Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Маҳсулот тайёрлаш ва унинг сифати бўйича бош давлат инспекцияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 16.08.1995 й. 322-сон қарорига илова)

Полная версия документа доступна на платных тарифах

Вазирлар Маҳкамасининг

1995 йил 16 августдаги

322-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг

Маҳсулот тайёрлаш ва унинг сифати бўйича бош

давлат инспекцияси тўғрисида

НИЗОМ


1. Маҳсулот тайёрлаш ва унинг сифати бўйича бош давлат инспекцияси (кейинги ўринларда "Бошдавинспекция" деб аталади) тайёрловчилар ва маҳсулот етказиб берувчилар ўртасида маҳсулот сифатини баҳолаш бўйича низоли масалаларни ҳал этиш, контрактация шартномалари тузишни ва уларнинг бажарилишини назорат қилишни ташкил этиш, шунингдек, контрактация шартномалари бўйича мажбуриятлар бажарилмаганлиги учун хўжаликларни жавобгарликдан озод қилиш учун хулосалар бериш бўйича республика деҳқончилик саноати мажмуининг идоралараро мустақил назорат қилувчи органи ҳисобланади.


2. "Бошдавинспекция" ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Олий Мажлисининг бошқа қарорларига, Президентнинг фармонлари ва фармойишларига, республика Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, мазкур Низомга ва бошқа норматив ҳужжатларга амал қилади.


3. Қуйидагилар "Бошдавинспекция" нинг асосий вазифалари ҳисобланади:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тайёрлаш, сақлаш ва сотиш чоғида деҳқончилик саноати мажмуи корхоналарида, қайси идорага қарашлигидан қатъи назар, тайёрлов ташкилотларида маҳсулот сифатини назорат қилиш устидан давлат назоратини ташкил этиш;

маҳсулотнинг сифати ва миқдорини баҳолаш, унинг учун ўз вақтида ва тўғри ҳақ тўланиши бўйича низоли масалаларни ҳал этиш, контрактация шартномалари тузишни ва уларнинг бажарилишини назорат қилишни ташкил этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг маҳсулот сифати, контрактация шартномаларини ташкил этиш ва тузишнинг тўғрилиги ва ўз вақтида бажарилишини назорат қилиш бўйича тегишли инспекция хизматлари ишига раҳбарлик қилиш, вазирликлар, идоралар, уюшмалар, концернлар, хўжалик жамиятлари ёки ширкатларининг таркибий бўлинмалари билан мустаҳкам алоқада ишлаш ҳамда ўз ваколати доирасида республиканинг бошқа назорат қилувчи органлари билан ишларни мувофиқлаштириш;

тегишли вазирликлар, идоралар, уюшмалар, концернлар, хўжалик жамиятлари ёки ширкатлари билан биргаликда маҳсулот сифатини яхшилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишда, белгиланган тартибда амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритишда қатнашиш, йўриқномалар, қоидалар, шунингдек, бошқа норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

мулкчилик шаклларидан қатъи назар, маҳсулот етказиб берувчилар ва олувчилар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат кўрсаткичлари тўғри аниқланганлиги устидан назорат қилиш;

мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан стандартлар, техник шартлар талабларига риоя қилиниши, республика кўрсатма берувчи органларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифатини яхшилаш масалаларига, контрактация шартномалари бажарилишига доир қарорлари, буйруқлари, йўриқномалари ва кўрсатмалари бажарилишини назорат қилиш;

фуқароларнинг давлат инспекцияси ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича таклифлари, шикоятлари ва аризаларини кўриб чиқиш.


4. "Бошдавинспекция" қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

деҳқончилик саноати мажмуига кирувчи вазирликлар ва идоралардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари контрактация шартномалари бажарилишини таъминлаш, назорат қилувчи органлар томонидан қайд этилган камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, маҳсулот хилларини кенгайтириш, хом ашё ва тайёр маҳсулот сифатини яхшилаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартибда олиш;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳокимликларининг маҳсулот тайёрлаш ва унинг сифати бўйича давлат инспекциялари ҳисоботларини эшитиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва сотиш чоғида стандартлар, норматив-техник ҳужжатлар талаблари бажарилишини таъминланмаган ишлаб чиқаришлар ва цехлар ишини тўхтатиб қўйиш, шунингдек, маҳсулотни қайта ишлаш ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш имкониятини аниқлаган ҳолда стандартлар талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотларни сотишни тақиқлаш;

стандартлаш ва техник шартлар талабларидан чекинган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқарган ва сотган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга нисбатан иқтисодий жазолар қўллаш:

стандартлар ва техник шартлар талабларидан чекинган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни улар сотилган даврда натура ва қиймат ифодасида прогнозлар ёки буюртма-нарядлар ҳисоботларидан чиқариб ташлаш тўғрисида кўрсатма бериш.

Корхоналар ва ташкилотлар, мулкчилик шакллари ва қайси идорага қарашлилигидан қатъи назар, кўрсатмага мувофиқ норматив-техник ҳужжатлар талабларидан чекинган ҳолда тайёрланган маҳсулотни сотишдан олинган ҳақиқий фойданинг бутун суммасини республика бюджети даромадига тўлашга мажбурдирлар;

маҳсулот тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш ишида стандартлар талаблари бузилишида, паст сифатли маҳсулот етказиб берилиши ва сотилишида, ўзаро ҳисоб-китоблар қоидалари ва контрактация шартномалари бузилишида айбдор бўлганларга нисбатан огоҳлантириш ёки энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваригача миқдорда жарима солиш кўринишида чора кўриш. Солинган жарима миқдорининг бутун суммаси республика бюджети даромадига ўтказилади;

вазирликлар, идоралар, уюшмалар, концернлар, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, хўжалик жамиятлари ёки ширкатлари, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари олдига маҳсулот тайёрлаш, сақлаш, етказиб бериш ва сотишни ташкил этиш ишида давлат интизоми бузилишида айбдор бўлган раҳбарларни ва бошқа мансабдор шахсларни амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортиш масалаларини қўйиш;

мазкур Низом билан берилган ваколатлар доирасида бошқа масалаларни ҳал этиш.


5. "Бошдавинспекция" га юкланган вазифаларни бажариш учун унинг мутахассислари (давлат инспекторлари) қуйидаги ҳуқуқларга эгадирлар:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини, қабул қилиш, транспортда ташиш, жойлаштириш, сақлаш ва сотиш қоидаларини текшириш учун ўз хизмат гувоҳномалари ва тегишли ҳужжатларни кўрсатган ҳолда, қайси идорага қарашлилигидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга кириш;

биргаликда текширишлар ўтказиш ва таҳлиллар қилиш учун корхоналар, муассасалар, илмий-тадқиқот ташкилотларининг мутахассисларини жалб этиш;

зарур таҳлиллар ўтказиш, маҳсулот сифатини аниқлаш учун намуналар (синаб кўришлар) ни танлаш, белгиланган тартибда тегишли хулосалар бериш. Лаборатория таҳлиллари ва такрор текширишлар ўтказиш харажатлари маҳсулот тайёрловчи корхоналар ҳисобидан қопланади;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг сифатини аниқлаш масаласи бўйича қишлоқ хўжалиги, тайёрлов, улгуржи, саноат корхоналари ва бошқа ташкилотлар ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал этиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулоти сифатини баҳолаш бўйича комиссиялар ишида қатнашиш;

қишлоқ хўжалиги корхоналари ва муассасаларига, тайёрлов ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга аниқланган стандартлар ва техник шартларнинг бузилишини, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти тайёрлаш, сотиш шартлари, транспортда ташиш ва сақлаш қоидалари бузилишини бартараф этиш тўғрисида белгиланган муддатда бажариш мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш.


6. Маҳсулот тайёрлаш ва унинг сифати бўйича давлат инспекторининг ўз ваколати доирасидаги кўрсатмалари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, барча корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар учун мажбурий ҳисобланади.


7. "Бошдавинспекция" бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буйруғи билан ишга тайинланади ва ишдан озод этилади.


8. Қорақалпоғистон республика ва вилоят давлат инспекциялари бошлиқлари "Бошдавинспекция" нинг розилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг қарорлари билан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод қилинадилар.


9. "Бошдавинспекция" бошлиғи:

давлат инспекция ишига якка бошчилик принципи асосида раҳбарлик қилади, республика меҳнат қонунчилигига мувофиқ ходимларни ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатишни амалга оширади, "Бошдавинспекция" га юкланган вазифалар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

барча муассасалар ва ташкилотларда Давлат инспекцияси ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича ишончномасиз вакиллик қилади;

"Бошдавинспекция" ихтиёрига ажратилган маблағларни белгиланган тартибда бошқаради;

бошлиқ ўринбосарининг, "Бошдавинспекция" бошқармалари ва бошқа таркибий бўлинмалар бошлиқларининг вазифаларини белгилайди, ходимлар учун лавозим йўриқномаларини тасдиқлайди.


10. "Бошдавинспекция" бошлиғи ва унинг ўринбосари вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар томонидан "Бошдавинспекция" нинг ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича ўтказиладиган ҳайъатлар мажлисларида, кенгашларда белгиланган тартибда қатнашадилар.


11. "Бошдавинспекция" аппарати харажатлари республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига қопланади.


12. "Бошдавинспекция" Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга бўлади.


13. "Бошдавинспекция" банкда ўз ҳисоб-китоб счётига эга бўлади.



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1995 й., 8-сон, 28-модда