва идораларга сотиш учун қурилиш индустрияси, металлни қайта ишлаш, қурилиш материаллари, буюмлар, халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқарилишини ва аҳолига хизматлар кўрсатилишини, насос-куч, электр техникаси асбоб-ускуналари ва буюмлари, қурилиш, ер қазиш техникаси ҳамда бошқа техника ва механизмлар тузатилишини таъминлайди;
республика ҳудудида юкларни автомобиль, темир йўл транспортида ва транспортнинг бошқа турларида ташишни, лицензия мавжуд бўлган тақдирда эса белгиланган тартибда автомобиль транспортида халқаро юк ташишларни ташкил этади;
Вазирлик корхоналари ва ташкилотларига мақсулотлар, товарлар етказиб бериш ҳамда хизматлар кўрсатиш юзасидан шартномалар тузиш ишларини ташкил этишда, шунингдек уларни моддий-техника ресурслари билан таъминлашга кўмаклашади;
Вазирлик раҳбарияти билан келишган ҳолда Вазирликнинг ўз ресурсларидан чет элдаги объектларни ўз вақтида бутлаш мақсадида техника ва "вақтинча келтириш" тартибидаги бошқа мол-мулкларни етказиб беради;
ёнилғи-мойлаш материаллари, ёқилғини тежаш, ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун иккиламчи ресурсларни жалб этиш ишларини ташкил этади.
7. Сув хўжалиги департаменти:
Вазирликнинг таркибий бўлинмалари ва маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда тасарруфидаги корхоналар ва ташкилотларни юқори малакали кадрлар билан мустаҳкамлаш чора-тадбирларини амалга оширади;
кадрлар малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этади;
меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги қоидаларига, ишлаб чиқариш санитариясига ва йўл ҳаракати хавфсизлигига риоя қилиниши, тасарруфидаги корхоналарда меҳнат шароитларини яхшилаш устидан назоратни амалга оширади.
8. Сув хўжалиги департаменти номидан иш кўрувчи унинг бошлиғи Марказий Осиё давлатлари Сув хўжалиги давлатлараро мувофиқлаштириш комиссиясининг аъзоси ҳисобланади ҳамда Ирригация ва дренаж бўйича халқаро комиссияда ва сув хўжалиги масалалари бўйича бошқа халқаро ташкилотларда республика манфаатларини ифодалайди.
9. Сув хўжалиги департаменти Вазирлик раҳбарияти билан келишган ҳолда республикада хорижий инвестициялар ҳисобига амалга ошириладиган барча сув хўжалиги лойиҳаларини мувофиқлаштиради.
10. Фан ва техникани ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича таклифларни кўриб чиқиш, мелиорация ва сув хўжалигини ривожлантиришда илмий асосланган ягона техника сиёсатини белгилаш, қурилиш ва реконструкциянинг энг мураккаб ва муҳим объектлари бўйича лойиҳаларни тасдиқлаш учун Департамент раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Илмий-техник кенгаши ташкил этилади.Илмий-техник кенгаш таркиби ва унинг тўғрисидаги Низом вазир томонидан тасдиқланади.
11. Сув хўжалиги департаменти чет элда сув хўжалиги фаолиятини амалга ошириш учун тегишли бўлинмалар ташкил этиш бўйича Вазирликка таклифлар киритади.
12. Сув хўжалиги департаментига Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари ҳисобланадиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган бошлиқ раҳбарлик қилади.
Департамент бошлиғи айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги кенгашининг раиси ҳамда Ирригация ва дренаж бўйича миллий қўмита раиси ҳисобланади.
Департамент бошлиғининг ўринбосари ижтимоий ва маиший хизмат кўрсатиш даражаси бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг буйруғи билан тайинланади.
13. Сув хўжалиги тизимларидан фойдаланиш, ерлар мелиорацияси, ирригация-мелиорация қурилиши масалалари, Департамент фаолиятининг бошқа муҳим йўналишлари Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳайъатида мунтазам равишда кўриб чиқилади.
14. Департамент фаолияти қонунда белгиланган тартибда тўхтатилади.