Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.01.2009 й. ПҚ-1046-сон "Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили" Давлат дастури тўғрисида"ги Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.01.2009 й.

N ПҚ-1046



"ҚИШЛОҚ ТАРАҚҚИЁТИ ВА ФАРОВОНЛИГИ

ЙИЛИ" ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА


Қишлоқнинг ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмасини янада ривожлантириш, иқтисодиётнинг аграр сектори самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ишига янги қудратли туртки бериш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлайдиган замонавий корхоналарни жадал барпо этиш, қишлоқда, аввало ёшлар ўртасида бандлик ўсишини таъминлаш, қишлоқ аҳолисининг даромадлари ва турмуш сифатини ошириш бўйича чора-тадбирларнинг кенг комплексини амалга ошириш мақсадида, шунингдек 2009 йил Ўзбекистон Республикасида Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили деб эълон қилинганлиги муносабати билан:


1. "Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили" Давлат дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин. Давлат дастури қуйидагиларга йўналтирилган:

қишлоқ аҳолисининг манфаатларини яна ҳам тўлиқроқ таъминлаш мақсадида қонунчилик базаси ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш;

қишлоқ қиёфасини сифат жиҳатдан яхшилаш, ривожланиш ва архитектура - режа асосида қурилиш бош схемаларига мувофиқ қишлоқ аҳоли пунктлари қурилиши, қишлоқдаги турар-жой ва ижтимоий соҳа объектлари намунавий лойиҳалар бўйича барпо этилишини назарда тутувчи қишлоқ аҳоли пунктларининг архитектуравий режалаштирилишини ташкил этиш ва қишлоқ қурилишини лойиҳалаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш;

ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмасини янада ривожлантириш асосида қишлоқдаги турмуш сифатини ошириш, қишлоқ аҳоли пунктларини транспорт коммуникациялари, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, айниқса бориш қийин бўлган ва олис қишлоқ аҳоли пунктлари телекоммуникация тармоқлари ва почта алоқаси билан қамраб олинишини ошириш;

мамлакатнинг ўзида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, йиғма конструкциялар ва маҳаллий материаллардан фойдаланган ҳолда қишлоқда объектлар қуришнинг индустриал ва йиғма технологияларини жорий этиш;

қишлоқни мавжуд энергия ва газ таъминоти объектларини реконструкция қилиш ва шундай янги объектлар қуриш ҳисобига зарур энергетика ресурслари билан узлуксиз ва кафолатли таъминлаш бўйича шарт-шароитлар яратиш;

қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни изчил чуқурлаштириб бориш, фермерлик ҳаракатини янада қўллаб-қувватлаш, унинг моддий ва молиявий базасини мустаҳкамлаш, қишлоқда шаклланаётган янги мулкий муносабатлар, ўрта синф - мулкдорлар, тадбиркорлар, ишбилармонлар манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш;

2008 - 2012 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш юзасидан тасдиқланган Давлат дастурига мувофиқ, энг аввало, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни бажариш асосида тупроқ унумдорлигини тубдан ошириш;

қишлоқда саноат ишлаб чиқариши ва қурилишни янада жадал ривожлантириш, мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган ихчам корхоналарнинг кенг тармоғини ташкил этиш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, шу асосда қишлоқ аҳолиси, энг аввало ёшлар ишга жойлаштирилишини, инсонларнинг даромадлари ва фаровонлиги оширилишини таъминлаш;

инсонлар саломатлиги муҳофаза қилинишини яхшилаш, қишлоқ аҳолисининг тиббий маданиятини юксалтириш, қишлоқда умумий ва касб-ҳунар таълими тизимини янада ривожлантириш ва унинг даражаси ҳамда сифатини ошириш, қишлоқ мактаблари ва касб-ҳунар коллежларининг моддий базасини мустаҳкамлаш.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 11 декабрдаги Р-4023-сон фармойишига мувофиқ ташкил этилган Республика комиссияси зиммасига "Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили" Давлат дастури бажарилишини ташкил этиш ва унинг мониторингини олиб бориш вазифаси юклансин.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари бошчилик қиладиган тегишли ҳудудий комиссиялар ташкил этилсин ҳамда улар зиммасига республика минтақаларида Дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг белгиланган муддатларда сўзсиз ва сифатли амалга оширилиши учун шахсан жавобгарлик юклансин.


3. "Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили" Давлат дастурини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси (Ш.М. Мирзиёев):

икки ҳафта муддатда вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, жамоат ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан "Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили" ҳудудий ва тармоқ дастурлари ишлаб чиқилиши ҳамда қабул қилинишини таъминласин;

Дастурга киритилган чора-тадбирлар амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин ҳамда давлат бошқарувининг тегишли республика ва ҳудудий органлари, шунингдек жамоат ва ноҳукумат ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштирсин;

ҳар чоракда Дастурнинг амалга оширилишига доир материаллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида кўриб чиқилиши учун киритилсин;

йилнинг ҳар чораги якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига ушбу қарор билан тасдиқланган Дастурнинг бажарилиши тўғрисида ахборот бериб борсин.


4. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Миллий телерадиокомпанияси, оммавий ахборот воситалари Дастурнинг мақсад ва вазифалари кенг тушунтирилишини, уни амалга ошириш, қишлоқни ривожлантириш, ободонлаштириш ва унинг қиёфасини сифатли ўзгартиш бўйича Дастурда назарда тутилган тадбирларни бажаришга тармоқ ва маҳаллий бошқарув органлари, жамоат ва ноҳукумат тузилмаларининг аниқ ҳиссаси мунтазам ёритиб борилишини таъминласинлар.


5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 5-сон, 33-модда.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил., 1-сон, 21-модда