Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07.07.2007 й. 139-сон "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
07.07.2007 й.
N 139
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ҲУКУМАТИНИНГ АЙРИМ ҚАРОРЛАРИГА
ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР
КИРИТИШ ҲАҚИДА
(Вазирлар Маҳкамасининг "Имкониятлари
чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган
касб-ҳунар коллежлари фаолияти тўғрисида"
2007 йил 17 майдаги 100-сон қарори)
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари фаолияти тўғрисида" 2007 йил 17 майдаги 100-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев
2007 йил 7 июлдаги
139-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг
айрим қарорларига киритилаётган
ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 13 майдаги 204-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1998 й., 5-сон, 18-модда) билан тасдиқланган Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисидаги Низомда:
а) 1.3-бандга қуйидаги мазмундаги иккинчи хат боши қўшилсин:
"Имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган коллежлар фаолияти хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежи тўғрисидаги Низом билан белгиланади";
б) 3.5-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
"Имкониятлари чекланган шахслар учун ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими ўқув дастурлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилади".
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 27-28-сон, 288-модда