Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси 22.05.2007 й. 10-0705/217-сонли Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

22.05.2007 й.

N 10-0705/217


(КЎЧИРМА)




Турли ерларда жойлашган бир неча жавобгарга нисбатан даъволар даъвогарнинг танлаши бўйича жавобгарларнинг бири жойлашган ердаги хўжалик судига тақдим этилади


"Гулистон нефть базаси" унитар корхонаси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарлар - Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, Ички ишлар вазирлигига қарашли нефтни қўриқлаш милиция бўлими ҳамда "Ўзбекистон темир йўллари" ДАТЙКнинг Юк ва тижорат бошқармасидан 3439326 сўм ундиришни сўраган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидан 3439326 сўм ундирилиб, Ички ишлар вазирлигига қарашли нефтни қўриқлаш милиция бўлими ҳамда "Ўзбекистон темир йўллари" ДАТЙКнинг Юк ва тижорат бошқармаси жавобгарликдан озод этилган.

Иш апелляция тартибида кўрилмаган.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи кассация шикояти билан мурожаат қилиб, суд қарорини бекор қилишни ва даъвони ҳудудий тегишлилиги бўйича кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни сўраган.

Кассация инстанцияси суди кассация шикояти важларини иш ҳужжатлари асосида муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан ҳал қилув қарорини ўзгартиришни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, тарафлар ўртасидаги шартномавий муносабатга асосан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи 2006 йил 27 сентябрда 1 та вагон-цистернага АИ-80 бензин юклаб, "Гулистон нефть базаси" унитар корхонасига етказиб бериш учун темир йўл компаниясига топширган.

Мазкур маҳсулот 2006 йил 2 октябрда миқдор жиҳатдан қабул қилиниб, бу ҳақда 283-сонли 12-НП шаклидаги далолатнома даъвогар вакиллари, қўриқлаш бўлинмаси, СЖС ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида тузилиб, табиий йўқолишдан ташқари жами 7122 кг. камомад аниқланганлиги қайд этилган.

Биринчи инстанция суди камомад суммасини асосли равишда қаноатлантириб, уни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидан ундиришни белгилаган. Чунки, комиссия аъзолари вагон-цистернада юк жўнатувчининг тамғаси соз ҳолда келганлигини, вагон ва тамғанинг очилганлик белгилари ёки аломатлари йўқлигини қайд этишган ҳолда маҳсулотни қабул қилишга киришишган.

Маҳсулотни қабул қилиш ва бу ҳақда далолатнома расмийлаштиришда собиқ СССР Давлат арбитражининг 1965 йил 15 июндаги қарори билан тасдиқланган П-6-сонли Йўриқнома талабларига риоя этилган. Далолатномада вагон-цистерна темир йўл станциясидан қабул қилиб олинган сана ва вақт, қабул қилиш бошланган вақт, шу жумладан, ўлчов ўтказилган вақт, тамғаларнинг мазмуни, уларнинг ҳолати, ўлчов асбобларининг текширилган санаси ва бошқа ҳолатлар тўлиқ кўрсатилган. Камомад аниқланганлиги тўғрисида телеграмма ва талабнома юборилган ҳамда талабномага қабул қилиш билан боғлиқ ҳужжатлар илова этилган.

Таъкидлаш жоизки, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи билан шартномавий муносабатда бўлган Ички ишлар вазирлигига қарашли нефтни қўриқлаш милиция бўлими ҳамда СЖСнинг вакиллари ҳам қабул қилиш далолатномаларини эътирозларсиз имзолаган.

Биринчи инстанция суди ушбу ҳолатларни эътиборга олган ҳолда даъвони асосли равишда қаноатлантириб, камомадни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидан ундиришни белгилаган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 28-моддасига мувофиқ турли ерларда жойлашган бир неча жавобгарга нисбатан даъволар даъвогарнинг танлаши бўйича жавобгарларнинг бири жойлашган ердаги хўжалик судига тақдим этилади. Ушбу Кодекснинг 31-моддаси иккинчи қисмига кўра йўловчи, багаж ва юк ташиш шартномасидан келиб чиқадиган йўловчи, багаж ва юк ташувчига нисбатан даъволар, шу жумладан йўловчи, багаж ва юк ташувчи жавобгарлардан бири бўлган ҳолларда ҳам, транспорт ташкилотининг органи жойлашган ерда тақдим этилади.

Маҳсулот темир йўл орқали ва махсус милиция бўлинмасининг қўриқлашида даъвогарга етиб келганлиги, камомад кимнинг айби билан содир бўлганлиги даъвогарга аниқ бўлмаганлиги сабабли даъво аризаси даъвогарнинг танлов ҳуқуқига кўра Тошкент шаҳар хўжалик судига тақдим этилган. Шу сабабли ҳам даъвонинг қаерда кўрилиши юзасидан тегишлилик масаласида келтирилган кассация шикояти важлари ўринсиз ҳисобланади.

Лекин, биринчи инстанция суди "Ўзбекистон темир йўллари" ДАТЙКни жавобгарликдан озод қилиш тўғрисида нотўғри хулосага келган. Чунки, даъво аризасида айнан "Ўзбекистон темир йўллари" ДАТЙК эмас, балки унинг тизимига кирувчи Юк ва тижорат бошқармаси жавобгар сифатида кўрсатилган.

"Ўзбекистон темир йўллари" ДАТЙКга қарашли Юк ва тижорат бошқармасининг 2004 йил 17 августда тасдиқланган Низомига кўра мазкур бошқарма "Ўзбекистон темир йўллари" ДАТЙКнинг таркибий бўлинмасига киради. Низомда унга юридик шахс мақоми берилмаган.

Мазкур ҳолатда биринчи инстанция суди даъвонинг унга бўлган қисми бўйича Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 23-моддаси биринчи қисми 1-бандига асосланиб, 86-модданинг 1-бандини қўллаб иш юритишни тугатиши керак эди. Шу сабабли ҳам кассация инстанцияси суди ҳал қилув қарорининг шу қисмини бекор қилиб, даъвонинг "Ўзбекистон темир йўллари" ДАТЙКга қарашли Юк ва тижорат бошқармасига нисбатан қисми бўйича иш юритишни тугатишни, ҳал қилув қарорининг қолган қисмини эса ўзгаришсиз қолдиришни лозим деб топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 й., 12-сон