Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.06.2003 й. 267-сон "Хорижий кредитлар ўз вақтида қайтарилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.06.2003 й.

N 267



ХОРИЖИЙ КРЕДИТЛАР ЎЗ ВАҚТИДА

ҚАЙТАРИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Жалб этилган хорижий кредитларнинг ўз вақтида ва тўлиқ қайтарилишини таъминлаш, корхоналарнинг Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолати остида берилган хорижий валютадаги кредитлар бўйича ўз мажбуриятларининг бажарилиши учун жавобгарлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Тижорат банкларига қарз олувчи корхоналар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан кафолатланган кредитлар бўйича қарзларини ўз вақтида қайтармаган ҳолларда пул маблағларини қарз олувчининг ҳисоб рақамидан акцептсиз тартибда ҳисобдан чиқариш ва уларни кредитлар бўйича қарзларни қайтаришга йўналтириш ҳуқуқи берилсин.


2. Белгилаб қўйилсинки, қарз олувчи корхоналар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолати остида берилган муддати ўтказиб юборилган хорижий валютадаги кредитларни қайтаришда тўланаётган сумманинг камида 90 фоизи мажбурий тартибда асосий қарзни қайтаришга йўналтирилади.


3. Ҳукумат кафолати остида илгари жалб қилинган кредитлар бўйича муддати ўтказиб юборилган ёки муддати кечиктирилган тўловлари бўлган корхоналар бўйича янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан таклифлар киритилишига йўл қўйилмайдиган тартиб белгилансин.

Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолати остида олинган хорижий валютадаги кредитларга ўз вақтида хизмат кўрсатишга доир қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши учун шахсий жавобгарлик Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирликлар ва идоралар, корхоналар ва ташкилотлар, ваколатли банклар раҳбарлари зиммасига юклансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг Ҳукумат кафолатини беришга оид талабларни кучайтириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин, белгилаб қўйилсинки, 2003 йил 1 июлдан бошлаб:

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолати фақат хорижий кредиторларга хорижий давлатлар, банклар ёки юридик шахслар билан ташқи қарз шартномалари бўйича берилади;

тижорат банкларига Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолати истисно ҳолларда Ҳукумат кафолати остида олинган хорижий кредитларни қайта молиялаштириш ёки қайтариш манбаи сифатида давлат бюджети маблағлари белгиланган устувор стратегик ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни молиялаштиришни таъминлаш учун берилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолатини бериш тартиби тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                               И. Каримов