Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикасининг 30.08.1996 й. 270-I-сон "Селекция ютуқлари тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири)

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

30.08.1996 й.

N 270-I



СЕЛЕКЦИЯ ЮТУҚЛАРИ ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади селекция ютуқларини яратиш, ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


зот - генетик жиҳатдан ўзаро боғлиқ биологик ва морфологик хусусиятлари ҳамда белгиларига қараб аниқланадиган ҳайвонлар (шу жумладан паррандалар, ҳашаротлар, ипак қурти) ёки уларнинг дурагайлари гуруҳи бўлиб, бу хусусиятлар ҳамда белгиларнинг айримлари айнан шу гуруҳга хос бўлади ва уни ҳайвонларнинг бошқа гуруҳларидан фарқлаб туради. Зот гуруҳи, зот ичидаги (зонал) тип, завод типи, завод линияси, зот оиласи, партеноклонлар, линиялар, дурагайлар зотнинг муҳофаза қилинадиган объектларидир;


иш берувчи - селекция ютуғини яратиш тўғрисида топшириқ берган ва бу топшириқ бажарилишини молиялаштираётган юридик ёки жисмоний шахс;


лицензиар - селекция ютуғидан фойдаланиш ҳуқуқини лицензиатга лицензия шартномаси асосида берувчи патент эгаси;


лицензиат - селекция ютуғидан фойдаланиш ҳуқуқини лицензиардан лицензия шартномаси асосида олган юридик ёки жисмоний шахс;


нав - ўсимликлар гуруҳи бўлиб, у наслдан наслга барқарор ўтувчи, муайян генотип ёки генотиплар комбинациясини бошқаларидан ажратиб турувчи белгиларга қараб аниқланади ва айни бир ботаник таксондаги бошқа ўсимликлар гуруҳидан бир ёки бир неча белгилари билан фарқланади. Клон, линия, биринчи авлод дурагайи, популяция навнинг муҳофаза қилинадиган объектларидир;


патент эгаси - селекция ютуғига берилган патентнинг эгаси;


селекция ютуғи - ўсимликларнинг янги нави, ҳайвонларнинг янги зоти;


талабнома берувчи - селекция ютуғига патент бериш ҳақида талабнома топширган юридик ёки жисмоний шахс.



3-модда. Селекция ютуқлари тўғрисидаги қонунчилик

Селекция ютуқлари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг селекция ютуқлари тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


4-модда. Селекция ютуқларини ҳуқуқий муҳофаза

қилишнинг ташкилий асослари

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (бундан буён матнда Вазирлик деб юритилади) селекция ютуқларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди.

Вазирлик селекция ютуқларига патентлар бериш ҳақидаги талабномаларни (бундан буён матнда патент бериш ҳақидаги талабнома деб юритилади) қабул қилиб олади, уларнинг расмий экспертизасини ташкил этади, Ўсимлик навлари давлат реестрини ҳамда Ҳайвон зотлари давлат реестрини (бундан буён матнда реестр деб юритилади) юритади, селекция ютуқларига патентлар беради, талабнома материаллари ва Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олиниб, муҳофаза қилинаётган селекция ютуқлари ҳақидаги маълумотларни расмий равишда эълон қилади, селекция ютуқлари тўғрисидаги қонунчиликни қўллашга доир қоидалар қабул қилади ҳамда тушунтиришлар беради.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги "Интеллектуал мулк маркази" давлат муассасаси (бундан буён матнда Давлат муассасаси деб юритилади) патент бериш ҳақидаги талабноманинг расмий экспертизасини ўтказади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш маркази, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси (бундан буён матнда ихтисослаштирилган ташкилотлар деб юритилади) талабномада кўрсатилган селекция ютуқларининг патентга лаёқатлилигини экспертизадан ўтказади.


5-модда. Селекция ютуғининг муаллифи

Ижодий меҳнати билан ўсимликларнинг янги нави ёки ҳайвонларнинг янги зотини яратган (чиқарган ёки аниқлаган) жисмоний шахс селекция ютуғининг муаллифи деб эътироф этилади.

Агар селекция ютуғини яратишда бир нечта жисмоний шахс иштирок этган бўлса, уларнинг ҳаммаси ҳаммуаллифлар деб эътироф этилади. Ҳаммуаллифларга тегишли бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш тартиби қонунчиликда ҳамда улар ўртасидаги келишувда белгиланади.

Муаллифлик ҳуқуқи бошқага ўтказилмайдиган шахсий ҳуқуқ бўлиб, муддатсиз ҳимоя қилинади.

Муаллиф (ҳаммуаллифлар) ўз номи (номлари) патент бериш ҳақидаги талабномада, патентда ва селекция ютуғи хусусида эълон қилинадиган барча материалларда кўрсатилиши ҳуқуқига эга.



6-модда. Патент эгаси

Селекция ютуғига патент:

селекция ютуғининг муаллифига (ҳаммуаллифларига) ёки унинг (уларнинг) меросхўрига (меросхўрларига);

муаллиф ёки унинг меросхўри томонидан патент бериш ҳақидаги талабномада ёки селекция ютуғи рўйхатдан ўтказилгунга қадар Вазирликка топширилган талабнома берувчини ўзгартириш тўғрисидаги аризада кўрсатилган юридик ва (ёки) жисмоний шахсларга (улар рози бўлган тақдирда);

ушбу Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган ҳолларда иш берувчига берилади.


7-модда. Хизмат тартибида яратилган

селекция ютуғи патентининг эгаси

Агар муаллиф (ҳаммуаллифлар) селекция ютуғи яратилаётганда:

ўзи (ўзлари) эгаллаб турган лавозимга хос вазифаларни бажарган бўлса;

селекция ютуғини яратиш мақсадини кўзлаб зиммасига (зиммаларига) махсус юклатилган вазифаларни бажарган бўлса;

иш берувчи томонидан ўзига (ўзларига) берилган моддий воситалар ёки молиявий маблағлардан фойдаланган бўлса;

ўзи (ўзлари) иш жараёнида орттирган, иш берувчи ташкилотнинг ўзига хос хусусиятини ташкил этадиган билим ва тажрибадан фойдаланган бўлса, бундай селекция ютуғи хизмат тартибида яратилган деб ҳисобланади.

Агар иш берувчи яратилган селекция ютуғи тўғрисида муаллиф (ҳаммуаллифлар) томонидан ёзма равишда хабардор қилинган санадан эътиборан тўрт ой ичида Вазирликка патент бериш ҳақидаги талабномани топширмаса, патент бериш ҳақидаги талабномани топшириш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечмаса ва селекция ютуғини сир сақлаш тўғрисида муаллифга (ҳаммуаллифларга) маълум қилмаса, у ҳолда муаллиф (ҳаммуаллифлар) талабнома топшириш ва ўз номига патент олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бундай ҳолда, иш берувчи патент эгасига шартномада белгиланадиган миқдорда товон тўлаб, ўз ишлаб чиқаришида селекция ютуғидан фойдаланишда устувор ҳуқуққа эга бўлади.

Иш берувчи селекция ютуғини сир сақлаган тақдирда муаллифга (ҳаммуаллифларга) мутаносиб равишда ҳақ тўлаши шарт, ҳақ миқдори шартномада белгиланади.

Патент эгаси бўлмаган селекция ютуғининг муаллифи (ҳаммуаллифлари) селекция ютуғига доир лицензиядан фойдаланилганлиги ёхуд у сотилганлиги учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга, бу ҳақнинг миқдори ва уни тўлаш тартиби патент эгаси ёки унинг ҳуқуқий вориси билан тузилган шартномада белгилаб қўйилади.

Муаллифга (ҳаммуаллифларга) ҳақни патент эгаси ёки унинг ҳуқуқий вориси, агар селекция ютуғидан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш тартиби ва муддатлари тўғрисидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, патентнинг амал қилиш муддати давомида тўлайди.

Ҳақ муаллифга (ҳаммуаллифларга) селекция ютуғидан фойдаланилган ҳисобот даври тугаганидан кейин узоғи билан олти ой ичида тўланади.



II. СЕЛЕКЦИЯ ЮТУҒИНИНГ ПАТЕНТГА ЛАЁҚАТЛИЛИГИ

8-модда. Селекция ютуғига ҳуқуқий

муҳофаза бериш шартлари

Агар селекция ютуғи янгилик, фарқланиш, турдошлик ва барқарорлик мезонларига жавоб берса, у ҳуқуқий муҳофаза қилинади.

Ушбу Қонун 13-моддасининг талабларига мувофиқ селекция ютуғининг номи бўлиши лозим.



9-модда. Янгилик

Агар уруғлик, навнинг кўчат материали ёки зотнинг насл материали патент бериш ҳақидаги талабнома топширилган санадан эътиборан:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида - камида бир йил олдин;

бошқа давлат ҳудудида - камида тўрт йил ёки, агар ток, ёғочбоп, манзарали, мевали дарахтлар ва ўрмон дарахтларининг навларига тааллуқли бўлса, камида олти йил олдин муаллиф, унинг меросхўри томонидан ёхуд уларнинг розилиги билан сотилмаган ва фойдаланиш учун бошқа шахсларга берилмаган бўлса, янгилик ҳисобланади.


10-модда. Фарқланиш

Селекция ютуғи патент бериш ҳақидаги талабнома топширилган санада бошқа ҳар қандай барчага маълум селекция ютуғидан аниқ-равшан фарқланиши лозим.

Селекция ютуғи, агар патент бериш ҳақидаги талабнома ҳар қандай мамлакатда топширилган ва бу талабномага мувофиқ патент ёки муҳофазанинг шунга ўхшаш бошқа бир шакли берилган бўлса ёхуд селекция ютуғи шу мамлакатнинг селекция ютуқлари расмий реестрига киритилган бўлса, талабнома топширилган санада барчага маълум деб ҳисобланади.

Барчага маълумлик:

кейинчалик кўпайтириш, сақлаш мақсадларида етиштириш, такрор етиштириш, нав ёки насллик кондициясига етказиш ва юқорида санаб ўтилган мақсадларда асраш натижасида барчага маълум билим даражасининг бир қисмига айланган селекция ютуғига нисбатан;

сотишга таклиф этилган, сотилган, мамлакатга олиб кирилган ёки мамлакатдан олиб чиқиб кетилган селекция ютуғига нисбатан аниқланади.


11-модда. Турдошлик

Агар кўпайтиришнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олганда муайян навли ўсимликлар ёки муайян зотли ҳайвонлар селекциялаштириш белгиларига кўра бир хилликка эга бўлса, селекция ютуғи турдош ҳисобланади.


12-модда. Барқарорлик

Агар селекция ютуғи бир неча марта кўпайтирилганидан кейин ёки алоҳида цикл бўйича кўпайтирилган тақдирда кўпайтиришнинг ҳар бир цикли охирида унинг асосий белгилари ўзгаришсиз қолса, у барқарор ҳисобланади.


13-модда. Селекция ютуғининг номи

Селекция ютуғининг талабнома берувчи таклиф этган ва Давлат муассасаси томонидан қабул қилинган номи бўлиши лозим.

Селекция ютуғининг номи селекция ютуғини идентификация қилиш имконини бериши, қисқа бўлиши, шу ёки шунга яқин ботаник ёхуд зоологик турдаги мавжуд селекция ютуқларининг номидан фарқланиб туриши керак. Селекция ютуғининг номи фақат рақамлардан иборат бўлиб қолмаслиги, селекция ютуғининг хусусиятлари, келиб чиқиши, аҳамияти ҳақида, муаллифнинг (ҳаммуаллифларнинг) шахси ҳақида янглишишларга олиб келмаслиги, инсонпарварлик ва ахлоқ қоидаларига зид бўлмаслиги лозим.

Селекция ютуғининг номи тегишли реестрга айни бир вақтда муҳофаза этиладиган селекция ютуғи тўғрисидаги маълумотлар ҳам киритилган ҳолда қайд этилади.

Агар патент бериш ҳақидаги талабнома Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатларда топширилаётган бўлса, селекция ютуғининг номи бу талабномаларда бир хил бўлиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки Ўзбекистон Республикаси селекция ютуқларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида шартнома тузган мамлакат ҳудудида уруғликни, навнинг кўчат материалини ёхуд зотнинг насл материалини сотишни таклиф этаётган ёки сотаётган ҳар қандай шахс селекция ютуғининг номидан, агар учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари бундан фойдаланишга тўсқинлик қилмайдиган бўлса, ҳатто селекция ютуғига берилган патентнинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин ҳам фойдаланиши шарт.



III. СЕЛЕКЦИЯ ЮТУҒИГА ПАТЕНТ ОЛИШ

14-модда. Селекция ютуғининг патенти

Патентга лаёқатлилик мезонларига жавоб берадиган ва Ўзбекистон Республикасида муҳофаза қилинадиган ботаник ва зоологик оила туркумлари ҳамда турларга тааллуқли селекция ютуғига патент берилади.

Селекция ютуғининг патенти (бундан буён матнда патент деб юритилади) селекция ютуғининг янгилик эканлигини, фарқланишини, турдошлиги ва барқарорлигини, шунингдек патент эгасининг селекция ютуғи номига, унга эгалик қилишга, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга бўлган ҳуқуқини тасдиқлайди.

Патент эгасининг ҳуқуқи селекция ютуғи рўйхатга олинганлиги тўғрисида Вазирликнинг расмий ахборотномасида маълумот эълон қилинган санадан эътиборан амалдаги ҳуқуқ деб ҳисобланади.

Патентнинг амал қилиш муддати селекция ютуғи тегишли реестрда рўйхатга олинган санадан эътиборан йигирма йилга тенг. Ток, ёғочбоп, манзарали, мевали дарахтлар ва ўрмон дарахтларининг навлари, шу жумладан, уларнинг пайвандтаглари учун бу муддат йигирма беш йилни ташкил этади.

Патентнинг амал қилиш муддати патент эгасининг илтимосномасига биноан кўпи билан ўн йилга узайтирилиши мумкин.


15-модда. Патентга бўлган ҳуқуқ

Патентга бўлган ҳуқуқ муаллифга (ҳаммуаллифларга) ёки унинг (уларнинг) меросхўрига (меросхўрларига) тегишлидир.

Агар бир нечта шахс биргаликда битта селекция ютуғи яратган бўлса, патентга бўлган ҳуқуқ уларнинг ҳаммасига тегишли бўлади. Улардан биттасининг ёки бир нечтасининг патентга бўлган ҳуқуқдан воз кечиши бошқаларининг патент олиш ҳаракатларини содир этишига ҳамда патент олиш таомилида иштирок этишига тааллуқли бўлмайди.

Муаллиф (ҳаммуаллифлар) ўзининг (ўзларининг) хизмат вазифаларини, муайян топшириқни бажариши билан боғлиқ ҳолда ёки иш берувчи ташкилотнинг ўзига хос хусусиятини ташкил этадиган билим ва тажриба ёрдамида яратилган селекция ютуғига бериладиган патентга бўлган ҳуқуқ, агар бу улар ўртасидаги шартномада назарда тутилган бўлса, иш берувчига тегишлидир.

Агар селекция ютуғини бир нечта шахс бир-биридан мустақил равишда яратган бўлса, патент олиш ҳуқуқи патент бериш ҳақидаги талабномани Вазирликка олдинроқ топширган шахсга, башарти бу талабнома чақириб олинмаган ёки рад этилмаган бўлса, тегишлидир.

Муаллиф (ҳаммуаллифлар), агар ўзи (ўзлари) яратган селекция ютуғини бошқалар ғайриқонуний ўзлаштириб олиши натижасида бу селекция ютуғига талабнома топширилган ёки патент олинган бўлса, патент берилганлигига қарши эътироз билдириш ёхуд патент эгаси сифатида ўзига (ўзларига) патентнинг ўтказилишини суд тартибида талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Давлат муассасасининг ва ихтисослаштирилган ташкилотларнинг ходимлари ана шу идора ва ташкилотларда ишлаган бутун даврида ҳам, ишдан кетганларидан кейин бир йил давомида ҳам патент олиш, шунингдек ўзларини муаллиф (ҳаммуаллифлар) сифатида кўрсатиш ҳуқуқига эга эмас.


16-модда. Патент бериш ҳақидаги талабномани топшириш

Патент бериш ҳақидаги талабнома муаллиф (ҳаммуаллифлар), иш берувчи ёки уларнинг ҳуқуқий вориси томонидан Вазирликка топширилади.

Патент бериш ҳақидаги талабнома шахсан, Вазирликда рўйхатга олинган патент вакили орқали ёки ишончли шахс орқали топширилиши мумкин. Бошқа давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида доимий турар жойига эга бўлмаган фуқаролари ва бошқа давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида доимий манзили бўлмаган юридик шахслари, уларнинг патент вакиллари ёки ишончли шахслари патент олиш ва уни ўз кучида сақлаш борасидаги ишларни Ўзбекистон Республикасининг патент вакиллари орқали олиб борадилар. Патент вакилининг ваколатлари унга талабнома берувчи ёки ишончли шахс берган ишончнома билан тасдиқланади.


17-модда. Патент бериш ҳақидаги талабноманинг мазмуни

Патент бериш ҳақидаги талабнома:

муаллиф (ҳаммуаллифлар) ва кимнинг номига патент сўралаётган бўлса, ана шу шахс (шахслар), шунингдек уларнинг турар жойи ёки манзилига доир маълумотлар кўрсатилган патент бериш ҳақидаги аризани;

селекция ютуғининг номи тўғрисидаги таклифни;

селекция ютуғининг тавсифини (техникавий анкетасини);

селекция ютуғи намуналарининг фотосуратларини;

талабнома берувчи томонидан ўтказилган селекция ютуғи синовларига доир ҳужжатларни;

талабнома берувчининг селекция ютуғидан фойдаланилмаганлиги, у сотилмаганлиги, ўзга шахсга берилмаганлиги ҳамда унинг янгилик талабларига мослигини тасдиқлайдиган декларациясини;

селекция ютуғининг устуворлигини тасдиқловчи ҳужжатни (зарурат бўлганда);

талабнома берувчининг селекция ютуғини синовдан ўтказиш учун материални белгиланган муддатда ихтисослаштирилган ташкилотга тақдим этиш мажбуриятини;

талабнома патент вакили ёки ишончли шахс орқали топширилганида уларга берилган ишончномани;

патент божи белгиланган миқдорда тўланганлигини ёхуд патент божи тўлашдан озод қилиш, шунингдек унинг миқдорини камайтириш асосларини тасдиқловчи ҳужжатни ўз ичига олган бўлиши керак.

Патент бериш ҳақидаги талабнома битта селекция ютуғига тааллуқли бўлиши лозим.

Патент бериш ҳақидаги талабнома топширилган сана ушбу модданинг биринчи қисми талабларига мувофиқ бўлган ҳужжатлар Вазирликка келиб тушган санага қараб белгиланади.

Патент бериш ҳақидаги талабнома ҳужжатларига доир талаблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган маъмурий регламент билан белгиланади.

Патент бериш ҳақидаги талабномаларнинг материаллари Вазирликда ва Давлат муассасасида сир сақланиши шарт ва талабномаларнинг расмий экспертизасини ўтказиш даврида талабнома берувчининг розилигисиз бу материаллар тўғрисида ахборотлар берилмайди.


18-модда. Селекция ютуғининг устуворлиги

Селекция ютуғининг устуворлиги ушбу Қонуннинг талабларига мувофиқ расмийлаштирилган патент бериш ҳақидаги талабнома Вазирликка топширилган санага кўра белгиланади.

Агар патент бериш ҳақидаги айнан ўхшаш талабномалар айни битта устуворлик санасига эга бўлса, у ҳолда патент Вазирликка бирмунча олдинроқ сана билан юборилган ёки рўйхатга олиш кирим рақами бирмунча олдинроқ қайд этилган талабномага берилади.

Агар талабнома берувчи Вазирликка патент бериш ҳақидаги талабномани топширишдан олдин Ўзбекистон Республикаси селекция ютуқларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида шартнома тузган бошқа давлатга талабнома (бундан буён матнда биринчи талабнома деб юритилади) топширган бўлса, талабнома берувчи талабнома тушган санадан эътиборан ўн икки ой давомида биринчи талабнома бўйича устуворлик ҳуқуқига эга бўлади.

Талабнома берувчи Вазирликка юборилаётган патент бериш ҳақидаги талабномасида биринчи талабноманинг устуворлик санасини кўрсатиши лозим. Талабнома берувчи талабнома Вазирликка топширилган санадан эътиборан уч ой ичида биринчи талабноманинг нусхасини ва таржимасини тақдим этиши шарт. Бу шартлар бажарилган тақдирда, талабнома берувчи биринчи талабнома топширилган санадан эътиборан уч йил мобайнида қўшимча ҳужжатлар ва синов учун зарур материал тақдим этмасликка ҳақли.

Ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган муддатларга риоя этмаслик талаб қилинаётган устуворликнинг эътироф этилмаслигига сабаб бўлади.

Патент бериш ҳақидаги кейинги талабномани топшириш, биринчи талабноманинг предмети бўлган селекция ютуғини эълон қилиш ёки ундан фойдаланиш, агар бу ишлар ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган муддат ичида амалга оширилган бўлса, кейинги талабномани рад этиш учун асос бўла олмайди. Бундай ҳоллар учинчи шахсларнинг бирон-бир ҳуқуқлари юзага келиши учун ҳам асос бўла олмайди.


19-модда. Селекция ютуғининг давлат экспертизаси

Талабномада кўрсатилган селекция ютуғининг давлат экспертизаси талабноманинг расмий экспертизасини ва мазкур селекция ютуғи янгилик эканлигини экспертиза қилишдан ҳамда фарқланиш, турдошлик ва барқарорликни аниқлаш мақсадида синовдан ўтказишдан иборат патентга лаёқатлилик экспертизасини ўз ичига олади.

Селекция ютуғининг давлат экспертизасини ўтказиш тартиби маъмурий регламент билан белгиланади.


20-модда. Талабноманинг расмий экспертизаси

Талабноманинг расмий экспертизаси талабнома топширилган санадан эътиборан икки ой ўтгач ўтказилади. Талабнома берувчининг илтимосномасига биноан расмий экспертиза кўрсатилган муддат тугашидан олдин бошланиши мумкин. Экспертиза мобайнида устуворлик санаси белгиланади, зарур ҳужжатларнинг қўйилаётган талабларга қанчалик мослиги текширилади.

Талабнома берувчи талабнома топширилган санадан эътиборан икки ой мобайнида ўз ташаббуси билан талабнома материалларига қўшимчалар, аниқликлар ёки тузатишлар киритишга ҳақлидир.

Агар талабноманинг расмий экспертизаси жараёнида талабнома қонунчиликда белгиланган талабларни бузган ҳолда расмийлаштирилганлиги аниқланса, талабнома берувчига тегишли билдиришнома юборилган санадан эътиборан уч ой муддат ичида етишмаётган ёки тузатилган ҳужжатларни тақдим этиш зарурлиги тўғрисида билдиришнома юборилади.

Агар зарур қўшимчалар, аниқликлар ёки тузатишлар белгиланган муддатда киритилмаган, патент бериш ҳақидаги талабнома тушган санада ундаги етишмаётган ҳужжатлар тақдим этилмаган ёки ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган муддатни узайтириш тўғрисидаги илтимоснома топширилмаган бўлса, у ҳолда талабнома чақириб олинган деб ҳисобланади.

Талабнома берувчи томонидан ўтказиб юборилган муддат, унинг бу муддат ўтганидан кейин олти ойдан кечиктирмай топширган илтимосномасига биноан, Давлат муассасаси томонидан тикланиши мумкин.

Талабноманинг расмий экспертизаси натижалари бўйича Давлат муассасасининг қарори талабнома берувчига маълум қилинади.

Талабнома берувчи Давлат муассасасининг қарорига рози бўлмаса, қарор юборилган санадан эътиборан уч ой мобайнида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Апелляция кенгашига (бундан буён матнда Апелляция кенгаши деб юритилади) мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Апелляция кенгаши апелляция келиб тушган санадан эътиборан икки ойлик муддат ичида уни кўриб чиқиши лозим.

Апелляция кенгашининг қарори устидан қарор қабул қилинган санадан эътиборан олти ой ичида судга шикоят қилиниши мумкин.

Расмий экспертизадан ўтган патент бериш ҳақидаги талабномани Давлат муассасаси патентга лаёқатлилигини экспертизадан ўтказиш учун тегишли ихтисослаштирилган ташкилотга юборади.


21-модда. Селекция ютуғининг муваққат ҳуқуқий муҳофазаси

Муҳофаза талаб қилинган селекция ютуғига муваққат ҳуқуқий муҳофаза патент бериш ҳақидаги талабномага оид маълумотлар эълон қилинган санадан эътиборан селекция ютуғи тегишли реестрда рўйхатга олинадиган санага қадар белгиланади.

Селекция ютуғига муваққат ҳуқуқий муҳофаза амал қиладиган даврда талабнома берувчига нисбатан ушбу Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ патент эгасининг ҳуқуқи амал қилади.

Агар патент беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиниб, бу қарор устидан шикоят қилиш имкониятлари тугаган бўлса, муваққат ҳуқуқий муҳофаза бошланмаган деб ҳисобланади.

Муҳофаза талаб қилинган селекция ютуқларидан уларга муваққат ҳуқуқий муҳофаза белгиланган даврда фойдаланаётган шахс патент олинганидан кейин патент эгасининг талабига биноан унга товон пули тўлаши шарт, бу товоннинг миқдори патент эгаси билан тузилган келишувда белгилаб қўйилади.



22-модда. Селекция ютуғи янгилик эканлигининг экспертизаси

Селекция ютуғи янгилик эканлигининг экспертизасини ихтисослаштирилган ташкилот мавжуд ҳужжатлар ва далил-исботлар, шу жумладан ўз ташаббуси билан олган ахборот асосида амалга оширади ҳамда талабномада кўрсатилган селекция ютуғининг янгилик мезонига мувофиқлиги ёки номувофиқлиги тўғрисида Давлат муассасасига хулоса тақдим этади. Давлат муассасаси янгилик мавжудлиги ёки йўқлиги тўғрисида талабнома берувчини ёзма равишда хабардор этади.

Патент бериш ҳақидаги талабномага оид маълумотлар эълон қилинган санадан эътиборан олти ой ичида ҳар қандай манфаатдор шахс талабномада кўрсатилган селекция ютуғининг янгилик эканлигига нисбатан ўз эътирозини тегишли ихтисослаштирилган ташкилотга юбориши мумкин.

Тегишли ихтисослаштирилган ташкилот эътироз олинганлигини талабнома берувчига маълум қилади. Талабнома берувчи эътирозга рози бўлмаса, билдиришнома олинган кундан эътиборан уч ойлик муддат ичида ихтисослаштирилган ташкилотга асослантирилган эътироз талабини юбориш ҳуқуқига эга. Ихтисослаштирилган ташкилот келиб тушган материаллар юзасидан қарор қабул қилади ва бундан манфаатдор шахс ҳамда талабнома берувчини хабардор этади.

Агар талабномада кўрсатилган селекция ютуғи янгилик мезонига номувофиқ бўлса, Давлат муассасаси патент беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Талабнома берувчи уч ойлик муддат ичида Давлат муассасасининг патент беришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан Апелляция кенгашига апелляция билан мурожаат этиши мумкин. Апелляция кенгаши апелляция келиб тушган санадан эътиборан икки ойлик муддат ичида уни кўриб чиқиши керак.

Апелляция кенгашининг қарори устидан қарор қабул қилинган санадан эътиборан олти ой ичида судга шикоят қилиниши мумкин.


23-модда. Талабномада кўрсатилган

селекция ютуғининг синовлари

Талабномада кўрсатилган селекция ютуғининг синовлари фарқланиш, турдошлик ва барқарорлик мезонларига мосликни синашдан иборатдир.

Талабномада кўрсатилган селекция ютуғининг синовлари ихтисослаштирилган ташкилотлар белгилаган усул ва муддатларда, рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган давлат нав синаш станцияларида, давлат нав синаш участкаларида, бошқа ташкилотларда ўтказилади.

Талабнома берувчи синов ўтказиш учун керакли миқдордаги уруғликни, кўчат ёки насл материалини ихтисослаштирилган ташкилот томонидан белгиланган манзилга, кўрсатилган муддатларда тақдим этиши шарт.

Ихтисослаштирилган ташкилот талабнома берувчи, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг корхоналари, муассасалари, ташкилотлари ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари томонидан тақдим этилган синов натижаларидан фойдаланишга ҳақли.

Ихтисослаштирилган ташкилот синов натижаларига кўра селекция ютуғининг патентга лаёқатлилик мезонларига мослиги тўғрисида хулоса чиқаради.

Агар селекция ютуғи патентга лаёқатлилик мезонларига, унинг номи эса белгиланган талабларга жавоб берса, ихтисослаштирилган ташкилот селекция ютуғининг расмий тавсифини тайёрлайди, Давлат муассасаси эса патент бериш тўғрисида қарор қабул қилади.

Агар селекция ютуғи патентга лаёқатлилик мезонларига жавоб бермаса, Давлат муассасаси патент беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Талабнома берувчи уч ойлик муддат ичида Давлат муассасасининг қарори устидан Апелляция кенгашига апелляция билан мурожаат қилиши мумкин. Агар селекция ютуғини қўшимча равишда синаш зарурияти юзага келмаса, Апелляция кенгаши апелляция келиб тушган санадан эътиборан икки ойлик муддат ичида уни кўриб чиқиши керак.

Апелляция кенгашининг қарори устидан қарор қабул қилинган санадан эътиборан олти ой ичида судга шикоят қилиниши мумкин.


24-модда. Патент бериш ҳақидаги талабномани чақириб олиш

Патент бериш ҳақидаги талабнома патент бериш тўғрисида ёки патент беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилингунга қадар талабнома берувчининг ёзма илтимосномасига биноан чақириб олиниши мумкин.

Талабнома берувчилар бир нечта бўлса, патент бериш ҳақидаги талабнома фақат улардан ҳар бирининг розилиги билан чақириб олиниши мумкин.


25-модда. Селекция ютуғини рўйхатга олиш

Давлат муассасаси патент бериш тўғрисида қарор қабул қилганидан кейин Вазирлик селекция ютуғини тегишли реестрда рўйхатга олади.


26-модда. Селекция ютуғига доир маълумотларни

расман эълон қилиш

Кўриб чиқиш учун қабул қилинган патент бериш ҳақидаги талабномаларга, рўйхатга олинган селекция ютуқларига, Вазирликнинг ва Давлат муассасасининг юридик аҳамиятга эга ҳаракатларига доир маълумотлар, селекция ютуқларининг тўлиқ тавсифлари, ҳуқуқлардан бошқанинг фойдасига воз кечиш тўғрисидаги рўйхатга олинган шартномалар ва лицензия шартномалари, шунингдек селекция ютуқларига тааллуқли бошқа маълумотлар Вазирликнинг расмий ахборотномасида эълон қилинади.



27-модда. Патент бериш

Патентни Ўзбекистон Республикаси номидан Вазирлик беради.

Вазирлик патент беришни селекция ютуғи рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинган санадан эътиборан ўн иш куни ўтгач амалга оширади.

Патент бир нечта шахс номига сўралган тақдирда уларга битта патент берилади.

Патентнинг шакли ва унда кўрсатиладиган маълумотлар таркиби Вазирлик томонидан белгиланади.

Берилган патентдаги кўзга яққол ташланиб турган ва техник хатолар патент эгасининг талабига кўра Вазирлик томонидан тузатилади.

Патент эгаси патентни олганидан кейин муҳофаза қилинаётган селекция ютуғига тааллуқли зарур материални сақлаш учун юборади.



28-модда. Селекция ютуғини сақлаш

Патент эгаси навни, зотни патентнинг амал қилиш муддати давомида шундай сақлаши шартки, токи нав, зот тегишли реестрда рўйхатга олинган санада тузилган уларга доир расмий тавсифда кўрсатилган белгилар сақланиб қолсин.

Патент эгаси ихтисослаштирилган ташкилотлар ва (ёки) Давлат муассасасининг сўровига биноан назорат синовларини ўтказиш учун нав уруғларини ёки насл материалини юбориши ва жойнинг ўзида текшириб кўрилиши учун имконият яратиб бериши шарт.


29-модда. Патент божлари

Патент бериш ҳақидаги талабномани топшириш, талабномада кўрсатилган селекция ютуғини экспертиза ва синовдан ўтказиш, патент бериш, уни ўз кучида сақлаб туриш, шунингдек селекция ютуғининг ҳуқуқий муҳофазаси билан боғлиқ юридик аҳамиятга эга бошқа ҳаракатларни бажариш учун патент божлари ундирилади.

Патент божларининг миқдори ва уларни тўлаш муддатлари, уларни тўлашдан озод қилиш, тўловларнинг миқдорини камайтириш ёки уларни қайтариб бериш асослари, шунингдек патент божларидан фойдаланиш тартиби қонунда белгиланади.

Патент божлари талабнома берувчи, патент эгаси ва бошқа манфаатдор шахс томонидан тўланади.

Патентни ўз кучида сақлаб турганлик учун патент божларини тўлаш мақсадида, қўшимча патент божи тўланган тақдирда, патент эгасига олти ойлик имтиёзли муддат берилади.

Агар патентни ўз кучида сақлаб турганлик учун патент божи ва қўшимча патент божи имтиёзли муддат мобайнида тўланмаса, патентнинг амал қилиши патент божи белгиланган муддатда тўланмаган кундан эътиборан тугатилади.



IV. ПАТЕНТ ЭГАСИНИНГ ҲУҚУҚИ

30-модда. Патент эгасининг мутлақ ҳуқуқи

Селекция ютуғидан ўз хоҳишига кўра фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқ патент эгасига тегишлидир.

Манфаатдор шахс муҳофаза қилинаётган селекция ютуғининг уруғлик, кўчат ёки насл материалини:

етиштириш ва такрор етиштириш (кўпайтириш);

нав ёки насллик кондициясига етказиш;

сотиш учун таклиф қилиш;

сотиш ва бошқа усулларда ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш;

юқорида кўрсатиб ўтилган мақсадларда сақлаш учун патент эгасининг рухсатини олиши керак.

Патент эгаси ўз хоҳишига кўра рухсат бирон-бир шарт ва (ёки) чекловлар билан берилишини олдиндан таъкидлаб ўтишга ҳақли.

Патент эгасининг ҳуқуқи унинг рухсатисиз фуқаролик муомаласига киритилган нав уруғлигининг кўчат материалидан етиштирилган ўсимлик материалига ёки наслдор ҳайвонлардан етиштирилган товарбоп ҳайвонларга нисбатан ҳам амал қилади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳаракатларни навнинг уруғлик, кўчат материалига ёки зотнинг насл материалига нисбатан амалга ошириш учун:

агар бу материал ўзида муҳофаза қилинаётган нав, зот белгиларини асосан сақлаб қолган бўлса ва ана шу муҳофаза қилинаётган нав ёки зот бошқа нав ёки зотнинг белгиларини асосан сақлаб қолган нав ёки зот бўлмаса;

агар бу материал ушбу Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ муҳофаза қилинаётган нав ёки зотдан аниқ-равшан фарқ қилмайдиган бўлса;

агар бу материал муҳофаза қилинаётган нав ёки зотдан бир неча марта фойдаланишни талаб қилаётган бўлса, патент эгасининг рухсатини олиш зарур.

Агар нав ёки зот:

дастлабки нав ёки зотнинг энг муҳим белгиларини ўзида сақлаб қолган бўлса ва бу нав ёки зот ҳам ўз навбатида ўзидан олдинги дастлабки нав ёки зот генотипи ёхуд генотиплар комбинациясини акс эттирадиган асосий белгиларни сақлаган ҳолда уларнинг энг муҳим белгиларини ўзида сақлаб қолган бўлса;

табиий ёки ҳосил қилинган мутантни саралаб олиш, дастлабки нав ўсимликлари ёки зот ҳайвонларидан айрим мутантни саралаб олиш, беккросс, нав ёки зотни ген инженерияси усуллари билан ўзгартириш каби турли усулларни қўллаш туфайли юз берган фарқларни истисно этганда, дастлабки нав ёки зотдан аниқ-равшан ажралиб турса ва олдинги нав ёки зотнинг генотипи ёхуд генотиплар комбинациясига мос келса, ўзида бошқа (дастлабки) нав ёки зотнинг белгиларини асосан сақлаб қолган нав ёки зот деб эътироф этилади.

Бир нечта патент эгаcига тегишли патент билан муҳофаза қилинган селекция ютуғидан фойдаланишдаги ўзаро муносабатлар улар ўртасидаги келишувга мувофиқ белгиланади. Бундай келишув бўлмаса, ҳар бир патент эгаси муҳофаза қилинаётган селекция ютуғидан ўз хоҳиши бўйича фойдаланиши мумкин, бироқ муҳофаза қилинаётган селекция ютуғига бошқа патент эгаларининг розилигисиз мутлақ лицензия беришга ёки патентдан бошқа шахснинг фойдасига воз кечишга ҳақли эмас.


31-модда. Патент эгасининг ҳуқуқларидан истиснолар

Муҳофаза қилинаётган селекция ютуғидан:

шахсий ва нотижорат мақсадларида фойдаланиш;

синов-тажриба мақсадларида фойдаланиш;

бошқа навлар ёки зотлар яратиш учун дастлабки нав ёки зот сифатида фойдаланиш;

корхона, хўжалик патент эгасидан олган навли уруғлик ва насл материалидан икки йил давомида такрор етиштириш учун ана шу корхона, хўжалик ҳудудида фойдаланиш патент эгасининг ҳуқуқларини бузиш деб эътироф этилмайди.



32-модда. Патент эгаси ҳуқуқларининг тугаши

Муҳофаза қилинаётган нав ёки зотга доир ҳар қандай материал Ўзбекистон Республикаси ҳудудида патент эгасининг ўзи томонидан ёки унинг розилиги билан сотиш ёхуд бошқа усулларда ўтказиш орқали ёхуд қайта ишлаш ва истеъмол мақсадларида тегишли ботаник ёки зоологик турдаги нав ёки зот муҳофаза қилинмайдиган мамлакатга олиб чиқиш орқали фуқаролик муомаласига киритилганидан кейин муҳофаза қилинаётган нав ёки зотнинг ҳар қандай материалига доир хатти-ҳаракатларга нисбатан патент эгасининг ҳуқуқи амал қилмайди.

Агар навни ёки зотни сотиш ва бошқа усулларда ўтказиш ушбу нав ёки зотни кейинчалик кўпайтиришга қаратилган бўлса ёхуд тегишли оила туркуми ёки турдаги нав ёхуд зот муҳофаза қилинмайдиган мамлакатларга кўпайтириш мақсадида навнинг ўсимлик материалини ёки зотнинг насл материалини олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ бўлса, ушбу модда биринчи қисмининг шартлари бу нав ёки зотларга нисбатан татбиқ этилмайди.



33-модда. Патент эгаси ҳуқуқининг бузилиши

Рухсат олмаган ҳолда:

селекция ютуғини етиштириш ва такрор етиштириш (кўпайтириш);

селекция ютуғини нав ёки насллик кондицияларига етказиш;

муҳофаза қилинаётган селекция ютуғидан фойдаланган ҳолда яратилган маҳсулотни сотишга таклиф қилиш, сотиш ва бошқача тарзда фуқаролик муомаласига киритиш;

сақлаш, олиб кириш, олиб чиқиш;

маълумотлар Апелляция кенгашига ёки талабнома берувчи ёхуд патент эгасининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган расмий таомилларни амалга ошираётган шахсга ошкор этилишини истисно қилган ҳолда, селекция ютуғига оид тижорат сири ҳисобланган маълумотларни ошкор қилиш патент эгаси ҳуқуқларининг бузилиши деб эътироф этилади.


V. ПАТЕНТ АМАЛ ҚИЛИШИНИНГ ТУГАТИЛИШИ

34-модда. Патентни ҳақиқий эмас деб эътироф этиш

Патент ўзининг бутун амал қилиш муддати давомида, агар:

селекция ютуғи патент бериш санасида янгилик ёки фарқланиш мезонларига мос келмаган бўлса;

патент талабнома берувчи тақдим этган селекция ютуғининг турдошлик ва барқарорлик мезонларига мослиги тўғрисидаги тасдиқланмаган маълумотларга асосан берилган бўлса;

патентда патент эгаси сифатида кўрсатилган шахс патент олиш учун қонуний асосга эга бўлмаган бўлса, патентга нисбатан эътироз билдирилиши ва у ҳақиқий эмас деб эътироф этилиши мумкин.

Ҳар қандай шахс Апелляция кенгашига патентни ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган асослар бўйича ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида апелляция бериши мумкин.

Апелляция кенгаши апелляция нусхасини патент эгасига жўнатади, патент эгаси уч ойлик муддат ичида далил-асосли жавоб қайтариши лозим.

Апелляция кенгаши, агар селекция ютуғини қўшимча равишда синовдан ўтказиш зарурати юзага келмаса, тегишли ихтисослаштирилган ташкилотнинг вакиллари иштирокида апелляцияларни олти ой ичида кўриб чиқади ва улар бўйича қарор қабул қилади.

Апелляция кенгашининг қарори устидан қарор қабул қилинган санадан эътиборан олти ой ичида судга шикоят қилиниши мумкин.


35-модда. Патентнинг амал қилишини

муддатидан илгари тугатиш

Патентнинг амал қилиши:

патентни ўз кучида сақлаб турганлик учун патент божлари белгиланган муддатда тўланмаса;

патент эгаси Вазирликка патентдан воз кечиш тўғрисида ариза топширса, муддатидан илгари тугатилади.

Патентнинг амал қилиши муддатидан илгари тугатилганлиги тўғрисидаги маълумот Вазирликнинг расмий ахборотномасида эълон қилинади.


36-модда. Патентни бекор қилиш

Қуйидаги ҳолларда:

селекция ютуғи бундан буён турдошлик ва барқарорлик мезонларига мувофиқ келмай қолса;

патент эгаси ихтисослашган ташкилотлар ёки Давлат муассасасининг сўровига биноан ўн икки ой ичида уруғликларни, кўчат, насл материалларини, ҳужжатлар ва ахборотни селекция ютуғи ўз кучини сақлаб қолганлигини текшириш учун тақдим этмаган ёки шу мақсадларда селекция ютуғи жойнинг ўзида текшириб кўрилиши учун имконият яратиб бермаган бўлса;

селекция ютуғининг номи бекор қилинаётган, патент эгаси эса бошқа муносиб номни таклиф этмаган бўлса, патент бекор қилинади.

Патентнинг бекор қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар Вазирликнинг расмий ахборотномасида эълон қилинади.


37-модда. Патентдан воз кечиш

Патент эгаси ёзма ариза бериб, патентдан воз кечиш ҳуқуқига эга.

Бир нечта патент эгаларидан бирининг патентдан воз кечиши патентнинг амал қилиши тугатилишига олиб келмайди.

Патентдан воз кечиш Вазирлик патент эгасидан ёзма ариза олган санадан эътиборан амал қила бошлайди.

Патент эгаси патентдан воз кечиш нияти тўғрисида муаллифни хабардор қилиши шарт. Бундай ҳолда муаллиф патентга эгалик қилишда устувор ҳуқуққа эга бўлади.

Агар патент лицензия шартномасининг объекти бўлса ва башарти шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, патентдан фақат лицензия эгасининг розилиги билан воз кечиш мумкин бўлади.



37-1-модда. Селекция ютуғи патентининг амал қилишини тиклаш

Патентнинг амал қилишини сақлаб турганлик учун патент божлари белгиланган муддатда тўланмаганлиги сабабли амал қилиши тугатилган селекция ютуғи патентининг амал қилиши патент эгасининг илтимосномасига кўра тикланиши мумкин.

Бундай илтимоснома патентнинг амал қилиши тугатилган санадан эътиборан уч йил ичида, бироқ патентнинг ушбу Қонунда назарда тутилган амал қилиш муддати тугагунига қадар Вазирликка топширилиши мумкин.

Патент эгасининг илтимосномасига патентнинг амал қилишини тиклаш учун белгиланган миқдордаги патент божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши керак.

Селекция ютуғи патентининг амал қилиши тикланганлиги тўғрисидаги маълумотлар Вазирликнинг расмий ахборотномасида эълон қилинади.

Селекция ютуғи патентининг амал қилиш муддати тугатилган сана билан патентнинг амал қилиши тикланганлиги тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинган сана оралиғидаги даврда селекция ютуғидан фойдаланишни бошлаган ёки бунинг учун зарур тайёргарлик кўрган шахс ундан келгусида бепул фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади.



VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

38-модда. Селекция ютуғига бўлган ҳуқуқларни

бошқа шахсга ўтказиш

Патент олиш ҳуқуқи, патент бериш ҳақидаги талабнома Вазирликда рўйхатга олинганлиги натижасида келиб чиқадиган ҳуқуқлар, шунингдек патентдан келиб чиқадиган ҳуқуқлар ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахсга ўтказилиши мумкин.

Ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечиш тўғрисидаги шартнома ёки лицензия шартномаси асосида, шунингдек қонунчиликка мувофиқ мерос бўлиб ўтиши орқали амалга оширилиши мумкин.

Селекция ютуғидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш тўғрисидаги шартнома, шунингдек лицензия шартномаси Вазирликда рўйхатдан ўтказилиши керак.


39-модда. Селекция ютуғидан фойдаланиш

ҳуқуқини бошқа шахсга бериш

Патент берилган нав ёки зот лицензия шартномасининг предмети бўлиши мумкин.

Патент эгаси бўлмаган ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс патент билан муҳофаза қилинаётган селекция ютуғидан патент эгасининг рухсати билангина лицензия шартномаси асосида фойдаланишга ҳақлидир.

Патент эгаси селекция ютуғидан фойдаланиш ҳуқуқини ҳар қандай шахсга бериш (очиқ лицензия) тўғрисида Вазирликка ариза топшириши мумкин. Бу ҳолда патентни ўз кучида сақлаб турганлик учун ундириладиган патент божи эллик фоизга камайтирилади.

Патент эгасининг очиқ лицензияга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга бериш тўғрисидаги аризаси чақириб олинмайди.

Очиқ лицензия олиш истагини билдирган шахс патент эгаси билан лицензия шартномасини тузиши шарт.

Патент эгаси мутлақ лицензия ёки номутлақ (оддий) лицензия берган ҳолда селекция ютуғидан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиши мумкин.

Мутлақ лицензия берилганида лицензиат селекция ютуғидан лицензия шартномасида кўрсатилган доирада фойдаланиш учун мутлақ ҳуқуқ олади, селекция ютуғидан фойдаланиш ҳуқуқининг лицензиатга берилмайдиган қисми лицензиарда сақланиб қолади.

Номутлақ (оддий) лицензия берилганида лицензиар селекция ютуғидан фойдаланиш ҳуқуқини лицензиатга бериб, патентдан келиб чиқадиган барча ҳуқуқларни, шу жумладан, бошқа шахсларга лицензия бериш ҳуқуқини ҳам ўзида сақлаб қолади.


40-модда. Мажбурий лицензия

Агар патент эгаси патент берилган санадан эътиборан уч йил мобайнида селекция ютуғидан Ўзбекистон Республикасида фойдаланмаса ҳамда лицензия шартномаси тузишни рад этса ва агар, мазкур селекция ютуғидан фойдаланмаслик жамият манфаатларига дахл этадиган бўлса, бу селекция ютуғидан фойдаланиш истагидаги шахс ўзига мажбурий лицензия беришни сўраб ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.

Мажбурий лицензия номутлақ (оддий) лицензия тариқасида берилади ва унинг эгасига патент эгасидан дастлабки уруғлик, кўчат ёки насл материалини олиш ҳуқуқини беради.

Мажбурий лицензия фақат селекция ютуғидан ижозат этиладиган услубда ва лицензияга мувофиқ фойдаланилишини таъминлай оладиган шахсга берилади.

Мажбурий лицензия патент эгасининг муҳофаза қилинаётган селекция ютуғидан фойдаланишига ёки селекция ютуғидан фойдаланиш учун бошқа шахсга лицензияни беришига тўсқинлик қилмайди.



41-модда. Селекция ютуғидан фойдаланиш

Агар етиштирилган, такрор етиштирилган, нав ёки насллик кондициясига ёки кейинчалик кўпайтириш даражасига етказилган уруғлик, кўчат ёки насл материали ўзининг морфологик, физиологик ва бошқа белгилари бўйича муҳофаза қилинаётган селекция ютуғининг расмий тавсифида акс эттирилган маълумотларга мос келса, селекция ютуғидан фойдаланилган деб ҳисобланади.



42-модда. Селекция ютуқларини бошқа давлатларда патентлаш

Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари селекция ютуқларини қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа давлатларда патентлаш ҳуқуқига эга.


43-модда. Чет эллик юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари

Чет эллик юридик ва жисмоний шахслар ушбу Қонунда назарда тутилган ҳуқуқлардан Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари билан тенг равишда ёки келишув принципи асосида фойдаланадилар.



44-модда. Низоларни ҳал қилиш

Селекция ютуқларини яратиш, ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади.


45-модда. Селекция ютуқлари тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Селекция ютуқлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2002 йил, 17-18-сон, 127-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 2002 йил, 9-сон, 156-модда