Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 17.07.2006 й. 18-0602/1625-сонли Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

17.07.2006 й.

N 18-0602/1625


(КЎЧИРМА)




Моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.


Даъвогар - "Ҳумо" темир-бетон хусусий комбинати хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат этиб, жавобгар - "Саноатқурилишресурс" масъулияти чекланган жамиятидан 2598114 сўм асосий қарз, 1299057 сўм пеня ундиришни сўраган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво рад қилинган.

Апелляция инстанциясининг қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвонинг 2598114 сўмдан иборат асосий қарз қисмини қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилинган.

"Саноатқурилишресурс" МЧЖ Олий хўжалик судига кассация шикояти билан мурожаат қилиб, апелляция инстанциясининг қарорини бекор қилиб, ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни сўраган.

Судлов ҳайъати қуйидагиларга кўра суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўришга юборишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар ўртасида 2005 йил 9 мартда маҳсулот етказиб бериш тўғрисида 18-сонли шартнома тузилган. Унга кўра, даъвогар жавобгарга қурилишда ишлатишга мўлжалланган ПТК 62x12 ҳажмли жами 450 дона плита етказиб бериши келишилган.

Даъвогар жавобгарнинг 2005 йил 20 июндаги 208-сонли кафолат хатига асосан Ғузор тумани Янгиобод маҳалласида қурилаётган коллеж учун иккита транспорт воситаларида жўнатилган 24 дона плитанинг 2598114 сўм қиймати тўланмаганлиги сабабли плиталарнинг қийматини ҳамда тўловни кечиктирганлик учун 1299057 сўм пеня ундиришни сўраган.

Апелляция инстанцияси ушбу плиталарни жавобгар дастлаб олмаганмиз, деб кўрсатма берган бўлсада, кейинчалик тарафларнинг вакиллари ушбу маҳсулотларнинг олинганлиги ҳақида тан олиб кўрсатма берганлигани ҳисобга олиб, даъвонинг асосий қарз қисмини қаноатлантириш тўғрисида янга қарор қабул қилган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 55-моддасига асосан ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. ХПКнинг 59-моддасига кўра, ишнинг ҳолатлари қонун хужжатларига мувофиқ муайян далиллар билан тасдиқланиши керак бўлса, бошқа далиллар билан тасдиқланиши мумкин эмас.

Даъвогарнинг вакили темир-бетон маҳсулотларини жавобгарга жўнатиш учун унинг 2005 йил 20 июндаги 208-сонли кафолат хати ва Ш. Э. номига берилган 2005 йил 16 июндаги 254-сонли ишонч қоғози асос бўлганлигини кўрсатган. Лекин, маҳсулотни жавобгар қабул қилиб олганлиги тўғрисидаги санаси кўрсатилмаган 93-сонли ҳисоб-фактурада нима сабабдан Ш. Э. имзоси мавжуд эмаслигини асослантириб бера олмаган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, даъвогар 2005 йил 27 ва 28 июндаги 60011-сонли, шунингдек 2005 йил 23 ва 22 июндаги 60010-сонли товар-транспорт юк хатларига асосланиб, маҳсулот қийматини ундиришни сўраган.

Мазкур товар-транспорт юк хатлари "Насафтранс" ҳамда ИАТК ОАЖга тегишли бўлган автотранспорт воситаларининг ҳайдовчилари номига ёзиб берилган.

Иш материалларида эса ушбу автотранспорт воситаларидан жавобгарнинг қандай ҳужжат асосида фойдаланганлиги, товар моддий-бойликларни ишонч қоғозига кўра Ш. Э. олиши лозим бўлган бир вақтда автотранспорт воситаларининг ҳайдовчилари қандай ваколатнома асосида 24 дона темир-бетон плиталарини олганлиги, бу маҳсулотлар жавобгарга ҳақиқатда топширилган ёки топширилмаганлиги тўғрисида далиллар иш ҳужжатларида мавжуд эмас. Ваҳоланки, товар-транспорт юк хатларига юкнинг қабул қилиб олинганлиги тўғрисида белги қўйилмаган.

Жавобгар ўзининг кассация шикоятида маҳсулотни олмаганлигини, 254-сонли ишонч қоғози олдинги олинган маҳсулотлар учун берилганлиги, маҳсулотнинг нархи даъвогар томонидан бир тарафлама ўзгартирилганлиги тўғрисида важлар келтирган.

Ишда бундай қарама-қаршиликларнинг мавжудлиги сабабли, апелляция инстанциясининг жавобгар вакили кўрсатмасига асосланиб биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилганлиги билан келишиб бўлмайди ва ўз навбатида, апелляция инстанциясининг қарорини бекор қилиш билан биргаликда ҳал қилув қарорини ҳам ўз кучида қолдириб бўлмайди.

ХПКнинг 188-моддасида моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлиши белгиланган.

Баён этилганларга кўра, судлов ҳайъати суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2006 й., 11-12-сон