Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикасининг 20.11.1991 й. 429-XII-сон "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида"ги Қонуни

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

20.11.1991 й.

N 429-XII



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ

АСОСЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Давлат халқ манфаатларини кўзлаб, "Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида"ги Қонунга асосланиб, республика ёшларнинг ижтимоий ҳамда маънавий камол топиши учун шарт-шароит яратиб беришга қаратилган ёшларга оид сиёсатни ишлаб чиқади ва уни амалга оширади.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ёшларга оид сиёсатининг мақсади ва қоидалари

Ёшларга оид сиёсат Ўзбекистон Республикаси давлат фаолиятининг устувор йўналиши бўлиб, унинг мақсади ёшларнинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши, ижодий иқтидори жамият манфаатлари йўлида имкони борича тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун ижтимоий иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратиш ҳамда уларни кафолатлашдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати қуйидаги қоидаларга асосланади:

миллати, ирқи, тили, дини, ижтимоий мавқеи, жинси, маълумоти ва сиёсий эътиқодидан қатъи назар ёшлар тўғрисида ғамхўрлик қилиш;

ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш;

миллий, маданий анъаналарнинг авлоддан авлодга ўтиши, авлодларнинг маънавий алоқаси;

ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ёшлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари доирасида ўз манфаатларини амалга ошириш йўлларини эркин танлаб олишларига кафолат бериш;

жамиятни ривожлантиришга, айниқса республика ёшлари ҳаётига оид сиёсат ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда ёшларнинг бевосита иштирок этиши;

ҳуқуқ ва бурчларнинг эркинлик ва фуқаролик масъулиятининг бирлиги.



2-модда. Ўзбекистон Республикасининг ёшларга

оид давлат сиёсати соҳасидаги ваколатлари

Ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида Ўзбекистон Республикаси тасарруфига қуйидагилар киради:

республика ҳудудида ёшларга оид давлат сиёсатининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий асосларини белгилаш;

ёшларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва таъминлаш;

ёшларга оид давлат сиёсати бошқарув идораларини тузиш;

ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида республика комплекс ва аниқ мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга мўлжалланган молиявий маблағларни тасарруф этиш;

республика ёшларининг манфаатларини Ўзбекистоннинг республикалараро ва халқаро мажбуриятлари доирасида ифодалаш;

республика ҳудудида ёшларнинг ва улар бирлашмаларининг ижтимоий муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш;

республика ёшларининг, ёшлар жамоат уюшмаларининг ташаббусларини иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;

ҳамма ҳуқуқ субъектларининг Ўзбекистон Республикаси қонунларида ёшларга нисбатан белгилаб қўйилган мажбуриятларига риоя этишларини назорат қилиш, Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ҳамда амалга оширишнинг бошқа масалалари.



3-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг ёшларга

оид давлат сиёсати соҳасидаги ваколатлари

Қорақалпоғистон Республикаси ёшларга оид давлат сиёсатини мустақил равишда белгилайди ва амалга оширади, ушбу Қонун 2-моддасининг еттинчи хат бошиси бундан мустаснодир.



4-модда. Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонунлар

Ёшларга оид давлат сиёсати Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Қонунга ва ёшларнинг манфаатларига дахлдор бўлган ижтимоий, иқтисодий ҳамда ўзга муносабатларни тартибга соладиган бошқа қонун ҳужжатларига асосланади.

Ўзбекистон Республикаси ушбу Қонун орқали 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқароларга тааллуқли ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий негизини белгилаб беради ва уни тегишли қонунларни ривожлантириш ҳамда тизимга солиш учун асос деб эътироф этади.

Агарда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида мазкур Қонундагидан ва Ўзбекистон Республикасининг ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатларидагидан ўзгача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланади.



5-модда. Ёшларга оид давлат сиёсатининг субъектлари

Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, ёшлар номидан уларнинг жамоат бирлашмалари ёшларга оид давлат сиёсатининг субъектларидир.


II. ЁШЛАРНИ ҲУҚУҚИЙ ВА ИЖТИМОИЙ

МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

6-модда. Ёшларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уни таъминлаш

Ёш фуқароларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш давлат ва жамоат ташкилотлари, бирлашмалар ва корхоналарнинг ёшларга нисбатан ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган вазифаларини шахснинг қадр-қимматини оилада, меҳнат ва ўқув жамоасида, турар жойда ҳар томонлама ҳимоя қилишни ўз ичида олади.

Ёшларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда вакиллик, ижроия, суд ҳокимияти идоралари, шунингдек ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш идоралари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг ёш фуқаролари Конституция ва қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва шахсий ҳуқуқ ҳамда эркинликлардан тўлиқ фойдаланадилар. Ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини уларнинг ёшига қараб қандайдир бевосита ёки билвосита чеклаб қўйишга йўл қўйилмайди ва бундай хатти-ҳаракатлар амалдаги қонунларга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Вояга етмаганларнинг муомала лаёқати масалалари, ёш фуқаролар айрим тоифаларининг (ногиронлар, уй бекалари, болалар уйида тарбияланаётган ҳамда тарбияланиб чиққанларнинг ва ҳоказо) ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан тартибга солиб турилади.

Ўзбекистон Республикасида ёшлар орасида одоб-ахлоқни бузишга, шу жумладан зўравонликни, ҳаёсизликни ва шафқатсизликни ташвиқот қилишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар ман этилади.


7-модда. Вояга етмаган ҳуқуқбузарларнинг

ҳуқуқларини муҳофаза қилиш

Вояга етмаганларга нисбатан мажбурий тарбиявий таъсир чора-тадбирларини қўллаб, шу жумладан: етказилган азият ғуборини кўтариш мажбуриятини юклаш, жарима солиш, ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилиш, ахлоқ-тузатиш ишларига юбориш, ҳибсга олиш, озодликдан маҳрум этиш, уларни махсус ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш фақат суднинг ҳукмига ёки тегишли қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Давлат шахснинг ҳуқуқларига риоя этилишини ва унинг қадр-қиммати ҳурмат қилинишини, ҳуқуқбузарлик содир этган вояга етмаганлар анча инсонпарвар режимда сақланишини кафолатлайди, озодликдан маҳрум қилиш жойларида уларнинг аҳволини халқ депутатлари Кенгашлари ва жамоатчилик томонидан назорат қилиниши учун шарт-шароит яратади. Вояга етмаган ҳуқуқбузарлар учун содир этган жиноятларининг оғирлилик даражаси ва уларнинг ёшини ҳисобга олиб, озодликдан маҳрум қилиш жойларида табақалаштирилган режимда сақлаш назарда тутилади.


8-модда. Ёшларнинг таълим соҳасидаги ҳуқуқлари

Ўқувчилар ва талабаларнинг ўқув-тарбия муассасалари маъмурияти билан ўзаро муносабатлардаги ҳуқуқ ва бурчлари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида, шунингдек тегишли муассасалар ўзини ўзи бошқариш идораларининг қарорларида белгиланади. Ўқувчилар, талабалар ёки уларнинг қонуний вакиллари ўқув юртларининг маъмурияти билан тегишли қоидалар, шартномалар (битимлар) ишлаб чиқишда иштирок этадилар.

Ўқувчилар ва талабаларни ўқув жараёни вақтида ижтимоий ишлаб чиқаришга жалб этишга йўл қўйилмайди, бундай иш улар танлаган мутахассисликка мос бўлиб, ўқув-ишлаб чиқариш амалиётининг шакли ҳисобланган, ёхуд ўқувчилар ва талабалар ўқишдан бўш вақтларида ихтиёрий равишда жамоа бўлиб ёки якка тартибда меҳнат қилган ҳоллар бундан мустаснодир. Мазкур меҳнат фаолиятига меҳнат ёки фуқаролик қонунларига мувофиқ тегишлича расмийлаштирилган шартнома бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Ўқувчилар ва ўқув юртларининг талабаларига ўқув ашёлари, дарсликлари ва мактаб кийимларини имтиёзли нархларда сотиб олиш ҳуқуқи берилади. Моллар рўйхати ва уларни реализация қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


9-модда. Ўзбекистон Республикасида давлатнинг

истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаши

Давлат истеъдодли ёшларни алоҳида қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон Республикасида давлат ташкилотлари ҳамда жамоат бирлашмалари, мансабдор шахслар истеъдодли ёшларни аниқлашда ва уларнинг ижодий камол топишида кўмаклашишлари шарт. Ана шу мақсадда Ўзбекистон Республикасида фан ва техника, иқтисодиёт, бошқарув, санъат соҳаларида истеъдодли ёшларни қидириб топишни, уларни муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлашни амалга оширишда моддий-техника базалари билан таъминланган давлат муассасалари, жамоат бирлашмалари ва комиссиялар фаолият кўрсатади. Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари республика ва маҳаллий бюджетлар, ҳамда бошқа манбалардан пул билан таъминланади.


10-модда. Ёшларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш

Ёшларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш жисмоний, ақлий, ахлоқий жиҳатдан ўсишини ва Ўзбекистон халқининг манфаатлари йўлида ижтимоий камол топишини таъминлаш учун ёш фуқаролар ва уларнинг оилаларига бериладиган давлат кафолатларини ўз ичига олади.

Ўзбекистон Республикасида ёшлар учун:

бепул тиббий хизмат;

бепул таълим олиш;

спорт-соғломлаштириш ва маданий-маърифий муассасаларга имтиёзли шартларда қатнаш;

уй-жой қуриш, рўзғор буюмлари сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар бериш;

дастлабки меҳнат фаолияти учун иш жойи билан таъминланиш ёки амалдаги қонунларга мувофиқ моддий компенсация олиш ҳуқуқи;

ижтимоий инфраструктура объектларини лойиҳалаш ва қуриш чоғида ёшларнинг талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олиш;

ўқувчилар, талаба ёшлар ва вояга етмаган фуқаролар учун транспортда юриш имтиёзлари;

вояга етмаганларга компенсация тўловларини кафолатловчи ижтимоий таъминланиш минимуми белгиланади.

Вояга етмаганларни, ёш фуқароларнинг айрим тоифаларини (ногиронлар, уй бекалари, болалар уйида тарбияланаётган ва тарбияланиб чиққанлар, ўқувчилар, талабалар, ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ҳарбий хизматчилар, захирадаги ҳарбий хизматчилар ва шу кабиларни) ижтимоий муҳофаза қилишга қаратилган махсус чора-тадбирлар, шунингдек уларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонунлари билан белгиланади.


III. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ЁШЛАРГА

ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

11-модда. Ёшларга оид давлат сиёсатини

ташкилий жиҳатдан таъминлаш

Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ишлаб чиқади.

Ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқариш Ўзбекистон Республикасининг Ёшлар ишлари бўйича давлат Кенгаши ва бошқа давлат идоралари, жойларда эса халқ депутатлари Кенгашлари ижроия идоралари зиммасига юклатилади.

Ўзбекистон Республикасининг Ёшлар ишлари бўйича давлат Кенгашининг вазифалари, ваколатлари ва тузилиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикасининг Ёшлар ишлари бўйича давлат Кенгаши тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ёшларга оид давлат сиёсати асосидаги тадбирларни пул билан таъминлаш ўлчамлари ва илмий жиҳатдан асосланган ижтимоий мезонларини ишлаб чиқади, ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси муҳокамасига киритади.

Ўзбекистон Республикасининг Ёшлар ишлари бўйича давлат Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ва Президентига ҳар йили ёшларнинг аҳволи хусусида маъруза тақдим этади.


12-модда. Ёшларга оид сиёсатни рўёбга

чиқаришнинг давлат дастури

Ёшларга оид сиёсат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқиладиган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган давлат негизида амалга оширилади.

Давлат дастурининг ишлаб чиқилишидан ва рўёбга чиқарилишидан кўзланган асосий мақсад ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни, инсоний қадр-қимматини, ўзига хос, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий-маданий манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайдиган шарт-шароитлар яратишдан, ихтиёрийлик ва танлаш имконияти қоидалари асосида ёшларнинг халқ хўжалигида меҳнат қилишларига кўмаклашишдан иборатдир.

Давлат дастурини рўёбга чиқаришда мулкчиликнинг туридан қатъи назар корхоналар, жамоат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар иштирок этади.

Давлат дастури моддий ресурслар, меҳнат ресурслари ва молиявий ресурслар билан таъминланади.

Маҳаллий ҳокимият идоралари кичик дастурлар, шунингдек мустақил ҳужжатлар тарзида дастурлар ишлаб чиқадилар. Дастурларнинг рўёбга чиқарилиши маҳаллий бюджет маблағлари ва пул билан таъминлашнинг бошқа манбаларидан амалга оширилади.


13-модда. Ёшларнинг ижтимоий хизмати

Ўзбекистон Республикасида ёшларни, ёш оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ёшларнинг жамоат уюшмалари ва уларнинг корхоналарини қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг фуқаро сифатидаги ташаббускорлигини рўёбга чиқаришга ёрдам кўрсатиш мақсадларида ёшлар давлат-жамоат ижтимоий хизмати амал қилади.

Ёшлар ижтимоий хизмати фаолиятининг йўналишлари қуйидагилардан иборат:

психологик-педагогик, тиббий-биологик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва вояга етмаганлар ҳамда бошқа ёш фуқароларга маслаҳат бериш;

жисмоний нуқсонлари туфайли жуда ноқулай шароитда қолган ёш фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш;

ёш оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш;

меҳнат ва ўқув жамоаларида ёшларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш;

вояга етмаган ҳуқуқбузарларга махсус тарбия муассасаларида ижтимоий ёрдам кўрсатиш;

озодликдан маҳрум этиш ва махсус муассасаларидан қайтган ёш фуқароларни ижтимоий жиҳатдан тиклаш (кўниктириш);

ёшларнинг жамоа бўлиб ва якка тартибда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда бу фаолиятни ривожлантириш;

ҳуқуқий ташвиқот, ёшларни ишга жойлашиш, таълим олиш ва касбий тайёргарлик кўриш, бўш вақтни мазмунли ўтказиш, туризм ва спорт билан шуғулланиш соҳасидаги манфаатларини рўёбга чиқаришлари учун мавжуд имкониятлар тўғрисида хабардор этиш;

ёшларнинг ўзини ўзи бошқариш шаклларини ривожлантириш;

ёшларнинг яшаш жойларида ўз бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини ташкил этишга кўмаклашиш ва ёшларга ёрдам кўрсатиш борасидаги бошқа вазифаларни бажариш.

Маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари ҳудуддаги ўзига хосликни ҳисобга олган ҳолда ижтимоий хизматнинг аниқ шаклини белгилайди.



14-модда. Давлатга тааллуқли бўлмаган идоралар ва

фуқароларни ёшларга ижтимоий ёрдам кўрсатишга

жалб этиш

Ёшларнинг жамоат уюшмаларини, бошқа давлатга тааллуқли бўлмаган ташкилотларни ёшларга ижтимоий жиҳатдан ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолиятга жалб этиш халқ депутатлари Кенгашлари ижроия идоралари, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари бўйича давлат Кенгаши ва республиканинг бошқа идоралари билан шартнома тузиш асосида амалга оширилади. Шартномада ёшларнинг талаб-эҳтиёжларини қондиришга қаратилган фаолиятнинг тури ва мазмуни, томонларнинг мажбуриятлари бўйича кўрсатиладиган молиявий ёки моддий ёрдамнинг шартлари белгиланади.



15-модда. Ёшларга оид давлат сиёсатини

иқтисодий таъминлаш

Ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги тадбирларни пул билан таъминлаш бюджетлар, ёшлар жамғармаси ва бошқа жамғармалар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Қуйидагилар республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар, шунингдек республика жамғармалари ва бошқа жамғармаларнинг маблағлари ҳисобидан пул билан таъминланади:

ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги республиканинг комплекс ва аниқ мақсадли дастурлари;

ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни ҳал этишни жадаллаштиришга қаратилган, аниқ мақсадлар учун қилинадиган харажатлар;

ёшлар жамоат ташкилотларининг ижтимоий жиҳатдан муҳим бўлган дастурларини қўллаб-қувватлаш бўйича қилинадиган харажатлар;

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари бўйича давлат Кенгаши ва унга бўйсунувчи муассасаларни таъминлашга кетадиган харажатлар;

Ўзбекистон Республикаси тузган шартномаларга мувофиқ ёшларнинг минтақалараро миқёсда ва халқаро алоқаларни амалга ошириш учун қилинадиган харажатлар;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланадиган ёш фуқароларни ижтимоий таъминлашнинг кафолатланган умумдавлат минимумига қилинадиган харажатлар;

вояга етмаган фуқароларга компенсация тўлаш билан боғлиқ харажатлар.



16-модда. Ёшларнинг ижтимоий

ривожланишига давлат ёрдами

Ёш фуқаролар ва ёш оилаларга ижтимоий имтиёзлар, чунончи: якка тартибда уй қуриш учун ер ажратиш, уй-жой сотиб олиш, уй-жой қуриш кооперативларига аъзо бўлиш учун пай бадаллари тўлаш, рўзғор буюмлари сотиб олиш (шу жумладан чорва моллари сотиб олиш), узоқ муддат фойдаланадиган кундалик уй жиҳозлари сотиб олиш, тижорат асосида амал қиладиган ўқув юртларида таълим олиш учун ҳақ тўлаш ва бошқа мақсадларга узоқ муддатли кредитлар берилади.

Ёшларга кредитлар банклар томонидан кам фоиз олиш шарти билан берилиб, Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган имтиёзли тартибда узилади.

Ўз фойдасидан маълум қисмини давлат ёшлар сиёсатига оид комплекс ва мақсадли дастурларни молиялаштиришга йўналтираётган корхона, муассаса, ташкилот ва бирлашмалар учун имтиёзли солиққа тортиш ўрнатилади.


17-модда. Ёшлар жамғармалари

Ўзбекистон Республикасида илмий, техникавий, маданий ва бошқа ижодий фаолиятни, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ёшларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашувчи ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат-жамоат ёшлар жамғармалари ташкил этилади.

Ёшларнинг давлат-жамоат жамғармаларини ташкил этиш, улар фаолиятининг тартиби ва ташкил бўлиш манбалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


18-модда. Давлатнинг ёшлар тадбиркорлигини

қўллаб-қувватлаши

Давлат ёшларнинг иқтисодий мустақиллигини, халқ ҳунармандчилиги ва ҳунармандчилик касб-кори билан шуғулланишини, ёшлар корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлайди ва ривожлантиради.

Ишловчилар рўйхат таркибининг камида 75 фоизини 30 ёшгача бўлган фуқаролар ташкил этадиган қуйидаги корхоналар: мактаб ўқувчилари, ўрта махсус билим юртларининг ўқувчилари, олий ўқув юртлари кундузги бўлимларининг талабалари, илмий-тадқиқот, инновация ва жорий этиш ишлари олиб бориш учун ёш олимлар томонидан ташкил этилган корхоналар, шунингдек ёшлар ташкилотлари тузган ҳамда рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган ёшларга мўлжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ва хизматларни кўрсатувчи корхоналар ёшлар корхоналари ҳисобланади.

Ёшлар корхоналари учун Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ: қарз олишда, инвестицияларда, зарур ишлаб чиқариш воситалари билан таъминланишда, ер майдонларини олишда, ўзларининг тижорат таваккалларини суғурталашда имтиёзлар белгиланади.


19-модда. Ўзбекистон Республикасида

ёшларнинг жамоат бирлашмалари

Республика ёшларининг фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш, шунингдек уларнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини ривожлантиришни ўзининг асосий мақсадларидан бири деб билган фуқароларнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган, кўнгилли уюшмаси Ўзбекистон Республикасида ёшларнинг жамоат бирлашмаси деб ҳисобланади.

Ёшлар жамоат бирлашмасининг Устави (низоми, бошқа асосий ҳужжати)да аъзо бўлувчининг ёки қатнашчисининг ёши чегаралаб қўйилган (30 ёш) бўлиши керак. Ёшлар жамоат бирлашмасидаги 30 ёшдан катта аъзолар (қатнашчилар) кўпи билан ёшлар жамоат бирлашмасига кирганлар жами сонининг 10 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.

Ёшларнинг жамоат бирлашмалари ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича давлатнинг комплекс ва аниқ мақсадли дастурларини ишлаб чиқишида қатнашадилар.

IV. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


20-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини назорат қилиш

Ушбу Қонуннинг рўёбга чиқарилишини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари Кенгашлари ва бошқа давлат идоралари назорат қилиб борадилар.

Ушбу Қонуннинг барча давлат ва жамоат идоралари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, шунингдек фуқаролар томонидан аниқ ва бир тахлитда ижро этилиши устидан олий назорат ўрнатиш Ўзбекистон Республикасининг Прокурори зиммасига юклатилади.


21-модда. Ушбу Қонунни бузганлик учун жавобгарлик

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви идораларининг мансабдор шахслари ушбу Қонуннинг қоидаларига риоя этилиши учун Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган тартибда жавобгардирлар.

Ушбу Қонунга зид келадиган ҳар қандай қонун ҳужжатлари қабул қилиниши биланоқ бутунлай ёки уларнинг тегишли қисми ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Ёшларга оид давлат сиёсати субъектларига ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар оқибатида етказилган зарар тегишли суднинг қарорига асосан, тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          И. Каримов



“Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси”, 1992 йил, 2-сон, 80-модда