Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 24.05.2005 й. 11-0421/13-1316-сонли Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

24.05.2005 й.

N 11-0421/13-1316


(КЎЧИРМА)


Агар қарздор билдирилган талабга рози бўлмаса, суд буйруғи бериш рад этилади.


Зангиота тумани ДСИ қарздор - "ZANGIOTA AVTOBUS-TAKSI SAROYI" очиқ ҳиссадорлик жамиятининг мол-мулки ҳисобидан 548875169,43 сўм қарзни ундириш тўғрисида суд буйруғи бериш ҳақидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат қилган.

Хўжалик суди томонидан ариза қаноатлантирилиб, қарздордан 548875169,43 сўм қарз ва 2744375,8 сўм давлат божи ундириш тўғрисида суд буйруғи берилган.

"ZANGIOTA AVTOBUS-TAKSI SAROYI" очиқ ҳиссадорлик жамияти судга ариза билан мурожаат қилиб, суд буйруғини бекор қилишни сўраган.

Суднинг 2005 йил 18 февралдаги ажрими билан суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ариза рад этилган.

Иш апелляция инстанциясида кўрилмаган.

Суд буйруғи ва ажримдан норози бўлган қарздор кассация шикояти билан, вилоят прокуратураси эса кассация протести билан мурожаат қилиб, суд ҳужжатларини бекор қилишни ва ишни янгидан кўриш учун юборишни сўраганлар.

Судлов ҳайъати иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, кассация протести ва шикоятини қисман қаноатлантиришни, хўжалик судининг суд буйруғини ва ажримини бекор қилишни лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, суд ишга илова қилинган 2004 йил 28 октябрдаги солиштириш далолатномасига асосланиб, суд буйруғини берган, бироқ солиштириш далолатномаси қарздор томонидан тасдиқланмаганлигига эътибор бермаган. 2004 йил 28 октябрдаги солиштириш далолатномасининг бир нусхаси қарздор корхона ходими томонидан 2004 йил 29 октябрь куни олинганлиги, аммо солиштириш далолатномаси "ZANGIOTA AVTOBUS-TAKSI SAROYI" очиқ ҳиссадорлик жамияти раҳбарияти ва бош ҳисобчиси томонидан имзоланмаганлиги, яъни қарз қарздор томонидан тасдиқланмаганлиги эътибордан четда қолган.

Кассация инстанциясида қатнашган "ZANGIOTA AVTOBUS-TAKSI SAROYI" очиқ ҳиссадорлик жамияти ходимлар бўлими бошлиғи ҳақиқатан ҳам солиштириш далолатномасининг бир нусхасини олганлиги тўғрисида имзо қўйганлигини, аммо ҳиссадорлик жамиятининг боқиманда қарзларини тасдиқламаганлигини, чунки далолатномани имзолашга, яъни қарзни тасдиқлашга унинг ваколати йўқлигини билдирди.

"ZANGIOTA AVTOBUS-TAKSI SAROYI" очиқ ҳиссадорлик жамиятининг суд буйруғини янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилиш тўғрисидаги аризасида жамият раҳбарияти алмашганлиги сабабли қарздорнинг суд буйруғига ўз вақтида эътироз билдириш учун имконияти бўлмаганлиги, қарзнинг бир қисми текшириш якуни бўйича қўлланилган молиявий жарималардан иборат эканлиги, ҳиссадорлик жамияти солиқ органи томонидан ўтказилган текширишдан норози бўлганлиги ҳамда бу низони умумий тартибда ҳал этиш учун мурожаат этмоқчи эканлиги кўрсатилган.

Юқоридаги ҳолатлардан кўриниб турибдики, қарздор ва солиқ идораси ўртасида боқиманда қарз суммаси юзасидан низо мавжуд бўлган ва бу низо умумий тартибда ҳал этилиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 109-моддаси 2-қисми 1-бандида агар қарздор билдирилган талабга рози бўлмаса, судья суд буйруғини беришни рад этади, деб кўрсатилган.

Аммо, суд ХПКнинг 109-моддаси 1-қисмига асосланиб, суд буйруғини берган. Ваҳоланки, суд ХПКнинг 109-моддаси 2-қисми 1-бандини қўллаб, суд буйруғини беришни рад этиши лозим эди.

Судлов ҳайъати, қарздор узрли сабаб билан кредиторнинг талабига қарши ўз вақтида эътироз билдириш имкониятига эга бўлмаган деб ҳисоблаб, суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ариза бериш муддатини тиклашни лозим деб топади.

ХПКнинг 111-моддаси 1-қисмида агар қарздор узрли сабаб билан кредиторнинг талабига қарши ўз вақтида эътироз билдириш имкониятига эга бўлмаган бўлса, суд буйруғини бекор қилиш тўғрисида ариза беришга ҳақли эканлиги, судья бундай ҳолда буйруқни бекор қилиши ва шундан кейин кредиторнинг талаби умумий тартибда кўриб чиқилиши мумкинлиги белгиланган.

Судлов ҳайъати қайд этилганларга кўра хўжалик судининг 2004 йил 24 декабрдаги суд буйруғини ва 2005 йил 18 февралдаги ажримини бекор қилишни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2005 йил, 8-сон