Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 22.09.2004 й. 10-0316/2392-сонли Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

22.09.2004 й.

N 10-0316/2392


(КЎЧИРМА)


Муайян ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича жиноят иши бўйича умумий суднинг қонуний кучга кирган ҳукми хўжалик суди учун мажбурийдир.


Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар - ''Chilonzor-Kommunalchi" уй-жой мулкдорлари ширкатидан табиатга келтирилган 1996480 сўмлик зарарни ундиришни сўраган.

Даъво аризасида кўрсатилишича, Тошкент шаҳар Чилонзор туман "Ц" мавзесида яшовчи фуқаролар 2003 йил 19 майда даъвогарга ариза бериб, "Ц" мавзеси 3, 4-уйлар оралиғидаги бир неча дарахтлар 2003 йил 13 май куни номаълум шасхлар томонидан кесилганлигини маълум қилиб, айбдор шахсларга нисбатан чора кўришни сўраганлар. Мазкур ҳолат юзасидан даъвогар томонидан текширув ўтказилиб, юқорида кўрсатилган манзилда ҳақиқатан ҳам 1 дона чинор ва 4 дона "ясень" дарахти жавобгарнинг раҳбари А.Шерматов бошчилигида кесилганлиги аниқланган. Бу ҳақда далолатнома тузилиб, атроф табиий муҳитга моддий зарар етказилганлиги учун жавобгарга 1996480 сўм миқдорида жарима солинган. Жаримани ихтиёрий тўлаш тўғрисидаги жавобгарга йўлланган талабнома жавобсиз қолдирилгандан сўнг, даъвогар хўжалик судига мурожаат қилган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво талаблари тўлиқ қаноатлантирилган.

Иш апелляция инстанциясида кўрилмаган.

Жавобгар томонидан берилган кассация шикоятида А.Шерматов ширкатда ижрочи директор вазифасида ишлаши, суд жараёни ҳақида ширкат аъзоларига хабар берилмаганлиги, бундан ташқари, А.Шерматов ширкат номидан дарахтларни кесмаганлиги, шундай экан, мазкур қонунбузарлик ҳолати бўйича у ўзига тегишли мол-мулклари билан жавоб бериши лозимлиги кўрсатилган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни муҳокама қилиб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан кассация шикоятини қаноатлантиришни лозим деб топади:

аниқланишича, ҳақиқатан ҳам Чилонзор туман "Ц" мавзесида жойлашган 3, 4-уйлар оралиғида 5 та дарахт кесилган бўлиб, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 28, 198-моддаси 2-қисми ва 206-моддаси 2-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2004 йил 4 мартдаги ҳукми билан А.Шерматов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 28, 198-моддаси 2-қисми ва 206-моддаси 2-қисми "а" банди билан айбдор деб топилган ва ундан даъвогар фойдасига 988240 сўм миқдорида табиатга келтирилган зарар суммаси ундирилган.

Ўзбекистон Республикаси "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 49-моддасига асосан атроф табиий муҳитга зарар етказган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва айрим шахслар етказилган зарарни, шу жумладан бой берилган фойда ўрнини қонунларга мувофиқ қоплашлари шарт. Ўзбекистон Республикаси "Ўсимлик дунёсидан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 28-моддасида ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишлари кўрсатилган.

Мазкур ҳолда жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2004 йил 4 мартдаги ҳукми билан дарахтларни кесишда А.Шерматов айбдор деб топилган. ХПКнинг 60-моддасига мувофиқ жиноят ишлари бўйича суднинг қонуний кучга кирган ҳукми муайян ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаган ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича хўжалик суди учун мажбурийдир. Суднинг ҳукми билан зарар айнан уй-жой мулкдорлари ширкатининг ноқонуний ҳаракатлари билан содир этилганлиги тасдиқланмаган, аксинча, фуқаро А.Шерматов томонидан содир этилганлиги исботланган.

Бундай ҳолда судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво асоссиз бўлганлиги сабабли, уни рад қилишни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2005 йил, 2-3-сон