Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 01.02.2012 й. 10-1109/7646-сон Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

01.02.2012 й.

N 10-1109/7646


(КЎЧИРМА)




Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ҳар бир даъво талабини қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги хулосалар бўлиши лозим


Даъвогар - МЧЖ шаклидаги "Qibray Zarodin" агрофирмаси (бундан буён матнда Агрофирма деб юритилади) жавобгарлар - "Finance Plus" кредит уюшмаси (бундан буён матнда Кредит уюшмаси деб юритилади), "Steviia Dunyosi Plus" МЧЖга (бундан буён матнда МЧЖ деб юритилади) нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида тузилган гаров шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ва гаров объекти бўлган иссиқхонани қайтаришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, тарафлар ўртасида 2008 йил 25 январда тузилган гаров шартномаси ҳақиқий эмас деб топилган.

Кредит уюшмаси тугатиш комиссиясининг кассация шикоятида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги ҳакамлик судининг 2008/10-001-сонли иш бўйича 2009 йил 27 январда қабул қилган ҳал қилув қарорига асосан иссиқхона 70109370 сўмлик қарздорлик эвазига суд ижрочилари томонидан расмийлаштирилган далолатнома асосида олинганлиги, иссиқхонани гаровга қўйиш ҳақида тузилган битим Агрофирма учун йирик битим ҳисобланмаслиги кўрсатилиб, ҳал қилув қарорининг гаров шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш қисмини бекор қилиш сўралган.

Кассация протестида эса жиноят ишлари бўйича Қибрай туман судининг 2010 йил 10 декабрдаги ҳукми билан Агрофирманинг собиқ раҳбари ҳамда омбор мудиридан Агрофирмага етказилган 162000000 сўм зарар солидар тартибда, 324397875 сўм зарар эса раҳбардан ундирилганлик ҳолатига биринчи инстанция суди томонидан ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги ҳақида важ келтирилиб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикояти ва протестда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, Кредит уюшмаси ва МЧЖ ўртасида 2008 йил 21 январда 572-сонли кредит шартномаси тузилган ҳамда кредит таъминоти сифатида Агрофирма, Кредит уюшмаси ва МЧЖ ўртасида 2008 йил 25 январда гаров шартномаси тузилиб, гаровга Агрофирмага тегишли умумий майдони 8074,94 кв.м. бўлган, Тошкент вилояти, Қибрай қўрғони, 5-бўлимда жойлашган иссиқхона комплекси қўйилган.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги ҳакамлик судининг 2009 йил 27 январдаги 2008/10-001-сонли ҳал қилув қарори билан Агрофирманинг гаровга қўйилган мол-мулкидан (Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Қибрай қўрғони, 5-бўлимда жойлашган, умумий майдони 8074,94 кв.м.дан иборат иссиқхона комплекси) даъвогар - Кредит уюшмаси фойдасига 70109370 сўм, ҳакамлик суди ҳисобига 525820 сўм ҳакамлик йиғими ундирилган.

Мазкур ҳал қилув қарори асосида Тошкент вилоят хўжалик судининг 2009 йил 19 мартдаги ажрими билан ижро варақаси берилган.

Биринчи инстанция суди даъвонинг иссиқхонани қайтариш ҳақидаги талаби бўйича ҳал қилув қарорида хулоса қилмасдан, даъвони қисман қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 138-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ҳар бир даъво талабини қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида хулоса бўлиши лозим.

Шунингдек, биринчи инстанция суди гаров шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида қарор қабул қилган бўлса-да, ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида суд низоли иссиқхона мажмуасига нисбатан Кредит уюшмасининг мулк ҳуқуқи мавжудлигини инобатга олиб, унга тегишли мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб топилмагунга қадар иссиқхонани қайтариш талабини қаноатлантира олмаслиги ҳақида фикрга келиб, ҳақиқий эмас деб топилган битимнинг оқибатларини қўлламаган.

Ҳолбуки, ушбу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида" 2007 йил 15 июндаги 161-сонли қарори талабларига зиддир. Ушбу Қарорнинг 8-бандида судларнинг эътибори қарорнинг хулоса қисми суд муҳокамаси предмети ҳисобланган барча талаблар бўйича тугалланган ва якуний жавобни ўз ичига олган бўлиши зарурлигига қаратилиб, муқобил, шунингдек шарт билан қарор қабул қилишга, қарорни тарафлар томонидан келгусида қандайдир ҳаракатларни бажариш, қандайдир ҳолатнинг юз бериши ёки юз бермаслигига боғлиқ ҳолда қабул қилишга ХПКда назарда тутилган ҳолатлардан ташқари, йўл қўйилмаслиги ҳақида тушунтириш берилган.

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Қибрай туман судининг 2010 йил 10 декабрдаги ҳукмига асосан Агрофирманинг собиқ раҳбари ва собиқ омбор мудири Агрофирмага тегишли бўлган иссиқхонани ноқонуний равишда, таъсисчиларнинг рухсатисиз, ўзбошимчалик билан гаровга қўйиб, Агрофирмага 144000000 сўмлик зарар етказганлиги ва ушбу зарар суммаси улардан Агрофирма фойдасига ундирилиши белгиланган. Бироқ, биринчи инстанция суди томонидан ушбу ҳолатга аниқлик киритиш масаласи эътибордан четда қолдирилган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, судлов ҳайъати кассация шикоятини қисман, протестни тўлиқ қаноатлантириб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни ҳамда ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.

Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф этиб, суд мажлисида тарафлар вакиллари иштирокини таъминлаш чорасини кўриб, даъво талабининг ҳар бирини алоҳида муҳокама этиб, уларни қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисидаги ўз хулосаларини баён қилиб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари билан асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши ҳамда суд харажатларини ундириш масаласини ҳал этиши лозим бўлади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2013 й., 8-сон