Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 02.03.2005 й. 21-0405/2866-сонли Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

02.03.2005 й.

N 21-0405/2866


(КЎЧИРМА)



Суд томонидан ўзаро боғлиқ бўлмаган даъво талабларининг алоҳида иш юритишга ажратилмаганлиги ҳал қилув қарорини бекор қилишга асос бўлади.


Навоий вилоят прокурори Хатирчи пахта тозалаш заводи манфаатида хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар билан тузилган ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ва жавобгардан 2131875 сўм жарима ундиришни сўраган.

Навоий вилоят хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қаноатлантирилган. Хатирчи туман "Зарафшон" ширкат хўжалиги билан жавобгар ўртасида тузилган ижара шартномаси бекор қилинган ва Хатирчи пахта тозалаш заводи фойдасига жавобгардан 2131875 сўм жарима ундирилган.

Апелляция инстанциясининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Жавобгар томонидан келтирилган кассация шикоятида суд томонидан процессуал ҳуқуқ нормаси бузилганлиги, шартнома мажбуриятларининг бажарилмаганлик сабаблари текширилмаганлиги, ер структураси бузилганлиги ҳолати тегишли мутахассисларнинг хулосалари билан тасдиқланмаганлиги, бошқа экинлар экилган деган асослар нотўғри эканлиги кўрсатилиб, суд қарорларини бекор қилиш ва даъво талабларини қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати ишдаги мавжуд ҳужжатларни, кассация шикоятида келтирилган важларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан шикоятни қисман қаноатлантириш, суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим деб топади.

Вилоят прокурори Хатирчи пахта тозалаш заводи манфаатида хўжалик судига мурожаат қилиб, даъво талабларидан бири сифатида фермер хўжалиги билан тузилган шартномани бекор қилишни сўраган. Аммо даъво аризасида ва кейинчалик суд мажлисида ҳам даъвогар қайси шартномани бекор қилишни аниқ кўрсатмаган.

Бундан ташқари, суд ижара шартномасининг иккинчи тарафини ишга жалб қилиб, унинг иштирокида суд мажлиси ўтказмаган. Суд томонидан бекор қилинган шартнома "Зарафшон" ширкат хўжалиги билан тузилган бўлиб, унинг асли ёки нусхаси иш ҳужжатларида мавжуд эмас. Умуман, фермер хўжалиги ер ижара шартномасини ким билан тузганлиги биринчи инстанция суди томонидан текширилмаган ва шартнома талаб қилиб олинмаган. Ваҳоланки, суд мажлисида жавобгар вакилининг берган кўрсатмасига кўра, ер ижараси шартномаси Хатирчи туман ҳокимлиги билан тузилган.

Суд Хатирчи пахта тозалаш заводи билан тузилган контрактация шартномаси бўйича фермер хўжалиги пахтани 2004 йил 31 декабрга қадар топшириши мумкинлигини эътиборга олмаган. Бундан ташқари, пахта топшириш бўйича тузилган контрактация шартномасининг бажарилмаслик сабаблари ўрганилмаган.

Апелляция инстанцияси ҳам биринчи инстанция судининг юқорида қайд этилган процессуал хатоларига эътибор қаратмасдан, жавобгарнинг даъво аризаси бўйича эътирозларига ва уларни тасдиқловчи ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бермасдан, асоссиз равишда ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 115-моддасига мувофиқ, даъвогар ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талабни битта даъво аризасида бирлаштиришга ҳақлидир. Аммо мазкур иш бўйича даъво аризасида ўзаро боғлиқ бўлмаган талаблар бирлаштирилган. Чунки биринчи талаб ер ижараси шартномасини бекор қилиш тўғрисида бўлиб, даъвогар сифатида туман ҳокимлиги ишга жалб қилиниши лозим эди. Иккинчи талаб бўйича эса, пахта тозалаш заводи тараф ҳисобланиб, низонинг предмети жарима ундиришдир. Аммо, пахта тозалаш заводининг ер ижара шартномасига бевосита ёки билвосита алоқаси йўқлиги ва бу икки талабнинг ўзаро боғлиқ эмаслигига ҳар иккала инстанция суди ҳам эътибор бермаган.

Бундай ҳолда судлов ҳайъати судлар томонидан процессуал ҳуқуқ нормалари бузилганлиги сабабли, қабул қилинган қарорларни бекор қилишни ва ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим деб ҳисоблайди.

Ишни янгидан кўришда суд юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф этиши, бирлаштирилган талабларни алоҳида иш юритишга ажратиб, бекор қилиниши сўралаётган ер ижараси шартномасини талаб қилиб олиб, ишга тегишли тарафни жалб қилиб, шартнома мажбуриятларини бажармаслик сабабларини текшириб, жавобгарнинг эътирозларига ҳуқуқий баҳо бериб, тўпланган далилларга асосан низо хусусида қонуний ва асослантирилган қарор қабул қилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2005 йил, 7-сон